UzPoster
30 март 2023

Абдулла Қодирий. Рус истибдодини қоралагани учун отилган адиб

Россия империяси ҳудудлари Аляска ярим оролидан тортиб то Финляндия ва Польшагача, Қора денгиз қирғоқларидан то Тинч океани соҳилларигача, қирғоқларини Шимолий муз океани ювиб турадиган Таймирь ярим оролидан то Қозоғистон чўлларигача ястаниб ётарди. 

Аммо шу қадар катта ҳудудлар ҳам Чор Россиясига камлик қилаётганди. Россия империясининг Ўрта Осиёни босиб олиш режаси анча олдин, Пётр I замонасидаёқ туғилганди. 

Аввалига Бекович-Черкасский экспедицияси ва кейинчалик Оренбург губернатори Перовскийнинг босқинчилик урушлари натижасида Туркистоннинг босиб олингани ҳақида Ўзбекистонда бугун кам эсланади.

Россия босқини арафасидаги давр ҳақида илк бор Абдулла Қодирий ўз романларида ёзишга журъат этган ва бунинг учун Сталин жаллодлари томонидан миллатчиликда айбланиб, 1937 йилда қатл этилган эди.  

“Вақт машинаси” рукни остидаги навбатдаги ҳикоямиз буюк адиб Абдулла Қодирий ҳаёти ва қисмати ҳақида. “Элтуз” нашри ўзбекистонлик тарихчи Ихтиёр Эсонов мақолалари асосидаги учинчи кўрсатувни тақдим этади. 

Абдулла Қодирий эслаган давр

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи қаҳрамони Юсуфбек ҳожининг куюнчалик билан, ташқи улуғ душман ватанимиз остоналарида қўр тўкиб ўтирганини эслатиб, бекларга танбеҳ берганини эслаймиз. 

Туркистон ишғолини режалаган Россия империяси учун қипчоқ-сарт (қорачопонлилар) ихтилофи айни муддао эди. Руслар Оқмачитни олишга тайёрланиб, бостириб келаётган бир пайтда бу ёқда Қўқон хони Худоёрхоннинг қайнотаси Мусулмонқул бошчилигидаги қипчоқлар ва Қўқон хонлиги лашкарбошиси Маллабек ўртасида Билқиллам жанги бўлиб ўтади.

Қодирий ёзганидек, ростдан ҳам Қўқон, Тошкент ва бошқа шаҳарларда қипчоқ оға-иниларнинг қирғинбароти давом этаётган эди.

Туркистон хону беклари бир-бирининг гўштини еб тахт талашаётган бир пайтда Россия оқсуякларидан бўлган граф Алексей Разумовскийнинг никоҳсиз туғилган ўғли, Оренбург генерал- губернатори Василий Перовский бошчилигидаги 2168 та сараланган аскар Оқмачитни олиш учун келаётганди. 

Бу қўшиннинг 89 та зобити, учта генерали ва ўн еттита замбараги бўлгани инобатга олинса, уларнинг нияти нечоғли жиддий бўлганини кўриш мумкин. 1853 йилнинг 3 июль куни Оқмачит мудофааси бошланади.

Бузилган тарих

Совет тарихчилари гўё Ўрта Осиё хонликлари ўз хоҳиши билан Россия таркибига кирган, деган абсурд ёлғон ғояни тарғиб қилиб, Туркистон халқлари тарихини сохталаштиришга зўр беришади. Ўзбек совет тарихчиларининг катта қисми ҳам айни тутуруқсиз ғояни қўллаб-қувватлайди. Бу мавзуда не-не олимлар доцент, профессор, академик унвонларини олишмаган. Энг ачинарлиси, айни олимлар ва уларнинг шогирдлари бугун ҳам эски маърузаларини ўқишда давом этишмоқда. 

Аслида Туркистоннинг яқин тарихи Россия манфаати йўлидаги қонли урушлар, хоинликлар ва қабоҳатга тўла. Шунингдек, рус империяси Туркистон экспанциясини мағлубиятга учраган Қрим урушидан олдинроқ бошлагани маълум.

