Асосий мавзулар
9 октябр 2020

РТдан ваъз: Мирзиёевнинг қизига таъзим қилиш бошланди

Мана, гир этиб бир ҳафта ўтдию кетди. Ҳафта ичида қирғизлар ҳукуматни ағдаришга ҳам улгурди. Ўзбек мулозимлари эса ҳукумат хазинасини ўмаришда бардавом бўлишди.

Ўзбек халқи қирғизларни сабрсизликда айблади. Мана, биз олдинги президентнинг тагида 27 йил «ғинг» демай ëтиб бердик. Худо умр берса, Мирзиëевнинг тагидаям  30 йил ëтамиз, чиройли, сабр қилиб…

Шунақа деб турсам, чапани шоир биродарим Шукур Жаббор кўкрагига шаппатлаб дакки бериб қолди:

«Э,  солиштирманглар унақа.

Кўп постларда ўзбек билан қирғизни солиштириш бошланибди. Ҳаҳ, ер билан осмонча фарқи бор. Ҳатто 180 даража яқин келмайди. Эҳ-ҳе, сизлар Арктика музлиги билан Саҳрои кабирни қиёслабсизлар. Умид ҳам қилманг!!! Ўзбекчалик ёлғончи халқ йўқ дунёда. Бунинг номини андиша деб ўзимизча номлаб олганмиз. Қорни оч одам меҳмонга келса, олдига овқат қўйсангиз, “Йўқ, раҳмат, қорним тўқ”, дейди. Бу  андиша эмас, қип-қизил ёлғончилик. Амалдорлар зулмидан бир қанча касаллик орттириб олган, чолдевор харобада яшаётган бир оёғи гўрда турган чолнинг ёнига келиб ТВга интервью олиш учун “Қандай яшаяпсиз?” деса, “Осмонимиз тинч, яхши яшаяпмиз”, дейди. Эҳ-ҳе, ёлғон мулозаматларни фазилат санаймиз. Шундай экан, солиштирганларингизни кўриб, кўрсавод эканингиз учун роса кулдим.

Қирғиз-чи? Ҳокимларига тикка  гапиради. Ёқмаса, қувиб юриб уради. Фаразан сиз бирор қирғизга ёқмасангиз, башарангизга қараб “Сен жақмаятирсан”, деб дангал айтади, ҳатто меҳмон бўлсангиз ҳам. Ичида гап сақламайди. Бу чиндан энг тўғри йўл. Худога ҳам хуш келади бу очиқлик. Уларнинг ичида яшаганман, қариндошларим  бор.  Ўзбекка ўхшаб, орқасидан гапириб, гина-кек сақлаб юрмайди, бетига қараб шартта айтади. Шунинг учун ҳам Худога яқин улар.

Ҳатто бир сафар қирғизда сайлов пайти 60 та партия бўлиб кетди. Бундай ҳолатни дунё  ҳали кўрмаган. Майли-да.

Шундай экан, кулгимни қистаманглар…»

Ҳа, Шукур Жаббор – сенда бир гап бор! Ростан ҳам қирғизлар бошлиқнинг олдида бизга ўхшаб бўйнини қисиб, урушда енгилган қанжиқ итдай бўлиб юрмайди. Мана, масалан, Ўш шаҳри кенгаши раиси Жапар Ўрмонов қўзғолончилар тарафидан дўппосланди. Бировларнинг айтишича, уни уриб, қозиқдай қилиб ерга киргизворишибди.

Шу ўринда савол: “Жангномаий Або Муслим Соҳибқирон” китобидаги бир масалага шубҳа қилиб қолдим. Або Муслими Соҳибқирон билан Носири Сайёр Беор дашту Хуросонда жанг қилганида ул жанобнинг бошларига Носири Сайёр тўқсон олти минг ботмонлик гурзигарон билан урган эди. Шунда ул жаноб тиззасигача ерга ботган эдиларми ёки белигачами?

