Асосий мавзулар
18 апрел 2020

РТдан ваъз: Коронавирусга эшак сути даво эмас

Мана, азизлар, қатордан хато бўлмай, яна сиз билан юзлашганимдан бахтлиман. Ҳолбуки, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. 

Бугун одамлар иккига бўлинди. Карантинда уйда ўтирганлар ва ишлаëтганлар. Ишлаëтганлар албатта врачлардир. Врачлар наздида ҳам одамлар иккига бўлинади – коронавирус юқтирганлар ва юқтирмаганлар. 

Коронавирус юқтирганлар ҳам икки тоифа. Коронавирусдан тузалганлар ва коронавирусдан ўлганлар. Аҳоли ҳам иккига бўлинган – коронавируус ҳақидаги «фэйк ньюз» чўпчакларга ишонадиганлар ва ишонмайдиганлар. 

Яна улар коронавирус тўқиб чиқарилган ва инсон қўли билан фитна мақсадида тарқатилганига ишонадиган ва ишонмайдиганларга айрилади. 

Март отида YouGov оммавий сўров маркази ва Economist нашри ўтказган тадқиқот натижалари америкаликларнинг 13 фоизи коронавирусни тўқиб чиқарилган нарса, 49 фоизи эса инсон қўли билан яратилган эпидемия, деб ишонишини кўрсатди. 

Бошига бало келганида жоҳил одам илмий фикрдан кўра ҳар хил чўпчакларга  тезроқ ишонади. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Хоразмда сариқ касали эпидемияси тарқалганида бит танаввул қилса одам тузалармиш, дея сочи битлаганларнинг бозори чаққон бўлган эди. Пес очганлар кирпи еса, аллергия бўлиб сони қичиганлар эшак сути ичса, геморрой бўлганлар бўрсиқ ëғи сурса, дарров тузалишига ишонишади.

Шу тариқа даво истаган эл Ҳасан табиб ва Жуманазар акалар тарафга қараб энади. 

Одамлар мураккаб илмий хулосадан кўра содда ëлғонга ишонишга мойил.

Канаданинг Режайна университетида олим Гордон Пенникук қизиқ тадқиқот ўтказди. 

У сўров қатнашчиларига коронавирус ҳақидаги ҳақиқий ва сохта янгиликлар бир жумлада ëзилган коғозчаларни тарқатди.

Қатнашувчиларнинг 25 фоизи фэйк маълумотни тўғри, деб айтишган.

Тролл фабрикалари қурадиган давлат

Одатда ëлғон маълумотларни троллар тарқатади. Улар кўп лайк ва просмотр йиғиб, даромад топиш учун ҳам бундай ëлғон маълумотлардан фойдаланишади. Тараққий қилган давлатлар тролларнинг танобини тортиш, иложи бўлса, ичкарига олиб кириб, қамаб қўйиш пайида бўлади.

Аммо тараққиëтдан орқада қолган ҳукуматларнинг ўзи шундай тролл фабрикаларини яратади. 

Ўзбекистон ҳукумати “Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳасини эълон қилди.

Ҳужжатда, жумладан, “вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш самарадорлигини ошириш бўйича” концепция ва йўл харитаси жой олган.

Унда Ички ишлар вазирлигида ёшлар билан ишлаш бўйича янги бошқарма тузиш, олий таълим муассасаларида вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозимини жорий этиш кўзланган. Йўл харитасининг 9-бандида эса “ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи”ни тузиш режалаштирилган.

«Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш, улар ёрдамида ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларининг улар таъсир доирасига тушиб қолишлари олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиш» ҳақида айтилади йўл харитасида.

Жамоатчилик фикрини сунъий йўл билан ўзгартиришга қаратилган бу сингари тролл фабрикаларини яратиш ҳаракатлари авторитар мамлакатларда мавжуд. Аммо иш ҳақи эвазига ижтимоий тармоқларга ёзиладиган изоҳлар ёшлар орасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қандай ёрдам бериши мумкин?

