Асосий мавзулар
25 ноябр 2019

«Элтуз» Муҳаммад Солиҳга бағишланган янги фильмни тақдим этади

Таниқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ бу йил 70 ёшга тўляпти. Муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг сўнгги 30 йил ичида кечган энг драматик сиёсий ва ижтимоий воқеалар бу исм атрофида кечди.

Муҳаммад Солиҳ, авваламбор, 70-80 йиллар ўзбек шеъриятига ўз тамғасини урган бир шоир.

Рауф Парфи Муҳаммад Солиҳ ҳақда бундай деб ёзади: «Улуғ Туркистоннинг тўққизта улуғ дарёси бор: Амударё, Сирдарё, Абдулла Қодирий дарёси, Абдурауф Фитрат дарёси, Абдулҳамид Чўлпон дарёси, Мухтор Авезов дарёси, Чингиз Айтматов дарёси, Ўлжас Сулаймон дарёси, Муҳаммад Солиҳ дарёси. Менинг томирларимда ҳам шу тўққизнинг қонлари оқади. Мен бу улуғ дарёларнинг соҳилларида саргардонман, доим ташнаман, очман, муҳтожман…» (Ёзувчи Мурод Каримнинг “Адабиёт манзаралари” саҳифасидан олинди).

Рауф Парфидек буюк шоирнинг Муҳаммад Солиҳ исмини юқорида зикр этилган буюк зотлар билан бир қаторда тилга олиши тасодифми?

Бизнингча, тасодиф эмас.

Муҳаммад Солиҳ чиндан ҳам ўтган аср ўзбек шеъриятини ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатдан жиддий бир савияга юксалтирганини эътироф этаётганлар сони кун сайин кўпаймоқда.

Шоир ижоди Каримов режими тарафидан маҳкам изоляция қилинишига қарамай, унинг асарлари ўзбек ўқувчилари орасида ёйилишда давом этди ва давом этмоқда.

Қуйида сизга тақдим этилаётган видеосуҳбат таниқли ўзбек ёзувчиси, «Бу кунлар» романи муаллифи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон лойиҳаси бўйича Муҳаммад Солиҳ билан ўтказилган. Бу кенг қамровли бир мулоқотдир.

«Элтуз» нашри кўп қисмдан иборат фильмнинг 1-қисмини эътиборингизга ҳавола қилади.

Видео: https://youtu.be/E3c6s4QMRKA

«Бегона»

Юртимда адолат бўлмаса боқий,
Роббим, мен қулингга ҳузур буюрма.
Зулм давом этаркан юртимда токи,
Мазлум мақомидан мени айирма.

Тилим бийрон этма, яратган эгам,
Ҳақиқатни мумкин бўлмаса айтиш.
Токи халқим оёқ остида экан,
Менга ҳаром бўлсин юртимга қайтиш.

Муҳаммад Солиҳ


Бу фильм Муҳаммад Солиҳ ҳаётига бағишланади. Муҳаммад Солиҳ оиласи 1975 йилдан то 1985 йилгача, яъни ўн йил давомида Тошкентнинг Қорақамиш даҳасида оиласи билан ижарада яшайди. Муҳаммад Солиҳ сиёсатга кирмасидан олдин ҳам муайян маънода жамиятни тан олмаган бир даҳрий ёки жамият тан олмаган бир осий ўлароқ яшади. Яъни сиёсий тузумгагина эмас, балки жамиятга ҳам мухолиф эди, дейиш мумкин уни.

1991 йил декабрь ойида Муҳаммад Солиҳ президент сайловида «Эрк» партияси номзоди сифатида қатнашди. Бу жараён жуда машаққатли кечди. Мухолифат номзодига фақат сиёсий ҳужумларгина эмас, балки оиласи ҳаётига ҳам психологик тазйиқ ва хуружлар бошланди.

Бу ғалати шахсият қайси тузумда етишди, дейишлари мумкин. Яъни индивидларнинг тотал тенглиги, тўғрироғи, уларнинг қиёфасизлиги, бир хиллиги шароитида бу шахс ўзининг улардан фарқини, бегоналигини қандай сақлаб қола олди? Ашаддий антикоммунист бўла туриб, совет жамиятида қандай вояга етди? Совет давлатининг университетида қандай ўқиди? Москвадаги элит табақага оид олий адабиёт курсларигача қандай етиб борди?

