Асосий мавзулар
28 март 2020

РТдан ваъз: Иштонни бошга киядиган замон

Мана ўлмаган қул, ҳафта ўтиб яна сиз билан юзлашдим. Ҳамма ишга бормай, уйидан ишлаëтган экан. Мен бўлса, шаклланган интроверт ўлароқ, эсимни таниганимдан бери уйдан ишлайман.

Газ ва электр танқислиги, қимматчилик етмаганидек, коронавирус балоси ҳам бошимизга тушди. Аммо кўпга келган тўй, деб ўзимизни юпатсак бўлади.

Афанди бозордан келиб хотинига: “Бугун бозордаги барча одам пулини ўғирлатди. Шулар ичида мен ҳам борман”, деган экан. Гапнинг тўғриси ҳам шу. Бошимизга дард тушган биринчи одам эмасмиз. Охиргиси ҳам.

Тарих такрордан иборат

1348 йили Италияда ўлат тарқаган пайтда ўнта ëш йигит-қиз озиқ-овқатини ғамлаб, бир қасрга беркиниб олишади. Зерикмаслик учун уларнинг ҳар бири галма-галдан ҳикоя айтиб беради. Бу ҳикояларни ëзувчи Боккачо тўплаб нашр қилади. Шу тариқа «Декамерон» деган машҳур китоб дунëга келади.

Антиклерикализм ва юмор билан суғорилган бу асар дунëда энг кўп ўқиладиган китоблар сирасига киради. Уни таниқли ўзбек таржимони Қодир Мирмуҳаммедов ўзбек тилига қойилмақом таржима қилган. Ўзбек тилида кўп минг нусхада бир неча бор чоп қилинган бу китоб бир ëмонликдан яхшилик чиқишига мисолдир.

Коронавирус авж олиб турган бир пайтда «Миллий ТВ» ўзбек киночиси асаридаги ўпишиш саҳнасини қайчилаб эфирга берибди. Жаа унақа сўришиб ўпишмаган. Шунчаки одоб билан бўса олган. Ўпишиш қандай бўлиши борасида «Ўткан кунлар» киносида Отабек билан Кумуш маҳорат дарси берган эди.

Ҳозир «Ну, погоди» мультфильмидаги ҳайвонларнинг эмчаги кўринди, дея 16+ белгиси ëпиштириладиган замон.

Бир пайтлар Мопассаннинг «Азизим», Моравианинг «Римлик аëл» ва Боккачонинг «Декамерон» китоблари кутубхонада ҳеч қандай 18+ белгиси қўйилмасдан турарди. Мен таниган амаки ва отахонлар бу китобларни 7 ëки 8-синфда ўқишган.

Яхшиям ўша пайтда «Миллий ТВ»даги аврат қоровули бўлмаган экан. Толстойнинг «Анна Каренина» ëки Маркеснинг «Юз йил танҳоликда» асарларини «ичида интим саҳналари бор», деб тақиқлашмаганига шукур.

Ëки устоз адиб Одил Ëқубовнинг «Кўҳна дунë» асаридаги Абу Шилқим Шаҳвонийнинг сексуал мужодаласидан китобхон бенасиб бўларди. Шу маънода совет муҳаррирларини айбласак, ҳақимиз кетади. Бугунги «уятчан»лар бошқа «продукт».

Ўзбек мулозимлари «уятчан»мuш. Қарғалар кулади бу гапга. Брюссель ва Париж каби шаҳарларга борган ўзбек расмий делегацияси меҳмонхонада кечаси билан порно кўриб чиққани ва пулни тўламай сурворгани ортидан ҳисоб қоғозлари элчихонага борганини биламиз. Порно кўриш учун эса пул тўлаш керак.

Хуллас, вақтимиз мўл. «Декамерон» ëки «Анна Каренина» ўқийлик.  Бўлмаса чўпчак ва бомба тайëрлаш йўриқномалари батафсил ëзилган китоблар тўлдиради бўш қолган жавон ва мияни.

Миллат қандай шаклланади?

Ҳозир Хитойдан битта ўзбек менга ëзди. У маҳаллий карантинга амал қилиб элга келган тўй деб Хитойда қолибди. Ўзбекистонга бораман деб саргардон бўлгандан кўра, шу ерда ўтираман, деган қарорга келган экан. Касал ҳам бўлмай, яна ишига қайтибди. Мана, Хитойда аста-секин карантин бекор бўляпти. Энг малакали вирусшунос дўхтирлар ҳам ашағда. Қайтанга машағдагиларни ташағи чиғиб кетди.