Хуллас, юқорида айтганимиздек, Оренбург генерал-губернатори Василий Перовский Амударё ва Сирдарёнинг иккала соҳилида жойлашган Қўқон ва Хива хонликларига тегишли қалъаларни босиб олиш ва бузиб ташлашни таклиф қилиб, император Николай I га хат йўллайди. 

Бу йўлда дастлаб Оқмачит қўрғонини олиш зарурлигини уқтиради. Дарҳақиқат, Оқмачит (ҳозирги Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳри) Туркистон ўлкасининг дарвозаси эди. Бу қалъани Қўқон хони Амир Умархон 1817 йилда форпост сифатида бунёд қилдирганди. 

Оқмачит Тошкент-Бухоро-Хивага олиб борувчи йўллар кесимида Ғарбий Сибирь-Тўрғай платформаларини, Троицк-Оренбург йўлларини боғловчи ўта муҳим стратегик ҳудудда жойлашганди. 

Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олишга қарор қилганини 1852 йилнинг баҳорида рус армиясининг Авлиёотага ҳужум қилганидан ҳам билса бўлади. Бу ҳужумни Аральск қўрғонида шакллантирилган генерал обер-квартирмейстер Бларомберг бошчилигидаги 170 кишилик отряд амалга оширади. 

Россия империясининг дастлабки ҳамласини Қўқоннинг Ёқуббек исмли беки мардонавор қайтаради. Руслар Оқмачитни ололмасдан чекинадилар. Перовский иккинчи ҳамлага тайёрлана бошлайди. 

Қўқон хонлиги беги Муҳаммад Валихон ўзининг бор-йўғи уч юз аскари билан қалъа ҳимоясига отланади. Эътироф этиш керак, ҳарбий қурол-аслаҳанинг такомиллиги жиҳатидан русларда катта устунлик бор эди.

Капитализмга қадам қўйган Европа ва жаҳоннинг қудратли давлатларидан бўлган Россия армияси билан тараққиётдан ортда қолиб кетган мамлакат армиялари ўртасида фарқ катта эди.

Лекин бу дегани босқинчиларни енгиб бўлмайди, дегани эмасди. Буни 170 йил олдин Оқмачитни ҳимоя қилган қаҳрамон аждодларимиз исботлаб беришган, ўша жангда қатнашган рус зобитларининг ўзлари ҳам буни тан олишганди.

Қўқон сарбозларининг аниқ нишонга отишларию, қўлбола бомбаларни улоқтиришдаги маҳорати ҳақидаги эътирофлар тарих саҳифаларига битилган.

Қалъани ҳимоя қилган уч юз жангчидан 242 таси шаҳид кетгани, 52 таси ярадор бўлиб сафдан чиққани, мудофаа учун бор-йўғи олти киши қолсаям, жангни давом эттира олишгани ҳақиқий қаҳрамонлик эди.

Рус армияси Оқмачитни 160 та снаряд билан ўққа тутиб, ниҳоят деворларини қулатиб, кейин шаҳарни ишғол қилганини қандай баҳолаш мумкин?

Агар мудофага ўн-ўн беш минг қўшини билан Қўқон хони ёрдамга келганида, эҳтимол, тарих мутлақо бошқа тарзда ёзилган, рус армияси Оқмачитни ололмаслиги аниқ эди.

Аммо Россия империяси Оқмачитни нафақат олди, балки Туркистон остонасидаги ўз позициясини тўла мустаҳкамлади.

Энг кир ва қора кунлар…

Қодирий ёзганидай, тарихимизнинг энг кир ва қора кунлари келмоқда эди. 1853-1855 йилларда Россия Қрим урушига тортилади. Бу даврда у Туркистонга мутлақо эътибор бера олмасди.

У барча кучларини Европага сафарбар қилган эди. Шундай пайтда қндай қилиб Оқмачитни қайтариб олмаслик мумкинлигига бугун фақат ҳайрон қолиш мумкин.

Демак, ташқи сиёсатни ўша пайтда чиндан ҳам Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и қаҳрамони Юсуфбек ҳожини “узоқдаги ёвни кўряпти”, дея масхара қилган калвак ва нодон одамлар бошқарган эди. Ана шундай калтабин сиёсат орадан ўн-ўн беш йил ўтиб Туркистоннинг  Россия тарафидан босиб олинишига олиб келди.

Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романи қаҳрамонлари Отабек ва Кумушнинг севги-муҳаббати тарихи фонида, биринчи навбатда, Туркистон халқларининг нима сабабдан Россия мустамлакасига айлангани, хонликлар мағлубиятлари сабабларининг асл моҳиятини тушунтирмоқчи бўлган.

Агар Қодирий фақат икки ёш муҳаббати фожеасини ёзганида, бу воқеаларни тарихий жараёнларга боғлаб ўтирмасди. 

Абдулла Қодирий ўз асарларида, аввало, хонликларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий тизими, инфратузилмасининг  нақадар аянчли ҳолга келиб қолгани, давлат тепасида иқтидорли одамларнинг ниҳоятда камлиги, бошқарув аппарати, суд, таълим ва бошқа соҳалар виждонсиз, амалпараст, хоин, пасткаш одамлар қўлига ўтиб қолганини алам ва изтироб ёзади.

Лекин Қодирий ўша чиркин даврда ҳам Туркистонда билимли, тадбирли, зиёли ва ҳалол одамлар бўлганини эътироф этади. 

Асар қаҳрамонлари Юсуфбек ҳожи, Отабек, Ўтабой қушбегилар шахсида Туркистонни яқинлашиб келаётган бало-қазодан, Россия империяси истибдодидан қутқариб қолиши мумкин бўлган одамларни кўради.

Абдулла Қодирий жадидлар ичидаги нисбатан ёш авлод бўлса-да, уларнинг энг истеьдодлиси эди. Мен бемалол қўрқмасдан шуни айта оламанки, ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийдан олдин ҳам, кейин ҳам бундай улкан романчи адиб бўлмаган.

Донишманд тужжорнинг ўғли

Абдулла Қодирий 1894 йилнинг 10 апрель куни Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси Қодир бобо давлатманд тужжорлардан бўлган. Қодир бобо жуда узоқ умр кўриб, 102 ёшга кириб вафот этган. Қодир бобо жуда донишманд, кўпни кўрган, зеҳнли одам бўлган. 

Абдулла Қодирий отасидан кўп нарсаларни, ҳаёт мактабини ўрганади. Отасининг ибратли ҳикояларини  эшитиб катта бўлган Абдулла Қодирийнинг дунёқараши юксак шаклланади. Менимча, «Ўткан кунлар»даги Отабек бежизга савдогар образида берилмаган. Абдулла Қодирий Отабекда ўз отасининг касбини, унинг олижаноб, ватанпарвар қалбини кўрган. 

Абдулла Қодирий 1904-1906-йиллар мусулмон мактабида таълим олади. Айнан шу даврда жадидлар ҳаракати Туркистонни қамраб ола бошлаган эди. 

Замонасининг илғор кишиларидан бўлган Қодир бобо Абдуллани рус тузем мактабида ўқитади. Бу бежиз эмасди. Кўпни кўрган Қодир бобо Россиянинг тараққиёт босқичи Туркистондан анча олдинга кетганини кўриб-билиб турган.

“Ўткан кунлар”даги Отабекнинг Зиё шоҳичининг уйидаги зиёфатда Ўрусия тараққиёти ҳақида айтган гапларини эсланг. 

Ғарб тараққиёти билан танишиш учун ўша даврда рус тили ва рус адабиёти билан танишиш зарурлигини адибнинг отаси жуда яхши тушунган. Бу нарсани жадидлар ҳам яхши англашган. Чунки у даврларда ҳали инглиз ва бошқа европа тилларини ўрганишнинг деярли иложи йўқ эди.

Шунинг учун отаси Абдуллани рус тузем мактабида ўқитганди. 1908-1912 йилларда рус тузем мактабида таҳсил олган Абдулла Қодирий рус ва ғарб адабиёти билан танишган. 1912 йилдан унинг ижодий фаолияти бошланган.

Абдулла Қодирий 1917 йилда Абулқосим мадрасасида таҳсил олиб, араб ва форс тилларини ўрганади. 

1924-1925 йилларда Москвада Брюсов адабий курсида оширади.

1926 йилдан “Муштум” сатира журналида ишлаган адибнинг ҳақиқий истеъдоди  кўрина бошлайди. Инқилобдан кейин Туркистон мухторияти ва жадидлар ҳаракатининг тор-мор бўлиши Абдулла Қодирийни изтиробга солади.

