Асосий мавзулар
13 март 2020

РТдан ваъз: Тепаларимизни қайтариб олайлик

Ҳафта айланиб, яна сизлар билан юзма-юз бўлганимдан мамнунман, азизлар.

Ҳафта ичида ким қадри учун, яна кимдир қорни учун йиғлади. Кимдир йиғиб қўйган пули машина олишга етмаганидан дод солди. Машина нархи ошганидан кимнингдир ақли шошди. Кимдир эса йўл қоидасини бузгани учун келган жарима суммаси катталигидан нолиди.

Кимдир 8 мартда ҳеч ким совға қилмади, дея йиғи-сиғи қилди. Кимдир коронавирус боис Италия сафари ибтол бўлганидан хафа бўлса, кимдир тиббий ниқоб сотиб бойиб кетганидан хурсанд.

Дард кўп – дармон йўқ, армон кўп – имкон оз. Кўнгил саройи бўм-бўш – кутилган султон йўқ. Бу гаплар ҳақида одатдагидек хабарлардан кейин гаплашамиз.

Маҳаллий хабарлар

“UzAvto Motors” ширкати 9 мартдан автомобиллар нархини оширди. Эндиликда камбағал ўзбеклар минишни орзу қиладиган Damas DLX русумидаги автоулов нархи 80 миллион сўмга яқинлашди. Бироқ оддий аҳоли чўнтаги кўтармайдиган Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe каби автомобиллар нархи ўзгаришсиз қолдирилди.

Қалбаки халқаро диплом билан Самарқанд «Ипак йўли» университетига проректор бўлган Азамат Акбаровга жиноят иши очилди. Акбаровнинг айби судда тасдиқланса, у минимал иш ҳақининг эллик бараваригача жарима ёки олти ойдан икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Бир гуруҳ ўзбек фаоллари 11 март куни Швейцария ҳукумати ва масъул идораларига марҳум президентнинг катта қизи Гулнора Каримова ўғирлаган активларни Ўзбекистонга шаффоф ва ҳисобдорлик асосида қайтаришни сўраб чақириқ йўллашди.

Фаолларнинг ташвишли чақириғига Гулнора Каримованинг президент Мирзиёевга йўллаган, 25 февралда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган мактуби орқали сизган ўғирлик пулларнинг ими-жимида ҳукуматга қайтарилиши ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлди. 

Чет эл хабарлари

Саудия Арабистонида коронавирус тарқалашига қарши чекловлар жорий этилди. Чекловлар намоз ўқиш муддатларида акс этди. Масжидларга озиқ-овқат маҳсулотлари киритиш ва масжидда рўза тутиш, шунингдек, Саудия Арабистонига баъзи давлатлар фуқароларининг кириши тақиқланди, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Ўзбекистондан умрага борган 240 нафар зиёратчи қайтарилди.

Коронавирус боис Эроннинг Туркманистон билан чегараси ёпилди. Ўзбекистонлик фура эгалари Эрон чегарасидан ўтказилмаяпти. «Озодлик» хабарига кўра, улар 20 кундан буён антисанитария ҳолатида яшашаётгани, бироқ коронавирусга чалинмаганини айтишмоқда.

Амал қўнса агар чивин бошига…

9 март куни бош вазир Абдулла Арипов селектор ўтказганида бирор муаммони  ҳал қилар, деган умидвор ўйга ботувдим. Бензинида изо-октан, электрида ампер, шакарида шира, совунида кўпик, овқатида гўшт оз бўлган, гази Хитойга сотилиб, тезак ëқадиган бу миллат дарди ҳақида гапиради, деб ўйладим.

Ўзимизнинг аҳмадбойлардан ортиб, Испаниядаги фирибгар аҳмадбойлар тўрига тушиб, 50 минг доллардан пули ухлатилган 300 нафар анқов ватандошимиз дардини айтади, деб ўйладим.

“Машинани нега қимматлатдинг” деб «Ўзавтосаноат» каттасига дўқ қилади, деб кутибман-а мен аҳмоқ!

Йўқ, буларнинг ҳаммаси қолиб, «республика бўйлаб 300 дан зиëд жой номларини ўзгартирамиз», деса бўладими бош вазир.

Вой, биллиард.

Тошкентнинг Бектемир туманидаги Чивинтепа деган жой номи  вазири аъзам Арипов жаноби олийлари таъбига ëқмабди.

Ўзим кал, кўнглим нозик, дейишади-ку.

Амал қўнса агар чибин бошиға, кунда келар Семурғ онинг қошига, деган экан машойихлар…

Тепалар – жангу жадал нишоналари

Умуман, Каримов ўлиб, Мирзиëев деган собиқ бош вазир мавжуд конституция талабини бузиб президент курсисига кетини сварка қилганидан кейин асрлар давомида шаклланган жой номларини ўзгартиришга ғайрат билан киришиб кетди.