Бу савол Ўзбекистон ички ишлар вазири ўртоқ Бобожоновга: ўртоқ вазир, сиз яхшиси ўғриларни тутиб қаманг, нима қиласиз тролл фабрикаси очиб?

Тролл – бу ëлғончи дегани. Ёлғон эса инсониятга зарар етказадиган энг ëмон иллатлардан биридир.  

Очкўзлик ҳақида

Дунëда иллатлар кўп, шулардан бири очкўзликдир. Масалан, Афанди одамларга қўй тарқатганида ҳамма қўй олганлар бир овоздан Афандидан норози бўлган. 

Қўй берган одам арқони билан бермайдими, деб.

Умуман, тийнатимиздаги иллатларни фош қилаëтган коронавирус балоси Хитойдан келди. Ибратли ҳикоя ҳам Хитойдан.

Хитойнинг Гуанжун вилоятидаги қашшоқ қишлоқдан чиқиб, напитка сотиб бойиган миллионер ўз қишлоғидаги йўқсилларнинг ҳар биттасига биттадан вилла қуриб беришга қарор қилди. 

Хитойлик бой ота ер сотиб олиб, ҳар бири 280 квадрат метр бўлган 258 та виллани 32 миллион доллар сарфлаб қуриб битказди. Ҳар бир вилла ëнида яна бир гараж ва боғ ҳам бунëд этди. Вилла ичидаги ҳаммомга оппоқ сочиқларни илиб қўйди.

Ана шундан кейин тинчгина битига ботиб, панада ëтган пақирлар бош кўтариб, бой отани душман деб эълон қилишди.

Бой ота ўзи қишлоқни тарк этган 2013 йилда бу мавзеда 258 киши яшагани боис, шунча кишига вилла совға қилишга қарор берганди. Аммо вилла қурилиши бошланиши билан бу қишлоққа одамлар кўчиб келиб, менга қани, деб дод солишган. 

Одамларни норози қилган яна бир нарса – қайси вилланинг кимга берилиши. Нега фалон вилла менга эмас, пистиëнчига берилди, ҳолбуки менинг болам кўп, чақам кўп. 

Қашшоқлар бу виллаларни бузиб ташлаб, ëрдам қилмоқчи бўлган бой отани ўлдириб ташлаш керак, деган фикрга аллақачон келишган. Агар Хитой полицияси халақит бермаса, бу бой отани қашшоқ қишлоқдошлари аллақачон бурда-бурда қилган бўлишарди.

Қиссадан ҳиссани сиз чиқаринг. 

Мирзиёевнинг қизи пулни қаердан олди?

Умуман, одамзод иккига бўлинади. Бойлар ва қашшоқлар. Бойлар ҳам иккига бўлинади. Меҳнат қилиб пул топганлар ëки отаси соясида бирдан бойиганлар. 

Масалан, ўлиб кетган президент Каримовнинг шу кунда қамоқда ëтган қизи Гулнора Каримова бирдан бойиб кетиб, фонд тузиб, одамларга эҳсон қилганида, чоллар йиғлаб дуода бўлган эди.

«Фонд форум» мингта текин суннат тўйи қилиб, қашшоқ болаларнинг чуккини кесганини эслайдиган борми бугун? Кейин маълум бўлишича, бу эҳсон ортида улуғ жиноятлар яширилган экан. Худди бир «Камаз» гуруч ўғирлаган одам 20 кило ош дамлаб, маҳаллани тўйдиргани каби.

Бу гапларни нега айтяпман? Халқ тўлаган солиқдан ойлик оладиган президентнинг қизи Саида Мирзиëева ҳам бирпасда бойиб, ФОНД тузиб, мингта одамга пул тарқатиб бошлабди.

Фонд ва мингта, деган сўз тарих такрори эмасми? Такрорлайман, бир пайтлар Гулнора ҳам фонд номидан эҳсон тарқатган эди. Кейинчалик Гулнорага савол берган терговчилар «Бу пулларни қаердан олиб тарқатдингиз», дейишди. Гулнора фонддан олдим, деди. Навбатдаги савол: «Пул фондга қаердан келди?» 