Четда юришганида қайтиб келганлар ҳақида улар «Ўзга юртнинг боғи билан боғчаси ўз юртимнинг янтоғича татимас», деб қўшиқ айтишарди. Аммо Ўзбекистонга келволиб «шароити беш юлдузмас», деб додлашмоқда. Йўл азоби – гўр азоби. Сафарга чиққан одам ўша сафарнинг машаққатларига бўйин бўлиб чиқади. Кемага тушганнинг жони бир.

Қўшним Ойша хола: «Касалликни чет элда соққа қиб юрган ўзбеклар обкевотти. Четда юқтирдими, ўшатда даволансин, кемасин бўтга. Битлаган ерида силкинсин», деб қарғаниб ўтирибди.

Аммо бу жоҳил Ойша хола давлатчилик нималигидан бехабар.

Агар бир америкалик бир жойда қолиб кетса, уни АҚШ давлати қанча харажат бўлса ҳам олиб келади. Балки ўша қопкетган одам бомждир, лекин унинг қўлида ватандошлик паспорти бор.

Давлатчилик шуни тақозо қилади. Ҳозир Истанбул ва Внуково терминалларида қолиб кетган ватандошларга маломат қиляпмиз. «Нега ҳақ талаб қиласан, нега «Озодлик»ка видео жўнатдинг!» деб ëқасидан оляпмиз. Сразу айтаман, ўша иккала аэропорт терминалида ўтирган толпага симпатиям ноль. Ичи тўла мошенник ва умуман савияси паст одамлар. Олдинги постларимда ҳеч кимни киритмаслик ҳақида ëзувдим. Аммо давлатчилик уларни ҳимоя қилишни тақозо этади. Қолаверса, уларнинг норозилик билдириш ҳақи ҳам бор. Тутум бу. Тузук будир. Миллат шундай шаклланади.

Ўзбекнинг муаммоси ош билан…

Одамлар АҚШ президенти Американинг ҳар бир турғунига минг доллардан пул берди, деб ëқа ушлаб ўтирибди.

Пскентда прокурор Темур Сапаев буханка нон ва 300 боғ исириқни бепул тарқатди. Сизлар Трампни гапирасизлар пул тарқатди деб

Россиядаги аэропортда 3 кундан бери учолмай ëтаётган ўзбекди рози қилишлик шест секунд.

Масалан, мен консулман. Бир-икки ўзбек кафега акахонлик қиламан. (бусиз бўмайди, МИДди ойлигига уборшица ҳам ишламайди) Хуллас, бу битига ботиб, «Озодлик»ка видео юбориб, йиғи-сиғи қилиб ëтганларнинг олдига бир қозон ош қўяман.

Кафедаги боллар сариқ сабзи солиб, зўр қиб, товуқ гўштига дамлаб оборишади. Энди бу гуруч ошамлаëтган оломоннинг миннатдорлигини айтмайсизми.

«Мошолло, савобди тагига кўмилиб қолдингиз, ҳожи», деб дуони қилиб, ҳар ошамида бир гўшт қўйиб, еб ëтишибди. Расмга олиб, инстага қўйсам, қолган бутун 32 миллионидан дуо обташайман.

Ҳолбуки, буларнинг муаммоси ҳал бўлмади. Учоқ ажратилмади. Аэропорт гастинсасининг арзонроқ номерига ҳам жойлаштирилмади. Умуман жойидан жилган нарса йўқ. Лекин ҳамма хурсанд. Яшасин консул. Айниқса, кампирлар жилаб-жилаб дуо қиб турибди. Бир қозон ош билан муаммо ҳал. Ўрисга оч ўрис, дейдиган қавмди аҳволи.

Аммо йўлини топган қайтаяпти. Ер юмалоқ. Кечагинда тадбиркор Лондондан учиб келди. Кейин уни вирусга гумон қилиб, карантинга оиласи, хотини, боллари билан олиб кетишибди. Буни эшитиб, кечга яқин бир жувон борганмиш дўхтирхонага.

«Ўша Лондондан келган тоға аэропортдан чиқиб менинг уйимга бирров кириб ўтувди, текширинг», деб. Қизиқ жойи, ҳалиги жувонни ўйнашининг хотини билан бир жойга карантинга қўйишибди.

Аёллар ўша ерда ҳам тинч ўтирмай, бир-бирини еб ётишганмиш. Ҳалиги киши эса четдан туриб: «Э коронавирусингга ҳам ўт тушсин! 8 йилдан бери биров пайқамаганди-я, энди нима бўлади», дермиш. Хўп, бу гапни латифа дейлик. Аммо….

