Асосий мавзулар
25 сентябр 2020

РТдан ваъз: Паразитнинг япон тили

Мана, азизларим, ҳафта айланиб дийдор кўришдик. Ҳафта ичида интернетнинг ўзбек сегменти нафрат билан тўла бўлди. 

Аввалига кореялик эржонларга посилка келин узатадиган ширкат коллектив бўлиб қарғалди. Совет даврида Пиночет ҳам бу қадар оммавий қарғиш олмаган бўлса керак. 

Кейин одамларнинг кўзи ëзда пальтосиз юрган ашулачи Муниса Ризаевага тушди. Нега очиқ-сочиқ кийинасан, деб дағдағанинг каттасини қилишди. Муниса ҳам жим турмай, бу аврат қоровулларига жавоб қайтарди. Кейин эса худди рус насроний черкови Толстойни шаккокликда айблаб анафема қилгани каби соқол қўйган ўзбек зоти бўлса, Мунисани дуоибад қилиб ўтирди. 

Яхшиям президент Мирзиëв БМТнинг виртуал мажлисида ўзбекча сўзлагани. Шунга чалғиб, Муниса билан карисга теккан қизларни қарғаëтган чакаклар бир муддат ўчди. Мошолло, президентимиз нақ ўзбекча гапирди-я, деб ерларга думалаб севинишди. 

Барибир севинч яхши. Карисга эрга тегиш мавзусида иккиюзламачилик. Олдин айтганимдек, бу қавм ҳужайраларига иккиюзламачилик сингиб кетган. 

Қатортолдаги жалапнинг уйига бориб келиб, мачитда эдим, хуфтонни ўқидим, дейди. Зинонинг зарари ҳақида шанғиллаëттган опоқининг ўзи учига чиққан ғар. Пора олиш маънавиятсизлик дея ТВга чиққан университет домласи пора олиб участка қурган. 

Шунга ўхшаб, «карисга эрга тегиш разолат», дея дод солиб тармоқда лайк йиққан  битта опани танийман. Ёши ўтиб, пирдухтор бўлиб, эр олмаган. Неча марта менга чиқиб «Мўғулистондаги мўғулми, Кореядаги қари карисми ëки Буркина Фасодаги мулат бўсаям эрга тегаман, суриш керак», дея ëлворган эди. 

Бу опанинг махсус код билан совчилик сайтида «чет элликка эрга тегаман», деб эълон берганини ҳам биламан. Бунинг мутлақо ëмон томони йўқ. Одам ўз бахтини топишга ҳақли. Лекин битта фокусни ушлаш керак. 

Ўзи карисга тегсам, деб фирманинг бўсағасида куни билан навбатда ўтириб, кечқурун уйига келиб, «карисга эрга тегиш миллат таназзули», дея ëзса. Бунинг номи иккиюзламачиликдир.

Тушунаман. Жамият трендда бўлган фикрни эшитгиси келади. Умум фикридан фарқли гап айтган киши сазойи қилинади. Масалан, бу аëл чиқиб: «Мен бир ойдан бери карисга эрга тегиш учун ҳаракатдаман. Нима бўлибди, мен ҳам бахтли бўлишга ҳақлиман» деса, аврат қоровуллари бу аëлни виртуал сазойи қилади. 

ЯКУНИГА ЕТМАГАН СОВЧИЛИК

Умримда бир марта совчилик қилиш учун ўртага тушганман. Чет эллик 48 яшар, католик динида бўлган ярим француз, ярим немис, ярим славян кинооператор ва бастакор дўстим ўрис хотинидан айрилиб, депрессияга тушиб қолди.

Ўша пайтда унинг туғилган куни бўлди. Мен Қодирийнинг немис тилида «Тошкентлик севишганлар» номи билан чиққан «Ўткан кунлар» китобини совға обордим. Бир икки кундан кейин, бу дўсти азиз телефон қилиб, «марғилонлик қизга уйланмоқчиман», деб истак билдирди. 

Ўша пайтда ФБда «свахи.уз» деган саҳифа бор эди. Саҳифага бу потенциал куëв ҳақидаги эълонни жойлаштирдик.  Эртасига қарасам, 2800 дона хат келибди менинг личкамга. Личка кўтаролмай тормоз бўлиб қолди. Эркаклар ҳам ëзган эди, «Ока, бизага тўғри кевотти. Опачамни хотин қивоса сиззи рози қиламан», деган хатларнинг адоғи йўқ эди. Энди қиз-жувонларнинг анкеталарини қўяверасиз. 

Ҳаммаси пазанда, ҳаммаси уйим жойим дейдиғон. Ҳаммаси ҳурилиқо. Биттаси ҳижобдаги расмнини юворибди. «Опажон, бошқа расмингиз йўқми. Куëв бошқача тушунмасин», деганим билан шессекундда не тўлка боши очиқ, балки чўмилиш кийимида Чорвоқда юрган расмларини жўнатди. Шу ерда «ни то положения»га тушиб қолганимни билиб, эълонни бекор қилдим.  

Энди мавзуга қайтсам. Кореяга бориб карис эр билан турмуши яхши бўлмаган наманганлик жувон опа менга дардини айтиб, элчихона орқали ëрдам қилишимни сўради (бу опага ТИВдаги дўстим ëрдам берди).

Бу опа менга Намангандаги тўйхонада бўлган тўй видеосини жўнатди. Тўйда бу карисга шаҳодат айттириб, мусулмон қилишди. Карис тиржайиб қўлига ëзиб берилган калимаи шаҳодатни бир амаллаб ўқиди. Аслида унга таржимон «бу шунақа ритуал, ҳиндиларнинг бўйнига гулчамбар таққандай», деб тушунтирди. 

Маҳаллий мулла эса янги мусулмон бўлган карис биродар билан келин болага никоҳ ўқиди. Кейин ўртани обораëтган хезим келиннинг отасини даврага чиқарди. 

«Мана, ҳозир куëв бола ўз совғасини беради», деди. Куëв бўлса қайин отасига конвертни берди. Бунча пулни (3 минг доллар) илк бор қўлига ушлаган, оғир меҳнатдан қорайиб кетган, янги чуст дўппини тўй баҳонасида кийган амаки икки қўллаб пулни олди. 

Албатта, тўйда ичиб нетиб пулни йўқотмасин деб қошини тату қилдирган қайнона хола конвертни эрининг қўлидан олиб, лўпчигининг ичига тезда солиб бекитиб қўйди. 

Тўй видеосида бирорта ажабланган одамни кўрмадим. Ҳамма келин-куëвга бахт тилаган. Тўйга келган пирдухторлар эса «карис эр» қўшма корхонаси таржимонинг олдига бориб визитка опкетишяпти, «ë насиб» деб. 

Нима демоқчиман? Қиссадан ҳисса нима? Айтмоқчи бўлган гапим- қизларимизнинг куни карисларнинг микроскопик кичик асбобига қолди. Охир замон бўлди. Уят, иснод, дея ўзини занжир билан уриб дод солаëтганлар гапига ишонмайман. Станиславский айтгандай, «Не верю!».

Кема тешилиб, чўка бошлаганда ўзини сувга отган одам кийимим ҳўл бўлади, дея андишаланмайди. Мақсад қутулиш. 

P.S. Тошкентдаги «Салом» кафеси ëнида Мўғулистонга эрга берадиган «Монголиан эйр» ширкати иш бошлабди. Личкага ëзсангиз телефонини бераман. Ноумид бўлманг, ҳурматли пирдухторлар.

Мабодо дод солмоқчи бўлсангиз, мавзу кўп. Ўзбек ўғлонлари БАА, Саудия, Туркиядаги эркаклар тагида ëтиб, уларга хотин вазифасини бажариш учун кетмоқда. Катта оқим йўлга қўйилган. Ўшлик ҳажбоши 18 яшар йигитни алдаб, Жиддадаги араб эркакларига ўйнаш қилиб бергани ҳақида «Озодлик» қирғиз хизмати ëзувди. Россияда ўзбек ўғил бола фоҳишалар танини сотувчи тармоқлар гуриллаб ишлаб турибди. Қани энди ўзимизни занжир билан уриб йиғлашни бошлайлик. Разолат. Касофат. Исмат. Қисмат. Қани эркаклик иффати, ибо ва ҳаëси. 

ОММА ФИКРИ ВА ИНДИВИДУАЛ ЗАКОВАТ

Заковат эгаси ҳамма оққан тарафга қараб оғмайди. Мен ҳам амма ирғишласа, уларга қўшилиб шаталоқ отмайман.. Ўзимнинг фикрим бор. Миллиард пашша «гўнг энг мазали овқат», дегани билан менинг фикримни ўзгартира олмайди.

Журналист савиясиз оломон эҳтиëжини қондирадиган буюртма бажарувчи эмас, балки у ойдин фикр билан қоронғиликни ëритгувчи арбобдир.

