UzPoster
16 март 2020

Сталин ўлдиртирган жадидлар

Ассалому алайкум, ҳурматли ўқувчи! 

“Вақт машинаси” рукнида эътиборингизни бугун Туркистон тарихининг советлар ҳокимияти ўрнатилган дастлабки даврига қаратамиз. Зотан, улуғ ўзбек адиби Абдулла Қодирий айтганидек, “мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир”.

Туркистон жадидчилигининг тарихий зарурати

Жадидчилик 19-аср охири ва 20-аср бошларида Туркистон ўлкаларидаги мусулмонлар орасида томир отган қадимчиликка қарши юзага келган модернистик мафкурадир.  

Турк дунёси қадимий ва шонли тарихга, маданиятга эга. Аммо у 19-аср охирига келиб ўзининг чуқур сиёсий-иқтисодий, балки маънавий десак ҳам бўлар, инқирозини бошидан кечираётган эди. 

Бир пайтлар дунёни ларзага солган Темурийлар салтанатидан асар ҳам қолмаган. Туркий давлатлар ва ҳудудларнинг катта қисми бутунлай ёки қисман Европанинг буюк мамлакатлари томонидан мустамлака қилиб бўлиб олинганди. 

Энг қудратли туркийлар давлати – Усмонийлар салтанати олдинги куч қудратини йўқотган ва у ислоҳотларга муҳтож эди. 

Усмонийлар империясида ташкил топган Ёш турклар ҳаракати, Россия империясида Исмоил Гаспиринский таълимоти асосида бошланиб кетган ҳаракатлар Ўрта Осиёга ҳам етиб келганди. 

Бу ҳаракатнинг дастлабки намояндалари, албатта, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидов эди. 

Жадидлар Туркистон халқларини ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётда Европа, Америка ва Шарқнинг ривожланган мамлакатларидан анча орқада қолиб кетгани ва бу орадаги масофа борган сари ортиб бораётганини англаб етган эдилар. 

Улар Туркистон ва, умуман, бутун туркий халқларнинг бирлашишини орзу қилардилар. Зеро, туркийлар бирлашса, кучли давлат тузиш мумкин, кучли мамлакатда иқтисодий ва ҳарбий қудратга эришиш осонроқ бўлади, дея ҳисоблардилар. 

Жадидлар Россия мустамлакасига айланиб қолган Туркистонда бундай ислоҳотларни ўтказиш нақадар қийин бўлишини ҳам яхши тушунганлар.

Мазкур мушкул вазифани амалга ошириш учун, биринчи навбатда, миллат тафаккурини, билимини ошириш керак эди. 

Жадидлар билими ва фикрлаши саёз бўлган халқ ҳеч қачон буюк миллат бўла олмаслигини англашар ва бу халқни аввал мустақилликка, сўнгра тараққиётга олиб чиқиш каби машаққатли, лекин шарафли вазифани ўз гарданига олишганди. 

Бунинг учун халқ таълимида ислоҳотлар ўтказиш керак эди. Жадидлар анъанавий диний мактабларни европача услубда ўқитиладиган замонавий усулга ўтказмоқчи бўладилар ва жадидлар услубидаги мактабларни очишга эришадилар ҳам.

Аммо тараққиёт босқичидан орқада қолиб кетган феодал тузум механизмларига ўрганиб қолган маҳаллий амалдорлар, дин уламолари жадидларнинг эзгу мақсадларини тушунишмасди. 

Бойларнинг катта қисми, уламоларнинг деярли барчаси жадидларга тиш-тирноғи билан қарши чиқишади. Бу ихтилофни сезган рус мустамлакачилари жадидларга қарши курашда айни қатламлардан фойдаланади. 

Маҳаллий аҳоли эса, шубҳасиз, уламо ва бойларга қулоқ солган, шунинг учун ҳам жадидлар ҳаракати кейинчалик мағлубиятга учраган эди. 

