Асосий мавзулар
28 феврал 2020

РТдан ваъз: Ўзбекистонда сатира ўлдими?

Ëзувчи Леонид Соловьёвнинг «Осойишталикни бузувчи» китоби қаҳрамони Насриддин Бухоро амири ва унинг муллаларини танқид қилади. 

Бунга жавобан амир Насриддинни қатлга буюради. 

Яъни ҳажв қилган одам осойишталикни бузгани учун қатл этилиши керак.

Амир шундай деб ўйлайди.

Бу китоб асосида таниқли киночи Яков Протазанов 1942 йилда «Насриддин Бухорода» фильмини ҳам суратга олган.

Икки кун олдин бу фильмни томоша қилган эдим.

Фильмда Бухоро амири ва унинг уламолари сатира ва танқидга чидамсиз бўлгани тасвирланади.

Фильм бош қаҳрамони Хўжа Насриддин Бағдоддаги тазйиқлардан қочиб Бухорога келади ва бу ерда ҳам сатира нималигини тушунмайдиган жоҳиллар билан юзма-юз бўлади.

Сатира нима ўзи?

«Сатира» сўзи француз тилидан олинган бўлиб, шов-шувли ҳолатларнинг турли воситалар – сарказм, истеҳзо, гипербола, гротеск, аллегория, пародия ва бошқалар ёрдамида поэтик санъат даражасида кескин ҳажв қилинишини англатади.

Башаранг қийшиқ бўлса, кўзгудан ўпкалама

Ëзувчи Жонатан Свифт назарида сатира ўзига хос кўзгудир. Бу кўзгуга ҳар бир одам қараб, ўзидан бошқаларнинг аксини кўради.

Икки минг йил илгари ҳам сатира бўлган. Ҳатто совет даврида ҳам сатира бўлган. Аркадий Райкин сатираси қиличдан ўткир эди.

Совет Ўзбекистонида эса «Муштум» журнали ва «Наштар» киножурналини  ëши катталар эслайди. Радиода «Табассум» радиожурнали ва «Қармоқ» каби эшиттиришлар бор эди. 

Бир вақтлар Абдулла Қодирий Жулқунбой тахаллуси билан сатира ëзганди.

Аммо бугун Ўзбекистонда сатира ëзадиган одам йўқ. Аскиячи бор, масхарабоз, қизиқчи бор, бахмалдан иштон кийиб дорбозга шогирд бўлган ҳўққачилар бор.

Аммо сатира йўқ. Отангдан яхшироқ ақл ўргатадиган ақллилар панд-насиҳатлари бисëр. Аммо воқеликка кўзгу тутадиган Жулқунбой йўқ.

Дунëда Ғарб, Америка, Эрон ва ҳатто араб сатираси ривожланмоқда. Аммо ўзбек сатираси йўқ.

Ҳолбуки, ҳаëтимиз томошабоп

Президент ва унинг сонсиз қариндошлари кечираётган “кўрмаганнинг кўргани қурсин” қабилидаги ҳаëт тарзи Чарли Чаплин кинолари каби кулгили.

Президентнинг битта қизи лабини шишириб, олам элига ақл ўргатаëтган пайтда ундан олдинги президентнинг қизи қамоқда роба кийиб, баланда ичмоқда.

Кечагина Мўйноқда қуриган денгиз тубига райҳону жамбил эккан бош прокурор Отабек Муродов 50 минг доллар пора олгани учун 5 йилга қамалди. 

ДХХга раис бўлиши билан “Эрк” лидери Муҳаммад Солиҳни халқ душмани деб атаган Ихтиëр Абдуллаевнинг ўзи эса миллат душмани ўлароқ кейинги 19 йилни қамоқда ўтказадиган бўлди.

Сатира бўлса, шунчалик бўлар. Сатира – бу кулиб туриб йиғлатиш ва йиғлаб туриб кулдиришдир.

Кулги билан кулгининг фарқи бор. Театрда артистнинг иштони тушиб кетса ҳам залдагилар кулади. 

Баъзан қизиқчилар кал, кўр, дудуқ, соқов ва жиннилар ҳақида ҳикоя айтиб, халқни кулдиришади. Бу тўғри эмас. Одамнинг жисмоний нуқсони ëки жинсий ориентацияси устидан кулиш инсофли иш эмас. Навоий айтганидек: 

Кулгики ўз ҳаддидин ўлди йироқ,

Йиғламоқ андин кўп эрур яхшироқ…

Аслида ҳаëтда нима бўлганини ўзимни алдамай ëзсам, аччиққина сатира бўларди.