Бу расм 1989 йил 2 апрель куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасида жойлашган Ўзбекистон агросаноат бирлашмаси биносида ўтган мажлисда олинган. Горбачев сиёсатидан илҳомланган ўзбеклар Совет Иттифоқи Олий Кенгашига, яъни парламент депутатлигига номзод танламоқда. Ҳайъатда ўтирганлар ичида биттаси мустасно. Ҳаммаси классик қиёфатда, галстук ва оқ куйлаклар-ла безанганлар.

Ҳайъатнинг ўртасида коммунистик номенклатура қиёфасига уйғун кийинмаган, бўйинбоғсиз бир шахс ўтирибди. Бу Муҳаммад Солиҳ. Кўринишида бир зерикиш ёки мажлис аҳлига бир бегоналик бор. Балки бу шахснинг юз ифодасини киноя сифатида ҳам қабул қилиш мумкиндир, балки ҳатто кибр ифодаси ҳам бўлиши мумкин. Солиҳни айнан ўша қусурда айблаганлар ўша даврда ҳам бўлган, бугун ҳам бор.

Аммо бизга қолса, мазкур юз ифодаси ҳаётга бегона одамнинг юз ифодасидир.

Абдулазиз Карим

Муҳаммад Солиҳ билан суҳбат

Н.М: Ассалому алайкум, Солиҳ ака!

М.С: Ва алейкум ассалом ва роҳматуллоҳ.

Н.М: Суҳбатимизни бошлашдан олдин бир кутилмаган савол бермоқчиман.

М.С: Марҳамат.

Н.М: Тўғриси, биз мана Муҳаммад Солиҳ ким дедик? Яъни халқимизнинг тасаввурида таниганлардан ташқари, билганлардан ташқари, тасаввурида қандай инсон дедик, кейинги пайтлардаги айрим воқеалар сизни яна бир сиёсий ҳаётга қайтаргандек, яъни сиёсий оламда номингиз тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди. Сиздан худди Каримов даврида бўлганидек, олабўжи шахс яратишга ҳаракат пайдо бўлганга ўхшайди, номингизни тилга олган, ёки сиз билан учрашган, ёки сиз билан суҳбатлашган, ёки китобларингизни ўқиган ва китобларингизни мамлакатга олиб киришга ҳаракат қилган инсонлар таъқибларга, таъзиқларга учрайдиган бўлиб қолди. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз, шу қадар олабўжи шахсмисиз?

М.С: Ватанимда, юртимда зулм авжига чиққан пайтда, мен ўз тажрибамдан биламан, доим менинг номим қарши тарафдан тилга олина бошлайди. Бу симптом, бу ишорат шахсан мен учун бир мусулмон, бир ватанпарвар ўзбек учун бир шарафдир. Зулмга қарши инсон сифатида менинг исмим зикр этилаётган бўлса, демак бу дунёга мен бекорга келмаганман. Яъни менинг исмим доим зулмга қарши бўлганим учун душманларим тарафидан тилга олинади ва фақат зулмга қарши бўлганим учун 30 йил давомида Каримов режими катта ҳужумлар уюштириб, мени йўқ қилишга ҳаракат қиляпти. Бугун агар Муҳаммад Солиҳнинг номи яна ўша аввалги мақомда тилга олинаётган бўлса, яъни ўша қора рўйхатда биринчи ўринга қўйилиб, тилга олинаётган бўлса, бу мен учун бир шараф, аммо халқим учун яхшилик аломати эмас.

Н.М: Суҳбатимизни сизни болалигингиздан бошласак, қандай оилада туғилдингиз? Қандай ўсдингиз ва ҳоказо?

