ЎФФ Вадим Абрамовни тилига эрк бергани учун футболдан четлатди
16 декабрь куни Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов футболдан четлатилди.
Ўзбекистон футбол федерацияси – ЎФФ қўмитаси унинг футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлаштирилгани ҳақида қарор чиқарди.
Қарордан аён бўлишича, Абрамов Ўзбекистон футбол федерацияси йиғилишида ўз фикрини айтгани учун четлатилган.
Қарорда, жумладан, унинг «ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамда уларнинг расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдирганлиги, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги учун» четлатилгани билдирилади.
Бироқ Абрамов йиғилишда айнан нималарни гапиргани ва кимларни йўлдан ургани ҳақида расман ҳеч қандай маълумот йўқ.
Абрамов шу йилнинг 5 июнида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган эди.
Қарорда Абрамовнинг жазо муддати қачон тугаши ҳақида маълум қилинмаган, унинг номуайян муддатга футболдан четлатилгани айтилади.
Eltuz.com