Видео
15 июн 2016

Иброҳим Халилнинг рамазон кулчалари

43 яшар новвой рамазон пайтида ифтор учун махсус юмалоқ кулчалар ëпади.

rasm1571
Шаҳарчадаги рўзадорлар ўз ифтор дастурхонида Иброҳим Халилнинг “Ўтин экмаги” бўлишини жуда исташади

Бу кулчалар одатдагидан мазали ва одатдагидан арзон. Оддий нон бир лира 80 қуруш бўлган бу шаҳарчада Иброҳим Халилнинг ўтин ëқиладиган тандиридан чиққан кулчанинг нархи бор йўғи бир лира.

Шаҳарчадаги рўзадорлар ўз ифтор дастурхонида Иброҳим Халилнинг “Ўтин экмаги” бўлишини жуда исташади. Шу боис ифторга яқин новвойхона ичи “экмакталаб”лар билан лиқ тўлади.

Иброҳим Халилнинг чироқлари (шогирдлари) гранит супа устида зувалани ўқлов билан ëйиб новвой тарафга ирғитишади. Самода учаëтган нон зувалаларини эпчиллик билан илиб олган новвой уларни ëғоч куракка қўйиб тандир ичига тиқади.

Пишган нонларни ҳам курак билан чиқариб олиб мармар лавҳ устига ташлайди. Чаққон шогирдлар иссиқ нонларни олдин қоғозга ўраб кейин эса тўрвага солиб мижозларга беришади.

Тандирхонани лиқ тўлдирган мижозлар орасида бугунги Туркиянинг барча қатламлари вакилларини кўриш мумкин. Истеъфодаги турк ҳарбийси суриялик қочқин билан ëнма-ëн ўтириб нон чиқишини кутмоқда.

Ëғоч ўриндиқларда курд, грузинлар билан бирга Ироқ туркманлари ҳам ўтирибди.

rasm1570
Новвой оқ партия сайлов автобусига тош отган курд шогирдларини ишдан ҳайдаб юборганини айтади

Сурëни, алавий ва салафийлар ëнида социал демократлар ҳам нон кутмоқда. Тандир оловида яноқлари ял–ял ëнган Иброҳим Халил рамазон кунларида ифтор дастурхони учун нон етказиб бериш учун шошиб қолаëтганини айтади.

“Мижозларни ҳаммаси ифтордан беш дақиқа олдин тандирдан чиққан иссиқ нон исташади. Тандир битта – одам эса кўп. Мен нон етказа олмаяпман. Ифтор дастурхонида иссиқ нон бўлсин деган талаб бир ритуалга айлантирилган. Аслида бир дона хурмо, бир коса сув ëки туз зарраси билан ҳам ифтор очилади”, – дейди новвой.

Рамазоннинг илк кунида Истанбулда портлаш содир бўлганида Иброҳим Халил ўз давлатига ҳамдардлик тимсоли ўлароқ новвойхонаси устига турк байроғини осиб қўйди.

“Бу портлашлар иқтидордаги оқ партия олиб борган бемаза сиëсат меваси” дер экан, новвой Туркия президенти Эрдўғоннинг асабий риторикалари билан тўлган газеталарни ғижимлаб оловга ташлайди.

“Бу газеталар фақат тутантириққа ярайди”, – дейди новвой. Айни пайтда новвой оқ партия сайлов автобусига тош отган курд шогирдларини ишдан ҳайдаб юборганини айтар экан, тоқат ва сабр сиëсатда муҳим омил эканлигини таъкидлайди.

taratatam
Иброҳим Халил сиëсатдан кўра футболни, футболдан кўра оғир наво турк қўшиқларини севади

Аслида Иброҳим Халил сиëсатдан кўра футболни, футболдан кўра оғир наво турк қўшиқларини севади.

“Ичим тўла қўшиқ. Эллигинчи йилдан бери Туркияда қандай қўшиқ айтилган бўлса ҳаммасини азбар биламан” дейди новвой. Россияда “Угадай мелодию” деган кўрсатув бор. Қўшиқни битта нотасини эшитибоқ қайси қўшиқ эканлигини топиш ўйини. Шунақа ўйин Туркияда бўлса Иброҳим Халил биринчи ўринни олган бўлар эди.

“Қўшиқ одамларни бирлаштиради футбол эса уларни тарафларга ажратади” деган новвой Eltuz.com муштарийлари учун қўшиқ ҳиргойи қилиб берди.

Менимча Туркиянинг Сурия билан чегарадош шаҳарча аҳлини қўшиқ эмас, Иброҳим Халилнинг рамазон кулчалари бирлаштирмоқда.

Абдужамил Дўстмуҳаммад
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 апрел 2016
Бугун Ўзбекистоннинг марказий шаҳарларида камбағалларнинг мункайган кулбаси ёнида қад кўтарган муҳташам қасрларни кўриш мумкин. Албатта, аксарият амалдорлар камбағал маҳаллада ...
29 март 2021
«Фергана» агентлигининг ёзишича, кўп масалаларда ўзбек расмийларини танқид қилган тошкентлик блогер Миразиз Базаров 28 март, якшанба куни кечқурун ўз ...
18 октябр 2015
Шохрух Алибоев, 2013 йилнинг 27 июнида ота онасидан ажратилиб болалар уйига топширилган эди. +видео
7 март 2020
“Straus House” муассиси туяқуш олиб  бераман деб одамлардан алдаб олган пулини тимсоҳ сотиб олиш учун сарфлабди. Аммо на тимсоҳдан ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...