М.С: Мен ҳақимда, оилам ҳақида, қариндошлар ҳақида халқнинг ичида жуда кўп афсона тарқатди каримов режими ва бизнинг ҳақимиздаги маълумотлар халқнинг асосий қисмига хато ва туҳматларга тўла бир усулда етказилди. Ҳозир жуда кўп нарсага очиқлик келтирамиз ва тафсилотли бир шаклда ҳамма нарсани уялмасдан очиқ айтишга тўғри келади ва иншааллоҳ бу суҳбатимиз бизни тинглаганлар учун, халқимиз учун ҳам хайрли бўлади, деб ўйлайман. Ҳозир 70 ёшнинг устида туриб ҳаётимга назар ташлаганимда, бу ҳаёт ҳақиқатдан бир туш эканига ишона бошлайди одам. Ўзим ҳақимда гапираркан, худди бошқа бир одам ҳақида гапираётгандай сезаман ўзимни. Чунки ҳаёт ҳақиқатдан бир рўё каби. Масалан, Пайғамбаримизнинг (С.А.В) ўша инсонни ларзага соладиган ҳадиси бор: «Инсонлар ўлганда уйғонурлар». 3 калимадан иборат ҳадис, ҳақиқатдан ҳам, инсонлар бу ҳаётни худди рўёда яшаётгандай яшайди ва мен шахсан ўз тажрибамдан кўраман, мана ҳозир сиз билан суҳбатлашиб ўтириб, хотираларни бошлаганимда худди бошқа бир одам ҳақида ҳикоя қилаётгандай ҳис қиламан ўзимни. Мен Хоразмнинг Янгибозор туманида, Беглар овулида 1949 йилнинг 20 декабрида дунёга келдим. Бу овулнинг исми бизнинг оиланинг исми, яъни бизнинг оила Беглар оиласи дейилади. Мен айтиб беришим мумкин, масалан, 6 та ўша ҳалқани. Бегжонбег – бизнинг бобомиз, унинг отаси Отажонбег, унинг отаси Ёлдошбег , Матниёзбег, Бекпўлатбег. Улар ҳаммаси бизнинг аждодларимиз, боболаримиз. Улар ҳаммаси Хоразмда хонга қиз бермаган Беглар деб танилган Беглармиз биз. 19-асрнинг биринчи ярмида Хива хони биздан бир қизга ошиқ бўлади ва ҳарамига олишни истайди, ўша пайтдаги бобомиз, яъни 6-ҳалқадаги бобомиз Бекпўлатбег айтади, қизнинг аввал розилигини олайлик, кейин қиз рози бўлса, хонга берамиз, дейди. Аммо қиз рози бўлмайди, мен ҳарамга боришни истамайман, дейди. Совчилар қайтиб кетади ва ундан жавоб кутади. 3 кундан кейин жавоб етказади, қизимиз рози бўлмади, биз сизга беролмаймиз, дейди. Кейин хон ғазабланади, шундай юксак шахсиятга нимага рад жавоби келди, деб. Иккинча марта совчиларни юборади ва бу сафар совчиларни навкарлар ҳамроҳлигида юборади.

Агар бермаса, куч ишлатиб оласизлар қизни, дейди. Аммо бизнинг йигитлар ҳам анча ўзига ишонган, яъни бизнинг хонадон атрофидаги Бегни тарафдорлари бу навкарлар келганда, зўрлик ишлатмоқчи бўлганда уларга қарши курашиб, навкарларни калтаклашиб, совчиларнинг усту бошини йиртиб, отларига миндириб қайтариб жўнатиб юборишади. Хон Бекпўлатбегни чақиртиради, зудлик билан мендан узр сўра, мени ҳақорат қилдинг, саройни ҳақорат қилдинг, дейди. Бекпўлатбег айтадики: «Бу ерда сиз ҳақорат қилдингиз менинг оиламни» дейди, зўрлиқ қўлландингиз менга қарши, бу ерда кечирим сўрайдиган мен эмас, деган жавоб беради.

Шу воқеадан кейинги Бекпўлатбегнинг тақдири ҳақида иккита ривоят бор:

Биринчиси, Бекпўлатбег хон тарафидан қатл қилинади ва оиласи Бухорога сургун қилинади. Олотга.

Иккинчиси, қатл қилинмайди ва оиласи билан бирга Бухорога сургун қилинади. Қизнинг исми Бибижон. Шу Бибижон учун бизнинг оиламиз бутунлай Бухорога сургун этилади ва энг қизиқ тарафи, Бибижон Қуръон ҳофизи чўлоқ бир йигитга ошиқ бўлиб, у ерда Бухорода мен шу йигитга эрга чиқаман, дейди.

Хонни инкор қилган қиз бир чўлоқ Қуръон ҳофизига эрга чиқади ва бу ерда ҳам оила унинг ҳохишига қарши чиқолмайди. Мен бу ерда нима айтмоқчиман, бизда кўплар айтади-ку, мана, ўзбекларда мана бу исломий нималарда шунақа аёлнинг ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуқи йўқ, уйда ҳеч қандай ҳуррияти йўқ, аёллар энг паст табақадаги инсонлар саналади, деб.

Аслида ундай эмас ҳеч, хусусан, бизда аёллар доим бошқа жойларга нисбатан жуда ҳур яшаган ва ўз сўзини, агар улар ҳақли бўлса, мутлақо катталарга тинглата олган ва катталар аёлларнинг раъйига қарши чиқмаган. Яъни ҳақсизлик қилиб, уларга зулм қилиб, улар истамаган одамга эрга беришмаган бизда.

