Асосий мавзулар
26 март 2020

Мунавварқори. Миллат машъаласининг сўндирилиши

«Вақт машинаси» рукни остидаги бугунги ҳикоямиз Россия истибдоди остидаги Туркистонда ижтимоий танглик ҳукмрон бўлган давр – ўтган аср бошларида янги замонавий мактаблар очиб, авлодларга тўғри йўлни кўрсатган илк муаллим Мунавварқори Абдурашидхон ҳаёти ва қисмати ҳақида.

Совет даврида бу инсоннинг номини ҳам тилга олишга рухсат беришмасди. Хўш, нега, деган савол туғилади. Чунки авлодлар шу тариқа унинг миллатни ёруғликка етакловчи бир машъала бўлгани ва унинг кимлар томонидан сўндирилгани ҳақида билган бўлишарди.

Бу ҳақда эсламасликка интилишнинг яна бир сабаби шундаки, Мунавварқорининг қатл қилинишига сабабчи бўлганлар бугун ҳам улуғланмоқда, уларнинг издошлари ҳамон ҳокимиятнинг юксак поғоналарида иқтидорда қолишмоқда. 

Мунавварқори Абдурашидхон ҳақида кўплаб мақолалар, асарлар ёзилган бўлса-да, унинг шонли ва фожеали ҳаёти ҳали ҳам яхши ўрганилмаган.

«Элтуз» нашри ўзбекистонлик тарихчи Ихтиёр Эсонов мақолалари асосидаги иккинчи кўрсатувни тақдим этади. 

Жадидлар ҳаракати асосчиси

Мунавварқори Абдурашидхон 20-асрдаги ўзбек зиёлиларининг маънавий отаси, уларни улуғ ишларга илҳомлантирган устози ва таянчи бўлган.

У 1878 йилда Тошкент шаҳридаги Дархон маҳалласида зиёли ўқитувчи оиласида таваллуд топди. Эшонқули додхоҳ қўлида таҳсил олди. Кейин Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқиди.

Ўзи туғилиб ўсган Дархон маҳалласидаги масжидга имомлик қилди. Умуман олганда, Мунавварқори ҳар томонлама етук, ҳам дунёвий, ҳам диний билимларга эга бўлиб вояга етди.

Ўрта Осиёдаги жадидлар ҳаракати асосчиларидан бири бўлган Мунавварқори нафақат бу билимларнинг эгаси, балки олими, ижодкори ҳам эди.

Мунавварқори Абдурашидхон Турк ва Шарқ дунёси адабиёти билан бирга Ғарб дунёси адабиёти ва маданияти билан ҳам чуқур танишган дастлабки ўзбек зиёлиларидан бири эди.

Мунавварқори Абдурашидхон чор Россияси истибдодидан эзилаётган Туркистондаги умумий ҳолат кўламини бор бўйича ҳис қилган ва бунга қарши курашиш зарурлигини англаган миллатнинг дастлабки зиёлиларидан ҳам эди.

Чиркин феодал тузумда ривожланмай қолиб кетган, устига-устак, Россия империяси мустамлакасига айланган миллатни қутқариш чорасини излаган зиёлиларимиз дарғаларидан бири ҳам айнан Мунавварқори бўлади.

Илк муаллим

Мунавварқори Туркистонни истиқлолга, ҳурриятга олиб чиқиш учун энг аввало таълим тизимини мутлақо ўзгартириш ва оммага билим етказиш зарурлигини англайди.

Шу мақсадни кўзлаб у 1901 йилда ўз уйида янги услубдаги, яъни европача жадидлар услубидаги мактабни очади.

Бу мактабда ўқитиш услублари ўша давр эски мактабларидагидан мутлақо фарқ қилар, Европадаги замонавий дунё тамойилларига мослаштирилган эди.

Аммо энг муҳим хусусияти – у ерда, дин ва қадриятларни сақлаган ҳолда миллат анъаналари асосида таълим бериш кўзда тутилганди. Бу миллат таълимини модернизация қилиш ҳам эди аслида.

Кейинчалик бундай мактаблар бошқа жойларда ҳам очилади. Улардан нафақат юқори билим ва малакаларга эга бўлган шахслар, балки миллат, жамият муаммоларини англайдиган ва уларни бартараф этиш йўлларини тушунадиган шахслар етишиб чиқади.

