Асосий мавзулар
21 июн 2020

Нега бизда Мустақиллик декларацияси куни нишонланмайди?

Бугун Ўзбекистонда ҳақиқий маънода мустақиллик куни сифатида нишонланиши керак. Чунки бундан 30 йил бурун, 1990 йил 20 июнь куни республика парламенти Мустақиллик декларациясини эълон қилган эди.

Мустақиллик декларацияси қабул қилинган сана дунёнинг аксарият мамлакатларида, жумладан, Америкада (1776 йил 4 июль), Россияда (1990 йил 12 июнь) мустақиллик куни сифатида нишонланади, бироқ ўзбек халқи учун бу қоида истисно сифатида қолмоқда.

Ўзбекистонда Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кун байрам сифатида нишонланмайди. 30 йилдирки, ўзбек ҳукумати бу муҳим санани халқ хотирасидан ўчиришга интилиб келади.

Нега ҳукуматнинг миллий мустақилликка бўлган позицияси Каримов ўлимидан кейин ҳам, Мирзиёев даврида ҳам ўзгаришсиз қолмоқда? Ҳукуматнинг бу кунни эсламаслигига қандай жиддий сабаблар бор? Айни саволлар билан “Элтуз” Мустақиллик декларацияси муаллифи, чин маънода мамлакат мустақиллиги учун кураш олиб борган “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳга мурожаат қилди.

Муҳаммад Солиҳ “Элтуз”га берган интервьюсида Мустақиллик декларацияси парламент томонидан шунчаки бир кунда қабул қилинган шунчаки ҳужжат бўлмагани, бунгача бир неча йил мустақиллик учун кураш олиб борилгани, халқ иродаси билан мухолифатдан парламентга киритилган депутатлар кучи билан унинг қабул қилинишига эришилгани ҳақида гапирди.

“Парламентда Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кунга биз бир кунда келмадик. “Бирлик” халқ ҳаракати тузилди 1988 йил ноябрида. Қайта қуриш даврининг янги бир босқичи бошланди. Фақат Ўзбекистонда эмас, СССРнинг бошқа жумҳуриятларида ҳам мустақиллик ғояси пайдо бўлди. Бу ғоя “Эрк” партиясини тузишга олиб келди. “Эрк” демократик партияси 1990 йил февраль ойида ўзининг тузилганини эълон қилди. Ўша йилнинг 30 апрелида илк таъсис қурултойи бўлди партиянинг.

“Эрк” демократик партиясининг ўз дастурига киритган бош ғояси Ўзбекистоннинг СССРдан ажралиб чиқиши ғояси эди. Бу ғоя кейинчалик қисқа бир шаклда Мустақиллик декларациясига айланди.

Демак, “Эрк” партияси тайёрлаган Мустақиллик декларацияси лойиҳасини мен 1990 йилнинг 20 июнь куни янги парламентнинг 2-сессиясида депутатларга тарқатдим”, деди Муҳаммад Солиҳ “Элтуз”га берган интервьюсида.

Муҳаммад Солиҳнинг сўзларига кўра, бу ғоя аввал-бошиданоқ Ислом Каримов ва унинг ҳукуматдаги одамларига ёқмаган. Улар асло исташмаган бу ҳужжатнинг кун тартибига қўйилишини, бироқ парламентдаги 70 нафар депутат таъсири, қолаверса, халқ иродаси билан парламент муҳокамасига қўйилган.

“Парламентда давом этаётган очиқ сиёсий курашга дош бера олмагани ёки Кремль олдида жавоб бериш осон бўлиши учун қўрқоқлигидан Ислом Каримов Мустақиллик декларацияси учун овоз берилган куни Андижонга кетиб қолди. Кейинчалик эса, бир йил ўтиб, у 16 март референдумида Иттифоқни сақлаб қолиш учун мамлакатни сафарбар қилди. Аслида унинг бу ҳаракати парламент қабул қилган Мустақиллик декларациясига зид эди”, дейди Муҳаммад Солиҳ “Элтуз”га берган интервьюсида.

Бироқ мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши бўлган Ислом Каримов мустақилликдан сўнг Ўзбекистонда 27 йил иқтидорда қолди. Мустақиллик учун курашган мухолифат эса Ўзбекистондан сургун қилинди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 октябр 2016
Ёдномаларни шоир ва ёзувчилар битсин экан. Чунки уларнинг тафаккур доираси бошқаларникидан кўра кенгроқ бўлади. Шу кунларда марҳум президент Ислом ...
23 июн 2017
Шу ойда Турк давлат банки Ziraat bankasi Тошкентда ўз филиалини очиши кутилмоқда. Бу ҳақда 20 июн куни Ўзбекистон Бош ...
29 октябр 2018
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни ташкил этишнинг асосий ижрочилари кучишлатар тузилмалар, яъни асосий фаолияти қонунни ҳимоя қилиш бўлган идоралардир. Бу идораларни ...
17 август 2017
Матлуба Азаматова 1965 йил Андижон шаҳрида туғилган. Максим Горький номли Адабиёт институтида таҳсил олган. Британиянинг IWPR институти ва Би ...
Блоглар
23 сентябр 2020
Шуҳрат Қаюмов мен таниган, мен мулоқотда бўлган санъаткорларнинг энг яхшиси, маданиятлиси эди. У киши билан ...
21 сентябр 2020
Аёллар дискриминацияси ва гендер тенгликка қарши ҳаракатлар аввал масжидларда, ички ишлар ходимлари орасида (аёлларни ечинтириб, ...
14 сентябр 2020
Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб ...