Асосий мавзулар
22 апрел 2020

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистонга: Озроқ ҳомиладор бўлиш мумкин эмас

Жорий йилнинг март ойида Женева кўли соҳилида жойлашган муҳташам Вильсон саройида (Wilson Palais) Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинди. У ерда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистоннинг бешинчи ҳисоботини кўриб чиқди.

Тарихга назар. БМТ 1966 йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт деб номланган муҳим ҳужжатни қабул қилган. 

Ушбу пактга дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакати ихтиёрий равишда қўшилган бўлиб, улар инсоннинг фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мажбуриятини зиммасига олган.

Бундай ҳуқуқлар сирасига яшаш ҳуқуқи, диний эркинлик, сўз эркинлиги, йиғилишлар ўтказиш эркинлиги, ҳаракатланиш эркинлиги, сайлов ҳуқуқи, одил судлов ҳуқуқи киради.    

Ўзбекистон мазкур пактга 1995 йилда қўшилди. Бу БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси олдида Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқаролари эркинликлари хусусида доимий равишда ҳисобот беришини англатади. 

Шундай қилиб, Ўзбекистон мулозимлари беш йилда бир марта Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолари саволларига жавоб беришади.

Женевага делегация таркибида Ўзбекистон Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Сенат аъзоси Орол Отаниёзов, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов, Хавфсизлик кенгаши катта маслаҳатчиси Оқил Убайдуллаев ва Ўзбекистоннинг Швейцариядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Лапасов ташриф буюрди. 

***

Каримов режимининг собиқ хизматчиси 62 яшар Акмал Саидов 20 йил ичида мунтазам равишда инсон ҳуқуқлари Ўзбекистонда аъло даражада ҳимоя қилингани тўғрисида гапириб келган. Бу сафар Саидов президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келиши билан мамлакатда қатор ижобий ўзгаришлар рўй бергани ҳақида гапириб берди. 

Саидов мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир барча ишлар халқаро қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда олиб борилаётгани ҳақида узоқ сўзлади.

Масалан, у Ўзбекистонда дунёдаги ноёб демократик институт яратилгани ҳақида айтди. Бу Ўзбекистон Республикаси президентининг халқ қабулхонасидир. Халқ қабулхонаси ташкил этилган кундан бошлаб у ерга 3.5 миллиондан ортиқ мурожаат тушган. Мурожаатлардан 90 фоизи жойида ҳал қилинди. Бу халқнинг давлат раҳбари билан янгича мулоқот усули, деди Акмал Саидов. 

Акмал Саидов президентнинг халқ қабулхоналари ҳақида ғурур билан гапирди. Аммо ўйлаб кўрилса, қисқа вақт ичида 3.5 миллион одамнинг президентга шикоят билан мурожаат қилиши, табиийки, Ўзбекистонда давлат идоралари самарали ишламаётганини англатади.   

Саидовнинг нутқидан сўнг қўмита аъзолари савол беришни бошлашди. Аксарият саволлар Ўзбекистон делегацияси учун жуда ёқимсиз эди.  

Бен Анкоур (Y .Ben Achour), БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси эксперти. 

Нега нодавлат ташкилотлар ходимларининг қамоқхоналарга киришига рухсат берилмайди? 

Нега халқаро ташкилотлар жазони ижро этиш муассасаларига боришга ҳақли эмас? 

Мамлакатингизда бу 2013 йилдан бери тақиқланган. 

Сиз Қизил ярим ой жамияти 200 дан ортиқ ҳибсхонага ташриф буюргани ҳақида гапирдингиз. Лекин улар ташрифларини тўсатдан тўхтатиб қўйган. Нега? 

Ташрифлар қандай сабабларга кўра тўхтатилди? 

Наҳотки улар қамоқхоналарга ташриф буюришдан ихтиёрий равишда бош тортган бўлса? Сабаблари бўлиши керак. Қизил ярим ой вакиллари ҳаракатига бирон киши тўсқинлик қилмадимикин?

