Дилмурод Саййид: Аёлим ва қизим автоҳалокати сабаблари очиқлансин
Ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид қамоқдалигида уни кўришга бораётган пайти автоҳалокатга учраган қизи ва рафиқаси иши юзасидан 25 июль куни бош прокурор Отабек Муродовга очиқ хат ёзди.
«Мен шикоятимда бешта жиҳат ҳақида ёзгандим: Авариядан олдин прокуратура ходимлари томонидан 5 яшар қизимга авариядан олдин қилинган ҳаракат, нимага уларга чора кўрилмаган, аёлимга тегишли сим карта орадан икки кун ўтиб, воқеа жойидан 200 км наридаги «Далный лагер» деган жойдан топилган, аёлим олиб келаётган ҳужжатларнинг кўп қисми йўқолган, кейин воқеа содир бўлган жойда ГАИ ходимиман дея қўнғироқ қилган шахснинг кимлигига аниқлик киритилган эмас…», дейди Дилмурод Саййид «Элтуз» нашрига берган интервьюсида.
Очиқ хатида у яқинларининг сирли ҳалокати юзасидан прокуратурага йўллаган шикоятига олган жавобидан қониқмаганини билдирган.
«Бу нарса янги иш сифатида ўрганилиши керак эди. Уларнинг жавоб хатида гўё мен улардан товон пули ундириш ҳақида ёзган бўлиб чиқяпман», дейди ҳуқуқ фаоли.
Фожеа 2009 йилнинг 5 ноябрида юз берган. Қамоқдаги Дилмурод Саййидни кўргани кетаётган яқинлари ўтирган енгил автомобилнинг юк машинаси билан тўқнашуви оқибатида рафиқаси Жуманова Барно ва вояга етмаган қизи Саидова Руҳшона ҳалок бўлган эди.
«Масалан, мен бу ерда уюштирилган деган фикрдан йироқман, лекин улар уюштирилмаганини ҳам исбот қилиб бера олишмаган…», дейди ҳуқуқ фаоли «Элтуз» мухбири билан суҳбатида.
Шунингдек, Дилмурод Саййид бу хатни ёйинлашдан мақсади прокуратурани ёпиқ қолаётган иш тафсилотларини очиқлашга, қонунни ҳурмат қилишга чақиришдан ташқари, воқеага жамоатчилик эътиборини қаратиш ҳам эканини айтади.
Eltuz.com