Cатира
3 декабр 2024

Кесилган дарахтлар ва 40 йил асфальт кўрмаган йўллар – EP 193

Янги Ўзбекистоннинг эски муоммолари, Андижон ва Фарғонанинг 40 йилдан буён асфальт қилинмаган йўллари. Асакада газ босими пасайган. Жарқўрғонда эса дарахтлар кесиб ташланди.   

Салом қадрли мухлислар. Навбат Элтуз порталига келаётган шикоят мактубларини ўқишга. Мурожаатлар Ўзбекистоннинг Андижон, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидан келган. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидан келган мурожаатлар аҳоли томонидан йиллар давомида эътибордан четда қолган масалаларга жиддий эътибор қаратилиши кераклигини кўрсатмоқда. Йиғилган муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, масъуллар гўё “Янги Ўзбекистонда” яшаётганини унутиб, фақат ўтмишдан гапиришади, ва «келажак» ҳақида фол очиишади.

Демак бугун эътиборингизга тақдим қилмоқчи бўлганимиз дастлабки мактуб Андижон вилоятидан. Марҳамат туманининг 40 йилдан буён асфальт қилинмаган йўллари машина ва пиёдалар ҳаракатини қийинлаштирмоқда. Йўлга асфальт кузда келар. Кайфиятим йўлсозда келар:

“Андижон вилояти Марҳамат тумани Ровот, Юқори Ровот, Дурафшон ва Ҳасанмерган маҳаллалари аҳолиси номидан мурожаат йўлламоқдамиз. Йўлларимиз охирги марта 40 йилча олдин асфалт қилинган эди. Мустақилликдан кейин Марҳаматнинг бошқа маҳаллалари камида 3 мартадан тўлиқ таъмирланди. Аммо бизнинг маҳаллалар эътибордан четда қолди. Тилга олинган маҳаллалар айнан туман ҳокими сектори ҳисобланади. Ўтган йили ноябр ойида бизга шахсан туман ҳокими катта ваъда бериб, йўлларни асфалтлаш кузда тугалланишини айтган эди. Илтимос, йўлларимиз таъмирлаб берилсин”.

Қўшни Фарғонанинг Фурқат тумани йўлларида ҳам айни аҳвол. Бу холатга на МФЙ раиси, на йўлсозлар эътибор қаратмаяпти.

 “Фарғона вилояти Фурқат тумани Ардахшон МФЙ, Юксалиш кўчаcидан ёзмоқдамиз.  Ёғингарчилик бўлганда йўлларимиздан юриб бўлмай қолади. Аҳоли, айниқса, фарзандларимиз боғча, мактабга мана шундай кўчалардан қатнашга мажбур. На МФЙ раиси, на йўлсозлар қизиқади. Жорий йилнинг 16 ноябр куни туман ҳокимлиги сайёр қабулига ҳам бордик, лекин натижа йўқ. Биз Янги Ўзбекистонда яшаяпмиз, йўлларимиз равон ҳолга келтирилмоқда. Бизнинг ҳудудга ҳам эътибор қаратишларини кутяпмиз” дейди умидини йўқотмаган ардахшонликлар.

Россия ва Хитойга газ етказиб бераётган Ўзбекистонликларнинг яна бир жиддий муаммоси албатта газ муаммоси. Асакалик фуқаролар ҳудудгаз таъминоти АЖ бошқарув раиси Хўжаев М. М га, Андижон вилояти ҳокимлиги раҳбари Ш. Абдураҳмоновга навбатдаги мурожаатни йўллашди.

«Ҳурматли раҳбарлар, биз Асака тумани аҳолиси сизларга бир неча бор мурожаат қилдик, аммо натижалар нолга тенг бўлмоқда. Кечга бориб газимиз умуман ёнмайди. Газ таъминотига оид масалани кўтарсак, қўшни маҳалла газингизни тортиб оляпти, деган баҳона билан жавоб берилмоқда. Натижада аҳолида катта норозилик вужудга келмоқда. Биз эса чарчадик.

Юқорига мурожаат қилганимизда ҳам ҳеч ким эътибор бермаяпти. Юқори бўз кўчаси, Навбаҳор 1, 2, 3, 4, 5, Фарғона кўчалари газлаштирилган деб эълон қилинган, лекин ҳанузгача газимиз ёнмаяпти. Мажбур бўлиб ўтин ва кўмир ёқиб яшамоқдамиз.

Асака тумани ҳокимлиги штабига ҳам мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ. Ушбу муаммони Республика Газ Таъминоти раҳбари даражасидаги масъул ҳал этиши керакдек кўринмоқда.