Бу тўрамнинг назарида Тўйтепа Нурафшон, Бўз эса Бўстон деб қайта номланса, олам гулистон бўлармиш.

Совет даврида ҳамма ëқни Ленинобод қилган комсомол одамнинг гапи бу. Ўзи люстрация ҳақида қонун қабул қилиб, собиқ комсомол етакчиларига эшак бозорида паттачилик қилишдан бошқа ишни тақиқлаб қўйиш керак.

Фалон тепаликни олиш учун уч кун, писмадон тепаликни олиш учун бир ҳафта жанг қилинди, деган гапларни урушга оид китобларда ўқиб, киноларда кўриб, ҳайрон қолар эдим.

Ўзи бир тепа бўлса, шунга шунчами деб. Аммо ҳарбийларнинг айтишича, тепани олган одам мамлакатни назорат қиларкан.

Андижонда Мингтепа деган туман бўлган. Бу тумандан чиққан Дукчи эшон 1898 йил 17 майда Чор истилочиларига қарши қуролли қўзғолон кўтарган.

Ўша йили Дукчи эшон тор-мор қилиниб, дорга осилганидан кейин оқпошшо Мингтепа тўпга тутилиб, ер юзидан йўқ қилинсин, дея фармон берган.

Сал ўтиб, бу фармон бекор бўлиб, туман омон қолган. Туркистондаги сарой уламолари оқпошшонинг бу иши “улуғ марҳамат бўлди”, дея Мингтепанинг номи ўзгартирилиб, Марҳамат деб қўйилишини тавозе билан сўрашган.

Ҳозир ҳам Андижондаги бу туман номи Марҳамат. Пошшонинг марҳаматига сиғинадиган бу руҳи синиқ, умуртқасиз қавм пошшо ағдарилганидан 100 йил ўтса ҳам ўз тепасининг номини қайтармоқчи эмас.

Туркистоннинг қадим Ўратепаси номи Истаравшонга алмаштирилганда ҳам ҳеч ким ғиринг демади.

Бир мамлакат кекса, жафокаш,

Қадим давлат, қумлар ўлкаси,

Не-не машаққатлар чекмаган,

Унинг ўша яғир елкаси.

Ялпоқ-ясси тепалар унинг

Ажин босган пешанасидир.

Бунда ҳар бир тепалик, жарлик,

Жангу жадал нишонасидир,

дея ёзган эди ўзбекнинг жафокаш шоири Эгам Раҳим.

Ўзбекни топташ осонми?

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон қарорига кўра, келиб чиқиши туркча бўлган жой номлари форсча номларга ўзгартирилганига ҳам расмий Тошкент жимгина рози бўлди.

Масалан, яҳудийларга оид бирор жой номи ўзгарса, Исроил дод-вой солади одатда. Шу боис, яҳудийларнинг четдаги гўристонларидан битта ғишт нарига силжимайди. Кимдир силжитиб кўрса, қиëмат қўпади.

Ўзбек шоири Ғафур Ғулом “Мен яҳудийман” деб шеър ëзган бўлса-да, ўзбеклар яҳудий эмас. Шу боис, уларнинг қадр-қимматини бемалол топтаса бўлаверади.

Имомали Раҳмон 2016 йили имзо чеккан қарорга кўра, Тавилдара тумани – Сангворга, Жирғатол – Лахшга, Жиликўл – Дўстига, Қумсангир – Жайҳунга, Қайроққум – Гулистонга, Чкалов – Бўстонга, Ғончи тумани – Деваштичга, Қайроққум сув омбори эса Тожик денгизига ўзгартирилган эди.

Қишлоқлар, туманларнинг асли келиб чиқиши туркий бўлган тарихий номлари ҳам ўзгартирилди.

Жумладан, Нов туманига Спитамен, Табошар шаҳрига Истиқлол номи берилди.

Минг йиллик тарихий номга эга бўлган географик жойлар номи собиқ совхоз директори истаги билан йўқ қилинди.

Тарихчи ўлкашунослар Жиликўл, Ғончи, Қумсангир каби жойлар номлари бир неча юз йилликларга бориб тақалишини айтадилар.

Душанбе шаҳри яқинидаги Янгибозор туманига собиқ иттифоқ пайтида Оржоникидзеобод, мустақиллик йилларида эса Кофарниҳон, ундан кейин Ваҳдат номлари берилган. Шунингдек, пойтахтга яқин барча туркий номдаги Кўктош, Оқжар, Болдирғон, Итоқ, Гулмозор, Жарбоши, Бешкапа, Султонобод қишлоқлари ҳам Гулистон, Бўстон сингари номларга ўзгартирилган.