Бу савол жавобини, албатта, ëзиб видео тагига пост қилиб ëзиб қўйинглар. Кейин каналга «подписатса» қилиб қўйинглар, сафимиз кўпайсин.

Одам анатомияси

Биласиз, рассомман. Рассомлар ҳам дўхтурлар каби ўликхонага бориб одам анатомиясини ўқийди.

Пластик анатомиядан илк сабоқ олганимга ҳам 30 йилча бўлибди.

Ҳайкалтарош Абдимўмин Бойматов бир сеҳрбоз каби инсон бадани деб аталган иншоотнинг “ғишт”ларини бизга бир-бир кўрсатган эди.

“Инсон баданини либос яширади, либосдан мосуво бўлган тана – ярим ҳақиқат. Агар тана устидаги тери шилиб олинса, биз инсон ҳақидаги бутун ҳақиқатни билиб оламиз”, деган эди устоз.

Аммо туппа-тузук одамнинг нега ваҳшийга айланиш сирини ҳайкалтарошлик санъати менга айтиб бера олмади.

Бу сир адабиëтнинг сарғайган саҳифаларига яширин эканини кейин англадим…

Боғи кўкармаган бахиллар

20 йил олдин иморат қуриш каби машаққат ичида эдим.

Уй ғиштини тераëтган усталардан бири ëн-атрофда қад кўтарган ҳашаматли иморатларга кин ва нафрат билан қараб, “Кечқурун келиб, бу уйларнинг бирини ҳам қолдирмасдан ўт қўйиб кетсанг”, деди.

Унинг кўзларидаги нафратдан қўрққулик эди.

Мен бу одамнинг суратини қаерда кўрдим, деб ўйланиб, ўйланиб охири топдим. Чингиз Айтматовнинг «Бўтакўз» романидаги Абакр эди бу.

Ўқиш-ëзишга чанқоқ, тийран ўспирин Камолни таҳқирлаб, “Эй, академик, тумшуғингга тушираман”, дейдиган ва пировардида талончига айланган салбий қаҳрамон.

Ëки «Оқ кема» қиссасидаги отаси тенги чолни таҳқирлаб ҳузур оладиган ароқхўр Ўрозқул эдими у?

Чинликка кўчган тўқима

Бир йили АҚШда истиқомат қиладиган қирғиз оиласи билан ҳамсуҳбат бўлдим. Суҳбатдошларим Чингиз Айтматовдан норизо эканларини изҳор қилишди.

«Қирғизни ваҳший қилиб кўрсатиб, буткул элга шарманда қилди», дейишди улар.

«Ҳеч замонда қирғиз отаси тенги одамни соқолидан судраб урадими?» дейишди.

«Ҳеч замонда қирғиз қўлига болта олиб, бешикни толқолайдими?», дейишди.

«Ҳеч замонда қирғиз молдай ичиб хотинини калтаклайдими?» дейишди.

«Ҳеч замонда қирғиз қуролсиз бир бечорани саксовулга оëғидан осиб тагидан ўт қўядими?» дейишди…

Ҳа, энди, бу бадиий тўқима образ, дегандим ўшанда.

Улар эса «адабиëт тўқимасин ва чинликни акс эттирсин», дейишди.

Бу суҳбатдан беш-олти ой ўтиб, Ўш ва Жалолободдаги ваҳшийликлар ëзувчи Чингиз Айтматов қиссасидаги чинликдан кўра даҳшатлироқ бўлди.

Кошки шундай бўлмаса эди. Кошки бу ваҳшийликлар китоб саҳифаларида қолса эди.

Кошки.

Айтматовнинг «Қиëмат» романида Мўйинқумдаги бир журналист бир гуруҳ ваҳшийлар тарафидан қатл қилинади.

Бешта маҳаллий ароқҳўр – Обер Кандалов, Мишаш, Кепа, Гамлет Галкин ва Абориген Узоқбой бир журналистни ушлаб олиб саксовулга осиб тагидан ўт қўйишади.

Буларнинг ваҳшийлигини кўрган китоб қаҳрамони – иккита бўри Акбара ва Тошчайнар ҳам йиғлайди…..

Қиссадан ҳисса

«Оқ кема» асаридаги болакай Ўрозқул қилган ваҳшийликларга чидамасдан ўз жонига қасд қилиб бу дунëдан кетади. Ўрозқул эса айш-ишратни давом қилдираверади.

«Бўтакўз» қиссасидаги талончи Абакр олтин тангани олиб овулдан катта шаҳарга равона бўлади.

«Қиëмат» романида журналист Авдий Каллистратовни таҳқирлаб ўлдирган Обер Кандалов¸ Мишаш¸ Кепа¸ Гамлет Галкин ва Абориген Узоқбойлар сайғоқ гўштидан кабоб еб¸ қўлбола ароқни симириб¸ нафрат ва кин тўла ҳаëтларини давом эттиришаверади.

Айтматов китобларидаги ижобий қаҳрамонлар бир-бир ўлиб кетишди¸ салбий қаҳрамонлар эса яшамоқда.

Совет номенклатураси чиғириғи уларни лавозимлар ташқарисида сақлаган бўлса¸ иттифоқ тарқагандан кейин улар бийлик деб аталган маржонга тизилишди.

Олдин Абакр («Бўтакўз»даги образ) академикнинг тумшуғига туширишни орзу қилган бўлса¸ бугун у академикларнинг тумшуғини бемалол эзмоқда.

Мамлакат сиëсий уфқларида эса Обер Кандалов¸ Мишаш¸ Кепа¸ Гамлет Галкин ва Абориен Узоқбойлар туришибди..

Бугун Ўзбекистон президенти ҳақида бир яхши гап айтиб қўйсам. Шавкат Мирзиëев бир пайтлар қадимчи муллалар тарафидан Қаршида сўйилган маънавий падарим Беҳбудийни орден билан мукофотлади.

Севиндим. Ҳар холда бобом. Зулматда йўл кўрсатгувчи йўлчироқ. Денгиз қасирғаларида мени қутқарадурғон компас устурлоб.

Бугун қадимчилар бемаза қовун каби урчиб¸ тараққиëт ва ирфонга бетсизларча ҳужум қилиб турган пайтда жадид, яъни модернист бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийни эсладим.

Туркистон ғояси байроқдори бўлган бу бобомизнинг 1918 йил январда ëзган мактубини бирга  ўқишда хайр бор, деб билдим.

Ҳақ олинур, берилмас:

Маҳмудхўжа Беҳбудий мактуби

Азиз қариндошларим! Мусулмон биродарлар! Ҳаммангизга маълумдурки, Туркистон, демак — туркий эл бўлиб, мундаги халқнинг қозоғи, қирғизи, сарти, ўзбеги, туркмани, татари — ҳаммаси аслан… жаҳонгир… Темурнинг авлоди ёки оға-инисидурлар. Туркистондаги араб, хўжа ва сайидлар-да ўз тилларини йўқотиб, балки билкулли турклашиб ва ҳатто, арабликларини эсларидан чиқориб… ҳар жиҳатдан бирлашиб кетгандурлар. Туркистонинг энг оз шаҳарларида ва баъзи тоғларида бир оз форс, яъни тожиклар борки, алар ҳам камолан мусулмон ва сиз ила ҳаммазҳабдурлар.

Тирикчиликларининг ўзбеклардан фарқи йўқ даражададур. Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Туркистондаги, Қозоғистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва ҳам мундаги яҳудий ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалга келишига саъй ва эҳтимом этмоғимиз лозимдур.

Бобокалонларимизнинг машҳур насиҳати бор, у ўз ўғулларига қилиб эдики, бирлашингиз. Масалан, бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимса синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бирин-бирин ҳар ким синдурар. Мана, бобонгизнинг буйруғи.