Советлар даврида зеҳни ўтмаслашган ëзғучилар бугун ҳам омма нима дер экан, дея биомасса эҳтиëжини қондиришга тайëр туришади. 

Аммо Ғарб журналистикаси, хусусан, Британия публицистикасида мухбирлар заковат ўрнаги сифатида жамият фитратининг юксак чўққисида туришади. Бу публицистика битта фокусни ушлаб, жамият эътиборини қаратади. Заррада дунë акс этади, дейишади-ку билгичлар. Хуллас, бугунги мавзумиз паразитлар ҳақида. 

Паразит — бошқа бир организм ҳисобидан яшовчи организм.

Паразит ёки ижтимоий паразит — бегонанинг маблағи, меҳнати ҳисобидан яшайдиган одам, текинхўр.

Масалан, отнинг елкасидаги кана – бу паразитга яхши мисол. Кана отнинг қонини сўриб кун кўради. Мен сизларга инсон шаклидаги паразит ҳақида гапирсам.

Кореяга турмушга чиққан бир жувон Чироқчидаги 12 қариндошига ойма-ой пул юборар экан. 12 қариндош ишламай, ўша аëл жубарган ақчани майда тишлаб еб ўтиришади. Ора-сира эски кийилган кийимларни ҳам посилка қилади ўзи Кореяда бўлса ҳам юраги Чироқчида қолган келинчак.

Бешариқ туманида яшайдиган бир амакини танийман. Учта боласи ва эрдан ажраб, икки боласини еталаб келган синглиси билан бирга хароба уйда яшайди. Тўрт мучаси бут, тоғни урса талқон қиладиган ҳирсдай бу амаки ҳеч қаерда ишламай, уйда ўтиради. Хотини Россиянинг Зеленоград шаҳридаги кафеда идиш-товоқ ювади ва ҳар ой уйига пул юборади. 

Амаки яшайдиган уй роми бир қават. Деворлари илма-тешик. Уйга ўрнатилган арзон печкадан ис чиқиб, икки марта болалари ўлимдан қолди. Уй совуқ. Шу одам хотини юборган пулдан тежаб, уй деворини иссиқ бўладиган қилиниши ва икки табақали вакуум ойна ўрнатиши мумкин эди.

Кўмирга мўлжалланган темир печка олиб, мўрисини тутун сизмайдиган қилса ҳам бўлади. Доим чакка ўтадиган томга шифер қилса ҳам бўлади. Аммо бу амаки хотини юборган пулга улфатлари билан чойхонада ош қилиб ейди. Энг катта ЛСД телевизорни фалон пулга олиб ўрнатиб қўйибди. Эртадан кечгача сериал кўради бу паразит. Чунки китоб ўқишни билмайди. Икки жумла ўқиса, кўзи тиниб, мияси ачийди. Кечқурун чойхонага чиқиб, «сериал ахлоқсиз», дея ғўлдираб ўтиради.

Аммо короновирус деган бало келди-ю, паразитларнинг қуëши ботди. Ўрис юртдаги муҳожирлар ишсиз, уйсиз бўлиб, сарсон-саргардон йўлларда юрибди.

Беш миллион, ўн миллион қуллар ва туллар. Гарданда чўяндан қуйилган занжир. Нон дея, нон дея босароқ кечмишдир.

РАССОМ ТУЗГА РОСТОВДАН МАКТУБ

Россиянинг Ростов-Дон деган ўлкасида чодир қуриб яшаëтганлардан бири «Элтуз»га хат ëзиб, дардини достон қилди:

«Дод дегим келади, фарëд уриб йиғлагим келади. Севган қизимдан айрилдим, умримда ҳатто бир мартагина Нексия олиб минолмадим, ёшлигимдан буён қорним нонга тўймайди, устим бирон марта ҳам бутун кийим кўрмади.

Мардикорман руснинг ерида, миллатчи ва фашист руснинг қўлида.

Минг машаққат билан ишлайман, қўлларим музлаб кетса ҳам тишимни тишимга қўйиб лой қораман 15 даража совуқда.

Ойлик олган заҳотим банкдан бор пулимни долларга айлантириб, уйга жўнатаман ва ўзим яна 1 ой қуруқ нон чайнаб, қулдай ишлайман. 

Рублнинг қадри тушиб, кейинги вақтларда юбораётган пулим ҳатто бетоб бўлиб қолган ота-онамлар заруратига ҳам етмайдиган бўлиб қолди. Бетоб бўлиб қолишгани сабаби – газ йўқ.