Февраль инқилоби ва фуқаролар уруши

Рус чоризмининг қулаши, Россиядаги 1917 йил февраль ва октябрь инқилоблари Туркистон ўлкасининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаёти тубдан ўзгаришига олиб келди. 

Биринчи жаҳон уруши таъсири нафақат Россия империясининг Европа қисми, балки бошқа ҳудудларини, айниқса, саноати, транспорти, умуман олганда, инфратузилмаси яхши тараққий қилмаган Туркистонни ҳам қамраб олган, уни борган сари емириб бормоқда эди.

Маҳаллий аҳолининг мустамлакачиларга қарши норозилиги ошиб борарди.

1916 йилги Жиззах қўзғолони бунинг исботидир. Рус инқилоблари ва бунинг натижасида келиб чиққан иқтисодий инқироз ўзи шундоқ ҳам заиф бўлган Туркистон иқтисодига қақшатқич зарба беради. 

Иқтисодий аҳволнинг танглашуви, ўлкада очарчилик, юқумли касалликлар ортади. Фуқаролик уруши натижасида ҳудуд аҳолиси сони кескин қисқара бошлайди. 

Большевиклар партиясининг Туркистон бўйлаб зафарли юришлари ҳақида совет тарихчилари ва мафкурачиларининг узоқ йиллар оммага уқдириб келган гаплари ҳақиқатга унчалик яқин эмас. 

Шуни унутмаслик керакки, Туркистон ва унинг Россия империяси таркибига кирувчи ҳудудлари орасидаги мураккаб сиёсий-ижтимоий табақаланиш, давлатчилик шаклларидаги тафовутларнинг катталиги билан бир-бирларидан ажралиб турарди.

Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги иқтисодий-сиёсий жиҳатдан Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида ярим аср яшаб қўйган Фарғона, Тошкент, Зарафшон, Еттисув вилоятларидан орқада қолиб кетаётганди. 

Россия Ўрта Осиёни босиб олгач, Туркистонга кўчиб келган руслар ва Европанинг бошқа халқлари катта қисмининг турмуш даражаси, фаровонлиги, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, таълим даражаси, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари муҳофазаси, улар ва маҳаллий аҳолига нисбатан муносабатлар ўртасида кескин фарқ бор эди. 

Миллий озодлик ҳаракатлари, диний-миллий низоларнинг ҳақиқий сабабларини ёритиш совет тарихчиларини ўнғайсизлантириб келган. Шунинг учун совет тарихида Дукчи эшон қўзғолони, Жиззах қўзғолони каби миллий озодлик ҳаракатлари деярли ёритилмаган. 

Бу тарихий воқеаларни ҳаққоний ўрганган ва ёритган тарихчи олим Ғ. Сафаров бўлади. Сафаров аслида жадидларнинг йирик намоёнларидан бири эди. У синфий инқилобий кураш билан миллий озодлик курашларини алоҳида ажратиб ўрганиш ғоясини илгари сурган илк тарихчидир. 

Аммо сўнгра совет тарихчилари Сафаровнинг қарашларини нотўғри ҳисоблашди. Улар Туркистон миллий озодлик ҳаракатлари большевиклар ғоялари таъсирида ва ҳатто большевикларнинг раҳнамолиги остида бўлиб ўтгандай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилиб келганлар. 

Жадидчилик етакчиларидан бири Турар Рисқулов ҳам Сафаров сингари Туркистон миллий озодлик ҳаракатларини коммунистларнинг инқилобий ҳаракатларидан ажратиб ўрганиш кераклигини таъкидлайди. Бу ҳақда Турар Рисқулов иккита йирик илмий тўплам ҳам чоп эттирган. Аммо уни Сафаровнинг тақдири кутади. 

Совет тарихчилари Туркистондаги 1917-1924-йиллар оралиғидаги воқеаларни 1917 йилнинг октябрида большевиклар бошчилигидаги юз берган инқилобнинг узвий давоми сифатида кўрсатишга уриниб келадилар. 