Туркий ўзакли жой номларини ўзгартиришни истаганлар қўшни Тожикистонни бошқараëтганларнинг ирқчи элитасида кўп бўлса-да, ҳукуматнинг бу сиёсатига Тожикистоннинг ичида ҳам қаршилар оз эмас.

Ҳатто ақлли донишмандлар Ўзбекистондан кўра Тожикистонда кўпроқ деб ҳам ўйлайман. Ҳар ҳолда уришиб, ўз ҳақини талаб қилган жанговар қўшни халқ.

Майли, қўшни давлатнинг ички иши дея қолайлик бу ҳолатни. Қозончининг эрки бор қайдан қулоқ чиқарса.

Ўзингдан чиққан балога – қайга борасан давога?

Ўтган йили Мирзиëев Андижондаги Бўз тумани номини Бўстон деб ўзгартирган эди.

Бу кишига ëқмабди бўз. Бўзчи белбоққа ëлчимаса ҳам бўзчининг хотинию қизлари атлас иштон кийиб юришаркан қадимда.

Расман камбағал давлат мақомига биз Мирзиëев даврида эришганимизни ва жаҳон ҳамжамиятига «садақа беринг» деб қўл чўзиб турганимизни ҳам унутмайлик. Итнинг номи Маржон қўйилганидан ит ҳам, маржон ҳам йиғлаган экан.

Бўз номини Бўстон қилганимиз билан йўллар асфальт бўлиб қолмайди. Бу йўлларда юрадиган машиналарнинг қимматлигидан машиналарнинг ўзи ҳуркиб, тормоз бўлиб қолмоқда.

Бундан олдин “ақлли” президент Каримовга ойболта бўлиб, одамларни қақшатиб, буюк келажак прораби бўлган Мирзиëев «Тўйтепани Нурафшонга айлантиринг!» деб амр берган эди.

Мирзиëев амрини шотирлари “шессекундда” вожиб қилишди.

Ақли товуқдан бошқа нарсага етмайдиган парламент деган йиғноқ ўйлаб ҳам ўтирмай, Тўйтепанинг номини ярим форс, ярим арабий Нурафшон деган чучмал жумлага алмаштирди-қўйди.

Билгичлар “парламент эмас, Шавкат Мирзиëев алмаштирди номни” дея асосий ЗИËН манбаига диққатимизни қаратишмоқда.

Бу гап ҳам тўғри. Ўз вақтида Гулнора Каримованинг халқаро ширкатларга мобил телефон частоталарини бериш билан боғлиқ пора олди-берди жанжалларида фигурант бўлгани ортидан ишдан қувилган ва Мирзиëев келгач, пилиги кўтарилган монтёр Арипов тарихий номлар аҳамиятини қаердан ҳам билсин.

Зар қадрини заргар билар, чилангар нени билар.

Аммо қолганлар-чи? Масалан, ҳукуматнинг ўтда ëнмайдиган, сувда чўкмайдиган, Чернобилда нурланмайдиган абадий турғуни Хайриддин Султонов бир пайтлар миллат дарди ҳақида китоблар рақам қилган эди-ку.

Нега у жим?

Тепалар учун жанг қилмай қўйган, ўзлигидан, турклигидан уяладиган руҳий мажруҳ бу чувриндиларга барибир кўринади.

Биров чиқиб, нега деб сўрамади. Сўрамайди ҳам.

Қовурғаси юз йил бурун синдирилган ва пошшо марҳаматига мўлтирайдиган қавмдан не таъма.

Мажруҳлик комплекси, дейди буни психологлар. Яъни онаси «Ғунча» кинотеатри олдида хоним сотган, отаси ҳожатхона паттачиси бўлган одам бойиб босар-тусарини билмай, галлюцинацияга чалинар экан. 

Худди шу одам онам аслзода, отам амирзода, бобом қушбеги авлодидан дея тарихчиларга пул бериб, шажара китобини ҳам ëздирганини биламан.  «Минг доллар берса, Наполеон Бонапартнинг жияни деб ҳам ëзиб бераман», дейди Фанлар академиясининг тарихчи академиги.

Ортиқхўжаев айтганидек, “любая бизнес хороша”, аммо «Қарийсан, қартасан, асл наслингга тортасан», деган мақол бор. Ўзи мақол ҳам кўпайиб кетди бугунги ваъзда. 

Шундай аслзодалардан бири, собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳозир турмада карам шўрвага бўлка нон тўғраб ичиб ўтирибди. Шконкани артиш, парашани тозалаш каби ишларга ҳам қўли келишибди бу аслзода собиқ прокурорнинг.

Чивинтепага осилма!

Гап тепаларимиз ҳақида эди. Чивинтепа Ариповга, Тўйтепа эса Мирзиëевга ëқмабди.

