Ўзбекка «смотрящий» керакми?
Ўзбек жамиятида ўғрипарварлик кайфияти бор. Масалан, “ҳақиқий ўғри мард бўлади” жумласида икки бир-бирига зид тушунча “ўғри” ва “мардлик” бир қаторда туриши – аянчли ҳолат. Жума куни масжидга кириб чиқиб, кейин машинасида “воровской кўча” қўшиқларни эшитиб юргич ёшлар китоб тутган олимларни эмас, ўғриларни ва кўча болаларини ўзига кумир қилади.
Элтуз ўтказган сўровномада 14 фоиз жавоб берганлар ўғриларсиз яшолмаймиз, кўчада смотрящий бўлиши шарт, деган. Хўш, бу нимадан далолат?
Биринчидан, «Шайтанат» типидаги “кинолар” ўғри сиймосини идеаллаштириб кўрсатди. Собиқ Совет тузумида ҳам мард ўғрилар ҳақида афсоналар бўларди. Бошқа томондан ўғри қаршисида бош эгиш унинг зўравон қудрати ва ўғирлаган давлатига тан бериш билан баробар.
Реаллик эса мутлақо бошқа. Бир ўғри қўлга тушиб “ИИБдаги тоғаларим кўчага қараб юришни буюрди” деб сотса, бошқа ўғри қамоққа кириши билан изидан бир пайтлар “туриб бераман” деган акахонлари уни сотади.
“Биродарим учун охиригача туриб бераман” деган блогер-муллабачча эса 15 суткада биродарларидан тортиб, имому воизларнинг уруғу аймоғигача сотди.
Агар мамлакатда қонун устуворлиги таъминланганида бугун одамлар Бахти Ташкентскийни қаҳрамон деб билмасди. Халқ ҳақиқий ўғрилар очиқда юрганини яхши билади.
Сўровномага кўра ҳам 65 фоиз иштирокчининг жавоби айнан шундай – кўчаларга смотрящий керак эмас, ҳуқуқий давлат тузиш муҳим.
Яна бир масала – кўча болалари, ўғриларни ким идеаллаштиради?
Одамлар билан олди-берди муносабатларида муаммоси борлар, қимор, лирика ва бошқа иллатларга “иши тушадиганлар” бора-бора ўғрилар билан муносабатга киришади.
Бундай ғалвалардан узоқ юрадиганларга эса кўчада смотряший ўғри борми, йўқми – фарқ қилмайди.
Зотан 21 фоиз иштирокчилар умуман смотрящий ва ўғриларга иши тушмаганини айтган. Демак, аксарият юртдошларимизга ўғри ёки смотрящий билан дўстлашиш ёт тушунча.
Лекин мамлакатда мутлақ қонун устуворлиги таъминланмаса қолган 14 фоиз “смотрящий керак” деган фикр тоши қолганларни босиб кетади. Элтуз ўғрилар оламига оид янгиликларни ёритишда давом этади. Каналимизга обуна бўлинг, видеоларимизга лайк босинг.