Юборган пулимга кўмир олишса, еб-ичишга етмайди, еб ичишга сарфлашса, дори-дармонга етмайди, дори-дармонга сарфлашса, кийим-кечак олишга етмайди. Энди эса умуман ишсиз қолдим. Уйга борай десам, билетга пул йўқ. Чодирда гадой каби яшаяпман. Ўриснинг ити мендан кўра ўн чандон яхши яшайди.

Ҳаётми шу? Яшашдан маъно қолмади. Мазмун қолмади яшашдан. Ўлиб кетавер, биров ҳатто нега ўлибди, деб сўрамайди.

Бир бурчакка олиб бориб кўмиб қўйишса ҳам хурсанд бўл, омадли одам экансан.

Кўмилмасдан рус ўрмонларида бўриларга озуқа бўлаётганлар талайгина.

Ўқийман дедим, аммо пул йўқ эди менда. Ўқишга кириш бойларнинг боласи учун. 

Ўзбекларни кўриб хўрлигим келади.

 БОМЖ бўлиб юрибди ўзбеклар.

 Бундан ортиғи борми?»

ЎҒРИЛАР ТЎҒРИДИР, ТЎҒРИЛАР ЎҒРИ

Шунақа. Энг сўнгги тадқиқодларга кўра, Ўзбекистон юқори малакали мутахассислар оëғини қўлга олиб қочаëтган антимагнит, нотовону қашшоқ мамлакатлардан биридир.

Ўзбекистон заминида етишган минглаб мутахассислар, мана, Каримов иқтидоридаги 25 йилдирки, бирин-кетин Ўзбекистонни тарк қилиб, ўз билим ва маҳоратини ўзга эллар рафоқи учун харжламоқда.

Тошкентлик ген олимаси Лондонда Британия илм-фанига ҳисса қўшмоқда. Урганчлик жарроҳлар Африкада кўричак кесмоқда. Фарғоналик рассом Москвада халқаро санъат академиясини бошқармоқда.

Бахт уйлари кўпдир, бахтли бўлмадим, 

Оромгоҳлар кўпдир, олмадим ором. 

Ўғрилар тўғридир, тўғрилар ўғри, 

Ҳаромлар ҳалолдир, ҳалоллар — ҳаром.

Сабрим чидамади сабр қилмоққа, 

Тоқатим етмади қилмоққа тоқат. 

Ҳеч ким ор этмагач шармисорликдан, 

Энг шарманда юмуш бўлгач садоқат.

ЯПОН ТИЛИ

Япон тилида бир гап айтилса, бошқа гап тушунилар экан.

Ўзбек деб аталган қавмнинг тили ҳам шундай.

Олдига овқат қўйиб, қани олинг, десангиз: “Йўқ, ака, ҳозиргина ош еб келдим, қорним тўқ”, дейди. 

Ҳолбуки, ўзи оч, эрталабдан туз тотмаган.

Кўчада бировни кўриб қолсангиз: “Юринг, уйга ош қибераман”, дейди.

Ҳолбуки, уйи йўқ, ижарама ижара юради. Ижара уйида ошхонаси ҳам йўқ.

Америка ëмон, нафратланаман, дейди.

Ҳолбуки, 4 йилдан бери грин кард лотереяси ўйнайди, АҚШга кетсам деб тунлари ухламай чиқади.

«Европа чириб кетдииии», деб ëқа йиртади.

Аммо ўзи Германия (Франция, Британия, Чехия…) элчихонасининг олдида шенген визага навбат кутиб тонг оттиради.

Мен болаларни яхши кўраман, дейди.

Боласини олиб бозорда сотади, сотмаса оч-наҳор қўйиб, қулдек ишлатади.

«Жаннат оналарнинг оёғи остидадур», дейди.

Ҳолбуки, куни бўйи оғзидан чиққан ҳар уч гапнинг иккитасида онаси билан ëки бошқаларнинг онаси билан жинсий алоқа қилади.

«Мен ватанимда гадой бўлиб яшаганим яхши», дейди. 

Аммо Кореяга кетиш тестини топшириш учун «Кунтуғмиш» достонини ўқийди.

«Ака, абкетинг мани бу ердан, Африкага бўлса ҳам майли», деб кўзидан сияди бу ватанпарвар.

Ўзи пива-ароқ  ичади, ишламасдан бировларнинг пулига паразит каби яшайди, лекин кимнинг кофир эканлиги ҳақида эксперт бўлиб кетган.