Бу йўлда кураш бошлаган Мунавварқори Абдурашидхон ўзи очган мактаб учун янги ўқув дастурларини ҳам яратишни кўзлайди. Шу асосда дастлабки жадидлар ўқув дастури – “Биринчи муаллим”ни ишлаб чиқади.

Мазкур қўлланма ўша давр таълимидаги ҳақиқий инқилобий ўзгариш ясаган эди. Дастурда Мунавварқори грамматика, алифбо ўқитилиши услубларини ёритганди.

Бироздан кейин Мунавварқори иккинчи услубий дастур – “Иккинчи муаллим”ни яратди. Бу дастурда у ўқувчига хат ёзиш, ўқиш услубларидан ташқари, оилавий муносабатлар, одоб-ахлоқ, этика нормалари қандай бўлиши кераклигини тушунтиради.

Буюк аждодимиз фақат шу дастурлар билангина чегараланиб қолмайди. У шунингдек, математика фани учун ўқув қўлланмаси ёзади. Диний таълим учун эса “Тажвид ал Қуръон” асарини яратади. География ва ижтимоий-табиий фанларга дастур сифатида “Ер майдони” ўқув қўлланмасини ишлаб чиқади ва нашр қилдиради.

Ҳамза, Элбек, Ойбек, Акмал Икромов, Абдулхай Тожиев, Салимхон Тиллахонов, Қаюм Рамазон, Баҳром Ҳайдарий, Маннон Уйғур ва миллатнинг бошқа кўплаб фан, адабиёт, санъат, сиёсат арбоблари айнан Мунавварқори Абдурашидхоннинг янги услубида ўқиб таълим олишган, етук шахсларга айланишган.

Афсуски, Мунавварқори шогирдларининг кўпчилиги ўз устозларининг азиз номини тиклашда бирор тайинли иш қила олишмади. Чунки совет мафкураси, совет сиёсати шу даражада қўрқинчли ва даҳшатли эди.

Жамғарма ва миллий матбуот тамал тоши

Мунавварқори 1909 йилда “Хайрия жамияти” уюшмасини тузади. Бу ҳозирги таълим ва фанни ривожлантиришга йўналтирилган жамғармаларга ўхшаш тузилма эди.

Мунавварқорининг мақсади янги услубдаги мактабларни кўпайтириш ва онгли, дунёқараши кенг миллат фарзандларини тезроқ кўпайтириш бўлганди.

Афсус, жадидчилик Ўрта Осиёга, умуман, туркий дунёга жуда кеч кириб келган эди.

Бу ҳаракатлар аввалроқ шаклланганида эди, эҳтимол Ўрта Осиё, туркийлар тарихи бутунлай бошқача кўринишда бўларди.

Мунавварқори ва бошқа зиёлилар бу ислоҳотларда жуда кеч қолишганини яхши тушунишарди.

Шунинг учун ҳам улар шошаётган эдилар. Мунаввар қори шахсан бош бўлиб жадидлар ҳаракатини бирлаштирувчи “Турон” жамиятини тузди. 1906 йилда “Хуршид” газетасини нашр қилдирди. 1907 йил у “Нажот”, “Кенгаш” газеталарига муҳаррир бўлди.

Лекин ҳақиқий шуҳрат унга 1914 йилнинг 4 апрелида асос солинган “Садойи Туркистон” газетаси билан келган эди. 

«Садои Туркистон» – жадидларнинг ижтимоий-сиёсий, адабий бадиий газетаси бўлиб унга Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев муҳаррирлик қилган. Ҳафтада бир марта 4 саҳифада босилган.

Тарих фанлари магистри Наргиза Тўраеванинг тадқиқотларига кўра, Мунавварқори Абдурашидхон, Абдулла Авлоний, Абдурауф Музаффаров биргаликда газета ўзагини ташкил қилишган. Газета қиёфасини белгилайдиган асосий мақолаларни ҳам шулар ёзишган.

«Садои Туркистон» юртпарварлик, миллатпарварлик, маърифатпарварлик каби олижаноб ғояларни изчил тарғиб қилган, Туркистон истиқлоли ва истиқболининг маънавий-ахлоқий негизларига дахлдор муаммоларни дадил кўтариб чиққан.

«Садои Туркистон» ўша даврдаги миллий матбуот нашрлари сафида олдинги ўринда туради. Газета фаолияти моддий қийинчиликлар туфайли тўхтаган (жами 66 сони чиққан).