Шунинг учун бу ўринда кўплаб узилишлар ва номутаносибликларни кузатиш мумкин. Совет тарихчилари Туркистон халқлари тарихидаги оламшумул воқеа бўлган Қўқон мухториятининг тарихий аҳамиятини ва ролини кўрсатмасликка ёки фақат қора бўёқлар билан кўрсатишга интилганини кўрамиз. 

Ваҳоланки, бу Туркистон халқлари тарихидаги дастлабки демократик республика эди (мухтор бўлса-да). Совет тарихчилари большевикларнинг бу қонуний мухториятни қандай ноқонуний йўллар билан тор-мор қилгани ва Фарғонани шафқатсизларча қонга ботиргани ҳақида лом-мим демасди. 

Узоқ йиллар ватанимиз тарихидаги бу шонли саҳифалар ўрганилмай келинди. Фақатгина 1997 йилга келибгина жадидар, Қўқон мухторияти тарихи ўрганила бошланди. 

Тарихимизнинг бизга ва келажак авлодларга керак бўлган бу саҳифалари ҳалигача етарлича тадқиқ қилинмай қолмоқда. Чунки бу жараёнларга тегишли асосий ҳужжатлар, адабиётлар Россия Федерацияси ва Ўрта Осиё давлатлари хавфсизлик хизматлари (ФСБ, КНБ, ДХХ ва бошқалар) архивларида сақланмоқда.

Уларни ўрганиб чиқишга, танишишга эса олимларимизга, тарихчи ва адабиёт намоёндаларига етарли даражада рухсат йўқ. Жадидчилар ва жадидлар харакати ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни россиялик тарихчи олим Владимир Гениснинг асарларидан олса бўлади. 

Гениснинг жадидлар ҳақида ёзган учта ажойиб асари бўлиб, уларда большевиклар раҳбарлари, совет ҳукуматининг Туркистондаги авантюристик сиёсатини кўриш мумкин. Бу асарларида Генис большевиклар ва жадидлар орасидаги зиддиятлар моҳиятини бор бўйи билан очиб беради. 

Тарихчилар Марк Персиц ва Виктор Гиленсенлар ҳам жадидчилар тарихини одилона ёритиб берган. Жадидлар ва жадидчилик ҳаракати тарихини нафақат совет, кейинчалик ўзбек тарихчилари, балки чет эллик тарихчилар ҳам ўрганишга ҳаракат қилганлар ва қилмоқдалар. 

АҚШ, Германия, Франция, Ғарб ва Шарқнинг турли мамлакатлари тарихчилари бу масалаларни ўрганишга интилаётганига қарамай, Россия ва Ўрта Осиё давлатларининг хавфсизлик хизматлари архивларида ошкор этилган маълумотлар жуда кам. Шунга қарамай, италиялик тарихчи олим Марко Буттино, япониялик олим Ямамучи жадидчилар ҳақида катта изланишлар олиб борганлар. 

Буттинонинг фикрича, Ўрта Осиёдаги жадидчилик ҳаракатининг шаклланишига рус чоризмининг мустамлакачилик сиёсатидаги жиддий хатолар сабаб бўлгани эътироф этилади.

Туркистонни мустамлака қилган руслар бу ерга 19-асрнинг 60-йилларидан кўчиб келишни бошлайдилар. Туркистондаги рус (умуман европалик) аҳолини уч гуруҳга бўлиб ўрганса бўлади. 

Биринчиси, шаҳарларга ўрнашган рус тилида гапирувчи аҳоли. Буларга ҳокимият аппарати мулозимлари, ишчилар, темирйўлчилар, ҳунармандлар, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кирарди. 

Иккинчи гуруҳ қишлоқ аҳолиси – дехқонлар ва чорвадорлар (рус мужиклари) қатламидир. 