Нима учун пенитенциар муассасалар рўйхати эълон қилинмаган? 

Нима учун бундай рўйхат нодавлат ташкилотлар ихтиёрига тақдим этилмаган? 

Ҳар бир мамлакатда жазони ижро этиш муассасалари манзили қайд этилган расмий рўйхат мавжуд. Ҳеч ким буни яширмайди. Нодавлат ташкилотлардан биз олган маълумотларга кўра, улар бундай рўйхатни ололмаймиз, деб арз қилишади.  

Бизга қамоқхоналардаги мажбурий меҳнат тўғрисида ҳам айтишган. 

Ўзбекистон учун пахта терими муҳим масалалардан бири эканини мен биламан. Лекин маҳбусларни пахта теримига мажбуран жалб қилиш, режани бажармаганлиги учун жазолаш учун бу сабаб бўлиши мумкинми? Мажбурий меҳнатга оид маълумотларга нисбатан сизнинг муносабатингиз қандай?  

В Сансин (V. Sancin), БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси эксперти

Баъзи маълумотларга кўра, мамлакатда коррупция аксинча кучаймоқда, айниқса, соғлиқни сақлаш, қурилиш, таълим соҳаларининг айрим тармоқларида. Давлат коррупцияга қарши самарали курашиш учун қандай қўшимча чораларни кўришни режалаштираётганини билишни хоҳлайман. Жамоатчилик коррупция ҳолати бўйича қандай фикрда? 

П. Пазартис (Р. Pazartis), БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси эксперти

Яқинда дин эркинлиги бўйича махсус маърузачига Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан қамоқ муддати узайтирилгани ҳақида хабар келди. 

«Қамоқда ўзини тутиш қоидалари» билан танишиш учун улар қаердадир расмий шаклда чоп этилганми? Нима учун бу хавотирларни вужудга келтиради?

Бизга 1999 йил февраль ойида Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган жаноб Жамшид Восиев ҳақида айтишди. 

Унинг қамоқ муддати ўзини тутиш қоидаларини беш  марта бузганлиги учун узайтирилди. Охирги марта 2017 йил май ойида узайтирилган. 

У 2020 йил май ойида озодликка чиқиши керак. Аммо унинг қариндоши «ўзини тутиш қоидаларини бузганлиги сабабли» қамоқ муддати яна узайтирилиши мумкинлигидан хавотирга тушмоқда. 

С. А Булкан (С.А Bulkan), БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси эксперти

Бир қатор нуфузли ташкилотлар жинсий озчиликка оид шахсларга нисбатан камситиш ва зўравонликлар бўлаётгани ҳақида бизга хабар беришди. Ҳатто ўлим ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Уларни зўравонликлардан ҳимоя қилиш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Гомофобларнинг танловига қарши жиноят содир этган шахслар иши билан боғлиқ жиноий терговлар сони бўйича қандайдир ҳужжатлар борми?  

Қонун асосида бунга қарши курашиш бўйича қандайдир чора-тадбирлар белгиланганми? 

Жинсий озчилик вакилларига нисбатан нафратли баёнотлар, уларни ҳибсга ва қамоққа олиш билан боғлиқ асоссиз ҳодисалар жисмоний жинсий зўравонлик хавфини келтириб чиқаради. Бундай воқеани ҳал қилиш учун бирор чора кўрилиши керакми? Шунга ўхшаш баёнотга эга бўлган мустақил механизм полициянинг зўравонлиги ва шафқатсизлигини текшира оладими? 

Агар бундай ишларга доир чора-тадбирлар мавжуд бўлса, уларни қандай амалга ошириш мумкин ва бу бўйича қанча шикоятлар тушган? Жинсий камчиликка оид одамларни иш жойида камситишнинг, ўзбошимчалик билан ишдан бўшатишнинг олдини олиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қандай шахсий ҳимоя чоралари мавжуд?  