Илк ўзбек театри ва “Турк ўчоғи” жамияти

Мунавварқори нафақат мамлакатдаги таълим ва илм-фан соҳасида, балки ўзбек санъати, маданияти, сиёсати тарихида ҳам ўчмас из қолдирган.

Хусусан, ўзбек театрини ташкил қилган инсонлардан бири ҳам айнан Мунавварқори ҳисобланади.

Айнан унинг саъй-ҳаракатлари натижаси бўлган, драматург Абдулла Авлоний бошчилигида тузилган “Турон” труппаси 1913 йилдан 1924 йилгача фаолият юритган.

Ижодий гуруҳнинг ташкилий ва тарғибот ишларида Мунавварқори Абдурашидхоннинг ўзи ҳам фаол иштирок этади. Труппанинг илк спектакли 1913 йилнинг 8 августида Шайх Хованд Тоҳур боғида «Томоша кечаси” сифатида ўтказилади. Қайд этиш керакки, ўша пайтда Туркистон ўлкасининг бошқа биронта шаҳрида миллий театр жамоаси йўқ эди.

Большевиклар туркий халқлар кўзини очиш воситаси эканини билиб, кейинчалик бу труппани йўқ қилади ва ўз мафкурасини тараннум этувчи театрга айлантиради.

Мунавварқори 1917 йилги инқилобларни зўр ҳаяжон ва катта умид билан кутиб олади. У февраль инқилобидан кейин бутун Марказий Осиё халқларини бирлашишга, Туркистон демократик халқ республикасини тузишгачақиради, шу ғояни тинмай илгари суради.

Туркистон, Қўқон мухториятини қўллаб-қувватлайди. 1918 йилда барча зиёлилар ва сиёсий арбоблар уни бир овоздан Туркистон давлат университетига ректор қилиб сайлашади.

1918 йил Мунавварқори “Турк ўчоғи” илмий-маърифий жамиятига асос солади. У Туркистон халқларини мустақил, ўз давлатларининг эгаси сифатида кўрмоқчи эди.

Қатағонларнинг бошланиши ва яширин фаолият

Афсуски, большевикларнинг қўли баланд келди. Ҳали эндигина ўсиб келаётган ниҳол мисоли бўлган жадидлар ҳаракати ўзининг яратилиш давридаёқ мағлубиятга учрайди. Агар унинг ривожланишига бир оз муддат берилганида эди, у қудратли эманга айланар ва ҳеч қандай большевиклар болтаси уни чопиб қулата олмасди.

Туркистон озодлик ҳаракати мағлубиятга учрай бошлагач, 1917-20 йилларда Мунавварқори “Миллий иттиҳод”, “Миллий истиқлол” каби яширин жамиятлар тузади ва уларни бошқаради.

Мунавварқоридан ташқари, тарихчи Ихтиёр Эсонов ўрганган манбаларида кўрсатилишича, яширин жамиятлар фаолиятида Ашурали Зоҳирий, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Саид Аҳрорий ва бошқалар муҳим роль ўйнашган.

Кейин большевиклар қатағонлари бошланади. Улар ҳокимият тепасига келганидаёқ бошланган қатағонларнинг дастлабки тўлқини даҳшатли эди.

Мунавварқори ўзининг мустақиллик ғояларидан бир қадам ҳам чекинмагани боис, қатағоннинг илк қурбонларидан бўлди. Зеро, большевиклар унинг қиёфасида улкан хавфни кўргандилар.

Шунинг учун у 1937 йилда, яъни қатағонларнинг иккинчи тўлқини чоғида эмас, 1929 йилдаёқ ҳибсга олинган ва икки йил НКВД зиндонларида тергов қилинган.

Уни НКВД жаллодлари не кўйга солишгани номаълум. Аммо 1931 йил Москвадаги тергов изоляторида Мунавварқори Абдурашидхон отиб ўлдирилгани маълум. Халқимизнинг буюк фарзанди Мунавварқори Москвадаги Ваганкова қабристонига дафн этилган.

Нима учун большевиклар унинг жасадини ҳам бошқа ўзбек зиёлилариники каби номаълум жойларга кўмиб юбормаган экан, деб ўйлаб қоламан.

Балки бу уларнинг бундай улуғвор билим эгасини, ўз халқи бахт-саодати, келажаги учун курашган толмас курашчининг иродасини бука олмаганидандир.