Йўлини қилиб Франциядан қайтган яна биттаси Эйфел минораси шаклидаги 35 дона ëдгорлик ва яна аллақанча магниткани ўз қўллари билан таварик қилиб, кеганларга берди.  Эпидемия тарқалган пайтда бу қадар бефарқ бўлган одам тракторчи эмас, олий тоифали врач.

Бош санитария врачи Баҳром Алматов Ўзбекистонда дастлабки қайд этилган бемор ҳақида:

«Франциядан кириб келган илк бемор етиб келган куни ўз хонадонида 35 киши иштирокида байрам қилган. Ўша меҳмондорчиликда қатнашганлардан 13 кишида бугунги кунда бу касаллик қайд этилди. У билан самолётда 250 киши келган, аэропортда тушганидан кейин оила аъзоларига ҳам юқтирган. Кейин ишига чиққан ва иш жойида 80 нафар ходим ва 42 нафар бемор билан мулоқотда бўлган».

Уйда ўтириш керак

Нима қилиш керак?  Албатта, уйда ўтириш керак.

Қўшним немиснинг урушида қатнашган. Битта ўқ ялаб ҳам ўтмаган. Қандай ўлмай қолдингиз десам, «Ликкилламай, окопда ëтдим», дерди.

«Уммон» деган ашулачи группаси «Уйда жим ўтирей» деган қўшиқ чиқарди. Кўзди юмиб, бошди хам қилиб, қалин кўрпача тагига носди туплаб, кўк чойди ичиб, тўнди елкага ташаб, эшитадиган катта ашула. Фақат нега жим ўтириш керак. Гаплашиб ўтирсак бўмайдими?

Насафий деган ашулачи эса коронавирус бизга юқмайди, деб ашула ҳам айтди.

Насафийнинг гап хато. Эҳтиëт бўлиш керак.

Маска тақиш керак. Ажинанинг маскаси бўлса ҳам бўлаверади. Энди тиббий ниқоб ишлаб чиқариш учун лицензия шарт эмас. Тикув машинаси. Газлама ва иштонбоғ резинкаси. Ясаб сотиб бойинг. Битта эмчак халтадан иккита зўр маска чиқар экан. Битта ўрис тоға эркаклар иштонидан қандай қилиб тиббий ниқоб қилиниши ҳақида видео тавсия берди.

(видео)

Иштон бошга кийиладиган замон келди.

Ваъз бошида айтганим, «Декамерон» китобида аëллар монастиридаги роҳибалар бошлиғи бўлган хотин монастир боғбони билан айш қилаëтганида эшик тақиллайди. Руҳоний она шошганидан ҳижоб ўрнига боғбоннинг иштонини бошига ташлаб эшикни очади.

(кулги)

Умуман, эшик тақилласа, эҳтиëт бўлайлик.

Эшик тақиллайди, очасиз. Икки киши турибди, бири сариқ, бири кўк скафандрда. Уйингизни дезинфекция қилишга 602-қарор бор, дейди сариқ скафандрдагиси. Сиз майли, дейсиз. Кўк скафандрдаги «дезинфектор» котта сумка билан ичкарига кириб кетади. Сариқ скафандрдагиси эса бу пайтда термовизорни пешанангизга тираб, «иситма» ўлчаб туради. Бир пасдан кейин кўк скафандрдаги амаки «ишини битириб» ташқарига чиқиб кетади. Сариқ скафандрдаги эса сизни қувонтириб, «температура йўқ», дейди.

Бир қоғозга қўл қўйдиради ва текин ниқоб падарка қилиб чиқиб кетади. Сиз бир муддатдан кейин ўзингизга келиб қарасангиз, уй шип-шийдон. Ишкобдаги қора кунга аталган 3 минг доллар ҳам йўқ. Тавсия? Скафандрли одамларга эшикни очманг. Жуманазар ака кесаям ичкарига киритманг.

Ҳушëрлик – давр талаби. Ҳозир Тошкентда автобуслар юриши тақиқланди. Аммо вилоятларда юриб турибди.

Автобусда иссиғи ошган йўловчи бирдан йўтала бошлади. Бутун автобус аҳли унга даҳшат билан қараб турибди.

Кондуктор:

— Сиз коронавирусга чалинганмисиз ?

Йўловчи :

— Йўқ, нима деяпсиз! Мен туберкулёзга чалинганман. Сил касалман !

Кондуктор:

— Эй, худога шукур!