Гдлян «ўзбеклар ўғри» деганида, «дооод, ундай эмас, биз тўғримиз», дедик. СССР кетди. Ўрислар йўқ. Яна пахтани қўшиб ëзишди. Ўзбек музейчилари Усмон мусҳабини 70 йил гард етказмай сақлаб беришди. Диндорлар бизники деб бақиришди. КГБда ишлайдиган битта саллали муфти музейдан кўтариб олиб кетди нодир қўлëзмани. Бир ой ўтмай 9 варағини диний идорадаги мулла сотворди.

Давлат санъат музейини 70 йил ўрис ва яҳудийлар қоровуллади. Майли, ўзбекдан ҳам раҳбар чиқсин, деб эски шаҳарда калиш судраб юрган амакини бош муҳофиз қилиб қўйишди.

Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмонов биринчи иш кунидан бошлаб музейдаги асарларни ташмалаб сотди. Уни 9 йилу 3 ойга қамашди.

Фарғона музейидаги миллион долларлик асарни ҳозир қамоқда нола чекаëтган Гулнорахон Россия сиëсатчиларига уствош тикадиган Юдакин деган кутурьега совға қиворди. Ҳадяни олишни суннат деб билган кутурье ўзбек халқининг мулки бўлган асарни Лондондаги олибсотарларга тепворди. 

«Микрокредитбанк»ка Эшматовни раис қилиб қўйишди. 3 ойда 80 миллион долларни ўғирлади.

Ленинграддаги очарчилик пайтида оналар ўз боласи ўлигини еган экан. У пайтда очарчилик эди. Тушунса бўлади.

Мана, 30 йилдан бери минглаб ўзбек она боласини сотиб еб ëтибди. Кеча биттаси 8 яшар боласини сотмоқчи бўлди.

Яна битта эълон кўрдим интернетдаги «В контакте» деган тармоқда. «Пошлость Ташкента – қўшув 18» деган ўзбек гуруҳида бир ўзбек амаки хотинининг иштонсиз расмини қўйиб, пулини тўлаб бемалол жинсий алоқа қилаверинглар, личкага ëзсангиз, нархини гаплашамиз, деб ўтирибди.

Тошкент ҳокимининг «любая бизнес хорошо» деган гапига исбот бу.

Дарвоқе, шу кунларда Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев турк бизнесменидан пора олгани учун қўлга тушиб, муаммони пора бериб ечибди, деган гап-сўз тарқалди.

Сатира бўлса, шунчалик бўлар. 

Давом этаверайми… Битта меҳрибону мушфиқ ўзбек хотин ўз эрини сўйиб, ҳожатхонага чўктирди… Яна айтайми? Пайғамбар ëшига кирган ўзбек Питерда бир аëлни Нева дарëсига итариб юборди. Кейин у аëлни қутқараман деб ўзи Невага чўкиб балиқларга ем бўлди. Қачон дейсизми? Ўтган жумада. 

Бу воқеалар ҳеч бўрттирилмаган ҳаëт ҳикоялари. Энг уста сатирик ҳам бундан ўтказиб ëза олмайди.

Сизлар ўқиб чарчамасангиз, мен ëзиб чарчамайман.

Биз ўзбеклар сатира ёза олмасак-да, мақол тўқишни боплаймиз. 

 Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. 

Қарзга ботган Ўзбекистонда кейинги 3 йилда 11 та янги вазирлик тузилди. Жами 32 та бўлди. Энг бой давлат Швейцарияда бор-йўғи 7 та вазир бор. Шунинг учун ҳам бой-да, дерсиз.

Михаил Саакашивили Грузиядаги ислоҳотни вазирлик ва қўмиталарни радикал камайтиришдан бошлаган эди. Мишанинг онаси ҳам давлат бюджетидан боқиладиган идора гумаштаси бўлган.

Ўша идора тугатилганида онаси ишсиз қолган. Михаил Саакашивили Ғарб мактабини кўрган ислоҳотчи. Мирзиëев бўлса Каримов даврида ойболта бош вазир бўлган собиқ коммунист каллаварам. 