Учинчи гуруҳга эса аскарлар ва офицерлар кирган. Чор Россияси, сўнгра большевиклар ҳам рус тилида гапирувчи аҳолига алоҳида эътибор қаратган. 

Масалан, шаҳар марказларидаги яхши жойлар, ҳосилдор ерлар, саноат корхоналарига ва савдо-сотиққа қулай бўлган ҳудудлар албатта рус тилли аҳолига берилган. 

Натижада маҳаллий аҳолининг келгинди, тўғрироғи, босқинчиларга бўлган нафрати ошиб борган. Бу муаммолар, айниқса, Еттисувда кескин кўриниш олган. 

Кўчманчи қозоқ ва қирғизларнинг ҳосилдор ерлари, чорва яйловлари руслар келиши муносабати билан қисқариб кетганди. 

Қозоқ ва қирғизлар рус мустамлакачиларига қарши муттасил қўзғолонлар қилиб турганлар. Чор Россияси ҳукумати Туркистонга жуда қаттиққўл ва шафқатсиз бўлган Куропаткинни генерал-губернатор қилиб юборгач, аҳвол жиддийлашган. 

Куропаткин туркий халқларнинг қўзғолонларини шавқатсизларча бостириб турган. Қозоқ-қирғиз кўчманчилари бежиз Хитойгача қочиб бормаганлар. 

Чор Россияси 1-жаҳон урушига киргач, стратегик маҳсулот ҳисобланган пахта экин майдонлари кенгайтирилади. Бу, айниқса, ҳосилдор Фарғона водийси ва Тошкент воҳалари ерларига таъсир кўрсатмасдан қолмасди. 

Ғалла ва донли экин майдонлари қисқариши нон нархи ошиб кетишига сабаб бўлади. 

1915-1920-йиллар орасида Ўрта Осиёдаги экин майдонлари 50%, қорамоллар сони 75% қисқариб кетади.

Ўлка аҳолиси сони эса 25% қисқарган. 1918-1919-йиллардаги қаттиқ очарчилик натижасида Еттисув қозоқлари жанубга, айниқса, Тошкент шаҳри ва шаҳар атрофига келиб қолган.

1917 йилги февраль инқилоби таъсири, албатта, Туркистонни четлаб ўтмайди. Туркистонда аллақачон шаклланиб катта сиёсий кучга айланиб бораётган жадидлар февраль инқилобини зўр ҳаяжон ва катта умидлар билан кутиб оладилар. 

Финляндия, Польша ва Болтиқбўйи, ундан кейин Украина, Кавказортидаги мустақиллик йўлидаги курашлар жадидларни ҳам илҳомлантиради ва катта курашларга даъват этади. 

Таъкидламоқчиманки, жадидчиликнинг Россия империясининг қолган ҳудудларидаги миллий озодлик ҳаракатларидан маънавий ва сиёсий жиҳатдан ҳеч қандай кам жойи йўқ эди. Жадидларнинг сиёсий куч бўлиб улгурганини большевиклар ҳокимияти ўзларини дастлабки кунлариданоқ ҳис қилганди. 

Октябрь инқилоби ғалабасидан бир неча кун ўтгач, Тошкент темир йўл ишчилари (мастеровойлар) сиёсий уюшган куч сифатида ўз ҳаракатларини бошлайдилар. 

Улар Тошкент шаҳри думасида ишчи депутатлар советини ташкил қилиб, 19 кишидан иборат ижроия қўмитасини тузадилар. Бу қўмитага раис қилиб мўътадил меньшевик В.Наливкин сайланади. 

Тошкент ва бошқа шаҳарлар марказлари аҳолисини рус тилли халқлар ташкил қилгани туфайли ҳокимият асосан сиёсий фаол бўлган рус ишчилари қўлида қолади, деб ўйлаганди большевиклар. 

Улар 1905-1907 йиллардаги биринчи рус инқилоби давридагидай маҳаллий аҳоли деярли ҳеч қандай сиёсий фаоллик кўрсатмаса керак, деб ҳисоблаганди. Аммо улар мутлақо кутмаган воқеалар шиддат билан авж ола бошлайди. 