Мана сизга япон тили.

Бу пайтга келиб Тошкентда дайди ҳайвонларни тутиш отряди иш бошлади. Отряд эгасиз ит-мушукларни ушлаб, терисини шилади. Кап- катта кишилар эркаклигим кучайсин, деб ит ëғини чотига сурадиган бўлишибди. Эҳ, фаросат. Эҳ, аросат.

Ўттиз-қирқ йил аввал Ўзбекистонда,

Бошқачароқ эди

Фаросат, дидлар.

У пайт ҳам

меҳр-шафқат

жо эди жонга,

аммо ўз жойини биларди

итлар.

Итлар курашарди бўрилар билан,

ўзларин отарди

балолар сари,

аммо одам учун — кўрпача, гилам,

итнинг жойи эса

эшикдан нари…

Сурув теграсида кезарди сергак,

қора тасодифнинг тўсиб йўлини.

Чўпонга бўларди

беминнат тиргак,

аммо

яламасди

унинг қўлини.

Босиқ дўст эдилар одам билан ит,

Энг оғир дамларда ҳозир —

мададкор.

Иш қилмас эдилар

бир-бирига зид.

Усмон Азим

САРИМСОҚ ЕЙИШ БЎЙИЧА ТАВСИЯ

Шу кунларда коронавирус олдида ўзбек тиббиёти оқ байроқ кўтариб таслим бўлганини эълон қилди. Аммо одамлар даво истайди. Британия олимлари эмчак сути коронага даво, дейишди. Қўшним тотор обзий бўлса нуқул саримсоқ ейди. Саримсоқ ҳидидан корона қочар экан. Ҳар ҳолда мен ҳам қочаман бу ҳиддан. 

Саримсоқнинг ўзини есангиз, ичингизни ëндирворади. Шу боис, уни мана бу тартибда енг. Семиз саримсоқ тишини паррак шаклида кесасиз. Яхши бултурги қазини ҳам паррак қилиб кесасиз. Саримсоқларни қази устига айлантириб ëзиб чиқасиз. Кейин устига яна бир қази паррагини қўясиз. Патир ноннинг орасига солиб ейсиз.

Мабодо қазига аллергиянгиз бўлса, саримсоқни қизил балиқ (лакс) ëки сëмга, у ҳам бўлмаса, форель балиғи орасига қўйиб ейсиз. Патир нон жиззали бўлса, яна яхши. Ош бўлсин. Секин узоқ чайнаб енг.

Уни еятганингизда бошқа очофатларлардан ижтимоий масофа сақлаш жоиз. Шотланд вискиси ëки ароқ (абсолют водка, русский стандарт)дан 50 граммини сағал олдинроқ ичволиш тавсия қилинади. 50 грамм, майли, 100 грамм. 

Лекин ундан кўпи зарар. 

ГУЛЧИ ТОҒА ҲИКОЯСИ

Одатда ваъз ичида эртак бўлади. Ўтган сафар иккита эртак айтгандим. Бу сафар менга келган мактуб эртакдай туюлди.

Ҳурматли Туз оға, шу мактубимни эълон қилсангиз, дейишди. Ағ- бағига қўл теккизиб, бу мактубни сизга илиндим:

«Эсимни танибманки, тирикчилик гулдан. Гул сотаман. Гул экаман. Шу гул боис бирим икки, ўним юз бўлди. Иссиқхона қурай деб бир-икки идорага бош урдим. Ишим битмади. Битта сўзи қиличдан кескир блогер бор. «Аши сизди ишди шессекундда битириб беради», дейишди.

Блогер ҳам маҳтал турган экан, «бир оғиз сўзингиз, тоға», деб рози бўлди. Эртасига эшигимни қоқиб келди. Гаплашдик. Яхши маслаҳат берди, «лимон экади деб рухсатти абераман, сиз гулизни экоурасиз», деди.

Ийманиб, «Сизни қанақа рози қиламан, ука. Неч пул?» дедим.

Блогер жавобидан кўзимга ëш келди:

«Бекарга (текинга) қибераман, тоға. Дуо қилинг, етади. Сизни кўзларингизда президент ислоҳотидан мамнунлик учқуни порласа, савоби менга ëзилади».

Мен мошинамни обчиқай десам, блогер ука унамади.

«Мана, таййяар мошин. Чиқоуринг, тоға».

