Cатира
12 феврал 2018

Учинчи хотинини калтаклаб кўчага ҳайдаган имом ноиби Аброр Мухтор Али ишдан бўшатилди

Тошкентдаги «Минор» масжиди имоми ноиби 42 ёшли Аброр Мухтор Алига 10 февраль куни ишдан бўшаш учун ариза ëздирилди. «Элтуз» мухбири билан суҳбатда Аброр Мухтор Алининг учинчи хотини 21 ёшли Саодатхон Аъзамхўжаева калтакланиб 8 ойлик ҳомила билан кўчага ҳайдалганидан кейин «Минор» масжиди имом хатиби Анвар қори Турсуновга шикоят қилгани ортидан эри ишдан бўшатилганини айтади.

Аброр Мухтор Али ариза ëзган, бироқ ҳали ноибликдан бўшаш ҳақида буйруқ чиқмаган. Лекин «Минор» масжиди ўз сайтидаги ноиблар рўйхатидан унинг номини ўчирган.
Аъзамхўжаеванинг адвокати номидан милицияга ариза

Аъзамхўжаева «Минор» масжиди имом хатиби Анвар Турсунов ва эри Аброр Мухтор Али иштирокидаги суҳбати аудиосини ҳам фэйсбук саҳифасига жойлаштирди. Аудиода Аъзамхўжаева эрининг калтаклагани, «зино қилдинг, пул ўғирладинг», деб туҳмат қилганидан арз қилади. Аудиода Анвар қори Турсуновнинг “ноибликдан бўшаш учун ариза ëз!” деган гапи эшитилади.

Бундан сал аввал Аброр Мухтор Али хотини билан суҳбатда «ундан маълумот олиш учун унинг хиёнати ҳақида ёлғон гапиргани»га иқрор бўлади.

Саодатхон Аъзамхўжаева «Элтуз» билан суҳбатда ўтган йили Аброр Мухтор Али билан динни ўрганиш мақсадида ижтимоий тармоқда танишганини айтади. Аъзамхўжаевага кўра, Аброр Мухтор Али “уни ўраб, уйланишни таклиф қилган”. Бугунги кунда аёл 8 ойлик ҳомиласи билан кўчада қолган. Унинг сўзларига кўра, ота-онаси аввалига бу никоҳга қарши бўлишган, гапига кирмаганидан кейин уни «оқ қилишган».

«Каптива»да ўқилган никоҳ

2017 йилнинг 30 январь куни «Каптива» машинасида Саодатхон Аъзамхўжаевага 42 яшар Аброр Мухтор Алининг учинчи хотини сифатида шаръий никоҳ ўқилди. Аъзамхўжаеванинг «Элтуз» мухбирига айтишича, никоҳда таниқли спорт шарҳловчиси ва диний воиз, Ўзбекистон МТРК қошидаги «Маданият ва маърифат» телеканали бош муҳаррири Хайрулла Ҳамидов гувоҳ сифатида машинада ўтирган.

Аброр Мухтор Алининг бир муддат Мирзо Улуғбек тумани ИИББ террорга қарши кураш бўлими томонидан ҳибсга олингани, озроқ муддат ўтириб чиққанидан кейин озод этилгани маълум.

Ўзбекистондаги расмий дин вакилларини яқиндан билувчи ўзбек фаоли Камолиддин Йўлдошга кўра, Аброр Мухтор Али терговлардан кейин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хизматига «тайинланган».

«Ўзбекистоннинг ичкарисидагилар учун Нақшбандия мазҳабидамиз, ташқаридагилар учун эса Ҳанафий мазҳабидамиз, деган имиж яратиб олган расмий муллалардан бири.

Аслида расмий муллаларнинг деярли ҳаммаси тариқатчи, сабаби МХХ бошқаларга минбар бермайди«, дея изоҳлайди ўзбекистонлик имомнинг ижтимоий тармоқдаги фаоллигини Камолиддин Йўлдош.