Улар Туркистонда янги сиёсий куч, куч бўлгандаям прогрессив куч –  жадидлар ҳаракати бор бўйи билан қад ростлаётганини даҳшат билан кузатиб турардилар. 

Большевиклар Туркистонда улар учун энг катта хавф аксилинқилобчи феодал тўдалар ва руҳонийлар эмас, айнан ақлли, билимли ва дунё геосиёсатини теран тушуна оладиган жадидлар бўлишини, асосий кураш айнан шулар билан кечишини жуда яхши тушуниб етгандилар. 

Жадидлар янги тузилган ишчи депутатлар советларидан маҳаллий аҳоли вакилларининг бу советларга ва ижроия қўмиталарига киритилишни қаттиқ талаб қила бошлайдилар. 

Бу талабларни ва таклифларни киритишда жадидлар ҳаракатининг етук намоёндалари Мустафо Чўқаев, Турор Рисқулов, Муҳаммаджон Тинишбоев, Мунаввар қори Абдурашидов ва бошқалар муҳим роль ўйнайдилар. Уларнинг ичида, айниқса, қозоқ аслзодаларидан чиққан, Петербург юридик университетини тамомлаган Мустафо Чўқаев ажралиб турарди. У юридик масалаларда большевикларга керак бўлса дарс берадиган салоҳиятга эга эди. 

Умуман олганда, жадидлар Туркистондаги анча-мунча рус зиёлиларидан ҳам кучлироқ эдилар. Аммо большевиклар доҳийлари Туркистон озодлигини истайдиган кучларни асло бирлаштирмасликка, уларнинг ичидаги ички зиддиятлардан, келишмовчиликлардан, маҳаллийчилик, ғурур, нафс каби омиллардан фойдаланиб, бу кучларни бир-бирларига қарши қайраб заифлаштиришга уриниб кўришга қарор қиладилар. 

Жадидларда Туркистонни бирлаштириш, сўнгра мустақилликка олиб чиқишдек эзгу ният бор эди. Аммо Ўрта Осиё аҳолисининг катта қисми ҳали дунёқараши тор, билимсиз, қобиққа ўралиб қолган қатламлардан иборат эди. 

Улар Европача, янгича фикрлайдиган зиёлиларга эмас, минг йиллардан бери раҳнамолик қилиб келаётган уламолар, имомларга эргашиши тайин эди. Большевиклар айнан мана шу жиҳатлардан унумли фойдаланиб қолади.

Жадидлар уламоларни бутун Туркистон мусулмонларини бирлаштиришга ва мустақилликка эришиш йўлларини излашга чақирадилар. Натижада дастлаб Тошкент шаҳрида, сўнгра бошқа шаҳарларда «Шўрои ислом» ташкилоти тузилади.

Рус большевиклари дастлаб бу ҳаракатга жиддий қарамайди. “Шўрои ислом”чилар ишчи депутатлар совети (парламент)дан мусулмон аҳолидан йиғиладиган солиқлар фақат мусулмонлар яшайдиган ҳудудлар инфратузилмасига ишлатилишини талаб қилиб чиқадилар. 

Бунга ишчи депутатлари совети мутлақо қарши эди. Чунки бюджет уларнинг назоратидан чиқиб, ҳокимият “Шўрои ислом” қўлига ўтиши аниқ бўлиб қоларди. 

1917 йил 31 март куни Тошкент совети депутатлари Туркистоннинг собиқ генерал-губернатори Алексей Куропаткинни ҳибсга олиб, ўлкадан чиқариб юбориш қарорига келади. Петроград большевикларнинг олий ҳукумати Тошкент советини қўллаб-қувватлайди. 

