Мирзиёев мадҳ этилган илк қўшиқ чиқди (видео)
Ўзбек кино артисти ва қўшиқчиси Дилфуза Исмоилова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга қўшиқ бағишлади.
49 яшар Дилфуза Исмоилова “Гап йўқ” сериалида ўйнаган роли билан танилган.
«Юрт Султони», «Худонинг ердаги бир сояси», каби мисралардан таркиб топган матн шоир Тохир Муҳаммадга оид. Қўшиқни Рустам Тўлашов басталаган.
Қўшиқни ижро қилган Дилфуза Исмойилова фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган Аҳмадбой пирамидачини ҳам улуғлаб видео чиқарган эди.
Исмойилованинг қўшиғи ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти тарафидан турлича изоҳланмоқда.
Абдуллоҳ исмли юзер “Кўшиқ жонли айтилибти. Бу юраклардан чиққани билиниб турибти. Бу қизга рахмат” деб ëзса Тожихон исмли юзер бошқача фикр билдирган:
“Бундай маддохликка йўл қўймаслик лозим. Рахбарнинг ишини камтарона тилга олиб ўтиш бир нарса, уни осмонга чиқариб мақташ, Оллохнинг ердаги сояси деб улуғлаш бутунлай бошқа нарсадир. Бутун дунë Туркманистондаги шахсга сиғиниш устидан куляпти. Ўзбекистоннинг шундай ахволга тушиб қолишига йул қўймаслик зарур. Дилфуза Исмоиловани жазолаш керак деб ўйлайман.” дея ëзади юзер. (Имло хатолари сақланди. таҳр)
Рассом Туз
Eltuz.com