Қодирий ҳайбатли империянинг большевиклар тимсолида янгиланган талқини миллат учун қанчалик касофатли эканини, шунингдек, ўзини дунёдаги энг адолатли, энг халқпарвар, энг инсоний кўрсатаётган ва бунга авом халқни ишонтира олган, қўй терисини ёпинган тузум – большевизмга қарши очиқдан-очиқ курашиб бўлмаслигини ҳам яхши англарди. 

Адибга шуҳрат келтирган асар 

Абдулла Қодирий бу тузумга қарши ўз ижоди орқали, адабиёт, яъни қалам орқали курашишга бел боғлайди. Унинг “Муштум” журналидаги карикатура ва ҳажвиялари Туркистон жамиятини мана шундай қулликка олиб келган иллатларни аёвсиз фош қиларди. 

Алифни калтак дейдиган уламолар, халқни бидъат ва хурофот ботқоғига ботираётган каззоб муллалар, очкўз, маишатпараст, маънавий бузуқ бойлар, илмсиз, ким нима деса ишониб кетаверадиган лақма, содда, ҳам маънавий, ҳам моддий қашшоқларнинг устидан куларди.

Бу кулгулар остида аслида Қодирийнинг изтироби, дардлари ётарди. Ўз изтиробларини у ўзбек романчилигидаги дастлабки асари “Ўткан кунлар”га жо этганди.

Адиб бу ўлмас асарини уч йил – 1922-1925 йиллар мобайнида ёзади. Роман чоп этилгач, адибга  миллат миқёсидаги оламшумул шуҳрат олиб келади. 

Халқ бу асарда ўзининг ҳақиқий тарихини, ўз моҳиятини, орзу умидларини ва, ниҳоят, улкан фожеасини кўра олганди. 

Асар шу даражада машҳур бўлиб кетадики, халқ ўз фарзандларига Отабек, Кумуш исмларини кўплаб қўядиган бўлди. 

1929 йили Қодирий иккинчи катта асари – «Меҳробдан чаён» романини ёзиб тугатди. Бу асарида ҳам Қодирий ўша-ўша Россия империясининг Туркистонни босиб олиши даврида бўлган Худоёрхон замони ҳақида ҳикоя қилади.

Асарда Қодирий ўз қаҳрамонлари Анвар ва Раъно тимсолида худди Отабек ва Кумуш каби жамиятни, халқни янги даврга олиб чиқа оладиган ёшлар бўлганига, аммо улар озчилик бўлгани учун муффақиятсизликка учраганига ишора қилади. 

Қодирий ўз асари билан жамият тизгини ўша пайтда очкўз ва пасткаш одамлар қўлида бўлганини кўрсата олганди.  

Бу икки асардан кейин фақатгина битта асар – «Обид кетмон» яратилди. Нима учун буюк адиб бошқа асар яратмади экан, деб ўйга толаман. Чунки адиб даҳо эди. У сталинизмнинг йиртқич, халқларни бир қолипга солувчи манқуртлаштириш сиёсатини кўтара олмади. 

Адиб бошқалар каби бу тузумни улуғлаш билан сталинизмга сидқидилдан хизмат қилишни истамади. 

Абдулла Қодирий миллатнинг бор ютуқларию камчиликларини, иллатларини, унинг менталитетини, характерини жуда яхши билган.

Асарларида у  ўзининг фожеали  тугайдиган тақдирини худди олдиндан кўра олгандай туюлади. У худди чақимчи иғвогар Ҳомид-у, меҳроб ичида юрган чаён мулла Абдураҳмонларни олдиндан башорат қилгандай туюлади.

Абдулла Қодирий ҳақида эсларкан, шоир Муҳаммад Юсуфнинг:

«Қодирийни сотиб шоир бўлганлар –

Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор»,

деган мисралари чарх ураверади хаёлимда.

Меҳробдан чиққан чаёнлар 

1937 йил тарихга Сталиннинг қақшатқич террор йили сифатида кирди. Айнан ўша йили Қодирийнинг устидан НКВДга адабиёт намоёндаларининг чақув хатлари боради. 