Большевикларнинг Туркистонни қўлдан чиқариш нияти йўқ эди. Петроград Туркистон большевиклари ячейкаларига молиявий, ҳарбий ва кадрлар билан муттасил ёрдам беришга қарор қилганди. 

1917 йил 16 апрелда Туркистон мусулмонлар сиёсий ҳаракати ўз ўққисига чиқади. Шу куни Тошкентда Туркистон мусулмон депутатлари советининг 1-қурултойи иш бошлаганди. Бу Туркистон халқлари тарихидаги буюк бурилиш эди. Бу миллат мажлиси, яъни Туркистон халқларининг биринчи парламенти десаям бўлади. Мазкур қурултойга жадидлар бош-қош бўладилар. 

Жадидлар бутун Туркистон аҳлини илғор мамлакатлар, илғор халқлар қаторига олиб чиқиш йўлларини, сиёсий, иқтисодий, суд, диний, молиявий, ер, саноат ва ишлаб чиқариш, солиқ ислоҳотларини ўтказишни ёқлаб чиқадилар. Июль ойида ўлкада эркин демократик сайловлар ўтказиш таклифини билдирадилар. Аммо бу сайловларда жадидлар эмас, уламолар ғалабага эришадилар. Бу, албатта, табиий ғалаба эди. 

Сайловларда ғалаба қозонган уламо ва жадидлар ишчи депутатлари совети ревкомига (инқилобий қўмита) ўз аъзоларини киритишни қатъий талаб қиладилар. 

Петроград Тошкент рус ишчилари қўмитасига Туркистон озодлик ҳаракатини бостириш учун қўшин билан йўллайди. 1917 йил 27 октябрда Петербургдаги инқилобий ҳаракатлардан илҳом олган аскарлар ҳокимиятни қўлга олишни бошлайдилар.

1 ноябрь куни аскарлар ҳокимиятни эгаллашга муваффақ бўлдилар. Ишчи-аскарлар, яъни большевиклар ҳокимияти Туркистон озодлик ҳаракатини, унинг сайловда ғалаба қозонган депутатларини тан олмайдилар. 

Бунга жавобан Туркистон уламолари ва жадидлари ўлканинг 98% аҳолиси мусулмонлиги, улар ҳокимият ва қонун чиқарувчи органда бўлиши шартлигини большевиклар ҳокимиятидан талаб қила бошлайдилар. Инқироз чуқурлашаётган эди.  

Большевиклар билан келишиб бўлмаслигини ҳис қилган жадидлар бутун Туркистон халқларини бу ишчи ва аскарлар ҳокимиятини тан олмасликка чорлайдилар. 

Тошкентда большевиклар ҳарбий кучларининг кўплиги инобатга олиниб, 1917 йил 27 ноябрь куни Қўқон шаҳрида бутун Туркистон мусулмон депутатлари 4-қурултойи иш бошлайди. Унинг дастлабки кунидаёқ бир овоздан Туркистон мухторияти эълон қилинади. 

Саккиз киши раҳбарлигидаги муваққат ижро ҳукумати тузилади. Бу ҳукуматга 54 киши киритилиб, улардан 32 таси мусулмонлардан, қолган 18 киши номусулмон ташкилотлар аъзоларидан сайлаб олинган эди. 

Янги тузилма раҳбарлигига жадидларнинг М.Тинишбоев каби етук намояндалари киради. 1917 йил 27 ноябрь тарихимизнинг буюк куни эди. 

Туркистон мухторияти бутунлай мустақил давлат сифатида Россия таркибидан ажралиб чиқмаган бўлса-да, ярим мустақилликка эришганди. Кейинчалик тўлиқ мустақил бўлиш истиқболлари кўриниб турарди.

Туркистон мухторияти тузилганидан хавотир олган большевиклар қарши чораларни қўллайди. 28 ноябрь куни Тошкент ҳарбий комиссарлар совети (совнарком) қизил гвардияни ташкил қилиш қарорини чиқарди. 

