Алламжоновнинг «севимли болалари»
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов 15 май куни фейсбук саҳифасида айрим сайтлардан тўсиқлар олингани иддаоси ортидан яна бир баёнот қолдирди.
«Ўзбекистон — ҳаққоний, холис, халқаро журналистик этика асосида иш олиб борадиган ҳар қандай хорижий оммавий ахборот воситаларига ишлаш учун зарур шароит яратиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди», дея ёзди, жумладан, Алламжонов ўз баёнотида.
Бундан аввал, 10 май куни фейсбук саҳифасида у шу пайтгача блокланган айрим мустақил сайтларидан тўсиқ олинганини эълон қилган эди.
Аммо «Элтуз» ва «Озодлик» сайти бу рўйхатда йўқ.
Алламжонов ўз баёнотида чет эл матбуотини «тасдиқланмаган ва ёлғон ахборотлардан фойдаланмаслик, шунингдек, асосланмаган миш-миш ва гумонларни тарқатмасликка» чақирди, сайтларнинг тўсилишини «техник камчилик»ка йўйди.
Бу билан ҳукумат мулозими шу пайтгача мустақил сайтлар расман тўсиб келинганини эътироф этди. Айни пайтда айнан қайси сайтлардан тўсиқ олиб ташланмагани ҳам кўзга чалиниб қолди.
“Ўзбекистон ҳақида энг муҳим ахборотларни берувчи «Озодлик», «Eltuz.com» сайтлари ва Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми сайтлари билан боғлиқ “техник” муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда», дея ёзди бу ҳақда таҳлилчи Алишер Илҳомов.
«Шу йўсин журналистик жамоа иккига ажратилди. Агар омадлилар «омади келмаганлар» ҳақида ёзмаса ёки «омадсизлар» рўйхатга киришни истаб танқидни тўхтатишса, бу сиёсат 100 фоиз иш беради”, дея ёзди Илҳомов.
Шу билан бирга, таҳлилчи юқоридаги фаразни четга суриб, бу шартга кўниб ишлашдан наф йўқлиги, шусиз ҳам ўқувчилар керакли нашрларга VPN орқали бемалол кира олишлари мумкинлигини писанда қилади.
Eltuz.com