Мошинада кетаëтиб, заправкага бурилдик. Тўла қилиб газ қуйиб бердим. Блогер бола чўнтак ковлаганди, «Қўйинг, ука, халқ хизматидасиз, бир сапар мен тўласам тўлаббанда», деб қўйдим.

Кетяпмиз, блогер боланинг телефони жиринглади. Бировнинг гапига қулоқ соладиган одатим йўқ. Аммо бу сўзлашувдан блогернинг ажрашган хотини телефон қилиб, «алиментти вохтида тўлаб қўй», деганини тушундим.

Блогер йигит тилпон қиган қизга, “Бола ўйнашингдан бўлган, сохта диэнкангни кўтингга тиқ. МИБди устидан порталга ëзиб берсам, кўтини қисади”, деди.  Кейин яна учта телефон ҳам алимент темасида бўлди. Йигитди гули бир неча бор қўйди-чиқди қилганов, деган фикр келди. 

Ликин бу унинг шахсий иши, менинг нима ишим бор бировни алименти билан.

Кетаëтсак, орқадан бир мошин кўзини ëқиб-ўчириб тўхта, деган ишора қилди.

Бу йигит парвоям қилмай кетоурди. Сал ўтмай мошинлар икки бўлди. Бири олдинга ўтди. Тўхташга мажбур бўлди блогер.

Қўлида бейсбол битаси ушлаган качок бола келиб дағдаға қила кетди:

«Иппплос. Қарзни қачон қайтарасан». Кейин яна биттаси келиб сўкишга қўшилди: «Бувингди с…й апрст- бизни лох деб ўйладингми».

Қарасам, шўрлик блогерни уриб ўлдириб, кўмиб ташамоқчи бу маънавиятсиз, ўқимаган жоҳиллар.

Ўртага тушиб сўрасам, арзимаган икки миллион пул.

Блогер бола: «Пул уйда турибди, шессекунда абкебераман. Худо урсин», деб мошин бардачогидан салафани ечилмаган Қуръон китобини олиб қасам ичворди.

«Сан иппплос худони шерик қима», деб қўлидаги бейсбол битаси билан солмоқчи эди, мен тутиб қолдим. Блогер йигитга қараб, «Ука, мен бериб турай шу қарзни. Кечқурун уйга қайтганда бериб қўярсиз», дедим. 

Кўчага иш билан чиқсам, сумкамга сал кўпроқ пул солволаман. На всякий случай. Мана, савоб йўлида сарф бўлиб, бир фидоий юртдош қарзи узилишига сабаб бўлди бу пул. 

Кечқурун берса бўлдида менга. Кечгача сумкада тургандан кўра бу пул биравди корига яради. Хуллас, икки миллионни барзангиларга бериб, йўлда давом этдик.

Шу пайтгача жим турган блогернинг жағи очилиб «қарзини қистаган» барзангилар адресига сўкиш ëмғирини ëғдириб кетди.

Омо лек. Ўрисча сўкишни бунақа кифтини келтирадиганни кўрмаганимга анча бўлувди. Бола пақир ўрис юртни ҳам айланиб ўрисча сўкишди сув қилиб ичиб кепти. Энди билганга бу ҳам бир ҳунарда. 

Блогер бола борадиғон идорамизга тилпон қилди. Соат 12да очиларкан қабули.

“Икки соат вохтимиз бор. Абет қиволайлик. Шу яқин жойда бир ошнамди ҳовузи бор. Балиқ боқади. Нонди биз оборсак, балиқни бекарга пишириб беради”, деди блогер йигит.

Ўйдим-чуқур йўллардан лойларга ботиб ҳовуз олдига бордик. Қозонларда балиқ жағир-жуғур пишиб турибди. Одамнинг иштаҳасини очадиган ҳидлар келади. Аммо балиқчи тоға бизни хушламай қарши олди:

“Икки йилдан бери кадастр чиқариб бераман деб, бекарга балиқ ейсан. Ўзинг еганинг камлик қилиб, ошналарингди ҳам еталаб юрасан. Есанг пулга олиб е, бўмаса бувингди а…га кириб кет”.

Бу гап менга қаттиқ тегди. Гапнинг қисқаси бугунги абетга қўшиб, блогернинг илгариги абетларини пулини ҳам тўлавордим.

Одаттим шу, есам пулга ейман.

Соат 12 да идора олдига бордик. Блогерга дакумент солинган кўк попкани узатдим.