Чироғларим! Бошқа халқлар, масалан, серблар, итальянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар, ҳатто дунёнинг у бир учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва кувватли давлатларга тобеъ бўлуб, ютилуб, ҳатто тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қaриндошларимиздан айрилсак, уятдур, ахмоқликдур. Турк томурига болта урмоқликдур.

“Оллоҳнинг ипига бирлашингиз ва тарқалиб кетмангиз” Тангрининг сўзидур. Бошқа газеталарнинг кўчирмакларида ражо ўлинур.

Маҳмудхўжа Беҳбудий

Самарқанд, “Ҳуррият” г., 1918 йил 26 январь

Ислом, Карим ва Абдуғани ҳикояси

Куни кеча Шофирконда туғилган уч эгизакка Миромон, Мирзиё ва Саида деб исм қўйилди. Бу эса менга манави ҳикояни эслатди.

Бундан 18 йил олдин бир таъмагир падхалим ўзбек оиласида уч эгиз туғилди. Болаларга Ислом, Карим, Абдуғани деб исм қўйиб, эшикка қараб ўтиришибди. Ит ҳам келиб бир нарса бермади.

Қашшоқ, аммо лаганбардор оиланинг бу уч фарзанди зўрға ҳарф танийдиган дангаса бўлиб етишди. Бу уч йигит автобусга чиқиб, Қозоғистон орқали Россияга ишга боришди.

Бир ой ишламай, Исломнинг бошига қурилишдаги бетон устун тушиб кетди. Ислом дарров тил тортмай ўлди. Карим билан Абдуғанига қурилишдаги ўзбеклар пул йиғиб беришди.

Шу пулга Исломни темир тобутга солиб Ўзбекистонга юборишди. Аммо Карим билан Абдуғани чипатага пул топмай Россияда қолди. Сал ўтмай Карим қамалди.

Болалар майдончасидаги алюминдан ясалган оққуш ҳайкaлини тагидан кесиб, метоллoломга топшираëтганида қўлга олинди. Абдуғани ҳозир ишсиз. Ростов Донда чодирда битига ботиб ëтибди.

Ўғрилар ва лаганбардорлар

«Улуғвор ниятларга кор қилмас ажал, Ким юртидан ёвни қувса, мендурман ўшал», деган сатрларни  улуғ шоир Мақсуд Шайхзода ëзган.

Демак, Ботир Эргаш дегани шунчаки плагиат, Шайхзода 1967 йил оламдан ўтган. У 1944 йилда “Жалолиддин Мангуберди” трагедиясида ўз юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун мўғул истилочиларига қарши курашган сўнгги Хоразм шоҳининг жанговар жасоратини тарихан аниқ ва ҳаққоний тасвирлаган.

Ўзбекистонда ҳар қандай ғоя, ҳар қандай диссертацияни олинг – ҳаммаси ПЛАГИАТ. Ўғирланган. Амир Худойберди деган шоирнинг «Девоналармиз» деган шеърини битта Мошаëн деган диндор шаир ўғирлаб Юлдуз Усмоновага сотворган.

Ботир Эргаш деган апрс эса Шайхзоданинг шеърини меники деб Озодга пуллабди. Самарқанддаги туризм университети ректори принтерда Бўшноқ университети дипломини принт қилиб, ўзини доктор деб эълон қилибди. Гдлян буларга қарата «Ўғри» деганида ҳақсиз эдими?

Расмда президентнинг хотинидан туғилган тирранча Саидага қараб таъзим қилаëтган амалдор акс этган. Бу эгилиб таъзим қилаëтган тавиянинг оти Абдужаббор Абдувоҳидов.

Абдужаббор, сенда бир гап бор. Бу Абжаббор деган тавия президентнинг илм-фан бўйича маслаҳатчиси. Пишган калладай тиржайиб таъзим қилишини қаранг бу фан маслаҳатчисини.