Жавоб ўрнига мақол айтилади. Узумини е, боғини сўрама. Зарарли мақол. Ахлатга бугуннинг ўзида ташлавориш керак бўлган реакцион мақол. Ўғри нега ўғри бўлади? Чунки ўғри ëшлигида кўчадан бир нарса кўтариб келса, ота-энаси буни қаердан олдинг, деб сўрамайди. Мирзиëевнинг қизи пулни қаердан олди? Бир болтага соп бўла олмайдиган, кечагина бори-йўқлигини ҳеч ким билмайдиган бу зумраша Мама Терезага қандай қилиб айланди? 

Бу саволни отаси бермаса, отасини боқиб қўйган, сайловда овоз берган халқ берсин. Берганнинг бетига қарама, текин бўлса лом ют, дейиш хатарли. Лом ютган одам узоқ яшамайди. Текин лом ошқозонда ҳазм бўлмайди. Тарихдан сабоқ олмайдиганлар таназзул ботқоғидан ҳеч қачон чиқиб кетолмайди.

Давлат раҳбарининг камтарлиги

Дунëдаги энг қудратли ва бой давлат раҳбари Ангела Меркелни бир ой олдин Берлиндаги озиқ- овқат (Ullrich) дўконида кўриб қолишди. Кечга яқин Меркель одатий тарзда арава олиб дўконга кирди. Пештахталарда турган егуликларни олиб аравачасига солди. Кассага навбатда турди. Эгнида анча йиллардан бери киядиган мовий жемпер. Аравадаги егуликларни битталаб касса тасмасига қўйди.

Навбати келганда пулини тўлаб, харажатни машина багажига олиб борди. Кейин аравани жойига олиб бориб қўйиб, ичига солинган бир еврони ҳам чиқариб олди.

Меркель Берлиндаги кўп қаватли уйда, ижарада яшайди. Шахсий уйи йўқ. Унинг қўшнилари оддий ишчи ва муҳандислар. Уйнинг олдида қоровул ҳам йўқ. Ишга кортежсиз боради. Биттагина машинага ўтириб кетади. Йўлчироқ қизил ëнса, кутиб туради.

30 евро турадиган сумка кўтаради. Қиммат тақинчоқлари йўқ. Олдидаги минбарга Мирзиëевга ўхшаб оқ атиргуллар қўймайди.

Германия маданият вазири Меркелни юрт онаси, деб атаб қўшиққа солмайди.

Яқиндагина Меркель ўз халқига 750 миллиард евро ëрдам бериш масаласини ҳал қилди. Бу масалани ҳал қилиш учун иқтисод вазири велосипедда келди. Бу вазир каскасиз велосипед бошқаргани учун бир марта жарима ҳам тўлаган.

Буларнинг ҳаммаси аксар ўзбеклар ижирғаниб, гейропа дея айтадиган Германияда юз бермоқда.

Инсоф. Адолат. Исрофсиз камтарин ҳаëт. Энди ўзингиз солиштиринг.

Дунёни қилич эмас, сиёсат бошқаради

Коронавирус Германияда кенг тарқалди. Аммо ўлганлар оз. Германия бу касалга қарши репрессия ва чеклов билан эмас, балки ақл ва идрок билан курашмоқда. Кўчаларга БТР чиқариб ашула айттирган билан касаллик бартараф бўлмайди.

9 апрель Темур бобонинг туғилган куни эди. Сал олдин битта қўғирчоқдай қизгина Тошкентда Темур бобонинг ҳайкали олдига бориб «Темур дода, қачон коронавирус тугайди», деб сўровди, уни 15 сутка қамаб қўйишди. Менимча, жазо адекват бўлмади. Сал оширворишди. Жарима қилсаям бўларди. Қиз сўкинмади. «Темур дода, айтинг, сиз кўпни кўргансиз», деди. 