“Сиз шу ерда жичча ўтириб туринг, мен шессекундда…”

Бир оз ўтиргач, шовқин эшитилди. Идора эшигидан блогер йигит орқасида тепки излари билан чиқди. Унинг ортидан бир тоға ўдағайлаб чиқди:

“Порталингаям, сенгаям қў——ғимни қўйдим», деб яна бир тепди блогерни.

Блогер йигит икки қўли билан бошини пана қилиб мен томон қочди. Мошина олдига туриб, қаддини кўтариб сўконғич тоғага тилипонини қаратиб, “Ҳозир ютубга чиқариб шармандангни чиқараман”, деб дўқ қилди. “Менинг ортимда Алламжонов турибди”, деди-да мени кўрсатди, ”Шу тоға Алламжоновнинг одами бўлади. Сен энди ўлдинг”, деди блогер.

Мулозим тоға бўлса, “Алламжоновингаям,  унинг одамигаям  қўто–мни қўйдим”, деб кўк папкани мен томонга отворди. 

Блогер йигит мошинага ўтирди. Тезгина жила қолдик. Йигит жаврашни бошлади. Аëн бўлишича, мулозимнинг сўкканини телефонига ëза олмабди. Айнаги синиб расм оладиғон кўзи ғилай бўп қопти тилпонни.

Менинг йилт янги самсунг телефонимга қараб деди: “Тоға, шуни бир кунга бериб туринг. Кечқурун битта коттаконни кўтини очмоқчи эдим. Видео тушириш керак”.

Мен ийманибгина, «шу тилпон керак бўлади менга» деб айтсам, шартта ўзининг эски тилпонини менга бериб “ма, олинг, тоға, ишлатоуринг”, деди. Мени саволомуз қараб турганимни кўриб, шартта мошинани тўхтатди-да, бардачокдан сим олиб, тилпонлар симкасини алмаштирди. Меники унга, уники менга.

Сал юргандан кейин сиқилганимни ҳис қилдим.

“Ука, мени шетта ташаб кетоуринг. Кечқурун ўзингиз анави икки миллион билан тилпонни уйга абкебаерарсиз”, дедим.

Мошина тўхтади. Блогер йигит каловланиб, “Тоға, кин бўўйи сиззи кетизда юрдим. Ҳеч бўмаса ужинга пул ташаб кетинг, тоға. Тўғри, блогер пул омийди. Нега омийди?  Ўзи аслида олиши керак. Журналист гонорар олади-ку”, деди.

Сумкадан пул чиқариб, сиденяга қўйдим. 

“Оз-у бу, тоға. Яна жичча қўшинг. Икки милион пулингиз ва тилпонни бугун кечқурун ташаб қўяман уйизга”.

Қутулганимга шукур қилиб такси олиб уйга кетдим. Таксист камгапгина бола экан. Қулоғим дам олди.

Кечқурун пулдан ва тилпондан дарак бўлмади. 

Эртасига блогернинг уйига тилпон қилдим. Аяси олиб жавраб кетди:

“Сизларни ўйлайман деб ўғлимни қамаб қўйишди. Болам халқни ўйлади, аммо халқ боламди ўйлаб турган ери йўқ. Тоғамди ўғли адвокат, аммо уям ўрдерга пул тўлаш, деб турибди.  Агар озгина атаган жойингиз бўлса, шу ўрдер пулини тўлаб беринг”.

Ғулдураб айнаги синиқ эски тилпонни ўчирдим. Икки миллион сўм ва телефондан айрилганимга ўзимни руҳан тайёрладим. 

Компьютерни ëқиб сайтларга кирдим. Битта сайт “Блогернинг 15 суткага қамалгани иддао қилинмоқда”, деб ëзибди. Яна бир чет элдаги сайт эса “Инсоният буюк блогердан 15 кунга айрилди, энди мусулмонлар нима қилади?” деб ëзибди. 

Бир мусулмон сифатида жудо бўлганим телефон ва пуллар борасида  «чирайли сабр» қилишимни тушундим. Яна 15 кундан кейин бу блогернинг қамағдан чиқишини билганим учун инсониятга ачиндим. 

Бундан буëн ўлип қосамам блогернинг ëнига яқинлашмайман деб ўзимга сўз бердим. 

Гулчи тоғангиз Махамат ака”.

Хатнинг ағ бағини тўғиллаб сизга ўқишга берган Рассом Туз. Так что любой притензия гулчи тоғага. Бу матн ҳеч кимди агаротига тош эмас. Любое совпадения это случайность.

