Асосий мавзулар
15 октябр 2022

Учкўприкда пахта можароси: фермерларнинг ерлари тортиб олиняпти

Куни кеча Учкўприк туманидаги 80 нафарга яқин фермер аввал прокуратурага, сўнг туман ҳокимлигига чақиртирилиб, ерни топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздирилгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда хабар тарқалганидан сўнг фермерлардан бири “Элтуз” билан алоқага чиқиб, вазиятга изоҳ берди.

Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам пахта режаси тўлмаётган фермерларни 13 октябрь куннинг биринчи қисмида туман прокурори чақирган. Дастлаб у фермерларни пахтани сотиб юбораётганликда айблаб, сўнг ерни дарҳол топшириш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаган.

“Кейин прокуратурага чақирилган ҳамма фермер ҳокимликка олиб келинди. Бу ерда ҳам 15-20 чоғли фермер ўтирган, иккита нотариус бор экан. Тўғриси, шу ғалла, пахта машмашасидан зада бўлганим, косамиз оқармагани сабабли ариза ёзиш талабини рад этмадим. Нотариуслар тайёр ёзиб қўйган аризага қўл қўйиб, муҳр босиб чиқдим”, деди “Элтуз” билан гаплашган фермер.

Унинг бу гаплари тўғрилигини, нотариуслар аввалдан тайёрланган аризага қўл қўйдириб олаётганини яна икки фермер тасдиқлади.

Фарғоналик фаоллар Шарифа Мурод, Олимжон Ҳайдаров ва Улуғбек Маъмуров ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида соат 22 гача ҳокимлик биноси ёнида туришгани, аммо ичкарига киритилмагани, масъуллар қабул қилмаганини ёритиб боришди.

Хусусан, бир гуруҳ фермерлар унга алоқага чиққанидан сўнг ҳокимликка етиб борган Олимжон Ҳайдаров у ерда 4,5 соат бўлгани, бу вақт давомида бинодан бешта фермер чиққанини ёзди.

“Қайсидир бири ўз ихтиёри билан ерини топширишга ариза ёзганини, бошқаси тайёр ёзилган ҳужжатга имзо чеккани, қайсидир бири фақат режани бажариш бўйича топшириқ бўлганини айтди. Лекин ҳеч бири мажбурлаш бўлганини тан олмади”, дея маълум қилди фаол.

Шунингдек, унинг билдиришича, унга алоқага чиққан фермерлар ҳам фаол етиб келганидан сўнг телефон қўнғироқларига жавоб бермаган ёки телефони ўчиқ бўлган.

“Элтуз” билан суҳбатлашган бир фермер эса режани тўлдирганига қарамай, ҳокимлик яна 4-5 тонна пахта топшириш мажбуриятини юклаганини маълум қилди.

“Агар шу пахтани топшира олмасам, ерим туман захирасига олинишига розиман, деб ариза ёзиб чиқдим. Тайёр ёзилган қоғозга қўл қўйдим”, деди фермер.

Мажбуран ариза ёзиб чиққан фермерлардан тўрт нафари “Элтуз” мухбири билан микрофонда суҳбатлашишни истамади. Аммо ўрганишлар давомида улар яна кластердан, ҳоким ва прокурордан шикоят қилишди.

Фермерларнинг сўзларига кўра, кластер айрим фермерлар топширган пахтанинг пулини 9 октябрдан буён бергани йўқ. “Фарғона глобал текстил” кластерининг Учкўприкдаги вакили бу ҳолатни тан олар экан, 14 октябрь куни пул банкка ўтказилиши айтиш билан кифояланди.

Бироқ орадан бир кун ўтса ҳам фермерлар банкка пул ўтказилмаганини билдиришди.

Аксинча, фермерларга қаердан бўлса ҳам пахта топиш ва 2 тоннадан кам топширмаслик талаби қўйилгани, яна бир неча фермер прокуратурага чақирилиб, қўрқитилгани айтилмоқда.

“Элтуз” вазиятни кузатишда давом этади.

Тағин ўқинг
6 декабр 2022
“Қонунлар тугаган жойда зулм ва тирания бошланади”, деган эди 17-асрда Британия бош вазири бўлган давлат арбоби ва ҳуқуқшунос Уилям ...
18 декабр 2018
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги ўз қўл остидаги раҳбарларга хат йўллаб, бир неча талабларни қўйди. Хусусан, вазир халқ ...
2 октябр 2018
Таниқли ўзбек шоираси 59 ёшли Зулфия Мўминова республика ТВси орқали ўқиб берган янги шеърида болани «дунёлардан бехабар оқ каптар»га, ...
27 феврал 2017
Олдинги дайжестларимизда бир неча бор Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган электрон оммавий ахборот воситаларида уйғониш эпкини эсаётгани, улар аввал умуман ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...