Асосий мавзулар
28 июл 2017

Гулнора Каримова – мавжуд коррупциянинг бир қисми (видео)

Ўзбекистон Бош прокуратураси марҳум президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова жиноятига оид тафсилотларини очиқлади. Бунга кўра, у 5 йилга қамалган, иккинчи иш бўйича эса тергов давом этмоқда.

Ўзбек прокуратураси иддаосига кўра, ҳорижий давлатларда қолган Гулнора Каримова активлари Ўзбекистонга қайтарилиши керак.

Мазкур хабар билан деярли бир вақтда, «New Media Advocacy Project» янги фильмни тақдим қилди, Элтуз нашри уни ўзбекчага ўгирди.

Бунда, жиноятга бевосита ҳукуматнинг шерик экани, шу боис маблағ Ўзбекистон ҳукуматига эмас, ўзбек очиқ жамияти вакиллари орқали коррупция жабрдийдаларига, ўзбек халқига қайтарилиши кераклиги айтилади.

Элтуз нашри шу йилнинг бошида Гулнора Каримова Швейцария терговчилари томонидан сўроқ қилингани, унинг коррупцияси доҳил схемалари тўғрисидаги хабарларни эълон қилган эди.

Прокуратура: Гулнора Каримова шерик бўлган жиноятлар

Прокуратура хабарида билдирилишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Гулнора Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга эҳтиёт чораси сифатида 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, Гулнора Каримовага нисбатан телекоммуникацияларга оид уюшган жиноий гуруҳга кўмаклашиш ҳолати бўйича тергов давом эттирилмоқда.

2013 йил 24 октябрда “Terra Group” МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят ишида Гулнора Каримова фарғоналик Рустам Мадумаров рахбарлик қилган жиноий ишга кўмаклашиб келгани аниқлангани билдирилади.

Жумладан, Каримованинг назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2001-2013 йилларда қуйидаги бир қатор жиноятларни содир этишган, хусусан товламачилик йўллари билан катта пул маблағлари, акциялар ва мулкларни эгаллаш билан шуғуллангани;

Давлатга тегишли акциялар ва мулкларни паст нархларга тушириб сотиб олиш, ҳусусийлаштириш йўли билан 344,6 млрд. сўмлик талон тарож қилиш. (“Ўздунробита”, “Coca-Cola”, “Rubicon Wireless Communication” ва бошқалар);

Даромадни, тушумларни камайтириб кўрсатиш, имтиёзларни ноқонуний қўллаш, солиқ базасини камайтириш ва офшор фаолиятида 2 трлн. 91,4 млрд. сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлаш;

Ушбу эпизодлар бўйича Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 179, 184, 227 ва бошқалар) билан айблов эълон қилингани билдирилади, жумладан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси тарқатган хабарда.

Гулнора Каримованинг ушбу жиноятларни содир этишдаги айби, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш осносида тасдиғини топгани айтилади.

Радиочастота ресурслари мобил операторлари билан боғлиқ фирибгарликлар

Гулнора Каримова устидан айни пайтда давом эттирилаётгани иддао қилинаётган тергов иши телекоммуникация операторлари, радиочастоталарга оид фирибгарликлар билан боғлиқ.

Бунга кўра у, алоқа операторлари мижозларидан асоссиз қўшимча тўловлар ундириш; оффшор ширкатлар ҳисобига “бўнаклар” олиш; радиочастота ва ер участкаларини ноқонуний сотиш; улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш; нақд пул тушумларини инкассация қилмаслик, экспорт қилинган товарлар ва хизматлар тушумидан мажбурий 50% лик сотувни амалга оширмаслик; товарларни сунъий оширилган нархларда импорт қилиш йўли билан жами 1 млрд. 942,8 млн. АҚШ долл. ва 29,1 млн. евро миқдоридаги хорижий валютани яширишда айбланади.

Импорт қилинган товарлар миқдорини тўлиқ кўрсатмаслик ва уларнинг нархини камайтириб кўрсатиш; олиб чиқилган нақд хорижий валютани божхона назоратидан яшириш;

экспорт қилинган маҳсулот қийматини пасайтириб кўрсатиш йўли билан жами 607,6 млрд. сўмга божхона қонунчилигини бузишда айбланади.

Товарларни сотиш, бажарилган ишлар ва хизматлардан тушумларни инкассация қилмаслик, пул маблағларини ноқонуний нақдлаштириш йўли билан жами 572,9 млрд. сўмга савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда айбланади.

Шунингдек, Гулнора Каримовага ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига қонуний тус бериш мақсадида фойдаланиш; турар ва нотурар объектларни, бошқа мол-мулкларни сотиб олиш, уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги оффшор компаниялар ўртасида сохта контрактлар бўйича пул ўтказмаларини амалга ошириш йўли билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш айблари илгари сурилмоқда.

Ушбу ҳолатлар бўйича унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Гулнора Каримованинг самолети ва чет элларда қолган мулклари

Ўзбек прокуратурасига кўра, қайд этилган 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Тергов материаллари бўйича ҳозирда 12 та хорижий мамлакатлар ҳудудида уюшган жиноий гуруҳнинг 1 млрд. 394,1 млн. АҚШ долл., 63,5 млн. евро, 27,1 млн. фунт ва 18,5 млн. франк миқдордаги легаллаштирилган маблағлари аниқлангани билдирилади.

Жумладан Гулнора Каримовага тегишли қимматбаҳо қасрлар, кўчмас мулк ва активлар тарзидаги бу маблағлар, Швейцарияда, Швецияда, Буюк Британияда, Францияда, Латвияда, Ирландияда, Мальта оролида, Германияда, Испанияда, Россияда, Ялтада, Гонконгда, Бирлашган Араб Амирлигида, Дубайда экани билдирилган.

Малта оролида қолган Гулнора Каримовага тегишли 48,9 млн. долларлик самолет шулар жумласидан.

Жиноятга давлат идораларининг шериклиги эътибордан четда қолди

Прокуратура ҳужжатларида, ҳозирги кунда Гулнора Каримованинг чет элларда музлатилган маблағларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилаётгани билдирилади.

Жумладан Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига тергов органларининг уюшган жиноий гуруҳнинг юқорида қайд этилган активларини хатлаш тўғрисидаги қарорлари юборилгани айтилади.

Аммо прокуратура маълумотларида, Гулнора Каримова юқорида қайд этилган жиноятларини давлат идораларининг бевосита иштирокисиз амалга ошира олмаслиги айтилмайди.

Аслида унинг отаси, президент Ислом Каримов, қизининг ҳар қандай инжиқликларига индамай бош эгадиган амалдорлардан иборат тузумни яратгани учун жавобгардир.

New Media Advocacy Project тақдим қилган видеода айни шу жиҳатлар ҳақида гап боради.

Видео: https://youtu.be/YzvW3Mngd60
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу «Келаëтган меҳмонга ҳалақит бермаслик» ...
28 январ 2018
Машҳур хонанда 49 яшар Дониёр Тошмуҳаммедов 26 январдан Тошкентнинг Учтепа туманидаги «Истирохат» кўчасида жойлашган, Абдулҳамид Ҳожи масжидида имомлик қила ...
27 июн 2023
Туркистонда биринчи жадид матбуот органи – “Тараққий” газетаси Тошкент шаҳрида Исмоил Обидов муҳаррирлигида 1906 йил 27 июндан эътиборан чоп ...
14 июл 2017
Ошкоралик ва шаффофликни ўзига шиор қилиб олган Ўзбекистон ҳукумати буғдой ўрим-йиғими мавсумида юз бераётган қонунбузарликлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...