М. Кран (M Kran), БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси эксперти

Андижон воқеалари хусусида гаплашарканмиз, сиз билан бирга ўқотар қуролдан фойдаланиш стандартларини ҳам муҳокама қиламиз. 

Биз биламизки, 2005 йилда Андижонда ҳарбий хавфсизлик кучлари етти юз нафар тинч аҳоли вакили ўлимига сабаб бўлган. 

2010 йилда қўмита Ўзбекистон ҳукуматига ушбу воқеани самарали мустақил текширишни тавсия қилди. 

Сизнинг ҳозирги ҳисоботингизда асосий тергов ҳақида маълумот мавжуд. 

Сиз Андижон воқеаси бўйича жиноий тергов ишлари бошланди, деяпсиз.

Бизга тинч аҳолини ўлдириш ва яралашда иштирок этганларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича келажакда амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар бўйича маълумот берсангиз. 

Бизга ҳужум қилганларга қарши жиноий ишларнинг бориши ҳақида гапириб берсангиз. 

Қандай текширувлар олиб борилди ёки олиб борилмоқда? 

Жабрланганлар ва уларнинг оилаларига етказилган зарарлар бўйича нималар қилинмоқда?

Етказилган зарарларни қоплаш масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга. Андижон воқеаси ҳақида ҳисоботни ошкор қилиш бўйича режа борми?    

Ўқотар қуролдан фойдаланишга келсак, 2019 йилдаги «Ўқотар қуроллар тўғрисида»ги қонунга кўра, махсус органлар ва ҳарбий қисмларга ўқ-дорилар ва ўқотор қуролларни ишлатиш, олиб юриш ва улардан фойдаланишга рухсат бериладими? 

Ўзбекистон ҳукуматга ушбу турдаги қуролларни ишлатишга рухсат беришда садоқат мезонларига риоя қилишни қандай амалга оширмоқчи? 

БМТнинг асосий принципларига биноан, ўқотоар қуроллардан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан етказилаётган жароҳатлар сонини камайтириш учун фойдаланганми?   

Қийноқлар ҳақида. Биз сизларнинг яқинда, 2019 йил ноябрь ойида Қийноқларга қарши курашиш қўмитаси билан мулоқот ўтказганларингиздан хабардормиз. Ушбу қўмита тизимдаги бошқа бир-бири билан боғлиқ органлар билан ҳамкорликда қийноқлар қўллашга йўл қўймаслик лозимлигини тушуниши керак. Шунинг учун мен мулоқот жараёнида қийноқлар масаласига бағишланган ишланмаларимдан фойдаланишга ҳаракат қиламан. 

Бизнинг қўмитамиз Ўзбекистондаги қийноқларга оид таснифлар Қийноқларга қарши конвенцияда қайд этилиши тарафдори. 

Сиз янги асосий кодекс яратилаётгани ва 2018 йилда қабул қилинган қийноқларга қарши кураш қонунида 1994 йилда қабул қилинган Жиноят кодексининг 235-моддаси янада такомиллаштирилгани ҳақида гапиряпсиз. Бу борада таъриф кенг бўлишига қарамай, жабрланувчи ва зулм етказувчига берилган таъриф жуда тор бўлиб қолмоқда. 

Жиноий процесс иштирокчилари ва уларнинг қариндошлари жабрланувчилар бўлиб қолмоқда. 

Жиноят кодексининг 235-моддаси кўриб чиқилганда, зулм етказувчилар ҳуқуқ-тартибот органлари ёки бошқа давлат органлари аъзолари экани ойдинлашмоқда. 

Қийноқларга қарши конвенцияларга биноан, қийноққа солинган ҳар қандай одам жабрланувчи сифатида қаралиши мумкинлигига қандай ишонч ҳосил қилмоқчи эканингиз ҳақида гапириб берсангиз. 