Эҳтимол, қатл этилган Мунавварқорининг рус тупроғида инсоний дафн этилиши, отилган куни унинг яқинида бўлган шахслар қўлидан келган энг сўнгги ирода, ҳурмат белгисидир.

Батракдан чиққан саркотиб

Айнан Мунавварқори ҳибсга олиниб, отилиб кетган даврда яна бир ўзбек “қаҳрамони” Усмон Юсуповнинг сиёсий карьераси юксалмоқда эди. Бу мутлақо тасодиф эмас эди, албатта.

Ўрта Осиёдаги жадидлар ва Туркистон озодлиги ҳаракатида бўлган зиёлилар қатламига қарши курашда биргина рус тилида гапирувчи инқилобчилар ва мафкурачиларнинг ўзи камлик қиларди.

Буни большевиклар яхши тушунардилар. Маҳаллий аҳоли орасидан большевикларга ва уларнинг мафкурасига қулдай хизмат қиладиган намоёндалар керак эди.

Большевиклар ўзлари томонга ўтган Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби асли жадид ва аксарият Мунавварқори издошлари бўлган шахсларга барибир тўлиқ ишонмасдилар. Кейинчалик қатағонларда бу ўз исботини ҳам топади.

1927 йилдан кейин ҳокимиятни тўлиқ қўлга олган Сталин ва большевиклар элитаси учун фақат совет мафкурасига садоқатли, ўл деса ўлиб, от деса отадиган манқурт, лекин лидерлик қобилияти бор кадрлар керак эди.

Усмон Юсупов Сталинбоп айнан шундай кадрлардан бири эди. Агар уни кашф қилишмаганида, барибир миллат ичидан шунга ўхшаган бошқаси топилиши аниқ эди.

Усмон Юсупов 1901 йилнинг 1 мартида Фарғона водийсининг Марғилон уезди Кафтархона қишлоғида камбағал батрак оиласида туғилган.

Болалиги моддий етишмовчилик ва машаққатли меҳнат остида ўтган Усмон Юсуповнинг кўнгли бойлар ва зиёлиларга қарши нафрат билан тўлиб тошган эди.

Эҳтимол Усмон Юсуповга ўхшаган ёшлар ҳам ўз даврида жадидлар мактабларида ўқиганларида эди, большевиклар ўзбек халқи ичидан бундай жаллодларини ярата олмаган бўлар эдилар.

Эҳтимол Туркистон халқлари узоқ йиллар кечирган уқубатлар бахтсиз болаликнинг уни етиштирган жамиятга қарши аччиқ мевалари ҳамдир.  

Бироқ Юсупов тарафдорлари унинг меҳнаткаш, ажойиб ташкилотчи раҳбар бўлганини иддао қилишади. Бу ҳақ гап.

Юсупов 1918 йили пахта тозалаш заводига ишчи бўлиб жойлашади. Заводда у партия ташкилоти ишларида фаол қатнашиб, кўзга кўриниб қолади. Йигитчада бошқарувчанлик ва талабчанлик хусусиятлари яққол сезиларди.

1926 йилда у Тошкент округи касаба уюшмаларига раис бўлиб сайланади. 1928 йилдан Тошкент округи коммунистик (большевиклар) партияси бўлими котиби. 1929 йилдан Ўзбекистон КП(б)си қўмитаси котиби, 1931 йилдан ВЦСПС Ўрта Осиё бюроси раиси бўлади.

1936 йилдан Ўзбекистон ССР озиқ-овқат саноати халқ комиссари. 1937 йилдан то 1950 йилгача Ўзбекистон ССР Компартияси марказқўмининг биринчи котиби, яъни республика раҳбари, тўғрироғи, Кремль ноиби этиб тайинланади.

Усмон Юсупов Сталин ўлимидан 10 кун ўтгач Ўзбекистон марказқўми саркотиби лавозимидан бўшатилади.

1950 йилдан 1953 йилнинг 15 мартигача СССР пахтачилик вазирлигининг биринчи вазири бўлган.

Cталиннинг садоқатли қули

Хўш, минглаб бегуноҳ инсонлар, миллат ойдинлари, зиёлилар, сиёсатчиларни аёвсиз қатл қилдирган Иосиф Виссарионович Сталин Усмон Юсуповга нисбатан узоқ йиллар нега бунчалик марҳамат кўрсатди?

Бу саволнинг жавоби оддий – Усмон Юсупов Сталиннинг садоқатли қули, Ўрта Осиёдаги энг ишонган вакили, севимли шогирди эди.

