Асосий мавзулар
31 май 2019

РТдан ваъз: Фақат хотинлар қолган давлат

Президент Шавкат Мирзиëев Андижонга борганида телевизорда уни нуқул аëллар ўраб олгани кўринди. «Беш болам бор, уй беринг» деган ҳам, «иккита боласини еталаб кўчада қолдим» деган ҳам, телевизор орқали «уй олдим» деб севинган ва президент кетганидан кейин тешик тоғора олдида қолган ҳам аëл.

Эркаклар қани бу мамлакатда? Одамлар ўғил кўрсам, деб орзу қиладиган мамлакатнинг қаерига қарама, аëллар, кампиру жувонлар.

Ҳокимлик олдини қамал қилиб ҳақини сўраëтган ҳам, қора бозорда доллар сотаëтган ҳам аëл.

Айни пайтда қизи бор ўзбек ундан тезроқ «қутулсам» деб орзу қилади. Қиз бола худди қутулиш зарур бўлган оғир юкдай.

Қизлар эса тезроқ эрга тегиб, борган жойида тош бўлсам, дейди. Аммо дарахтни тепсанг, қиз ëғилса ҳам тузукроқ эр йўқ.

Эркакларнинг бир қисми Сурияга кетиб, ўзини портиллатиб юборган бўлса, қолгани Россияда СПИД ва сифилисдан қирилиб кетди.

Бой хотинга уйланиб, «хотинининг кетидан кун кўрадиган» тоифа бор-у, аммо бу альфонс ҳожилар бой қизларнигина ов қилишади.

Шу рамазон кунларида совчи холалар қизларни эрга беришнинг самарали усулини жорий қилишди. Демак, сиз «қиз»сиз. Эрга тегмасдан «уйда ўтириб» пирдухтар бўлиш таҳликаси бор, худо кўрсатмасин.

Маркетинг тили билан айтсак, сиз товарсиз, эр эса истеъмолчи. Ҳар қандай товар ўз сегментига реклама қилинади. 

Реклама истеъмолчи талаби асосида шаклланади. Бугунги ўзбек истеъмолчиси учун келин деган товарнинг «ҳалол» деган тамға урилгани керак. Ҳалол колбаса каби. 

«Муслима» келин қилишни любой дракон қайнона хоҳлайди. Шу талабдан келиб чиқиб, биринчи трюкни амалга оширамиз.

Демак, сиз «муслима » қиëфасига кирасиз. Рўмолни туркча ўрайсиз. Қошни дубайча, киприкни саудияча қилиб қайирасиз. Ëнингизга бир Соттига ўхшаш хунук ва қақилдоқ дугонани олиб, бойлар ифтор қиладиган ресторанга борасиз.

Ифтор пайтида паст (аммо 10 метрдан эшитиладиган) мазохист овоз билан қуръон тиловат қиласиз. Ифторда ўтирган потенциал қайнона сизни пайқаб, «вой шу қизни келин қилсам», дейди. Ўшанда ëнингиздаги Соттихон югуриб бориб потенциал қайнона (ëки эр)га телефонингизни беради. У ëғи оддий маркетинг. Товар ўз эгасини топади. Тешик мунчоқ ҳақидаги мақол айтилади шу ерда.

Рўзадан кейин тўй мавсуми бошланади. Так чтў, мендан айтиш пирдухтарлар. Шу ўринда яна бир гап. Ўзбекистонда аëл ва эркакнинг ҳуқуқи тенг. Эркакларнинг ҳам бой қизга уйланиш ҳуқуқи бор¸
Нега қизлар оқ «Бентли»да юрадиган миллиардер бойга эрга тегса айбмас-у, аммо олтиариқлик камбағалнинг қашшоқ ўғли бой хотинга уйланиб қаддимни кўтариб олай деса айб?

Нега бу ҳақсизлик? Қашшоқ билан қашшоқ қўшилса, улардан туғиладиган болалар емай-ичмай, яхши кийинмай, ўқимай, чувринди бўлади. Сувга сувни қўшсангиз, сув бўлади. Қатиққа сув қўшсангиз, айрон бўлади.

Яна бир ўйлаб кўрайлик, азизлар, бизнинг чмо, урод, яхши емай, ориқлаб кетган, кўчадаги вивескани ҳам ўқиëлмайдиган даражада саводсиз, эшшакдан бошқа билан ишқий практикаси бўлмаган йигитларимизни бой қизлар шатакка олиб ботқоқдан чиқарса, нимаям қиламиз. Бу ҳаëтда кимдир прицеп, кимдир жип мошин. Судрасин бир-бирини.

Нима дейсизлар, бекажон бой хотинлар? Рўза ойидаги марҳамат ва ҳимматнинг ҳикмати бисëрдур.

Ўзбекистонда 95 фоиз мусулмон яшайди, дейилади. Мошаллоҳ. Демак, рамазон ойида ўғирлик, қотиллик, бола сотиш каби жиноятлар камайиши керак. Аммо статистикага қарасак, ҳеч нарса ўзгармаган.
Шу-шу от, мол, машина ўғирлаш. Қотиллик. Ўз фарзандини сотиш. Қизларни зўрлаш.