ХАБАРЛАР

Туз оға, нега бу сафар хабарлар йўқ, дейишди. Хабарлар ҳазин ва маъюс. Катюшани маромига етказиб айтадиган мулозим Барноев коронадан ўлди, аммо жанозасига Жириновский келмади.

Оқибат йўқ ўрисда. Маҳалла вазириям коронага йўлиқибди.

19 сентябрь саҳар тўртларда Тошкентинг Учтепа туманида қашқадарёлик 19 яшар Севара 23 яшар юртдоши Асилбекнинг «Ласетти» мошинасини ëқворди. Сабаб: Асилбек бу қиз билан юриб «уйланаман» деб ваъда бериб, уйланмай бошқа қизларга қараб кетибди.

Қизлар ҳужумга ўтишда давом этмоқда. Сағал олдин бир аëл киши ўзи билан отношенияда бўлган экс партнери Улуғнинг мошинасини ëқувди. Мен томонга қиë боқиб, қўлимни ушаб ўпдингми, демак менга уйланишга мажбурсан, деган ақида асосидаги движуха. «Улуғимсан, Улуууууғ-им!».

Жадид отамиз Беҳбудий «Миллат қандай шаклланади» деган мақоласида «одамларнинг арзон ҳашамат ва ҳою ҳавасга қизиқиб ҳақиқий ирфондан узоқда» қолганидан афсусланади. 19-асрда ҳали руслар ишғол қилмасидан туриб Хивага саëҳат қилган олим Вамбери шаҳар халқининг тўйда отилган мушак, рақс тушадиган ўғлон бола (бачча) ва маддоҳ (диний чўпчак айтадиган воиз)ларга ўта қизиқишини ëзган эди. 1873 йилда Хивага борган АҚШ  журналисти МакГахан ҳам буни тасдиқлаб, «ўғри мулозимлар ҳам обрў-эътиборда» бўлганини қўшимча қилади. 

Орадан 100 йилдан зиëд вақт ўтиб нима ўзгарди. Агар шаҳарга кибернетика, математика ëки физика фани бўйича кашфиëт қилган олим келса, ҳеч кимга қизиқ эмас. Мабодо фонограммада қўшиқ айтадиган хонанда, лифтда ашулачини қучоқлайдиган созанда ëки биров ëзган матнни қироат билан ўқийдиган сухандон келса, шаҳарнинг ярми ишини қўйиб югуради.

Миясида ҳирс ва шаҳватдан бошқа нарса бўлмаган дин тужжори келиб маъвиза қилса, ҳамма ўзини унутиб талпинади. Борини уларнинг олдига ташайди. Мабодо кокил қўйиб, ашула айтадиғон бириси ўлиб қолса, ëс тутиб «қандоқ яхши одам эди-я», деб уч кун йиғлайди.

Сал олдин улуғ физик олим, шоир Ойбекнинг бек ўғли Бек ака Тошмуҳаммедов оламдан ўтди. Биров билди, биров билмади.

Беҳбудий таъриф берган қолоқ миллатнинг авом мансублари шиша синиғини олмос деб билади. Ўғрини азиз, сўпини авлиë дейди. Мабодо орасидан бир «миллатни яхши кўргувчи» чиқса, уни «таффонча бирла отинг», дея юртбошисига ëлборади.

 Америкадаги ҳиндулар Колумб кемасида келган денгизчиларга олмос ва олтинларни бериб, эвазига шиша синиқларини олишган. Бунинг бадали нима бўлди. Ҳиндулар дунëдан йўқ бўлди. Буюк ғози пошшо Мустафо Камол Отатурк айтганидай, «Ухлаган миллат уйғонмайди. Мабодо уйғонса, абадий қул бўлиб уйғонади». Бу доно гапга қўшадиган бир жумлам ҳам йўқ.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак.

Рассом Туз

Тағин ўқинг
15 май 2024
Маълум қилинишича, 15 май куни Сариосиё туманидаги “Жаннатмакон” МФЙ ҳудудига кутилмаганда айиқ келиб қолган. Йиртқич ҳайвон аҳоли турар жойларига ...
11 ноябр 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоят мактубни ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Фарғона, Тошкент, Андижон ва Қашқадарё вилоятларидан келган. ...
21 сентябр 2020
Аёллар дискриминацияси ва гендер тенгликка қарши ҳаракатлар аввал масжидларда, ички ишлар ходимлари орасида (аёлларни ечинтириб, тўдалашиб томоша қилиб видеога ...
16 сентябр 2019
Тошкентнинг жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида 9 сентябрь куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...