Саодат Аъзамхўжаеванинг фейсбукка қўйган расми

Калтак ва муштлашдан иборат “исломий терапия”

Никоҳ ўқилгандан кейин Аброр Мухтор Али келинни ўз мухлисларидан бири бўлган қўшиқчининг бўш уйига жойлаштириб қўяди. Аъзамхўжаеванинг «Элтуз»га айтишича, эри Аброр Мухтор Али уни “жоҳилиятдан қутқариш учун” калтаклаб бошлайди. Саодатхон Аъзамхжўхаева бу калтакларга чидолмасдан Миробод тумани ИИББга шикоят билан мурожаат қилади. Кейинчалик “оилани сақлаб қолиш андишасида” аризани қайтариб олади.

Тармоқдаги фарëд

Саодатхон Аъзамхўжаева калтакланиб, қорнида саккиз ойлик ҳомиласи билан кўчага ҳайдалгани ортидан дардини ижтимоий тармоқларда достон қилди. Унинг видеомурожаати (ҳозир видео ўчириб ташланган) юз минглаб тармоқ юзерларини икки лагерга бўлди. Шарҳловчилар орасида Саодатхонни қоралаганлар ва Аброр Мухтор Алини оқлаганлар ҳам бўлди. Тармоқ фаоли Дилобар Эркинзода «Элтуз» билан суҳбатда бу муҳораба кўламидан гапирди:

Дилобар Эркинзода
Швециядаги ўзбек фаоли

«Бу аёл шунча хўрликдан кейин ҳам муаммони тинчлик билан ҳал этишга ҳаракат қилган экан. Барчаси бесамар бўлган, А.М. (Аброр Мухтор Али) ўз мақомидан фойдаланиб, бу аёлнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузиб келган. Шундан кейин Саодатхон Аъзамхўжаева саҳифасида оммага мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Аёлни гўёки хиёнатда айблаб, жонли мулоқот ўтказган А.М. бир неча соатдан сўнг видеосини шахсан ўчириб ташлади. Чунки у содир этган жиноятларини ўз оғзи билан тасдиқлаб турганди.

Ўзбекистон Жиноят кодексида кўпхотинлилик учун жазо белгиланган, – бу бир!

Иккинчидан, зўровонлик ишлатиш, яъни калтаклаш учун ҳам жиноий жавобгарлик бор!

Бундан ташқари, туҳмат ва ҳақорат моддалари ҳам бор. А.М.нинг Саодатхонга нисбатан қилган ҳаракатларида жиноят аломатлари бор деб ҳисоблайман! Қонун ҳамма учун баробар! Динни ниқоб қилиб, аёлларни хўрлаш на диний ва на дунёвий қонун-қоидага тўғри келади.

Аброр Мухтор Али ўз ҳаракатларини оқлаб, жонли эфирда: «У (Саодат) менга ўзи келиб ёрдам сўради, руҳий ҳолати оғир аҳволда эканлигини, ўзини ўлдириш билан қўрқитди», дея баёнот берди.

Шу ўринда савол туғилади. Руҳий ҳолати носоғлом аёлни кўрганда қаерга мурожаат қилишни маслаҳат бериш керак? Ёки олиб бориш керак? Табиийки, психолог ёки психиатрга!

Дуч келган аёл ўзини ўлдираман деганда, уйланиб олаверишса «жиннихона»нинг нима кераги бор унда?»

Рассом Кирпи
Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 январ 2021
Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов ташқи қарзларнинг доимий ўсиб бораётгани боис Ўзбекистон иқтисодиёти аҳволи жуда хавотирли ...
17 октябр 2018
Москванинг Якиманка туманидаги хиёбонга ўрнатилган, 16 октябрь куни очилиши кутилган Ислом Каримов ҳайкали эртаси куни ҳам очилмади. Якиманка тумани ...
7 январ 2017
Ижтимоий тармоқда янги йил куни қорқиз кийимини кийган бола ва унинг шериги кечирим сўради Бундан илгари янги йил куни ...
8 апрел 2019
6 апрель куни Лондонда Ўзбекистон янги тарихининг турли даврларида сиёсатга турлича муносабатда бўлган зиддиятли олима Ширин Акинер 76 ёшида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...