Айбдор-шубҳаланувчи шахснинг маълумотига барча давлат хизматчилари, шунингдек, расмий шахслар сифатида ҳаракат қиладиган жисмоний шахслар киришини қандай таъминлайсиз? Таъкидламоқчиманки, 1994 йилда қабул қилинган Жиноят кодекси қийноққа ёки ноинсоний муомалага алоқадор амнистияларни тақиқламайди.      

Сиз қийноқлар қўллашда айбланганлардан ҳеч ким президентнинг 2017 йилда қабул қилинган «Амнистия тўғрисида»ги фармонига асосан авф қилинмаган, демоқдасиз. Бироқ бизда ана шундай шахслар амнистия тўғрисидаги фармонга кўра озод этилгани тўғрисида фактлар бор, яъни ноинсоний муомалалар орқали қамоққа маҳкум этилганлар 2017 йилгача ҳам амнистия билан озодликка чиққан. Бундай жиноятлар учун амнистияни тақиқлаш тўғрисида тузатишлар киритилаётганига оид таклифларни қўллаб-қувватлайман.

Таклиф этилаётган тузатишларни кўриб чиқиш жараёни тўғрисида бизга маълумот берсангиз. 

Қандай қилиб қийноқлар ва ноинсоний муомалаларни Жиноят кодексининг жиноятлар рўйхатига киритишни режалаштирмоқчисиз? 

11-савол: Давлат раҳбари 2017 йил ноябрда суд томонидан қийноқ остида олинган далиллардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганини қайд қилмоқчиман. 

Ушбу фармонга биноан, бутун қарор суд жараёнида олинган далилларга асосланган бўлиши керак, аммо минглаб одамлар сиёсий сабабларга кўра, шу жумладан, экстремистик айбловлар билан қамоқда сақланаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.      

Улардан баъзилари қўпол муомалаларга дуч келмоқда, қийноққа солинмоқда. Бундай қийноқлар сирасига жинсий зўрлаш ва ҳуқуқларини поймол қилиш киради. 

Сиз маҳбусларга нисбатан қийноқ ва ноинсоний муносабат тўғрисидаги ушбу хабарларни қандай текширишни режалаштирмоқдасиз? 

Сиз жабрланганларга қандай товон тўлаш масалаларини илгари сурмоқдасиз ёки амалга оширишни таклиф қилмоқчисиз? 

Сиз маҳбусларнинг қийноққа солинмасликларига қарши қандай чоралар кўрмоқдасиз? 

Қийноқ ҳақида хабар берган шахсларга нисбатан қасос чоралари ҳақида хабарлар мавжуд. Келгусида бундай қасос ҳаракатларининг олдини олиш учун қандай чоралар кўрмоқдасиз? 

Сиз ушбу қўмитанинг бир қатор хулосалари ва фикрларини амалга оширмадингиз. 

Қийноқ қурбонларига компенсация бериш қаерда тавсия этилади? 

Ушбу таклифларни қандай амалга оширмоқчисиз?    

БМТ қўмитаси экспертларининг ушбу саволларига Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидовнинг жавоблари қуйидагича бўлди:

Ўзбек делегацияси жавоблари

Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори

Биз қўмита томонидан тилга олинган айрим ҳолатларга доир фикрларга қўшилмаймиз. 

Бу ерда жуда субъектив хусусиятга эга саволлар бор. Тўғри, аҳамиятсиз ва қонуннинг асосий тамойилларига зид нарсалар ҳам бор. 

Мен Қийноқларга қарши қўмитанинг жиноят содир этган шахслар амнистия ёки авф этиш ҳуқуқига эга эмас, деган позициясига мутлақо қўшилмаслигимни таъкидлашни истайман. Хайриятки, ҳатто ўлимга ҳукм қилинган одамлар ҳам авф этиш ва амнистия олиш ҳуқуқига эга.      