Кулги

Ғалати давр. Одамлар қўлини ювмоқда. Аëлу эркак ҳижобда. Кўчада бегонага кўз қисиш ўрнига кўт қисилиб, ҳамма уйида овқат пишириб, еб ўтирибди кафега бормай. Умуман қорасини кўрсатмайдиган эр 24 соат хотиннинг пешанасида ўтирибди. Ҳар куни пайшанба. Болалар ҳам отасининг ранги-рўйини ниҳоят аниқ кўришди. Энг даҳшатлиси, булар энди ўтириб бирга китоб ўқиркан. Шунга ишонмадим. Антиутопия-ку бу.

Ривоят ўрнида бугунингизни акс эттирган ҳикояни айтиб берсам. 

Бўрсиқ ëғи

Хуллас, уч кун бўлди уйдаман. Карантин. Ғалати бўларкан. Одатда эрталаб саҳар 7 да чиқиб кетиб, уч ë тўрт кундан кейин кечқурунги 1 да кириб келардим.

Уйни кун ëруғида кўрмаган ҳам эканман. Бинойидек уй. Обойлар кўчибди. Ҳаммомнинг чироғи включателни ëққандан кейин яна ўчиб қолар экан. Ўқлов билан бир урса ëниб кетар экан. Отверткани олиб тузатиб қўйдим.

Қўлимга инструмент солинган қутини олиб ҳаммаëқни инспекция қилиб чиқдим. ПВА клей билан обойнинг кўчган жойини ëпиштириб қўйдим. В роде ҳамма ëқ ОК. Қиладиган ишим тугаб қолди.

Қарасам, эшик очилиб узун-қисқа бўлиб ëн подъезддаги қўшни хотинлар кириб келди. Уларнинг юришига, уйда ўзини тутишига қараб, ҳар куни келишини билволдим.

Кухнядаги ярим юмалоқ диванга ўтирволишди. Хотин уларнинг олдига чой билан торт қўйди. (Блин, мен кўчаларда фирибгарлар билан жанг қилиб, уйга бир бурда нон топай деб мужодала жиҳод қилиб юрганимда улар торт билан чой ичиб ўтиришар экан). Секин бориб гап пойладим.

Битта қўшни овсинини, яна биттаси қайнанасини ëмонлади. Кейин эрларининг ношудлигини гапиришди. Ҳар иккала қўшнимнинг эри асбоби яхши турмайдиган импотент эканлигини билволдим.

Менам қизиқиб-қизиқиб уларга жуда яқин масофага бориб қолсам бўладими. Менга бақрайиб қараб қолишди.

Хотинимнинг жаҳли чиқиб «уйда туз тугабди», деб қўлимга симтўрва тутқазди. Ортга қараб-қараб гапнинг давомини йўл-йўлакай эшитиб чиқаëтсам, «Кўт артадуғон қоғоз ҳам апкелинг», деб бақирди завжаи мукаррама.

Кўчага чиқиб, ўзимни ўз стихиямда сездим. Кўча ҳавосидан симириб нафас олдим. Худди сувга тушган балиқдай бўлдим. Дўконнинг олдида очеред экан. Бир-иккиси билан ëқалашиб-сўкишиб хумордан чиқдим.

Тузди олдим. Кўт артадиғон қоғоздан ҳам 20 рулон олдим. Ўзи кўтни кессакка артиш жоиз. Қағдан чиқди бу пул тўлаб, қоғоз олиб кўт артиш. Хуллас, уйга аяғим тортмаяпти. Кўчада юришга яна баҳона қидирдим.

Аммо кўчада қиладиғон ишим йўқ. Маскаям тақмаганман. Худди фронт чизиғини босиб ўтиб душман зонасига яқинлашган аскар каби аланглаб уйга кириб бордим. Наполеон айтганидай, «Мудофаанинг энг яхши усули ҳужумдир». Намойишкорона томоқ қирдим.

Қаққиллаб ўтирган қўшнилар жимиб ерга қарашди. Туалет қоғозини усталнинг устига қўйиб: «Апкириб қўй ичкарига, қора кунда керак бўлади. Ҳозирча «Халқ сўзи»га арт кетингни, энағар», деб ўшқирдим.

Уйда ким хўжайин эканини қўшни хотинлар билсин-да. Хотин бўлса, пинагини бузмай: «Қўшнимиз Дилпузди эриям сизга ўхшаб гемаррой бўпқопди бечара. Анави бўрсиқ ëғидан қолганини сўраб чиқибди», деса бўладими.