Шундай қилиб, Бекпўлатбеглар 17 ёки 18, баъзилар айтади 15 йилгача, баъзилар айтади 18 йилгача у ерда сургунда қолиб, хон ўзгарганидан кейин, янги хон келганидан кейин уларни чақириб ер сувини беради ва Беглик мақомини беради ва бошқа ҳаммасини қайтариб бериб, яна ҳаётига давом эттиради.

Аммо у ерда Беглардан баъзилари қолиб кетган, деган гапни бугун менга Ислом Холбой, бизнинг ёзувчи дўстимиз ёзди, у бухоролик. Ёзганини ўқиб беришим мумкин:

«Раҳматуллоҳ ака қоракўллик қариялардан эштганман, деб менга айтиб берган эди, Муҳаммад Солиҳнинг аждодлари Хоразм хони билан бир қиз сабаб келишмай қолган ва Қоракўл воҳасининг Байрамали қишлоғига сургун қилинган. Беглар бу ерда кўп ободончилик ишларини олиб борганлар, фақат 1930 йилда, Совет даврида улар барпо этган боғлардаги гужумлар кесилиб, Қоракўл марказидаги бир маданият уйини ўша гужумлардан тиклашган. 20-25 км масофада ёғочларни отлар ва ҳўкизларда тортиб келганлар, булар сизнинг аждодингиз эканлигини ҳамма билган. Сўнгра замони келиб, Беглар орқаларига қайтиб кетган, аммо Хоразм билан Қоракўл ўртасида қиз олиб қиз бериш ўшандан бери удумга кирган ва қоракўлликлар билан бир-бирига қоришган. Умаман қоракўлликлар ҳар замон хоразмликлар ва туркманлар билан қиз олиб қиз беришган, бу ҳозир ҳам давом этмоқда».

Яъни мен айтмоқчи бўлганим, бугун шу бизнинг халқимиз тарихи Бибижоннинг тарихи, Бекпўлатбегнинг тарихи, Хоразм тарихи дейлик, аслида бизнинг аждодларимизнинг тарихининг бир парчасидир. Яъни нима демоқчиман, бизнинг халқимиз доим ҳурриятга интилган, доим ҳақ тарафида бўлган, ҳақсизликка қарши исён кўтарган, ўлимни ҳам кўзга олган бир халқмиз, ўзбекларни ва, умуман, туркларни айтаяпман мен. Яъни бу, масалан, Бибижоннинг тарихи бизга ўрнак бўладиган бир тарих.

Н.М: Солиҳ ака, мен шахсан ўзим ҳам, кейин жуда кўпчилик ҳам сизни адабиётимизда бир янгилик олиб кирган шоир сифатида таниймиз, энди бу шоирлик ҳам мана худди оилавий ўша характердаги, феъли хўйдаги ўтиб келган, аждоддан авлоддга ўтиб келган қон билан бирга сизнинг шоирлигингизга ҳам бунинг таъсири бўлган бўлиши керак, деб ўйлайман, ғояларингизга, бошқаларингизга. Барибир оиладаги ҳикояларимиз бизни тарбиялайди-ку…

М.С: Бу мавзуда айтишим мумкин, менинг биринчи ўқитувчим, отамнинг онаси Шукуржон эна дердик биз уни, 90 ёшларига яқин вафот этдилар, Аллоҳ раҳмат айласин. Бу сўнг аслзода эди бизда, биз аслзодамас, советлармиз биз, совет одамларимиз биз. Унинг кўзи кўрмай қолди кейинчалик, аммо энциклопедик бир билими бор эди унинг, яъни шартли равишда айтяпман. Фольклорни билар эди, илоҳийларни билар эди, бутун ривоятлар шу қадар, масалан, мен бутун адабиётни унинг ёнида ўтириб 4 ёшдан тушунгандан бошлаб унинг ёнида тарбияландим. У, Аллоҳ раҳмат айласин, шунақа одобли, шунақа ахлоқли, намоз қилаётганда мен, масалан, 3 ёшимда эсимда бор доим, намоз қиларкан, ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ деса, бу тарафига ўтиб ва алейкум ассалом эна, дер эдим.

Кейин ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ деса, у тарафига югуриб ўтиб салом бериб, кейин секин ним табассум билан дуо қилиб туриб, «ҳа, сен барака топкур, ундай қилма ахир», дерди. Шунақа бир инсон эди ва мени Муҳаммад Солиҳ деб тўла исмим билан айтган битта ягона инсон шу Шукуржон энам эди.