Қонун принципи қаерда? Адолат тамойили-чи? Кран хоним бу мумкин эмас, деб даъво қилмоқда. Ва у қаерда ёзилган? Бу қадимги Рим ҳуқуқида мустаҳкамланган адолат тамойили, қонун тамойилининг мутлоқ бузилишидир. 

Мен доктринал хусусиятга эга бўлган саволлар ҳам беришим мумкин. Шу билан бирга, биз қўмита аъзоларидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қизиқиш ва хоҳиш учун чин дилдан миннатдормиз.   

Азиз Ташпўлатов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида 43 та пенитенциар муассаса фаолият кўрсатмоқда. Булар 25 манзил колониялар, 18 та жазони ижро этиш колонияси, шу жумладан, битта ўқув-тарбия колонияси ва маҳкумлар учун битта махсус касалхона. 

Сўнгги 18 йил ичида жазони ижро этиш муассасалари чекловсиз ишламоқда. 

Бугунги кунда муассасалардаги маҳбуслар сони бир ярим баробардан кўпроқ камайди. 

Республика бугунги кунда дунёда ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида энг паст кўрсаткичга эга.

Барча маҳкумларга кунига уч маҳал сифатли иссиқ овқат берилади. 

Барча пенитенциар муассасаларда сутка давомида тиббий ёрдам кўрсатилади. 

Муассасаларда стационар ва амбулатория ёрдами кўрсатиладиган тиббий бўлим мавжуд.  

Тиббиёт бўлими зарур тиббий асбоб-ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланган. 

Сил касаллиги билан оғриган маҳбусларнинг амбулатор даволанишини таъминлаш учун улар Тошкент шаҳридаги маҳбуслар учун ихтисослаштирилган касалхонага юборилади. Шунингдек, Бухоро вилоятидаги жазони ижро этиш тизимидаги колонияда ҳам сил касалига чалинган маҳкумлар даволаниш ҳуқуқига эга.  

2004 йилда Ўзбекистон Республикаси махсус хизматида БМТ ва ЖССТ томонидан тавсия этилган сил касаллигини даволаш учун ДОТС тизими жорий этилди. 

Агар рақамларда айтадиган бўлсак, 2017 йилда махсус касалхонада 536 киши, 2018 йилда 380 киши, 2019 йилда 263 киши рўйхатга олинган. 

Ҳар йили беморларнинг сони ўртача 30-40 фоиз камаймоқда. 

Маҳкумларни тутиб туриш, уларга бўлган муносабатни ўрганиш ва қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистонда жойлашган турли дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан жазо турларининг ижроси доимий равишда мониторинг қилиб борилди.  

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари… 268 маҳкумнинг барча мурожаатлари расман кўриб чиқилди. Натижада 162 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди. Шулардан 15 нафари ички ишлар органларидан бўшатилди. 

2015 ва 2016 йилларда 3 қамоқхона ходими Жиноят кодексининг 235-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. 

2017 йилдан бошлаб фуқароларнинг салбий қийноқ ҳолатларига оид барча турдаги сигналларига ўз вақтида жавоб бериш учун Ички ишлар вазирлигида ишонч телефонлари ташкил этилди. 

1102 қисқа рақами орқали фуқаролар ҳар қандай мансабдор шахснинг раҳбарига шикоят қилишлари мумкин. 

2017 йилдан бери Ўзбекистон пенитенциар марказларида зўравонлик билан ўлим ҳолатларига оид фактлар қайд этилгани йўқ.

Барча жазони ижро этиш муассасаларида ариза ва шикоятлар учун қутилар мавжуд. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, прокурорга ва инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмен вакилига мурожаат қилди. 

Шунингдек, фуқароларни қабул қилиш учун ҳуқуқий бурчаклар ва жиҳозланган хоналар ташкил этилган. 

Таъкидламоқчиманки, 2019 йилда иккита пенитенциар муассаса ёпилди. 

