Асосий мавзулар
13 июл 2020

Ревизор. «Uztex Group» сирлари

Ўтмиш тозалаб қўйилган. Ëлғон эса ҳақиқат дея бизга тақдим қилинмоқда. Бу гапни ëзувчи Жорж Оруэлл бундан 70 йил олдин ўзининг “1984” китобида таъкидлаган. Ассалому алайкум, мен ревизорман. Ҳақиқат дея тақдим этилаётган ëлғонни фош қилиш учун келдим.

“Ревизор” кўрсатувининг илк сонида биз Ўзбекистоннинг энг йирик тўқимачилик компанияларидан бўлмиш Uztex борасидаги янги тадқиқотнинг бир қисми ҳақида ҳикоя қиламиз.

Пахта узоқ йиллардан буён Ўзбекистоннинг энг кўп экспорт қилинадиган маҳсулотларидан бири ҳисобланади.

“Улкан пахта хирмонини яратиш учун давлат миллионлаб кишиларни хавфсиз бўлмаган ва антисанитар шароитларда ишлашга мажбур этади”, дейилади тадқиқотнинг кириш қисмида.

Унда таъкидланишича, ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли танқидлар натижасида Шавкат Мирзиёев ҳукумати Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнатга чек қўйиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Мажбурий меҳнатга чек қўйиш стратегиясининг бош ғояси пахта секторини кластерлар тизими воситасида жадал хусусийлаштириш ҳисобланади.

Аммо пахта саноатининг янги хўжайинлари бўлмиш бу тадбиркорлар ким?

Суратдаги одам 43 яшар Ўзбекистон ватандоши Фарҳод Маматжонов. У Ўзбекистондаги энг йирик тўқимачилик компанияси бўлмиш “Uztex group” соҳиби. “Uztex group” эса Наманган ва Хоразмда жойлашган бешта кластер эгаси.

Буюк Британиядаги Ольстер университетининг криминология профессори Кристиан Ласслетт Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми ҳамкорлигида ўтказган тадқиқотида Ўзбекистондаги кластерлар тизимини танқид қилади.

Ўзбекистонда пахта секторини хусусийлаштиришнинг нимаси шубҳали?

Илгари давлат назоратида бўлган пахтачилик тармоғи корхоналари 2018 йилдан маҳаллий компаниялар ва хорижий инвесторлар тасарруфига берила бошланди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳар бир кластерни бошқариш учун хусусий компаниялар танловини ўзи ўтказди. Бунда компаниялар учун фойдали шарт-шароитлар яратилди. Кам фоизли кредитлар, солиқ имтиёзлари, шунингдек, пахта заводлари ва давлатга тегишли бошқа корхоналардан текин фойдаланиш шулар жумласидандир.

Аммо суриштирувлар жараёнида бу хусусий компаниялар Ўзбекистонда тўқимачилик бизнесини юритиш учун оффшор тузилмалардан фойдаланаётгани, уларнинг номинал раҳбарлари эса пул ювиш бўйича жиноий схемаларга аралашгани аниқланди.

 “Uztex Group” сирлари

Ушбу тадқиқот объектига айланган йирик компаниялардан бири “Uztex group”дир. Бу ширкат 1990 йилларда ўзбек тадбиркори Фахриддин Маматжонов ва унинг ўғли Фарҳод Маматжоновлар томонидан таъсис этилган. “Uztex group” бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг йирик тўқимачилик конгломерати ҳисобланади.

Нуфузли “The Economist” нашрининг пахта кластерлари тизими улуғланган ўтган йилги мақоласида “Uztex” алоҳида эслатиб ўтилган.

Аммо “Uztex”нинг ички ҳужжатлари компаниянинг Швейцария, Буюк Британия ва Сингапурга қадар ёйилган трансмиллий тармоғига оид сирларни юзага чиқаради.

Ҳисоботда айтилади:

“Uztex group”га кирувчи компаниялар акцияларига Швейцария, Буюк Британия ва Сингапурда жойлашган мураккаб оффшор тармоқ эгалик қилади. “Uztex group”нинг эгалари ва йирик улушдорлари ҳақидаги маълумотларни яшириш учун бу оффшор компаниялар номинал юридик ва жисмоний шахслардан фойдаланади. Уларнинг айримлари пул ювиш бўйича халқаро можароларга алоқадордир.

Россиянинг “Пятигорский молочный завод” корхонаси бош директори баёнотига кўра, Фарҳод Маматжонов Ўзбекистон бош прокуратураси ходимлари ҳомийлигида амалга оширилган жиноий операцияларга алоқадор шахс. “Пятигорский молочный завод” корхонаси илгари “Uztex group”нинг оффшор компанияларидан бирига қисман тегишли бўлган.