Қолганлар ҳаммаси қисқа қилиб, лақаб қилиб айтар эди, аммо Муҳаммад Солиҳ исмини, менинг қулоғимга тўлиқ айтилган исм бу, улар қисқартириб хоразмча қилиб айтишар эди. Хоразмда ёмон одат бор исмларни қисқартириб лақаб қилишади. Салай ўша қисқарган бузилган ва паспортга ёзилган. Аслида менинг қулоғимга азон билан ўқилган исм Муҳаммад Солиҳдир. У айтар эдики, «Муҳаммад Солиҳ ўғлим, шу эшикни алиф қилиб бекитинг» дер эди ва сизлаб гапирар эди. Оилада менга битта сизлаб гапирган.

Адабий дидимнинг шаклланишида Шукуржон энамнинг роли жуда катта. У мени халфаларнинг ёнига олиб кетар эди. Халфалар бор эди у пайтда, халфаларнинг ҳафтада бир марта мажлислари бор, халфалар, бутун хотинлар китобларни олиб, кўзойнакларни тақиб, эски китоблардан илоҳийлар ўқир эди, ривоятлар, достонлар ва кейин ҳалиги илоҳийлар, энди қўшиққа ўхшайди, шуларни айтар эди ва мени энам доим ёнига оларди, шунда 4, 5, 6 ёшларимда эдим.

Бутун буларни ҳамма бир маълумотлар мажмуаси эди, бир мисли кўрилмаган маълумотлар мажмуаси эди. Ҳозирги болалар бунақа маълумотларни ололмайди, уларда бунақа имкон йўқ. Эсимда бор, 5 ёшимда мен ўқишни, ёзишни ўргандим, мактабда тўла ўқиб ёзиб билар эдим. Китобниям 6, 7 ёшларда энг сўнгги ўқиганларим ўша Носовнинг таржима китобларини ўқиганларим эсимда бор.

«Билмасвойнинг бошидан кечирганлари» деган шу 50-55 йилларда илк чиққан нашрлари эди. Отам ўша пайтда лотинчада Қодирийнинг «Ўткан кунлари» бор эди. Кейинроқ Умар Хайём пайдо бўлди, у кириллда эди, мен ўша китобларни тушунмасам ҳам ўқир эдим.

«Қўрқут отанинг ҳикоялари»ни «Дада Қўрқут» дейди Туркияда, шу достонни Шукуржон энам менга айтиб берган. У Қўрқут отанинг ҳикоялари дерди ва эсимда бор аниқ, бу Хоразмнинг тарихи, дерди.

Аммо у эртакга ўхшаган достон. Аммо менга айтган Хоразмнинг тарихи деган Дада Қўрқутнинг китобини. Бу ерда тТурклар айтади, бу бизнинг тарихимиз, дейди, озарийлар айтади, йўқ, бу жўғрофия бизнинг жўғрофия, бизнинг тарихимиз, дейди. Хоразмликлар айтади, бу Хоразмнинг тарихи, дейди. Яъни турклар бугунги Туркистон ҳудудлари, Туркистон деган кичкина еримиз бор-ку Қозоғистонда ЎҒУЗлар дейин, ЎҒУЗлар у Туркистондан то Византиягача кўчманчи ўлароқ ўша ҳаракат қилган бир қавм. ЎҒУЗлар деркан, ҳатто мен шундай тахмин қиламан аслида, ўзбеклар деган, ўзбек деган сўз ҳам ЎҒУЗБЕК деган сўздан келиб чиққан менимча. Мен буни 20 йил олдин айтганман, ҳозир бошқалар ҳам айта бошлади буни. ЎҒУЗБЕК кейин қисқариб Ўзбек бўлди. Уни Ўзбек хон ўзига бек, ўзига хон эмас у, бу кейинги гаплар. Аммо Герододда бор УЗлар, менимча улар ҳам ЎҒУЗлар.

УЗлар бор-ку, русчада мен ўқиганман «Древний УЗ» дейди. Аслида ўша қадимий ЎҒУЗлар ана шу. Чунки бизнинг ЎҒУЗ, ҚИПЧОҚ, ҚАРЛУҚ, асосан, 3 та устунимиз бор, яъни туркларнинг 3 та этник устуни, ўшалардан энг каттаси ЎҒУЗ.

Ўғуз хонни баъзилар айтади пайғамбар бўлган дейди, шунақа деган ривоятлар ҳам бор энди, бизда унақа бир ҳужжат йўқ. Лекин бир ривоят бор шундай. Бугун ҳам энг буюк катта қавм ЎҒУЗлар, ЎҒУЗлар, масалан, 82 миллион Туркиядаги турклар ҳаммаси ЎҒУЗлар ва озарийларни қўшсак ва Эрондаги озарийлар қўшиладиган бўлса ва хоразмликлар кейин, Кавказдаги ЎҒУЗ парчалари бор яна. Масалан, қўмиқда озгина бор, қипчоқ ҳам бор, ЎҒУЗ ҳам бор.