Бухоро туманининг Шергирон МФЙда яшовчи 22 ёшли дўкондорнинг дўкон эшигини бузиб кириб, у ердан пул, тамаки, ароқ, вино  ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлаб кетишди.

Талончилар шу элнинг, қулоғига азон айтилган мусулмон фарзандлари бўлиб чиқди. Рўза ойида ўғирлик қилганлар Қоракўл туманининг Тинчлик маҳалласида яшовчи  уч йигит экан.

Олдин ўғри деганда кўз олдимизга қўлларига наколка урилган, бир-икки ходка қилиб, афти бужмайган қўрқинчли одам келарди. Бугун теваракка қарасам, манзара бўлак.

Оддий мунису мушфиқ Анжаннинг Жалақудуқ туманида яшовчи аëл қўшнисининг очиқ қолган эшигидан ийманибгина кириб, «қўшниии, бормисииииз, ууув», деб чақириб, секин ичкари уйга кириб, тахмон орасидаги 3100 долларни секин олиб, липпасига тиқиб чиқиб кетяпти. Чиқиб кетаëтиб, учраб қолган қўшнининг 8 яшар боласини сизлаб сўрашиб ҳам қўйди.

Сирдарёнинг Мирзаободида яшовчи ҳурматли бир амаки эса ëн қўшнисининг дарвозаси очиқ қолган уйига кирди. Сўридаги гиламни деворга суяниб турган велосипедга юклаб олиииииб, кетииииб қолди.

Ҳозир бу амаки ўтирибди терговда, велосипед ва гилам ўғирлаганликда айбланиб. Нуқул йиғлайди, ëшим бир жойга борганда шарманда бўлдим, деб. Наманганлик муниса аëл қўшни қизнинг қўлидаги телефонни алдаб олиб қўйиб сотворибди.

Қуйичирчиқлик обрўли аëл тўйтепалик таниш аëлни Кореяга ишга юбораман деб алдаб, 4 400 доллар пулини олиб қўйиб, без бўлиб ўтирибди. «Пулга зарил эдим, ўша пулни эҳтиëжимга ишлатвордим, мақлай ахир, пул зарур», дейди.

Бу салбий гапларни қайта-қайта айтгандан не фойда, муаммога ечим дардга даво топинг, Туз оға, дейишади.

Дард бор жойда мутлақо даво ҳам бўлади. Мана Намангоннинг Чуст туманида шифобахш сув отилиб чиқди. Бу сувни ҳоким ичса, пора олмайдиган бўлиб қолар экан. Судья ичса, адолатли ҳукм чиқарар экан. Ўғри ичса, тўғри бўлармиш. Кал ичса, соч чиқармиш.  33 миллионлик миллат дардига даво.

Баъзилар бу ҳеч қанақа шифобахш сув эмас, шунчаки канализация ëрилди, дейишади. Хўш, нима бўпти? Агар ишонч билан ичилса, оддий сув ҳам малҳамга айланади. Шу десангиз, бир донишманд одам Ўзбекистонга келиб қолиб, илк учраган одам билан суҳбатлашиб қолибди.

-Илгари бу юртда нима қилишган?

-Дарахт экишган.

-Қани у дарахтлар?

-Газ бўлмагани учун кесиб ўтин қилиб ëқворишди.

-Яна нима қилишган?

-Трактор, самолёт ишлаб чиқаришган.

-Қани у заводлар?

-Сотворишди.

-Ким сотди?

-Иноятов.

-Пули қани?

-Россияда товуқ ферма очди ўрнига.

-Уни жазолашдими?

-Йўқ, Сенатга кўтариб қўйишди.

-Яна нима қилишган бу юртда илгари?

-Темир йўл қуриб, Сибирдан ëғоч-тахта олиб келишган.

-Қани у темир йўл?

-Одамлар темир йўл шпалларини кесиб, пичоқ ва ханжар ясашди.

-Нима қилади у пичоқ ва ханжарларни?

-Бир-бирини сўяди.

-Нега одамлар бир-бирини сўяди?

-Чунки бир-бирини отгани ўқи йўқ.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

видео: https://youtu.be/63kLCBmGp8Q

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 апрел 2017
Эркакларнинг доялик қилишига қарши маърузаси билан танилган тошкентлик 42 ёшли имом Сайфуддинов мавзуни ёритган журналистларни фитнада айблади. «Эркак кишини ...
13 январ 2023
Ўзбек киноси шимолдаги «уришқоқ» давлат эмас, балки Гарбдаги тараққийпарвар давлатлар билан ҳамкорлик қилаётгани қувонарли ҳолдир. Сал олдин ВГИКнинг филиали ...
6 апрел 2017
Президент Мирзиёевнинг «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» телеканалларини, хусусан, «Ахборот» кўрсатувини «ура-урачилик замони ўтгани» тўғрисида огоҳлантиргани ортидан ўзбек оммавий ахборот воситаларида ...
12 апрел 2017
2017 йил 12 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари 68 яшар Бўритош Мустафоев юрак касаллиги боис юзага ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...