Большевиклар Қўқон мухториятини тан олишдан мутлақо бош тортдилар. Бухоро амирлиги ва Хива хонлигидаги Қўқон мухториятидан илҳомланган мухолиф прогрессив кучлар аъзоларининг катта қисми жадидлар эди. 

Большевиклар бу кучлардан кейинчалик қандай фойдаланиш мумкинлигини ҳам ўйлаб қўйганди. Улар жадидларни бирлаштирмаслик ва алоҳида-алоҳида гуруҳларга бўлиб ташлаб, кейин тор-мор қилиш режаларини ишлаб чиқадилар. 

1917 йил 29 декабрь куни Тошкент совнаркоми қарорига биноан бутун ўлкада ҳарбий ҳолат эълон қилинади. 1918 йилда большевиклар ҳукумати Тошкентга тажрибали большевик Павел Полтарацкийни сафарбар қилади. 

Айнан Полтарацкий Туркистон мухториятини тор-мор қилишда асосий ролни ўйнаган. Унинг бошчилигидаги Қизил армия Қўқонга келиб, давлат банкидаги 8 млн. рублни мусодара этади ва Қўқон мухториятини пулсиз қолдириб, иқтисодий кучсизлантиради. 

Большевиклар мухторият ичидаги парокандалик ва маҳаллийчилик омилларидан фойдаланиб, баъзи кучларни ўз тарафига оғдириб олишга ҳам муваффақ бўлади. 

Қўқон мухторияти ҳукумати Қўқон шаҳри маҳаллий милицияси бошлиғи Эргаш (қўрбоши)ни бош қўмондон қилишга мажбур бўлади. Мухторият армиясида офицер кадрлар, мутахассислар, қурол-яроғ, артиллерия етишмаслиги натижасида биринчи тўқнашувлардаёқ большевиклар устун келади.

Жадидлар ҳақида билишнинг бугунги аҳамияти

Жадидлар ва жадидчилик тарихининг на советлар даврида, на мустақиллик йилларида кенг ёритилмаётгани, уларнинг мураккаб фожеали қисматлари чуқур ўрганилмаётганининг асл моҳиятини очиб бериш учун, энг аввало, жадидчиликнинг Евроосиёда яшовчи туркий халқларни бирлаштиришдаги муҳим  ижтимоий-иқтисодий, тарихий ролини англаб етишимиз керак. 

Бу даврга эътибор қаратишимизни кейинги йилларда Ўзбекистонда большевиклар сиёсатини оқлаш ва сталинизмни улуғлашга уринишлар кучайгани билан изоҳлаш мумкин.

Масалан, сўнгги уч йил давомида пойтахт кўчаларида 9 май кунлари Сталин портрети ва совет шиорларини кўтарган, рус ҳарбий кийимларини кийган “Барҳаёт полк” тадбири қатнашчиларининг намойишлари тағин урф бўлди. 

Ўзбек ҳукумати эса рус милитаристлари шиорлари кўтарилишига, Георгий тасмалари тарқалишига қаршилик қилаётгани йўқ.

Ҳолбуки, мустақилликнинг дастлабки даврида мамлакатда мутлақо бошқа ҳолат кузатилган эди. Ўтган асрнинг дастлабки даврида Туркистон мустақиллиги учун курашган, унинг истиқболи ва фожеаларини кўра олган миллат ойдинлари, жадидлари номлари бирин-кетин оқланиб, улуғлана бошланганди. 

Жадидчиликнинг йирик намояндалари Мунавварқори Абдурашидхон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Элбек, Боту ва бошқа ўнлаб шахсларнинг азиз номлари тикланган бўлса-да, улар қатағон қилинган сиёсий даврга ҳануз етарлича баҳо берилмади.

Ўзбек интеллигенцияси йўқ қилинган 1937-38 йиллар қатағони ҳақида бирорта дурустроқ бадиий асар ёки жиддий роман, ҳаққоний ҳужжатли ёки бадиий фильм ишланмади. Кейинги ўттиз йил давомида миллат ойдинларининг уй музейларига, авлодларига, адабий меросига жиддий эътибор берилмаганига гувоҳмиз. 