Ушбу жазони ижро этиш муассасаси Қорақалпоғистон Республикасининг Жаслиқ қўрғонида жойлашган эди.   

Ўзбекистонда жинсий озчиликларга нисбатан дискриминациялар ҳақида БМТ қўмитасида янграган фикрларига эътироз билдирган Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашининг катта маслаҳатчиси Оқил Убайдуллаев бу ҳолатни миллий зеҳниятга оидлиги билан оқлашга уринди.

Оқил Убайдуллаев, Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашининг катта маслаҳатчиси

Ўзбекистон қонунчилигида ЛГБТларни ишга қабул қилиш, ўқитиш ва тиббий ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қиладиган ҳеч қандай қонун меъёрлари йўқ. 

Шуни келишиб олиш керакки, Ўзбекистон аҳолисининг 97%ини ташкил этадиган халқ учун бундай ҳаёт тарзи мақбул эмас. Бу Ислом дини томонидан маъқулланмагани боис жамият аъзолари ўз менталитети ва анъаналарига мос эмас, деган тушунчага эга. Аммо мамлакатда озчиликка нисбатан ҳеч қандай радикал чоралар кўрилмайди.   

Бир жинсли муносабатларни декриминаллаштиришга нафақат мусулмон аҳли, аҳоли ва айниқса, диндорлар қатлами ҳам жиддий эътироз билдиришмоқда.

Жиноят кодексидан декриминаллаштиришнинг 120-моддасини чиқариб ташлаш масаласига келсак, бу масала узоқ вақт давомида эксперт доиралар томонидан муҳокама қилинган. Бироқ ҳозирги пайтда ушбу масала бўйича аниқ концепцияга эришилмаган. 

Диний, ахлоқий, маданий илдизларни ҳисобга олган ҳолда, якуний қарорда юқорида кўрсатиб ўтилган мавзулар бўйича Ўзбекистон аҳолисининг дунёқараши ва менталитети аҳоли ва жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ҳисоботи муҳокамасига якун ясаркан, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси эксперти Мухумуза ўзбек делегацияси мамлакатдаги аҳволни гул-лолагул қилиб кўрсатишга урингани ҳақида гапирди: “Уларга қарши қўмитанинг гўё бирор сиёсий ғарази бордай. Ҳеч фачон ҳақиқат бунчалик узоқ чекинмаган эди.

Мени тўғри тушунинг, мен юқоридан келиб фикрламяпман, мен шунчаки бутун дунёда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланишини истаяпман, келинг, бир-биримизни тушунишга ҳаракат қилайлик. Бизнинг маданиятимизда, озроққина ҳомиладор бўлиш мумкин эмас, дейишади. Инсон ҳуқуқлари билан ҳам шундай, бу озгина бўлиши мумкин эмас. Тўлиқ бўлиши керак”, деди қўмита эксперти ўзбек делегацияси вакилларига.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 феврал 2022
Ўзбекистондаги кадрлар алмашуви кишини сергаклантиради. 20 йиллик шартли қамоққа ҳукм этилган Козим Тўлаганов ҳокимият тизимига қайтди. Корруцияга алоқадор Абдулла ...
6 ноябр 2016
Шанба эрталаб жони узилган Абдулла Ориповнинг жанозаси ўша куниинг ўзидаëқ Хюстон шаҳридаги масжидда ўқилган. Eltuz.com манбасига кўра АҚШдаги Ўзбекистон ...
17 март 2020
2017 йилнинг 17 март куни Ўзбекистонга 1983 йилдан 1988 йилгача раҳбар бўлган Иномжон Бузрукхўжаевич Усмонхўжаев 87 ёшида вафот этди. ...
21 ноябр 2017
17-20 ноябрь куни Швециянинг Стокгольм шаҳрида VI Евроосиё адабиёти фестивали бўлиб ўтди. Постсовет давлатлар, жумладан, ўзбекистонлик ёзувчиларнинг асарлари тақдим ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...