Ёзувчи Набижон Боқий ўтган асрнинг 80-йилларда Ўзбекистондаги КГБ архивларига киришга муваффақ бўлган камгина ёзувчиларнинг бири. У ўзи кўрган ҳужжатлар асосида Қодирий ва Чўлпонларнинг қатл этилишига Ғафур Ғулом, Ғайратий, Олим Шарофутдинов каби ёзувчилар чақуви сабаб бўлганига оид ҳужжатларни очиқлаган эди.

“Элтуз” нашрига берган интервьюсида 63 яшар адиб Набижон Боқий ўзининг “Қатлнома” китобига асос бўлган айни ҳужжатларни эслайди. 

Қодирийни ўзларига устоз санаган, орқасидан найза санчган бу ҳақиқий меҳробдан чиққан чаёнлар, ҳақиқий Ҳомиду мулла Абдураҳмонлар буюк адибни Сталиннинг репрессив ўлим машинасига ем қилишади. 

Абдулла Қодирий 1937 йилнинг 31 декабрь куни НКВД тарафидан миллатчилик, аксилинқилобий, буржуазия адабиётини, бой феодалларни улуғлаш ва яна бир қанча тутуруғи йўқ айбловлар билан айбланиб қамоққа олинади. Қодирийни салкам бир йил НКВД тергов изоляторида сўроқ қилишади. 

Қодирийнинг сиз кўраётган охирги сурати ўша қамоқхонада олинган. 

Бу сурат мени ларзага солади. Қодирийнинг кўзларида қанчалик катта изтироб, дард, хвотирни кўриш мумкин. Бу фақат жисмоний қийноқларнинггина акси бўлмаса керак. 

Қодирий ўз жисмининг маҳв этилишидан эмас, авлодлари, миллати келажагини кутаётган фожеаларни ўйлаб изтироб чекаётгандай гўё.

1938 йил 4 октябрь куни бир гуруҳ жадидлар билан бирга Туркистоннинг улуғ фарзанди, буюк адиб Абдулла Қодирий НКВД жаллодлари тарафидан отилади.

Адибни сотганлар, албатта, ўша пайтда амал поғоналарига кўтарилишган, большевиклар берган садақаларни олишган ёки муқаррар жазодан омон қолишган. Шундан сўнг Қодирийнинг номи, унинг асарлари совет ҳукумати тарафидан тақиқланган.

Тасаввур қилинг, ўша мудҳиш 30-йилларда агар уйингизда «Ўткан кунлар»,  «Меҳробдан чаён» ёки ҳатто совет мафкурасига озми-кўпми хизмат қилган «Обид кетмон» асари топилса, тамом, халқ душмани сифатида узоқ йилларга қамалишингиз ва ҳатто отилиб кетишингиз ҳам ҳеч гап бўлмаган.

Абдулла Қодирий номи 1956 йилги  КПССнинг 20-съездидан, яъни Никита Сергеевич Хрушчёвнинг Сталин шахси ва унинг қатағонлари танқид қилинган нутқидан кейин оқланади. 

1957 йили Абдулла Қодирий тўлиқ оқланиб, асарлари яна қайта чоп этила бошланади. 

Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари асосида бадиий фильмлар ишланган. 

Айниқса, режиссёр Йўлдош Аъзамов саҳналаштирган «Ўткан кунлар» бадиий фильми халқ орасида худди ўша роман чоп этилган дастлабки йигирманчи йиллар охиридагидай шон-шуҳратга бурканади.

Ҳозирги кунда буюк адиб номига Тошкентда метро бекати, хиёбон ва турли кўчаларнинг номлари қўйилган. Уй музейи ҳам яқинда қайта таъмирланди. Аммо Қодирий яшаган давр ва адабиёт ҳамон чуқур ўрганишга муҳтож.

Қодирийни ким қатл қилган?

Билмадим, балки бу тасодифдир. Аммо Қодирий ва бошқа буюк жадидларимизни қатл этишга ҳукм чиқарган Ўзбекистон ССР НКВД махсус учлик трибунали раисларидан бирининг исми Абдужаббор Абдураҳмонов бўлган экан.

