Каримов даврини ëмонлаш билан бирга, унга сиғиниш ҳам давом этмоқда
Президент Мирзиёев ўз чиқишларида «эски замонлар тугаганини» бот-бот эслатишига қарамай, унинг мулозимлари Каримовни қўмсашда давом этишмоқда.
«Шу тизим ичида ўзим ҳам ўсганман. Худодан сўраймиз, у кунлар қайтиб келмасин энди», деган эди президент Мирзиёев 12 декабрь куни парламентга қилган мурожаатида.
Орадан бир ой ўтиб, 12 январь куни Ўзбекистоннинг ҳориждаги элчилари билан учрашувида Мирзиёев: «Бўлди, у замон тугади», деди элчихоналарга Каримов замонида қўйилган МХХ айғоқчиларини қайтариб олишини айтар экан.
Айни оҳангдаги фикрини у Конституция кунига бағишланган учрашувда ҳам билдирганди, Каримов даврида ноҳақ қамалган 10 минг маҳкумни авф қилиш истагида бўлганини айтган эди ўшанда.
Расмий матбуот эса Каримовнинг 30 январь куни нишонланадиган туғилган кунини байрам қилиш муждаларини тарқатиш билан овора.
Ҳокимлар ўқув муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда Каримовни хотирлаш кечаларини режалашмоқда.
Бу анжуманларда Мирзиёевнинг ўзи ҳам иштирок этаётгани эса президентнинг «у замонлар ўтди» деган сўзларига шубҳа уйғотади.
Рассом Туз
Eltuz.com