Дарвоқе, Темур бобой Деҳлини ишғол қилганида шунақа ўлат тарқаганди. Ўлат маҳаллий аҳолига эмас, Темур аскарларига юққан эди. Катта талафот кўрилган ўшанда. Бунгаям анча бўлди. 1398 йилнинг 10 декабри эди, эсимдан адашмасам. Темур бобо 100 минг ҳинд асирини қириб ташлаган. Тарихчи Яздий ëзган бу ҳақда. Шаҳарга яғмо (марoдерство) ва қатли ом эълон қилинган. Кейин авф этилган. Бу ҳақда Навоий бобомиз достон ҳам ëзган. Қатли омда икки севишган қиз-йигит жаллодга олдин мени сўй, кейин буни, деб ëлборишади. Бу гап-сўз узоқ чўзилиб, бирдан жарчи келиб, авф эълон қилади. Севги боис севишганлар ўлмай қолади.

Мавзу адекват бўлмаган жазо ҳақида эди. Дунëни қилич эмас, сиëсат бошқаради.

«Туз оға, зерикдик. Ваъз жиддийлашиб кетди. Ундан кўра битта эртак айтиб беринг, иккита бўлса яна яхши, сичқонларнинг никоҳ тўйи ҳақидаги эртакни айтинг», дейишди.

Ваъз бошида айтганимдек, бошига мушкул тушган одам бу мушкулдан шессекундда чиқарадиган Олмос ботир ëки суперменлар ҳақида эртак тўқийди. Мана, Ўзбекистон расмий матбуоти ëзяпти.

Ўзбекистонда коронавирус ҳақида фильм суратга олинади!!! Аммо фильм қандай бўлиши ҳақида маълумот оз. Келинг, шу фильм қандай бўлишини бирга тасаввур қилайлик.

Рембо

Фильм бош қаҳрамони президентнинг Рембо лақабли, асли исми Рейимбой бўлган тансоқчиси.

Кино бошида президент уни олдига чақириб: «Мени 79 та одам қоровулласа етади. Сен бориб коронавирусга қарши кураш», дейди.

Телех Рембо краповий беретини кийиб, честь бериб, коронавирусни енгиш учун кетади.

Кетаëтиб, ортига ғамгин нигоҳ билан қарайди.

Президент Рембога “бардам бўл, мен орқангдаман, болам», деган маънода қўлини мушт қилиб кўрсатади ва табассум қилади.

Рембо олдин Хитойга боради ва коронани енгиб ташлайди.

Кўршапалак бозорини портиллатиб юборади.

Кўршапалакдан овқат қилаëтган хитой ошпазларини автомат очереди билан тарсиллатиб отиб-отиб ташлайди.

Секинлаштирилган кадрларда ўқ тегиб, пешанасидан қон тизиллаб оқиб, бирин-кетин ўлаëтган 20 га яқин хансу ошпаз кўринади.

Рембо кейин Италияга боради. Коранага чидолмай қийшайип қолган Пиза минорасига ғамгин боқади.

Минорага елкасини тираб, шессекундда тўғриллаб қўяди.

Ундан кейин Испания, Франция ва Германияни ҳам ўнглаб ташлайди.

Кинонинг ўрталарига бориб Рембо наманганлик Алишер аканинг «Дилбарим» деган қайиғини минволиб, АҚШга боради ва Американи корона балосидан холос қилади.

Трамп унинг оёғига йиқилиб, «кетма, болам, шўтта қол, грин кард бераман, машағдаги самарқанликларга бош қип қўяман», дейди.

Рейимбой бошини чайқаб, кўкрак чўнтагидан Мирзиëннинг расмини олиб Трампга кўрсатади ва «мани жайим ашағда», дейди.

Трамп унга честь беради ва миллиард дўлларга чек ëзиб, қўлига тутқазади.

Рембо пулди дарров олмайди. «Тағо, ҳамма гап пулда эмас, манитимда», деб кўкрагини ниқтайди.

Трамп кулиб, пул чекини Рембонинг чўнтагига секин тиқиб қўяди.