Бунинг асл сабаблари нимада, деган  савол туғилиши табиий. Мен бу эътиборсизлик ортида коммунистлар ва уларнинг меросхўрлари бўлмиш тоталитар диктатура яратган сиёсий элита ва уларга хизмат қилаётган адабиётчилар, тарихчилар ва фан-маориф, санъат арбоблари турибди, деб ўйлайман. Бу айблов жиддий, албатта, лекин асослидир. 

Адабиёт ва тарих фанлари дарғалари марҳум президент Ислом Каримов ва унинг ҳукумати жадидлар хотираларини тиклагани, абадийлаштирганини дастак қилиб, менга ташланишлари аниқ. 

Мен уларга бундай жавоб бераман. Тоталитаризм ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва популистик мақсадни кўзлаб, мустақилликнинг дастлабки даврида халқнинг миллий ҳис-туйғулари, унинг тарихи, маданиятидан фойдаланиши табиий эди ва у шундай қилди ҳам. 

Лекин секин-секин унинг асл башараси кўрина бошлади. Бунга асос қилиб бирорта жадиднинг номи мамлакатдаги йирик географик ҳудудлар ёки объектларга берилмагани, уларнинг уй музейлари ташкил қилинмагани, таъмирланмагани, улар ҳақида ҳаққоний асарлар, фильмлар яратилмагани фактларини келтираман. 

Буни беэътиборликка, молиявий ночорликка боғлайдиганлар топилади. Лекин унда нега аллақандай маънавият марказлари, совет мафкурасига хизмат қилган давлат ва маданият арбоблари хотираларини абадийлаштиришга топилган маблағлар буюк аждодларимиз, миллатнинг асл ўғлонлари бўлган жадидлари хотираси учун топилмаяпти? 

Жадидларнинг ҳаёти ва ижоди тўлиқ ўрганилмаётган бир пайтда уларни Сталин қатағонига ем қилиб юборган шахслар номини улуғлаш давом этмоқда.

Жадидлар ҳукумати бўлган Туркистон мухториятини қабиҳона енгган Полтарацкий, Фрунзе каби мустамлакачилар ўзбек совет адабиётида тараннум этилади. 

Бу асарлар муаллифлари ҳозирги кунда адабиёт дарсликларида, хиёбонлардаги ҳайкалларда ва бошқа кўплаб жойларда қўр тўкиб турибди. Буни буюк аждодларимиз, ватан озодлиги йўлида чинакам курашиб шаҳид кетган жадидлар руҳи олдидаги ҳақорат, деб биламан.

Бу хоин, маддоҳ совет адабиёти намоёндаларини номларини ўчириш, уларнинг кирдикорларини фош қилиш даври келди чамамда.

Ихтиёр Эсанов
тарихчи.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 декабр 2015
Малоҳат Эшонқулова мустақил журналист, Eltuz.com Жиззахлик қонун идоралари ходимлари, хусусан «Дўстлик» туман ИИБ катта терговчи Ориф Анорбоев Ўктам Пардаевга ...
9 апрел 2016
Ўзбекистонда битирувчилардан иш билан таъминлангани, кўплари эса уй ишларига бандлиги юзасидан қўшиб ёзишлар бўлаётгани, иш ҳақи эса ниҳоятда пастлиги ...
4 октябр 2016
Яқинда ҳаммаси зўр бўлади! Сизга раҳмат, Шавкат ака! Ўзбек интернет сегментида келгусидаги ижобий ўзгаришлар ва уларга янги ҳукумат эришиши ...
6 май 2023
1881 йилнинг 6 майида Михаил Скобелев бошчилигидаги рус колонизаторлари Хива хонлигига қарашли Ахалтака вилоятини оккупация қилишди. Бу Гўктепа жангида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...