Илтимос, мурожаатимизга бефарқ бўлмайсиз, деб умид қиламиз.» Дея ҳасрат қилмоқда асакаликлар.

Газ ва кўмир конларига бой мамлакат одамларининг қишни чиқариш учун таппи ёқиши, дарахтларни ўтин учун кесиши ақлга сиғмайдиган холат албатта. Лекин дарахткесарликнинг ҳокимлик даражасида қилинишини қандай тушуниш мумкин? Сурхондарёнинг Жарқўрғонида туман ҳокими қарори билан 100 дан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар кесиб ташланган.

«2024-йил 25-ноябр куни, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани «Оқтепа» ҳудудида «Занг» канали ҳамда автомагистрал муҳофаза зонасидаги кўп йиллик 100 тадан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар аёвсиз кесилиб, техника ёрдамида таг-томири билан қўпориб ташланди.

Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу ҳолатга Жарқўрғон тумани ҳокимининг чиқарган қарори сабаб бўлган! Бу ҳолат Президентнинг “Яшил макон” давлат лойиҳаси ва Ўзбекистонда 2025-йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши тамойилларига хиёнат эмасми?” дея юзланади Элтуз портали шикоят йўллаган жарқўрғонлик.

Масъуллардан ушбу инцидент юзасидан расмий изоҳ кутамиз. Навбатдаги мурожаат ҳам Сурхондарё вилоятидан.

5 ЭП: Ноқонуний қурилишлар олди олишини ҳохлаймиз

Ассалому алайкум. Кўчаларда ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилишлар олиб бораётган фуқаролар устидан қатъий назорат ўрнатилиб, қонуний жазо чоралари қўлланилиши, ҳамда бу каби қурилишлар буздирилиши лозим.

Юқорида келтирилган жой Термиз шаҳри Маърифат МФЙ, Ш. Рашидов 1-бурилиш кўчасидаги ҳолатни акс эттиради. Ушбу ҳудуддаги барча уйлар ва қурилмалар кадастр ҳужжатларига эга ёки эга эмаслиги, шунингдек, кадастр чизмаларининг ҳақиқийлиги тўлиқ текширилиши керак.

Масалан, юқоридаги маълумотларга кўра, фуқаро томонидан кўчада руҳсатсиз, ўзбошимчалик билан ҳаммом ва ҳожатхона қуриб олган. Бу борада кадастр агентлигига мурожаат қилинган ва протокол тузилган. Буздириш ҳақида ваъда берилган бўлса-да, орадан бир йил ўтганига қарамай, жарима маълумотлар базасида мавжуд эмас ва ноқонуний қурилишлар ҳали ҳам жойида турибди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Кадастр агентлиги, Бош прокуратура ёки Сурхондарё вилояти Давлат хавфсизлик хизмати томонидан атрофлича ўрганиш ва тегишли чоралар кўрилишини сўраймиз. Акс ҳолда, Сурхондарё филиалида ноқонуний ишлар давом этаётганидан далолат беради ёки ташкилотнинг ваколати етарли эмаслиги кўринади.»

Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мурожаат эди. Юқоридаги муаммолар ҳақида мутасадди ташкилот рахбарлари ва жамоатчилик кўпроқ ўйлаб кўрса, барча масъулларни уйқудан уйғотиш, уларни ўз вазифаларини бажаришга ундаш долзарблигини англаса яхши бўлар эди. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда ютубдаги каналимиз обуначилари сони 697 мингдан ошди.  Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз спонсорлик тугмаларини, Суперчат, супер стикер ва супер рахмат тугмачасини босинг.  Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
11 декабр 2018
Ўзбекистонда дори-дармон савдоси энг даромадли соҳалар қаторида қолаётган бир пайтда давлатга қарашли “Дори-дармон” акциядорлик компанияси қарз ботқоғига ботиб бормоқда. ...
26 ноябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Сочи калта олинган, пастки лаби олдга туртиб чиққан, ўзи сариқдан келган бақувват жуссали бу кишининг тунд ...
5 август 2023
Сариосиё ИИБ ходимлари Умида Турсуновани Элтузнинг сўнгги мақоласи нашр этилганидан ярим соат ўтиб, соат 22:30 да шартли равишда қўйиб ...
18 декабр 2019
Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси 16 декабрь куни тошкентлик 35 яшар Амир Шарифуллиннинг номаълум шахслар ўғирлаб кетиб калтаклашгани, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...