Биз ўзбеклар қарлуқ ва уйғурлар қавми. Дада Қўрқут достони аслида биз ўзбек ўлароқ буни бугун гапираётган бўлсак, демак бизда ҳам уни ўзимизнинг тарих сифатида қабул қилган аждодларимиз. Аммо, афсуски, советлар бизнинг бутун турк деган илдизимизни қўпориб ташлаб, бизни ўзбек деб атади ва янги бир тарих ёзиб қўлимизга тутқазди ва бу тарихни ҳалиям қўлимиздан чиқармай, ҳалиям тутиб ўтирибди бизнинг ҳукмдорлар.

Ҳалиям халққа сен ҳеч қанақа турк эмассан, турк мутлақо бошқа бир қавм… Коммунист раҳбарларнинг ҳаммаси руслар тарафидан турк душманлигида етиштирилган, вояга етган инсонлар. Булар бугун ҳам бизни бошқаряпти ва бугун ҳам биз ўзимизнинг кимлигимизни билмасдан, ҳалиям рус мафкурасининг соясида яшаяпмиз. Миллий мафкурага қачон қайтамиз, биз ўзимизнинг турклигимизни англаган кунда қайтамиз.

Н.М: Мана, аждодлар ҳақида гапирдингиз ва Шукуржон эна ҳақида гапирдингиз, Аллоҳ раҳмат қилсин, бунақа бир зиёли аёлларимиз кўп бўлган, наслнинг тарбиясида уларнинг аҳамияти жуда катта бўлган, Аллоҳ раҳмат қилсин. Бир китобингизда, «Йўлнома»дамиди билмайман, оилада репрессияга учраганлар ҳақида ҳам гапирган эдингиз, менимча, шу оила ҳақида гапираётган пайтда бир эсласак.

М.С: Албатта! Бегжонбег, яъни отамнинг (дадамнинг) отаси Бегжонбег, яъни бу Беглар сулоласининг 5-ҳалқаси, у инсон жуда ёш репрессия қилинди, яъни 26 -йилда Хоразм Республикаси бор эди, 24-йилда, биласиз, Ўзбекистон таркибига кирди ва ундан кейин Хоразм Республикаси даврида бизга репрессия қилингани йўқ, ҳатто ер-сувларимиз ўзимизда қолди, аммо Хоразм Республикаси тугатилиб, Совет Иттифоқи таркибига кирганидан кейин Хоразмда дарҳол Сталин репрессияларини бошлади ва у ердаги муштумзўрлар деб аталган бир сиёсий қатлам тамоман йўқ қилинди.

Муштумзўр дегани – Кулак дегани. Бу муштумзўр сифатида Бегжонбег, менинг бобомни Тошовуздан , Тошовуз ҳам Хоразмнинг бир парчаси, у ердан ушлаб олиб Когон турмасига ташлайдилар ва бир йилдан кейин, 26-йил қатл қилинади. Ҳатто бир йилга ҳам тўлмасдан қатл қилинади. Бутун бизнинг қариндошларга мактабда ўқиш, бутун бу Совет ҳокимиятининг имтиёзларидан фойдаланиш, яъни Совет фуқаросининг ҳеч бир имтиёзи буларга берилмасин, деган қарор чиқади ва отам (дадам) 18-йил туғилган, Аллоҳ раҳмат қилсин, демак 26, 27-йилда, яъни 8, 9 ёшида бўлади ва совет мактабига олинмаган ва ҳафтиякни у уйида ўқиган.

Унинг саводи ҳафтият савиясида қолиб кетди ва укаси Матюсуф ҳам, Муҳаммад Юсуф аслида, бизда қисқартириб Матюсуф дейди, у ҳам ўшанақа қатағонда ҳеч қанақа ўқий олмаган, таълим ҳам ололмаган, бормаган. Аммо урушга келганда 42 йил энди балоғатга етиб ўқий олмаган, менинг отам (дадам) ўзининг отасини ўлдирган ва энг зулм қилган режимнинг бошлаган урушига кўнгилли бўлиб фронтга кетади. Мадаминбег, яъни менинг отам (дадам).

