Асосий мавзулар
16 ноябр 2016

Боласини урган ўзбек аëли Туркияда 11 ой қамоққа ҳукм қилинди

Туркиянинг Мерсин шаҳар маҳкамаси ўз фарзандини калтаклаган Гулчеҳра Исоқулова устидан очилган жиноят ишини кўриб чиқиб уни айбли деб топди ва 11 ой қамоқ жазоси белгилади.

Маҳкамада иштирок этган гувоҳлардан бирининг Eltuz.сomга айтишича, айбланувчи ўз қилмишидан жиддий пушаймон бўлганини суд ҳаками инобатга олган.

Мерсин прокурори Исоқуловага беш йил оғир қамоқ жазоси берилишини сўраган эди.

Ўзининг 3 яшар Туанна Чакмагали (Tuanna Çekmegeli) исмли қизини калтаклаган Ўзбекистон фуқароси Гулчеҳра Исоқулова Ўнбешинчи Мерсин Жазо маҳкамаси тарафидан “Таҳдидли ҳаракат ва киши баданига қасддан шикаст етказиш” айби билан маҳкама қора курсисига келтирилган эди.

Мерсин прокурори Исоқуловага беш йил оғир қамоқ жазоси берилишини сўраган

Прокурор Тамар Унувар (Tamer Ünüvar) томонидан ҳозирланган айблов ҳулосаси ва ҳукм нусҳаси eltuz.comда мавжуд:

“Айбланувчи ўз қизи бўлган жабрланувчини иститиш батареясини ëқишга уринган пайтда уят ва аҳлоқсиз гаплар билан ҳақорат этгани ва жабрланувчининг юзига ва кетига ургани ҳолатида жиноят аломати мавжуд.

Шунингдек айбланувчи ўнг оëғи билан жабрланувчини тепиб “сени ўлдираман” дейишида эса таҳдид билан боғлиқ жиноят унсури бор.

Воқеанинг видеога олинган қисми 2 минуту 46 секунд давом этади” дейилади айбномада.

15-инчи Мерсин Жазо Маҳкамасида сўзга чиққан Гулчеҳра Исоқулова ўзини ҳимоя қилишга тиришган эди:

«Қизимни калтаклаганимни бўйнимга оламан. Мен ўз жахлимнинг қурбони бўлдим. Мен Ўзбекистондан Туркияга келин бўлиб тушганимдан бери эзиламан. Сен келгиндисан дея менга эрим ва унинг қариндошлари тарафидан қилинган зулмнинг саноғи йўқ. Буни оқибатида руҳий бесаранжомликка йўлиқдим. Ҳатто фарзандимни қўлимдан олмасинлар дея аëлларга ëрдам берадиган ресурс марказларга ҳам бордим. Дардимни айтишга атрофда бирор одам йўқ ахир. Мен бутун оналардан ва қизимдан узр сўрайман.

Мен бахти қарони кечиринглар. Мен ëмон она эмасман.Мен фитна қурбони бўлган онаман. Аммо мен фарзандимни жуда севаман. Оллоҳ ҳеч кимни боласидан айирмасин. Иншоллоҳ адолатли қарор чиқиб боламни бағримга боссам деб умид қиламан. Менга боламни қайтаринглар азизлар. Уни калтаклаганимда эс-ҳушим жойида эмас эди.” дея ҳакамга юзланган Гулчеҳра Исоқулова “Видеога олиш тадбири фарзандини ундан айириш учун тузоқ бўлганини” иддао қилган эди.

“Эримнинг қариндоши Олмос Оқюрт (Elmas Akyurt) видеога тушириб тарқатди. Мақсад болани мендан тортиб олиш эди. Бу аëлни уйимга киритдим аммо у нонкўрлик қилди. Айнан у мени қизимни калтаклашга гиж-гижлади. У эрим билан тил бириктириб қўлимдан болани олиш учун тузоқ қурди. Мен шу тузоққа тушдим. Мен қизимни емай едирган, ичмай ичирган меҳрибон бир она эдим. Жуда пушаймонман. Мана уч ойки фарзандимни кўрмадим дея кўзида ëш билан гапирган Исоқулованинг бу гаплари маҳаллий матбуотга кўчиб Туркиядаги боласеварларни дахшатга солди.

Маҳкама қаросридан норози бўлган Исоқулованинг эри Ҳасан Тайфун (Hasan Tayfun Çekmegeli) эса қўшимча далиллар келтириб хотинини айблади:
«Болани ургани видеода аниқ тиниқ кўриниб турибди. Бундан ташқари шамсия ва ўқлов билан ҳам мунтазам урарди болани. Мен бу аëлга энг оғир жазо берилишини талаб қиламан. Болани уришга қўли ўрганиб кетганди. Нуқул урарди. Хозир эса сизларни раҳмингизни келтириш учун айбни бошқаларга ағдармоқчи, деди маҳкама мажлисида айбланувчинг эри.

Гувоҳлар она тарафини олди

Маҳкамада Гулчеҳра Исоқулованинг тўрт қўшниси гувоҳ сифатида тингланди. Гувоҳлар Гулчеҳраниг ўз қизига мунтазам ëмон муомала қилмаганини айтиб унинг меҳрибон она эканлиги, оний жахл билан ҳисларига ҳоким бўла олмаганликларини таъкидлашди.

Томонларни эшитган суд ҳаками бу жиноят юзасидан максимум кам жазо бераëтганлигини аëлнинг пушаймонлиги билан изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз Туркиянинг Мерсин шаҳрида ўзининг уч яшар қизини шафқатсизларча калтаклаган 36 яшар ўзбекистонлик Гулчеҳра Исоқулова қўлга олиниб шаҳарни тарк этмаслик шарти билан маҳкамагача қўйиб юборилган эди.

Ижтимоий тармоқларни ларзага солган видеода ўзбек аëлнинг норасида гўдакни тарсакилаб ургани ва тепгани акс этган.

Маълум бўлишича бу воқеа ўтган йил декабр ойида содир бўлган ва аëлнинг қиз жияни тарафидан қўл телефонига олиниб тармоққа юкланган.

Рафиқасининг шафақатсизлиги акс этган видеони кўрган 30 яшар Ҳасан Тайфун хотинидан ажралиш учун маҳкамага ариза топширди.

Маҳкама Ҳасан Тайфун даъвосини қондирди ва ўзбекистонлик аëлни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Бола Ҳасан Тайфун тарбиясига берилди.

Болани калтаклаш акс этган видеони ўрганган Мерсин прокурори “Таҳдид, қийноқ ва қасддан жисмоний шикаст етказиш” борасида айбнома ëзиб, ўзбек аëлни 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш талабини илгари сурган эди.

Ўз қизини калтаклаган ўзбек аëлига берилган жазо ҳакам талаби билан кечиктирилди. Маҳкум ўз уйида полиция назоратида қолади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 май 2018
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 30 апрель кунги ташрифи чоғида сўзлаган нутқида Ўзбекистонни ўз ота юрти дея таърифлади. «Ота ...
4 ноябр 2024
5 ноябрь куни америкаликлар президентлик сайловида овоз беради. Номзодлар Республикачи собиқ президент Доналд Трамп ва Демократик партиядан номзод, вице-президент ...
24 сентябр 2019
Тошкент ахборот технологиялари университети мутасаддилари ташкил этган “троллар фабрикаси” ҳақидаги гап-сўзлар бир неча кундан буён интернетнинг ўзбек сегментида қизғин ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...