Вой, сени туққан онангни ҳанги эшшаклар қуваласин. Туркманистон анча чангда қолиб  кетди. Яқиндагина бу Абдужаббор Каримовнинг ўрис хотини туққан Гулнора олдида таъзим қиларди. Умуман, 99 фоиз Ўзбекистонда одам шунақа, мол. Умуртқасиз ҳайвон булар.

Музларнинг эриши

«Оттепель» – бу музлар эриши деган маънони беради. Сиëсий термин.

1956 йили СССР раҳбари Хрушчев коммунистларнинг ХХ қурултойида нутқ сўзлаб, Сталин шахсига сиғинишга барҳам берган эди.

Хрушчев ўз нутқида Сталин амалга оширган репрессия ва қатли ом кўламини очиб беради.

Жамиятда илиқлашув бошланади.

Ҳукумат дея аталмиш тузилманинг сакраллиги ва қуддуслигига шубҳа пайдо бўлади.

1968 йил. Урганч. Биринчи май намойишини вилоят ТВсининг бир гуруҳ журналистлари кўчма ТВ станция орқали тўғридан-тўғри эфирга узатмоқда. (Ўша пайтда Ўзбекистонинг Тошкент, Урганч ва Нукус шаҳарларидагина телемарказ бўлган).

Ленин ҳайкали остидаги минбарда обком ва райкомлар қўл силтаб турибди.

Махсус кўтарма кран устидаги юмалоқ супада улкан ТВ камерани  оператор бошқармоқда. Ëнида эса яқиндагина Свердлов шаҳридан қайтган сочлари жингалак журналист.

У Свердловскда «Уральский воин » газетаси редактори бўлиб ишлаган эди.

Ўша пайтда Борис Ельцин Свердловск обкоми котиби эди. Ундан олдин эса Свердловск ДСК бошлиғи эди.

Хуллас, Борис ака билан бирга ишлаб,  ҳамшиша бўлиб, чапаниликдан сабоқ олган хоразмлик мухбир «минбарингга палонимни қўйдим», дейди.

Оператор эса «давай, амалда кўрсат», дейди ва кран лот ричагини босиб қурилмани обком котибининг нақ пешанасига борадиган қилиб силжитади.

Шунда бу чапани мухбир вилоят раҳбарига асбобини чиқариб кўрсатади (ва жазоланмайди). Мана бу «оттепель» эди.

Бу мухбир узоқ умр кўрди. Журналистика соҳасида 40 йилдан кўп ишлади. Ўз аризаси билан КПСС сафидан чиқиб, “Эрк” партиясига аъзо бўлди. Ҳурмат ва иззатда оламдан ўтди.

У асбобини чиқариб кўрсатган обком секретари эса пахтани қўшиб ëзишда айбланиб, қамалиб кетди. Қамоқда ҳамма сафдошларини бир-бир сотди.

Қиссадан ҳисса шуки, лаганбардорликдан кўра чапани жасорат маъқул. Ҳукуматда эса фақат козёллар бўлади.

Япон турнасини қовуриш

Россиядаги уч ўзбек Қизил китобга кирган япон оқ турнасини еганликда айбланди. Зоопаркдан қочган турнани ишчилар қовуриб еган.  Ейди-да энди. Уларга томоқ пишириб берадиган ойбикалар Ўзбекистонда қолган бўлса.

Кап-катта олий маълумотли аëллар эрларини ХЎЖАЙИНИМ деб гапиришади. Мен билган эри бор барча журналист опалар ҳам шундай дейди. Қулнинг хўжайини бўлади. Итнинг эгаси бўлади.

Мабодо ит тилга кирса, хўжайиним деб гапирарди. Хўжайин сўзининг оппозити қул. Эрим денг. Шу яхши. Қозоқ-қипчоқлар бойим дейди. Энди ҳозир кўпчилик эрлар вааабше камбағал.