Россияда Фарҳод Маматжоновга қарши уюшган жиноятчиликка алоқадорлик айблови бўйича иш очилгандан сўнг яқинда Россия суди унинг маблағларини музлатиш ҳақида қарор чиқарди.

Швейцариянинг тўқимачилик саноати учун ускуналар етказиб бериш билан шуғулланувчи йирик “Uztex Rieter” компанияси ва Буюк Британиянинг “Wayrex LLP” оффшор фирмаси ўртасидаги пул транзакциялари алоҳида шубҳа уйғотади.

Бумеранг эффектли шартнома

Швейцариянинг “Rieter” етакчи саноат концерни ва “Uztex group” таркибидаги компаниялар ўртасида тузилган бумеранг эффектли шартномалар алоҳида хавотирга сабаб бўлади. Бу келишувлардаги марказий иштирокчи Буюк Британиянинг деярли танилмаган “Wayrex” савдо воситачисидир.

Ҳисоботда таъкидланишича, мазкур шартномалар одатда трансмиллий жиноий операцияларга хос бўлган аломатларга эга.

Фарҳод Маматжоновга тегишли “Uztex group” “Rieter”нинг доимий мижози ҳисобланади. Ҳужжатларга кўра, 2017 йилда “Uztex” “Rieter”дан тўқимачилик ускуналарини харид қилиш учун қиймати 100 миллион долларлик буюртма жойлаштирган.

Кейин Швейцария компанияси бу йирик буюртмани амалга ошириш вазифасини Буюк Британиянинг биров танимайдиган “Wayrex” савдо воситачисига топширган.

Ушбу ускуналар “Uztex” таркибидаги икки кластер – “Textile Finance Khorezm” ва “Textile Finance Namangan” учун мўлжаллангани тахмин қилинади.

Тадқиқот муаллифлари “Textile Finance Khorezm” акциялар пакетининг асосий қисми (96,59%) Швейцариянинг “Swiss Capital International Group” оффшор компаниясига тегишли эканини аниқлади. Бу компания эса “Rieter” раҳбарлари билан бизнес алоқаларга эга.

“Swiss Capital International Group” “Uztex”нинг йирик инвестори ҳисобланади.

Россиянинг йирик сут заводи акцияларининг бир қисми “Swiss Capital International Group”га тегишли бўлган. Ушбу завод бош директори 2016-2017 йиллар оралиғида Ўзбекистон ҳукуматини Маматжоновлар ва уларнинг шериклари мазкур оффшор компаниядан ўзларининг жиноий ҳаракатларини амалга оширишда фойдаланаётган бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирган эди.

Россиянинг “Пятигорский молочный завод” корхонаси бош директори Константин Сухарев баёнотига кўра, Фарҳод Маматжонов Ўзбекистон бош прокуратураси ходимлари ҳомийлигида амалга оширилган жиноий операцияларга алоқадор шахс. “Пятигорский молочный завод” корхонаси илгари “Uztex group”нинг оффшор компанияларидан бирига қисман тегишли бўлган.

“Textile Finance Namangan”нинг акциялари тўлиғича “Uztex”нинг Буюк Британияда рўйхатга олинган яна бир оффшор компанияси – “Maritex Industrial”га тегишли.

Ҳужжатлар 2017 йилда ускуналар хариди учун тузилган тўртта шартнома борлигидан гувоҳлик беради. Биринчи шартнома 2017 йил 10 майда “Textile Finance Khorezm” ва “Rieter Machine Works” ўртасида тузилган. Бу битим “Rieter”нинг (Эллик беш миллион 186 минг 400) АҚШ долларилик ускуналар сотиб олишни назарда тутади.

“Rieter”нинг 28 401 000 долларлик ускуналарини харид қилишни кўзловчи иккинчи шартнома имзоланиши 2017 йил 27 сентябрь санасига тўғри келади. У “Uztex”нинг яна бир оффшори бўлмиш “Textile Finance Namangan” ва “Rieter Machine Works” ширкатлари ўртасида тузилган.

Яна уч томонлама битимлар ҳам мавжуд. Улардан биринчисининг иштирокчилари “Textile Finance Khorezm”, “Rieter Machine Works” ва “Wayrex” ширкатлари ҳисобланади.

Иккинчи битим эса “Textile Finance Namangan”, “Rieter Machine Works” ва “Wayrex” ўртасида имзоланган.

Ушбу келишувларга кўра, дастлабки шартнома асосида етказиб берувчиси “Rieter” компанияси бўлиши назарда тутилган зарур ускуналарни “Wayrex” ширкати етказиб бериши керак эди.

