Cатира
24 феврал 2017

Пенсионерлар пластик карточкаларга қайтмоқда

Андижонда пенсия пулларини вақтида ололмаган пенсионерлар яна пластик карточкадан фойдаланишга ўтмоқда.

Жойлардаги пенсия жамғармалари бўлимлари олдида ҳар куни тумонат одам.

Пенсионерлар орасида ёши 80 ни қоралаб қолган кексалар ҳам, ногиронлар ҳам бор.Улар пенсия пулларини олишда қийинчиликларга дуч келгани боис нақд пулдан воз кечишга қарор қилганлар.

“1 февралдан тўлиқ нақд пулда пенсия оламиз деб қувонгандик”, дейди онахон Ф.Юсупова.

“Аммо мана феврал охирлаяпти, халиям пул олганимиз йўқ. Ҳар куни почта олдида жанжал, тўполон, озгина пул келади, тугаб қолади, битта почтага кўпи билан 3 мингта пенсионер қарар, наҳотакам 3 мингта пенсионерни пенсиясига пул етказиб беришомаса. Ҳар ой почтани эшиги олдида сарғайиб ўтираманми, ундан кўра пенсиямни пластикка ўтказиб кетай, деб ўйладим.

“Одамлар порталга ёзганакан, пенсионерларга нақд пул берилсин деб пошшоимиз гапирди телевизорда. Хўп, раҳмат, аммо лекин заҳирада миллиардлаб пули бор давлатимиз ҳатто бир ой ёлчитиб пенсия беромаса, бу қанақа гап ахир? Одамлар қийналиб кетишди-ю!”, дейди Элтуз суҳбатдоши.

Шу йилнинг 2 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинган. Унга мувофиқ барча турдаги пенсиялар мамлакатимиз ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши кўзда тутилганди.Қарорда ойнинг 27 санасигача пуллар тўлиқ тарқатиб бўлиниши ёзилган.Бироқ почта ходимларининг айтишларича, бу кетишда кейинги ойгача ҳам пенсияларни тарқатишга улгуришмайди. Чунки пенсионерларнинг хали кўпчилиги пул олгани йўқ. Почта ходимлари буни банклардаги нақд пул муаммоси билан боғлашмоқда.

“Банк қанча пул чиқарса шуни обкелиб тарқатамизда бизам”, – дейди исми шарифини айтишни истамаган почта ходимларидан бири.

“Қари чоллар, кампирлар, эрталаб саҳардан чиқволишади, “бугун пул келмади” десак ҳам умид қилиб кутиб ўтиришади. Банкда бўлган-бўлган нақд пул сразу пенсионерларга чиқариляпти, лекин пул етказиб бўлмаяптида”.

Тадбиркорлар эса кунлик нақд тушумни инкассаторлар кели олиб кетиб қолаётганидан нолишади.
“Ҳозир банкка нақд пул топширадиган тадбиркорлар ҳам дод деяпти, -. – Инкассатор келиб, масалан 50 минг топширадиган бўлсак, ўша пулни ўрнига тушган тушумни ҳаммасини инкасса қилиб олиб кетиб қоляпти. Пенсионерларга нақд пул етмаётганмиш”, дейди Элтуз билан суҳбатида тадбиркор О. Ҳасанов.

Бундан бир неча кун олдин махаллий “Узрепорт”телеканалида пенсия пулини олиш шаклини пенсионерларнинг ўзлари белгилаши ҳақидаги ахборот тарқатилди. Телеканал сайтидаги ахборотда ёзилишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ маблағларни пластик карталарга ўтказиш ихтиёрий равишда фуқароларнинг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимларига топширган аризаларига биноан кўчирилади. Шундан сўнг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими фуқаронинг аризасида кўрсатилган маблағларни банкка ўтказади. Кўпчилик фуқаролар бу воқеалар юзасидан турлича фикр-мулоҳазаларини айтмоқдалар.

“Одамларга пул бермай озгина қийнасанг, ўзлари пластикни хоҳлаб қолади, деганими бу? – дейди 78 ёшли отахон М.А. – Агар бу шунчаки ўйин бўлса, биз қариялардан бошқа одам қуриб кетганмиди ўйин қилишга. Ойнинг бошидан бери кўчадан бери келмаймиз. Почтага югур, уйга кир,озгина исиниб олиб,яна почтага югур. Нақд пулиям қуриб кетсин, пластигиям”.

Пенсия пулларининг тўлиқ ёки бир қисмини пластик картага ўтказиш учун фуқаро Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ўзи истиқомат қилаётган жойдаги бўлимига мурожаат қилиши лозим. Шу сабаб энди почта бўлимлари қолиб одамлар пенсия жамғармаси бўлимлари олдида навбатда турмоқдалар. Бўлим ходимларидан бири ҳар бир вакил кунига 100 тадан 200 тагача пенсионерни қабул қилаётганини билдирмоқда.

Рассом Элсевар
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 ноябр 2021
Одатда ички сиёсий масалалар юзасидан жамоатчилик фикридан ўзини тиядиган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тўсатдан хорижда “пистирма”да турган ...
15 феврал 2017
Карабук шаҳрида Ўзбекистон ватандоши 39 яшар Жамшид Раимов, пичоқ билан қуролланган уч киши тарафидан калтакланиб, 1000 доллар пулини олдирди. ...
13 август 2017
Бу расм ҳам аслида воқеабанд. Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани Қорасув қишлоғи ҳудудида 2015 йилнинг 20 сентябрида Анвар исмли милиция ...
9 сентябр 2020
Андижон вилоятининг Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов туман селекторида уй сўраб жонига теккан бир муаллима аёлни жинни деб ҳақорат ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...