Рембоям пул чеки тушиб-нетиб қолмасин, деб чўнтаги тугмасини қадаб қўяди.

Кейинги кадрда у «Дилбарим» қайиғининг бурун қисмида қўлини икки ëққа қанот каби ëзиб “Титаник» бўп турибди.

Ëнида битта тëлкаям қанот қоқяпти.

Океан шамоли Рембонинг сочларини ҳилпиллатади.

Кинонинг охирида Рембо коронавирус оқибатида Арнасойда клиник ўлим топган, аммо президентнинг шахсий доктори томонидан сўнгги минутда қутқарилган кичкина қизалоқни қўлида кўтариб, Мирзиëн олдига келади.

Президент қизни бағрига босганда, нораста қизалоқ шаҳло кўзларини очиб, мўлтираб қарайди.

Президентнинг кўзидан крупний пландаги ëш думалаб, думалаб, думалаб тушиб келади.

Иккинчи планда қашқадарëлик прапискасиз 8 мингта мардикор бола оммавий рақсга тушади.

Фонда Озоднинг қўшиғи:»Вирусни енгган мендирман, мендирман ўша».

Ўзбекистоннинг ҳилпиллаб ëтган ола байроғи фонида сочлари оқариб кетган Мирзиëннинг ҳорғин, аммо улуғвор қиëфаси кўринади.

Қизилтепа ва Шайхали қамоғида ëтган зеклар ижросида «Серқуëш» куйланади.

Титрлар тушади.

Рейимбой ролини артист Отабек Умаров ижро қилган.

Президент ролини собиқ бош вазир Шавкат Мирзиëев қойилмақом ўйнаган.

Арнасойдаги касал қизалоқнинг онаси ролида Саида Мирзиëева.

Доктор ролини Калламжонов, ўлик ëқадиган санитар ролида Элëр Ғаниев. «Ҳумо» номли морг директори ролини эса Жаҳонгир Ортиқхўжаев шессекундда ўйнаб ташаган. Арнасойдаги жамоат туалетига тушиб кетган президент айфонини ғаввос каби нажас ичига кириб шессекундда олиб чиқиб берган мулозим ролини Абдулла Арипов ижро қилган.

Оммавий саҳналарда Сенат ва Олий Мажлис депутатлари рақсга тушади.

Фильм ҳомийси Усмонов А. Б.

Фильм тугади.

Аслида фильм энди бошланяпти. 

Фасл танламаймиз. Ҳаммаси баҳор,

Қовжирайди фақат ёлғон-яшиқлар.

Биз абадий некбин. Мангу умидвор.

Биз — кўнгли совишни билмас ошиқлар.

Қишлар ва баҳорлар, ёзлар ва кузлар

Биз учун баробар янгроқ торлардир.

Ерга ёға олмай ёнган юлдузлар

Бизлар қаловини топган қорлардир.

Тоғдек тоқатлардан мумиёдек сирқиб,

Дўстларга аталган дил розларимиз.

Қанотимиз пўлат. Ҳеч бўлмас қирқиб.

Жаранглаб туради парвозларимиз.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
29 апрел 2021
Феминизм дея оғизларингнинг икки четида тупук ялтираб тиржаясизлар, ўзларингча иякларингни кўтариб киноя қиласизлар, гўё бизнинг жамиятда қиз-аёллар тамом эркиндек. ...
1 сентябр 2020
Ислом Каримовнинг қаршилигига қарамасдан, 1990 йил 20 июнь куни Ўзбекистон парламенти томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Лекин бу ...
5 январ 2021
Рассом Элнур Эгамов суратга олган анимацион фильмда порахўрлик асорати ҳажв қилинади. Фильм ижодкорлари уни Сардоба cув омбори ҳалокатига 230 ...
18 октябр 2017
Бу йил теримга Ўқитувчи ва шифокорлар поездларда сафарбар қилинмоқда. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидан минглаб теримчилар минган поездлар Қорақалпоғистон ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...