Германияда жуда кўп жой номлари berg, яъни тепа деган сўз билан тугайди. Амберг деган шаҳарча ҳам бор. Кўпчилик номлар немис тилида ҳам хунук эшитилади. Иттепа, Бўқтепа, Култепа ва ҳоказо. Эшакқишлоқ деган жой ҳам бор Германияда. Аммо Ангела Меркель хоним бу тепаларни «номи ëқмавотти, ўзгартирилууу» деб селектор ўтказмайди. Мабодо Меркель опа шу гапни ўзаро суҳбатда айтса ҳам «халте клапе аршлох» деган дашном гап эшитади. Чунки тарихий номлар хунук ë чиройли бўлмайди. Улар қандай бўлса, шундай. Дарвоқе, Истанбулда Молтепа деган котта туман бор. Ўзбек ҳизбчи ва ваҳҳобийлари уй кира қилиб яшайди ўша Молтепада. Ҳеч кимнинг кўнглига келган жойи йўқ.

9 март куни Арипов ўтказган селектор мажлисда кўчадаги рекламаларнинг русча ëзилганига ҳам эътироз билдирилди.

Ўзбекистонда 30 йилдан бери “кўчадаги рекламани ўрисча ëзмайлик”, деб амалдорлару ëзғучилар ғингшиб келади. Аммо ҳеч нарса ўзгармайди. Ўзгармайдиям. Чунки бизнес монополист асбобини кўндаланг қўйган қонунга. 

Битта мисол айтсам. Туркияга Суриядан миллионлаб қочқин араблар келгани ортидан улар дўкон ва емакхона очиб, арабча пешлавҳалар осиб қўя бошлашди. Бир қарасангиз ҳамма ëқни арабча ëзиқ босиб кетди.

Баладиялар (ҳокимиятдагилар) қарор чиқариб, арабча ëзиқли “любой бизнес”ни тақиқлади. Бир кунда (!) барча араб ëзувли пешлавҳалар лотин ëзувлига алмашди. Дўкон эгалари космик тезликда пешлавҳаларни туркчага алмаштириб ташади. Чунки қонун устивор. Чунки бажармаса, отнинг калласидай иштроп тўлайди. Умуман, полис келиб тириштиради у арабни.

Гап айланиб, яна қонун устиворлиги мавзусига келди. Лекин ўғри қариса сўфи, ғар қариса отинойи бўладиган мамлакатда қонун устиворлиги ҳақида гапириш бўрига «қўзичоқни ема» дейиш билан тенг.

Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман. Эй, бош вазир, Энам яхши қишлоғининг номини ўзгартирма. Чивинтепага осилма. Ота-боболаримиздан қолган тепаларимизни тинч қўй.

Қўлингдан келса, иқтисодни тўғрила. Ҳаëтни фаровон қил. Чет элдан келадиган импорт машинага бож солишни камайтирсанг, «Ўзавтосаноат» машиналари ўз-ўзидан арзонлайди. Халққа яхши бўлади.

Шу халқ тўлаган солиқдан ойлик олиб ўтирган мулозимсан. Хитойга ëрдам жўнатгунча, Энам яхши қишлоғидаги мактабни таъмир қил. Лўлидан ботир чиқса, ўз капасига ўт қўяр экан. Сен ким бўлибсанки, Чивинтепа номини ўзгартирсанг.

Бу гапларимни эл эшитмасин деб «Элтуз»ни блоклаб қўйибсан. Фақат раҳбар одамнинг овози чиқсин. Мутахассис ва билгичлар мум тишласин, дея истайсан. Майли, ҳеч ким эшитмаса ҳам айтаман. Тепаларимизни қайтариб олайлик.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак.

Рассом Туз

Тағин ўқинг
6 ноябр 2016
Ўзбекистон телеканаллари «шукуҳ» сўзини яхши кўради. «Истиқлол шукуҳи», «фаровонлик шукуҳи», «мустақиллик шукуҳи», «бахтиёрлик шукуҳи»… Хуллас, ҳамма шукуҳ бор. Фақат ...
2 август 2017
Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Би Би Си мухбирига берган интервьюсида бобосидан кейин ҳукуматга келганларни айблади. Марҳум президентнинг арзандаси ...
29 сентябр 2016
Ўзбекистондаги айрим маҳаллий интернет нашрлари, жумладан, «Кун.ўз» сайти мамлакат Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизматининг хабарини чоп этди. Бу хабарда ...
28 октябр 2019
Ўзбекистон ҳарбийлари илк бор бор ҳаво ҳужумидан мудофаага мўлжалланган FD-2000 ракеталарининг амалий синовларини ўтказмоқда.  Мазкур синовлар Қашқадарё вилоятида жойлашган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...