Сизнинг ҳам хаёлингизга “Меҳробдан чаён”даги айни персонаж, ёшлигида бачабозлик зиёфатларининг гули бўлган, соқоли ниш ургач, бозори касод бўлиб, ҳасадгуй, чақимчи шахсга айланган мулла Абдураҳмон келгандир?

Ҳар ҳолда ўзининг манфур қаҳрамонини Қодирий шундай таърифлаган эди. Аммо кўп ўтмай, тақдирнинг ўйини билан Қодирийнинг қатл ҳукмига айнан Абдураҳмонов дохил учлик имзо чекади. Буюк адиб гўё ўз асари қаҳрамонига исм қўяркан, келгусида ўз қисматида мудҳиш роль ўйнайдиган шахс фамилияси, яъни бобосининг исми айнан Абдураҳмон бўлишини башорат қилгандай эди.

Бироқ Абдужаббор Абдураҳмоновнинг таржимаи ҳолида 1907 йили унинг ҳам Усмон Юсупов каби камбағал бир оилада туғилгани ёзилган.

Қодирий Москвада ўқиб юрган кезлари, 1924-25 йилларда Абдураҳмонов ҳам Москва тўқимачилик фабрикасида ишчи бўлиб ишлаётганди.

У ҳам Юсупов каби комсомол фаоли бўлиб, большевиклар назарига тушади.

1928 йилда уни Фарғона тўқимачилик фабрикасини ташкил қилиш ишларига бош қилиб юборишади.

1929 йили Абдураҳмоновни Марғилон шаҳри партия қўмитаси биринчи котиблигига сайлашади. Кейинчалик Фарғона, Янгийўл, Қўқон шаҳарлари, Бухоро вилояти партия қўмитаси раҳбарлигига тайинланади. 

Абдураҳмоновнинг бундай тез кўтарилишига унинг большевикларга сидқидилдан қилган хизматлари ётарди. У 1938 йилнинг 23 июлидан Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети раиси, НКВД махсус учлик гуруҳи аъзоси бўлади.

1938-1939 йиллардаги репрессияларда актив қатнашади. 

1946 йилнинг 15 мартидан Ўзбекистон ССР Министрлар совети раиси. СССР Олий совети депутати. Махсус тергов гуруҳи рахбари бўлган Абдураҳмонов большевиклар ва Сталинга қанчалик қулдай хизмат қилмасин, 1948 йили ўзининг ҳам йўқ бўлиб кетишига бир баҳя қолади.

1947 йилги пахта режасини бажара олмагани учун ҳайфсан олади. 1950 йили эса Ўзбекистон ССР Министрлар совети раиси лавозимидан озод қилинади.

Абдураҳмонов яна узоқ йиллар турли лавозимларда ишлайди. Совет ҳукумати ва партиясига қилган узоқ йиллик садоқатли меҳнати учун 3 марта Ленин ордени, Меҳнат Қизил байроқ ордени, 1-даражали Ватан уруши орденлари билан тақдирланади. 1975 йилда Москва шаҳрида оламдан ўтади.

Совет ҳукумати Абдураҳмоновнинг “хизматлари”ни қанчалик эъзозлаган бўлмасин, бугунги кунда Қодирий китобхонлари уни эҳтимол ўзбек меҳробидан чиққан айни чаён – Абдураҳмон каби паст бир маҳлуқ тимсолида эслайди, эҳтимол эсламайди ҳам.

Ихтиёр Эсонов
eltuz.com

Тағин ўқинг
29 апрел 2016
Ўзбек матбуотининг бу жазавасига 12 апрел куни, “Тошкент” телеканалида СТАРТ берилди. Ўша куни бу телеканал, кечки прайм тайм вақтида, ...
28 сентябр 2020
Адлия вазирлигининг 27 сентябрь куни билдиришича, президентнинг 22 сентябрдаги “Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига ...
24 июн 2021
Автобусни трактор шатакка олган ҳолда кетяпти… Ҳаммани қизиқтирган ташвишли муаммо соқол муаммоси бўляпти. “Абдулла Ғариб продакшн”, рассом Элсевар, рассом ...
11 январ 2021
8 январь куни Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида Шимолий Фарғона канали устига қурилган 37 метрлик янги кўприк қоқ ўртасидан бўлиниб, ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...