Асосий мавзулар
15 октябр 2022

Учкўприкда пахта можароси: фермерларнинг ерлари тортиб олиняпти

Куни кеча Учкўприк туманидаги 80 нафарга яқин фермер аввал прокуратурага, сўнг туман ҳокимлигига чақиртирилиб, ерни топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздирилгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда хабар тарқалганидан сўнг фермерлардан бири “Элтуз” билан алоқага чиқиб, вазиятга изоҳ берди.

Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам пахта режаси тўлмаётган фермерларни 13 октябрь куннинг биринчи қисмида туман прокурори чақирган. Дастлаб у фермерларни пахтани сотиб юбораётганликда айблаб, сўнг ерни дарҳол топшириш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаган.

“Кейин прокуратурага чақирилган ҳамма фермер ҳокимликка олиб келинди. Бу ерда ҳам 15-20 чоғли фермер ўтирган, иккита нотариус бор экан. Тўғриси, шу ғалла, пахта машмашасидан зада бўлганим, косамиз оқармагани сабабли ариза ёзиш талабини рад этмадим. Нотариуслар тайёр ёзиб қўйган аризага қўл қўйиб, муҳр босиб чиқдим”, деди “Элтуз” билан гаплашган фермер.

Унинг бу гаплари тўғрилигини, нотариуслар аввалдан тайёрланган аризага қўл қўйдириб олаётганини яна икки фермер тасдиқлади.

Фарғоналик фаоллар Шарифа Мурод, Олимжон Ҳайдаров ва Улуғбек Маъмуров ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида соат 22 гача ҳокимлик биноси ёнида туришгани, аммо ичкарига киритилмагани, масъуллар қабул қилмаганини ёритиб боришди.

Хусусан, бир гуруҳ фермерлар унга алоқага чиққанидан сўнг ҳокимликка етиб борган Олимжон Ҳайдаров у ерда 4,5 соат бўлгани, бу вақт давомида бинодан бешта фермер чиққанини ёзди.

“Қайсидир бири ўз ихтиёри билан ерини топширишга ариза ёзганини, бошқаси тайёр ёзилган ҳужжатга имзо чеккани, қайсидир бири фақат режани бажариш бўйича топшириқ бўлганини айтди. Лекин ҳеч бири мажбурлаш бўлганини тан олмади”, дея маълум қилди фаол.

Шунингдек, унинг билдиришича, унга алоқага чиққан фермерлар ҳам фаол етиб келганидан сўнг телефон қўнғироқларига жавоб бермаган ёки телефони ўчиқ бўлган.

“Элтуз” билан суҳбатлашган бир фермер эса режани тўлдирганига қарамай, ҳокимлик яна 4-5 тонна пахта топшириш мажбуриятини юклаганини маълум қилди.

“Агар шу пахтани топшира олмасам, ерим туман захирасига олинишига розиман, деб ариза ёзиб чиқдим. Тайёр ёзилган қоғозга қўл қўйдим”, деди фермер.

Мажбуран ариза ёзиб чиққан фермерлардан тўрт нафари “Элтуз” мухбири билан микрофонда суҳбатлашишни истамади. Аммо ўрганишлар давомида улар яна кластердан, ҳоким ва прокурордан шикоят қилишди.

Фермерларнинг сўзларига кўра, кластер айрим фермерлар топширган пахтанинг пулини 9 октябрдан буён бергани йўқ. “Фарғона глобал текстил” кластерининг Учкўприкдаги вакили бу ҳолатни тан олар экан, 14 октябрь куни пул банкка ўтказилиши айтиш билан кифояланди.

Бироқ орадан бир кун ўтса ҳам фермерлар банкка пул ўтказилмаганини билдиришди.

Аксинча, фермерларга қаердан бўлса ҳам пахта топиш ва 2 тоннадан кам топширмаслик талаби қўйилгани, яна бир неча фермер прокуратурага чақирилиб, қўрқитилгани айтилмоқда.

“Элтуз” вазиятни кузатишда давом этади.

Тағин ўқинг
4 апрел 2023
Yuzuk Art ёзади: Бугунги сурат! Постамент таъмирланган. Бюст тақдиридан хавотир олган ва бефарқ бўлмаган барчага раҳмат! Шу кунларда кўплаб ...
23 май 2015
Ўзим ҳақимда маълумот Нодемократик режим Мурожаат ҳуқуқи Демократик тузум ва сиёсий қарашлар Жаноб Бош Котиб! Мен Формонов Азамжон Турғунович ...
3 ноябр 2021
Рассом Кирпи
18 август 2020
«Мен бармоқларим кўкаргунига қадар ҳокимиятга осилиб ўтирмайман» деган эди журналистларга Беларусь президенти 2019 йилнинг ноябрида. Бироқ бугун бутун мамлакат бўйлаб Лукашенко ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...