То умрининг охиригача ҳеч ўзини бир совет одами каби тута олгани йўқ. Лекин битта нарса бор эди, Сталинни қандайдир, негадур ҳурмат қиларди. Нега ундай десам, бу одамшунақа жиддий одам, дейди «Бу қотил-ку, бу бизнинг дадамизни бобомизни йўқ қилди» десам, энди шундай бўлган, нима қиласиз. Лекин ватан уруши тугаб, 9 май куни ғалаба куни эълон қилиниб туриб, Сталин нутқ қилган пайтда рус халқини биринчи ўринга қўйиб, рус халқига мен ташаккур билдираман, деб нутқ қилган пайтда, дейди, кўнглим бир пахса пастга тушиб кетди, деганди. Бизда, Хоразмда бор ибора бу.

Яъни ҳурматим йўқолди, чунки биз кўрдикки, бутун ўзбек аскарлари энг олдингги сафларда мана шу режим учун мана шу советлар учун ўлди дейди, ҳалок бўлди дейди бизни жонли қалқон сифатида қўлландилар руслар дейди. Шунга қарамай булар руслар бизнинг орқамизда турди бизникилар ўлганидан кейин улар ҳужум қилар эди деб жуда хафа бўлган ўша пайтда. Шунақа яъни бизнинг бобомиз Сталин репрессиясининг илк қурбонларидан эди. Мени отамгаям булар ҳеч қачон ҳеч қандай имтиёз танимаган. Лекин 2 синф ўқий олган, чаласоводликни битириш деган бир курс бўлган ўша пайтда. Ўшани ўқиган лекин шунга қарамай отамни мактаб директори қилиб қўйишган, чунки ҳуснихатда жуда чиройли ёзарди.

Н.М: Шу урушга кўнгиллик бўлиб боргани уни ўша бўйнида ҳалиги булар қатағонга учраган оила деган тавқилаънатни тушурганмикин, дейманда..

М.С: 42-йилгача урушгаям олгани йўқ. Қизиқ тарафи бу муштумзўрнинг боласи бизни сотиб немислар тарафига ўтиб кетади деб юзига айтган. Сен бизни сотасан, шунинг учун сени фронтга олмаймиз дейди. Лекин 42-йил жуда аҳвол оғирлашган пайтда 3 марта кўнгилли бўлиб ариза ёзганидан кейин олган. 43-йил ярадор бўлиб елкасидан ва қўлидан оғир яраланиб тузалгунича 6 ой отпускага келади ва иккинчи марта яна фронтга кетади. Қочиб кетиши мумкин эди, бормайман деб лекин яна кетади.

«Нега бундай қилдингиз?», деб сўрадим мен отамдан. «Бу бутун оиламизни қатағон қилган, бобомизни ўлдирганку», дедим. «Чунки уяламан ҳамма кетди, фақат аёллар қолди қишлоқда» деди. Бўйи узун эди. Мендан ҳам узун. «Шу ҳўкизга ўхшаб, хотинларни орасида юришдан уялдим» дейди. Иккинчи мартаям кетиб 46-йил қайтиб келади ва медаллари бор эди. Ўша «За отвагу» деган 2 та медали ва бошқа ордерлари медаллари бор эди.

Н.М: Бу оилавий ҳикояларни бекорга қўзғамабмиз. Барибир инсонда кейинчалик шахс бўлиб шаклланишада буларни таъсири бўлади. Энди Солиҳ ака, бояям айтдим, биз сизни бирламчи шоир сифатида таниганмиз. билганмиз ва кейинга даврдаям то шу кунгача ижод қиласиз, ёзаяпсиз айниқса мана кейинга бир икки йилни ичида яна фаоллашдингиз шеърларингиз чиқаяпди, мазза қилиб ўқияпмиз Ўзбекистондаям ўқишяпди, барибир савол туғиладида, шоирликка шўнғиш қачон юз берди? Қачон сиз бунга қизиқдингиз?

М.С: Мен илк шеъримни яъни шакл сифатида ҳам, мазмун сифатида ҳам шеърга ўхшаган илк матними бостирган йилим 1966-йил. Демак 17 ёшимда илк шеърим чиқди. Бу ўша пайтдаги «Пахтакорлар овози» деган газетага, у пайтда Гурлан туманига биз қарар эдик, Гурлан туманининг «Пахтакорлар овози» деган газетаси бор эди у ерда, «Илк бор» деган шеър эди.

Н.М: Унгача ёзмаганмисиз?

М.С: Унгача ёзганман аммо босилганини айтаяпман. 15 ёшларимда ёзганман машқ қилиб.

Н.М: Эсингизда борми ўша шеър?

М.С: Дарахтлар кутган симон баҳорни
Йигитча илк бора кутарни ёрни
Мазмуни шундай: Қизнинг ёнига келиб, қучоқламоқчи бўлса, қиз айтадики, «биз ҳали ёшмиз» дейди.