Бежиз Усмон Юсуповга 1937 йилнинг 30 июлида НКВДнинг 00447-сон қарори билан махсус учлик (особая тройка) гуруҳига бошчилик қилиш топширилмаганди.

Айнан шу учлик халқнинг энг яхши қатламини – жадидларни ва бошқа зиёлиларни оммавий қатағон қилишда бош-қош бўлган.

Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носирларни ўлимга буюрган манфур учликка Юсупов раҳбарлик қилган.

Янада ачинарли жиҳати ўзбек жамиятининг мана шу қотилларга ҳалиям эҳтиром, ҳурмат бажо келтириб юрганидир. Бу одамнинг номини улуғлаш шаҳид кетган жадидлар, миллат ойдинлари, қолаверса, қатағонга учраган миллионлар руҳига ҳақоратдир.

Усмон Юсуповнинг қатағонларидан зада бўлганлар Кремлга имзосиз хат юборишади. Балки бу ҳам манфур тузумнинг бир найрангидир. Чунки 1946 йили Сталин Кремлда Усмон Юсуповни шахсан ўзи Сиёсий бюро аъзолари олдида тергов қилади.

Унинг тақдири қил устида турганди. Зеро, бу манфур тузум ўзининг итдай садоқатли мулозимларини ҳам, содиқ хизматкорларини ҳам аямаслиги аниқ эди.

Бироқ Усмон Юсуповнинг ёнини олган Марказқўм котиби Патоличев уни Сталин қаҳридан қутқариб қолади.

Аслида большевиклар Ўрта Осиёдан келган дунёқараши нисбатан тор бу пахтакорга паст назар билан қарардилар ва Сталиннинг бу эркатойига унчалик ишонишмасди.

Сталин ўлимидан ўн кун ҳам ўтмай унинг Кремль олимпидан тепиб юборилишига ҳам эҳтимол сабаб шудир. Хрушчёвнинг роли катта бўлса керак.

Ўзбекистонга қайтган Усмон Юсупов 1955 йилгача Ўзбекистон ССР Вазирлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаб келади. Хрушчёв ҳокимияти кучайгач эса у Тошкент вилояти Боёвут тумани (ҳозирги Сирдарё вилояти)даги 4-совхозга директор қилиб жўнатилади.

Бир пайтлар Ўзбекистонни бошқарган, СССР вазирларидан бири, СССР Олий Совети президиуми аъзоси бўлган одамнинг чекка бир совхозга бадарға қилиниши кимга керак бўлган экан?

Усмон Юсупов 1959 йилда нафақага чиқарилади. Аммо бу серғайрат одам 1962 йилда яна раҳбарликка қайтиб, Янгийўл туманидаги “Халқобод” комбинати директори лавозимига ўтади.

Усмон Юсупов 1966 йил 7 май куни Янгийўлда ўлган, Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн этилган.

Ҳозир ҳам Усмон Юсупов хотирасини улуғламоқчи бўлаётганларга яна бир эслатма.

Усмон Юсупов 6 та Ленин ордени, 1 та “Қизил байроқ” ордени, “Фахрий белги” нишони ва коммунистик партия кашф қилган бошқа кўплаб мукофотлар эгасидир.

Энг даҳшатлиси, ана шу мукофотларнинг бир қисми унга миллат ойдинларимизни йўқ қилиб, маҳв этгани учун, қолган қисми эса ўзбек халқини қизил империя манфаати йўлида қулларча ишлатгани учун берилган.

Ихтиёр Эсонов
тарихчи
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 март 2021
Бир оғайним қўққисдан мен ҳақимда даҳоларча башорат қилиб бундай деб қолди: Керак бўлса, минг фоиз кафолат бераманки, сени юртимизда ...
10 феврал 2020
Маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган Тошкент давлат юридик университети биносининг меҳмонхонага айланиш эҳтимоли тарихчи ва меъморлар ташвишига сабаб бўлди. ...
30 август 2019
Cўнгги йилларда музей ва галереялардаги сарой санъатига мухолиф кўча тасвирий санъати анча ривож топди. Бу санъатни тижоратга айлантириш ва ...
19 апрел 2019
“Чегарасиз мухбирлар” (RSF) ташкилоти 2019 йил учун йиллик Матбуот эркинлиги индексини эълон қилди. Бу индексга кўра, Ўзбекистон 180 давлат ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...