Дилпуз қўшни менга кўнгилчанлик аралаш ачиниш билан қараб турарди. Э онасини фил мажақласин коронавируснинг, обрўйим бир тийин бўлди.

(Кулги)

 Шу ўринда битта гап.

Маска текшириш учун ташалган Миллий гвардия ходимлари рассом Тузнинг жума ваъзини телефонида баланд қўйиб эшитишмоқда. Раҳмат, окала. Бошқалар ҳам ўрнак олсин.

Энди сизларнинг кўнглингиз кўтарилсин, деб ҳазил қилдим. Аслида ичимни ит тирнайди.

«Ëтиб еганга тоғ ҳам чидамайди», дейишади. Ишга чиқмай пулсиз қолиб очликдан қирилиб кетмаймизми, деган андиша ҳам бор ичимда.

Италиянинг аҳолиси 56 миллион. Давлат солиқлардан тушган пулни соғлиқни сақлашга йўналтиради. Аҳолининг 90 фоизи (балки кўпроқ) тиббий суғурталанган. Анчайин яхши тиббиëт тизими бор эди. Аммо шу тизим ҳам бас кела олмади. Ўзбекистонда Италия тиббиëт тизимидаги ускуналарнинг 10 фоизи ҳам йўқ.

Мирзиëев қурдирган «Ҳумо» муз саройи, конгресс холл ва масжидлар ëпилди. Касал жамиятга муз саройимас, КАСАЛХОНА ва ДОКТОР зарур.

Биз сиздан даво топдик…

Мамлакатга душман бостириб келса, аскарлар қутқаради бизни. Вабо ва ўлат бостириб келганида эса докторлар қутқаради.

Докторлар, сизлар бугунги кунимиз ботирларисиз.

Кейинги 6 ой давомида биз уларни урдик, калтаклаб, майиб қилдик. Бонусига порахўрсан, таъмагирсан, дедик. Машина глушители тешилганида устага шартта 200 доллар чиқариб берадиган крутой бой одаммиз. Аммо медсестра укол қилганига 5 минг сўм олса, четга чиқиб унинг онасидан сўкдик.

“Биз сиздан даво топдик, меҳрибон шифокорлар”, деб қўшиқ куйладик. Аммо 8 йил ўқиган одамга тузукроқ маош тайин қила олмадик.

Ҳарф танимайдиган прокурор миллион долларлик қасрлар сотиб олиб яшаяпти. Докторлар эса оқ халатини ювиш учун кир машина сотиб олса, тараддудланиб чўнтак кавлайди.

Бугун улар ухламай бизнинг дардимизга даво изламоқда. Уч кундан бери уйига бормаган докторлар бор.

Азиз докторлар. Шифокор ва ҳамшираларим. Новвот ва шираларим. Братларим. Медбратларим. Сизга тасанно ва таъзим. Сиз бугун Луқмонсиз, Ҳакимсиз, Ибн Синосиз, Гиппократсиз, Доктор Айболитсиз.

Сизни беқадр қилганимиз учун улар номидан узр сўрайман.

Италиядаги тўртта ҳамшира пицца буюртирганида пиццачи пулини олмади.

Касса қоғозига “сизга раҳмат”, деб ëзиб беришди.

Кулфатдан сабоқ чиқариб шифокор қадрига етган итолиëнлардир.

Кошки, бозорда мева сотаëтган ўзбек тужжор ҳам харажат қилаëтган доктордан бир сафар пул олмаса, деб орзу қиламан.

Аммо осмон узилиб тушса ҳам бундай бўлмайди. Нон берган одамнинг қўлини, йўл кўрсатган одамнинг оëғини синдириб ўрганиб қолганмиз.

Аммо на эса…

Мен сиздан даво топдим, меҳрибон шифокорлар. Сизга шараф, сизга шон – замонамиз Ибн Синолари.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
7 ноябр 2023
Салом қадрли мухлислар, кўрсатувларимизни Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиш билан давом эттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Тошкент, Жиззах, ...
27 сентябр 2017
Украина суди томонидан қамоққа олинган 51 яшар ўзбек журналисти Нарзулло Охунжонов Ўзбекистонга эстрадиция қилиниши мумкин. Фото: Рефат Чубарев «Детектор ...
19 январ 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми. Боши ўткан сонда) «Тармоқдан узилган эски уй телефони қандай жиринглайди? Менга шундай туюлган бўлса керак. ...
1 март 2021
Куч тизимлари ходимлари томонидан уйидан Андижон вилоятига олиб кетилиб тергов қилинган янги партия ташаббускори Хидирназар Аллақулов 1 март куни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...