Кейин йигит «устара теккизди лабига илк бор» деб тугалланади шеър. Ўшанинг учун «Илк бор» деган шеър эди шунақа.

Н.М: Пахта ҳақида масалан?

М.С: Йўқ. Пахта ҳақида ёздим, аммо пахта ҳақида жуда фожеали шеърлар эди. Русларга қарши шеърларда пахта бир аргумент сифатида, бир қуллик рамзи сифатида ёзилди пахта менда.

Н.М: Мустамлака қуроли сифатида. Энди мана шеър ҳозир мазмунидан ҳам кўринаяпди барибир кейинги ижодингизда ҳам шунақа оҳанг шунақа услуб белгилари бор экан. Лекин мана замонавий, янгича шеърият билан кириб келдингиз дедик, бошидан шундаймиди ёки бошқача шеърлар ҳам ёзганмисиз?

М.С: Бир нукта бўлмаса мен шеър ёзмас эдим, яъни нукта одамни шеър ёзишга элтади. Яъни шунчаки оҳанг учун, шунчаки қофия учун ҳеч қачон мен шеър ёзмаганман. Ёш бўлган пайтимда ҳам. Яъни бир нуқта – бир ғоя! Доим битта уруғ туриши керакки ичида. Яъни бунга махсус айтилсин деб ёзилмайди, яъни шу нарса – фақат ичидаги ўша шеърнинг мағзи десак. Масалан, қўпол қилиб айтганда, у сизни ўшани айтишга мажбур қилади. Яъни чиқиб ўртага тақ қилиб тушадиган бир нарса бўлиши керак шеър.

Н.М: Бу энди ўша шеърни туғилишига туртки ҳақида гапираяпсиз.

М.С: Албатта.

Н.М: Мен сўрамоқчи бўлганим, масалан, анъанавий тарзда биз мактаблардаям, ота-оналаримиздан ҳам эшитиб келганларингиз, мана Шукуржон момо ҳақида гапирдингиз, мумтоз адабиётимизда илоҳийлар ўқилган деяпсиз, бу эскида доим ғазал ёзиларди, шунга ҳаракат қилганмисиз, ёзганмисиз?

М.С: Энг қизиғи шуки, мен ғазалга ақлим етгандан кейин эмас, ақлим етмасидан олдин кўп қизиқганман, яъни Навоийни мен 16-18 ёшгача ўқиганман ва фақат оҳанги қизиқтирган мени. Ташбеҳлар, метофаралар, бу теранликларига мен тушмаганман аммо. Фақат Навоийни ўша оҳанги, рукунлар у ердаги мусиқа, у ердаги мелодия, у ердаги оҳанг мени ўзига жалб қилган ва қаттиқ ўқий бошлаганман.
Балки агар бу нарса шу тажриба давом этганида эди мен жуда яхши Навоийшунос бўлар эдим. Афсуски 18 ярим ёшда армияга кетдим ва ўз маданиятимдан мен шарт узилдим ва ғарб маданиятига биз равона бўлдик.

Яъни «Оҳ гўзал маданият! оҳ гўзал адабиёт!» Ана шундан кейин Хэмэнгуей бошланди, Жек Лондон бошланди, Цвейк, Франс Кафка, Сартр ва бошқа экзистенциалистлар бошланди.

Навоийни ҳеч ўқий олмадим ва афсус қиладиган адабиётда бир нарсам бўлса, Навоийни тушунмай, Навоийни ўқимай кетиб бораётганимдан афсус. Навоий ҳақиқатдан ҳам, бир хазина сифатида кўрила бошланган вақтда, мени тарих шароитлар, мени ундан юлиб олиб бошқа бир томонга ирғитди.

Биринчи қисм тугади. Давоми бор.

Тағин ўқинг
20 феврал 2017
Ўзбекистон чорак аср марҳум Ислом Каримовнинг беш тамойили асосида яшаб келди. Бу беш тамойил аслида бир тийинга қимматлиги, қоғоздаги ...
20 май 2016
Ҳа, чойхўрликда бизнинг олдимизга тушадигани йўқ экан дунёда. Блогимни бир чойнак аччиқ чой ичиб олиб кейин ёзаман деб ўйладиму, ...
1 май 2018
Америка, Европа, умуман, тараққий этган мамлакатларда “халқ артисти” ёки “..хизмат кўрсатган” деган унвоннинг ўзи йўқ. Америка президенти Дональд Трамп ...
23 март 2016
Судга олиб келинган Арамаис Авакян ва унинг 3 нафар шериги кутилмаган баёнотлар билан чиқишди. Арамаис Авакян: «Мен қўпорувчи эмасман! ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...