Чўнтаги ҳеч қачон пул кўрмаган. Уларни бойим деса, кесатгандай бўлади. Хоразмда ËШУЛЛИ дейди. Энди ҳозир баъзи альфонс эркаклар пули бор ëши катта жувон опа ҳалимахонлару сапурабегимларга тегиб кетяпти.

Туркманлар «Эшшини қақаси» дейди. Яъни катта ўғилнинг дадаси дегандай. Мураккаб экан. Яхшиси бири хотиним десин, яна бири эрим. Бўлди, тамом. Хўжайин деган сўзни чиқинди қутига отинг.

Ёниб-куйиб яшаш…

Избосканда пахта бункери машаққатга чидамай ëниб кетди. Ëниб- куйиб яшаш шуми? «Темир хотин» киносидаги робот опаям ўзини ëқувди. Ўтган ҳафта Наманган шаҳрида Гуландом Дадабоева ўзини МИБ ходимлари олдида ëқиб юборган эди.

Бир пайтлар америкалик Саманта Смит деган қизча ўлганда бутун ўзбек шоир ва шаиркалар срази шеър ва ғазаллар битиб ташаганди. Худди улар қачон Саманта ўларкан деб қаламини чархлаб тургандай.

Худди шундай, Гуландом ўзини ëқиши билан Ўзбекистондаги шоир ва шаирка зоти бўлса, шиғир ëзиб, жилаб ëтибди. Эҳ, шоир элим.

Менга шеърдан кўра қўқонлик опагинам Малика Аъзамжоновна ҳикояси ëқди.

:..Бир аёлни биламан. Икки фарзанди бор. Эр жонивор дангаса, такасалтанг. Каптарвоз. Осмонга каптарини учириб, соатлаб томоша қилиб тураверади.

Бу эрга бирор иш топилса, иш ёқмайди, иш ёқса, ойлиги ёқмайди.

Аёл ҳамшира бўлиб ишлайди. 0,50 ставка иш. Ким отпуска олса ёки кимдир ўрнимда ишлаб беринг деса, ҳеч йўқ демай ишлаб беради. Қўшимча ҳар қандай ҳалол иш бўлса, ишлаверади. Баъзан қўшниларидан сут олиб келиб, ишхонада сотади. Қишда тандирга керак бўлади, деб фермердан фақат ғўзапояси учун пахта жойи олган.

Айни вақтда эса ишхонадан отпуска олди. Нега, биласизми? Атай пахта териш учун!

Ҳикоянинг давоми янада қайғули. Бу бечора аëл 16 яшар боласини дурадгорга шогирд қилиб берган экан, кўзига мих кириб кетибди. Қайғу алам ва қашшоқлик бирга юради.

Аммо ҳеч нарсамиз йўқ бўлса ҳам тилимиз бор. Дардимизни айтадиган, ëлбориб ëқарадиган тилимиз. Бундан 30 йил олдин ўзбек тили давлат тили дея эълон қилинган эди. Митингларда элдошларимиз тилимиз озод бўлсин, деган эди.

Таниқли ўзбек шоири Мирзо Кенжабек эса турли сабаблар билан чет элларга чиқиб кетган ўзбекларга атаб “Тилингизни асранг”, дея шеър ёзганди.

(видео)

21 октябрь – Тил байрами барчага муборак бўлсин.

Ассалому алайкум, Ўзбекистон, жума муборак.

Рассом Туз

Тағин ўқинг
19 май 2018
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида бошланғич синф ўқувчилари манглайига ручка билан «2» қўйган ўқитувчилар иши прокуратурага оширилди. Тошкент вилояти халқ ...
7 апрел 2016
Ўзбекистонликлар орасида сўнгги кунларда авж олган 16 ва 32 килограммлик полвонтошларни қидириш васвасаси машҳур «Олтин девор» пъесасини эслатади, фақат ...
16 феврал 2021
Президент Шавкат Мирзиёев ёшларни иш билан таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига топширилганини жорий ...
28 ноябр 2019
Туркияда яшаётган таниқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақидаги ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...