Буюк Британия идораларига тақдим этилган ҳисоботларда “Wayrex” Жан Клод Жорж Паскаль Теодор Божан исмли кимсани ўзининг асосий эгаларидан бири сифатида кўрсатган. Аммо ички ёзишмалар “Wayrex” айнан Фарҳод Маматжонов томонидан назорат қилинишидан дарак беради.

Аммо моҳиятан ушбу шартномалар бумеранг эффектига эга. Яъни “Uztex” “Rieter” билан ускуна етказиб бериш бўйича келишув имзолаган. Кейин “Rieter” ускуналарни бошқа таъминотчидан сотиб олиш вазифасини “Uztex”нинг оффшор компанияси бўлмиш “Wayrex”га ўтказиб  берган.

“Rieter” имзолаган шартномада айтилишича, “Wayrex” бу таъминотчилар билан етказиб берилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақни тўғридан-тўғри “Wayrex”дан олишга келишади. Кейин эса “Wayrex” “Rieter”га бу ҳисоб-китобларни тақдим этиб, ундан пул олади.

Шу орқали молиявий маблағларнинг доира кўринишида айланиши амалга оширилади. Битим шартларига кўра, “Uztex” таркибидаги компаниялар “Rieter Machine Works”нинг хизматлари учун ҳақ тўлашга мажбур.

Бу тўловни қабул қилганидан кейин “Rieter Machine Works” “Uztex”нинг оффшор компанияси бўлмиш “Wayrex”га у учинчи томондан харид қилган ускуналар харажатларини тўлаб бериш мажбуриятини олган.

“Uztex”, “Rieter” ва “Wayrex” ўртасида тузилган шартномалардан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, бумеранг эффектли бундай келишувлар тузишнинг ҳақиқий мақсади фирибгарлик комбинацияларини яшириш ҳисобланади. Уларнинг айтишича, “Uztex” энг замонавий ускуналар харид қилиш учун давлат банкидан қарз олган. Аммо бунинг ўрнига, манбаларнинг сўзларига кўра, “Wayrex” орқали нисбатан арзон моделдаги ускуналарни яширин равишда харид қилишга эришиш учун “Uztex” “Rieter” билан келишувлардан фойдаланган.

На “Uztex”, на Фарҳод Маматжонов ушбу битимлар юзасидан изоҳ бериш тўғрисидаги сўровларга жавоб қайтармади.

Ўзбекистонда корпоратив масъулият ва хатарлар

“Uztex group”нинг таркибий тузилмаси ва фаолияти ноодатий воқелик ҳисобланмайди. Кластерларни бошқараётган компанияларнинг аксарияти ўз корпоратив фаолиятида худди шундай шубҳали операциялардан фойдаланади.

2016 йилда Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг ҳокимият тепасига келган Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев ўзини бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратаётган ислоҳотчи раҳбар сифатида намоён эта бошлади.

Аммо Мирзиёев ҳукумати “Uztex group” каби йирик корпорацияларга нисбатан қатъий шаффофлик ва ҳисобдорлик талабларини ўрнатишга жиддий эътибор қаратмаяпти.

Бунинг натижасида “орқаси тоза бўлмаган” конгломератлар Европа ва Осиёдаги либерал молиявий, корпоратив ва инвестиция муҳитини Ўзбекистондаги ношаффоф авторитар бошқарув тизими билан уйғунлаштирган ҳолда катта даромад кўрмоқда.

Заиф ва ношаффоф бошқарув тузилмаси сабаб тобора кенг қамров олаётган юқоридаги каби ноқонуний амалиётлар Ўзбекистонда пахта кластерлари тизимини яратишга қаратилган бундай лойиҳаларнинг самарадорлигини жиддий шубҳа остига қўяди. 

Кўрсатувни «Элтуз каналида томоша қилинг ва обуна бўлинг: https://youtu.be/a3RSSbvOj6w

Тағин ўқинг
9 сентябр 2020
Андижон вилоятининг Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов туман селекторида уй сўраб жонига теккан бир муаллима аёлни жинни деб ҳақорат ...
5 декабр 2023
Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятига қарашли “Зармитан” олтин қазиб олиш конида оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар сони яна ...
2 ноябр 2021
2016 йилдан буён минглаб одам озод қилинганига қарамай, Ўзбекистонда яна икки мингга яқин киши сиёсий ва диний сабабларга кўра ...
18 сентябр 2017
Кун карикатураси рукнида «Элтуз» нашри, 49 ёш ўзбек рассоми Шавкат Музаффарнинг «Prayer» (Илтижо) карикатурасини тақдим этади. Бугунги кун зеҳнияти ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...