Давлат хавфсизлиги, бюджет ва, умуман, миллий истиқрор нималигидан хабарсиз оддий бир дастëр. Хуллас, оқ чойнакка оқ қопқоқ, кўк чойнакка кўк қопқоқ. Қанақа эшак бўлса, шунга яраша бўйнига ип боғланади. Баттар бўлишини кутиш керак эмас. Сиз шунга лойиқсиз. Биз бунга лойиқмиз. Мен бунга лойиқман.

Айтаëтганларим бугунинг гаплари. Кечаги гаплар эса эртакка айланади. Аслида бугун кечанинг давоми. Бугунги иморат кечаги фундамент устига қурилган.

Туз оға, сатира керак эмас, битта эртак айтиб  беринг, иккита бўлса яна яхши, деб сўрашади.  Эртак эмас, ҳикоя айта қолай.

Бу ҳикоя 10 йилча олдин, Каримов тириклигида ëзилган¸ аммо ўқиб кўрсам ҳали ҳам долзарблигини йўқотмабди. Ўзи ҳозир ҳеч нарса ëзмай, олдин ëзганларимни перепост қилиб ўтирсам ҳам бўлаверади.

Ақллилар мамлакати туркумидан

Немиссевар миршаб

Бундан ўн беш йилча олдин Германиядан Маня исмли талаба қиз Хоразмда меҳмон бўлди.

Мавжуд қоидага кўра¸ Маняни Урганч тумани ИИБда қайддан ўтказиш лозим эди. Ўша пайтда бундай меҳмон тансиқ бўлгани боис, мелисанинг каттаси Маняни ўз кабинетида меҳмон қилди.

– Германия буюк давлат, у ерда интизом бор, деб гап бошлади мелисанинг ëшуллиси.

Шу пайт эшикдан ëрдамчи бош суқиб, “тайëр паспортларга қўл қўйиб беринг, эгалари бир ҳафтадан бери кутиб ўтирибди”, дея бир даста паспортни узатди.

– Кўрмаяпсанми, меҳмон бор олдимда. Бор, чиқ кет, рамазондан кейин келишсин, деган мелиса ëшуллиси ўз монологида давом этди:

– Бизда интизом йўқ¸ ҳамма кечикади. Масалан, бир паспорт олишнинг ўзига бир ой вақт кетади. Германияда бир соатда паспорт оласиз. Мана қаранг, бизда ОВИР деган дардисар очилди. Бундай нарса Германияда йўқ. Паспорт бўлса бас, хоҳлаган мамлакат визасини олиб кетаверасиз. Германия паспорти билан 175 мамлакатга визасиз саëҳат қиласиз. Бизнинг паспорт билан Оëқдўрмонга ҳам бора олмайсиз. Прописканг қани, пахта пайтида фалонимни еб юрибсанми, деб бизнинг болалар мазгингни фалон қилади, деди ўзбек тилининг бенорматив калималарини самарали қўллаган ëшулли.

– Яхшиям Германия бор. Паспортни уларга заказ қилдик. Фақат ОВИР босадиган алоҳида варақ қилишга рози бўлишмади. Халқаро нормада йўқ экан. Шунинг учун биз визалар деган жойга ўз фуқаромизга ОВИР босиб бериб кулгига қоляпмиз,- деди мелисанинг каттаси.

– Кулгига қолганимиз бир ëнга, ойлигимиз озлиги иккинчи ëнга. Тўғри, авторитетмиз. Ошхоналарда овқат есак, ҳурмат қилиб пулини олмайди. Одамларга раҳмат поддержка учун. Лекин мана шу кабинетнинг ремонтига ҳам ҳукумат пул бермади. Ўзим ëнимдан пул сарфлаб ремонт қилдим. Эгнимдаги мелиса кийимимни ҳам пулга сотиб олганман. Оддий милиса болалар милиса завхозидан олатаëқни ҳам пул бериб олади. Радарни айтмай қўя қолай. Унижение.

Масалан, яқинда улли ëшулли (Каримовни назарда тутади) келади деб бизларни аэропорт йўлида бир метрдан ташлаб чиқишди. Пистолетларимизни ҳам олиб қўйди. Бўш кобуре билан турдик.

Йўлда турсак ҳам майли¸ бизни отизга (далага) тушириб қўйишди. СНБнинг айтишича, бизнинг кўринишимиз обший видни портит қилар экан. Биздан ҳазар қилсанг, бизга ишонмасанг, нега бизни мелиса қилиб қўйибсан, деб ҳеч ким савол бермайди. Германияда ундай эмас, менга ўхшаган лавозимдаги полиция офицери беш минг доллар ойлик олади. Ишдан кетса, пенсия тайин. Ундан ташқари, қанча имтиëз бор. 

Германиядаги полицияга пора берсангиз олмайди. Чунки зор эмас у. Биз-чи, гадоймиз, гадой!

Ëзнинг куни бўлгани боис хона исиб кетган эди. Ëшулли бориб деразани очди. Ҳовлида гилосранг, қуëн кўз фарали Мерседесни ҳайдовчи шланка билан ювар эди.

– Немислар машина ясашни боплашади. Мен Тико, Нексияларни тан олмайман. Шу машинани ëқтириб Германиянинг Штутгарт шаҳридан подзаказ олдирдим. Автомат коробка. Салон кожа. Расход оз. Немислар зўр-да. Биз эса одам бўлмаймиз, деди зарда билан ëшулли.

Шу пайт телефон жиринглади. Ëшуллининг ëшуллиси телефон қилди шекилли, милиса дойи жуда мутавозе гаплашди. Кейин менга қараб икки қўлини қанот каби ëйиб, ҳасратига якун ясади:

– Энди немис сестрага чой ичирмоқчи эдим. Худди мафиянинг ресторанида, афсус, мени чақиришди. Буғдой ўримини контрол қилишга Боғотга борар эканман. Майли, чойни менсиз ичаверинглар.

Германиянинг Ҳумболд университетида туркий тилларни ўрганаëтган талаба қиз Маня ўзбек миршабига ўзбек тилида икки оғиз ташаккур билдирди:

– Сизга раҳмат, ҳерр полицай президент. Аммо мен сиз айтган гапларнинг бир қисмини тушунмадим,- деди ҳижжалаб Маня.

-Тушунмайсан, чунки немиссан. Ўзбек бўлиб мен ҳам тушунмайман. Масалан, нега агроном эмас, мен контрол қилишим керак буғдойни? Немис полицияси буғдойни контрол қилмайди-ку?

Немиспарвар ақлли ўзбек миршаби немис машинасига ўтириб, буғдой ўримини контрол қилишга жўнаб кетди.

Бу ҳикоя ëзилганидан бери йиллар ўтди. Аммо нимадир ўзгардими? Бу ëзганларим сатира бўлса, уни нега ўзбек матбуоти эълон қилмайди? Боз устига, “Элтуз” сайти Ўзбекистонда тўсиб қўйилган.

Файласуф Станислав Ежи Лец айтганидек, “Сатира ҳеч қачон конкурсда ютиб чиқмайди. Чунки у масхара қилган мулозимлар ҳакамлар ҳайъатида савлат тўкиб ўтиришади”.

Аммо дунë ўзбек мулозимлари белгилаган тартибда ишламайди. Биз аччиқ гапларни Америка Силикон водийси маҳсули бўлган тармоқда айтамиз. Буюк америкалик иш одами Илон Маск кўкка учирган сунъий йўлдошлар тарқатадиган текин вай-фай, маҳаллий мулозимлар яратган рамкаларни синдириб, бизнинг аччиқ сўзимизни керакли қулоқларга етказади. Биз чизган манзарани эса очиқ кўзлар кўради.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
19 ноябр 2021
Токи ташқарида қор ёғар экан, Қийин ўзга сўзни ёзмоқ. Қорга қараб туриб шунчаки, Мумкин эмас ақлдан озмоқ. Токи айланаркан ...
20 март 2017
Ички ишлар органлари давлат бошқарув ҳокимиятининг энг катта органи ҳисобланади. Шунга қарамай, унинг фаолияти мустақиллик эълон қилингандан кейин қисқа ...
8 сентябр 2017
Ўтган ойда МТРКда рўй берган воқеалар Булгаковнинг «Ит юрак» қиссаси қаҳрамони профессор Преображенскийнинг машҳур гапини эслатади. «Фан ҳали ҳайвонни ...
22 март 2019
«Бой ила хизматчи» – Ҳамзага нисбат бериладиган драма. Оригинали сақланмаган. Комил Яшин уни мафкурага мослаб қайта ëзган. Суфлёр варианти ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...