Асосий мавзулар
16 октябр 2020

РТдан ваъз: Оқсоч етиштирадиган қорасочлар мамлакати

Азизларим, оға, ини, опа, сингил, катта ва кичикларим. Мана, яна учрашдик. Олдинги учрашувимиздан бери 168 соат ўтибди. Етти марта кун чиқиб кун ботди. Ҳафтаям юмаланиб-юмаланиб ўтди кетди.

Ҳафта нима ўзи. Ҳафта бу 7 кун. Бир дўстим ўрмон яқинидан ер сотиб олиб, 7 кунда уй қуриб, кирволди. Лего каби бўлаклардан иборат уйни Финляндиядан юк машинасида олиб келиб беришди.

Дўстим ва яна икки ишчи қўлидаги қоғозга қараб 7 кун ичида уйини тиклади. Унинг айтишича, уй олти ярим кунда битган. Дўстим уй олдида мангал ëқиб, кабоб қилишга ҳам улгурган.

Одамнинг уйи бўлгани яхши. “Ўз уйим – ўлан тўшагим”, дейди ўзбеклар. Ўзбек бойиса том солади, қозоқ бойиса хотин олади, дейди қирғизлар. 

Дарвоқе, қирғизлар бўз уйни бир кунда қуради. Элликта ходанинг учини бирлаштириб, устига намат ëпса, шуям уй. Улар бўз уй деганини биз ўтов деймиз, чодир деймиз. Уй деган ҳашаматли, олтин қуббали бўлиши керак.

Айтишларича, президентнинг куëвлари ўзига зўр уй қуриб олибди. Аммо синмасни кулол, ўлмасни худо яратмас. Ҳатто президент куëвининг уйи ҳам бир кунда ëниб кул бўлиш хусусиятига эга.

Тошкентда дув-дув гап, президент куëвининг уйи ëниб кетиб уйсиз қолибди бечора. Ичкуëвнинг ҳўкизи йўқолсаям, уйи куймасин. Аммо куëвлар тирик, уйсиз қолмайди.

33 миллионлик сахий халқимиз бор. Бир бурдадан берса тўйдиради. Лекин ҳеч қачон бир муштдан уриб ўлдирмайди. 

Биз турмуш кетидан чопамиз, ажал эса орқамиздан қувиб етади. Ўлим чопари учун оддий шўпир ҳам, министру ҳоким ҳам бир хил. Мана, яқиндагина «Катюша»ни баланд овозда айтиб, ўрис оғаларини сел қилган бош вазир ўринбосари Барноев ўлувди.

Унинг ўрнига келган Шуҳрат Ғаниев короновирусга чалинибди. Барноевнинг курсисидан юққан дейишди, ишонмадим. Чунки ковид вируси курси юзасида фақат  28 кун яшайди, холос. 

Кечган ҳафта якуни

1. Анави эр хотинига бўқ едирмаган. Яъни едирган-у, аммо ивирсиқ хотиннинг ўзи айбдор. 2. Турдимов оқсоч демаган. Деган-у, аммо у ҳамма ўйлаган нарсани кўзда тутмаган.

3. «Мендирман Жалолиддин» киносида ўғирлик бўлмаган. Бўлган-у, фақат бошида ўғирлашган, кейин ўғирламай қўйишган.  4. Лазиза интервью олган аëл аслида эркак. Яъни олдин эркак бўлган-у, кейин чукини тагидан кестириб ташлаган.

5. Қирғизстонда президент ағдарилмаган. Ағдарилган-у, аммо сизлар ўйлагандай эмас. Ўзи кетмоқчи. 6. Тожикистон президенти сайланди. Аслида сайланмайди, шундоқ умрбод лавозим даласига қозиқдай қоқилган.

Бошқа хабарлар йўқ. Бор-у, лекин хабаргаям ўхшамайди. Масалан, Дубайнинг иккинчи ë биринчи валиаҳди ўз оқсочлари билан Бухорода ов қилишга келибди. Бир сен кам эдинг бахтимиз тугал бўлишига. 

Мана бу гап эса хабардан кўра кесатиққа ўхшайди. Ҳозир қамоқда ëтган Гулнора Каримованинг телекоммуникация бўйича коррупцион жиноятларига шерик дея кўрилган бош вазир Арипов коррупцияга қарши чиққанларни «популист» деди.

Унга қараб блогерлар ўзинг популист дейиши билан ҳисоб биру бир бўлиб, ҳаммаси унутилди.

Блогер Далиевнинг ëзишича, Зангиотада чироқ ўчиб, ковид марказида ажал қўпибди. Кислородга уланганлардан 300 таси нариги дунёга сурворибди.

Мен бунга сира ишонмадим. Зангиота тўла генератор бўлса. Чироқ ўчиши билан шессекундда генераторга уланади-ку. Қолаверса, “Қутлуғ қон” видеофильмидаги Нури айтганидек, “ҳар дардни худо беради”. Ажали етган чироқ ўчмасаям ўлаверади. 

Камчаткада ўзбек аëл 53 яшар ўзбек эркакни ўлдириш учун 100000 рублга қотил ëллади. 20 минг аванс олган қотил полицияга борди. Полиция эса бу ўзбек аëл учун қотилликни театр қилиб саҳналаштириб берди. Бу ўзбек хотин қамоқда. Гўрда ҳеч ким йўқ. Ўзбек Камчаткада ҳам ўзбек.

Солиқ идорасида штат қисқарди. 1200 солиқчи ишсиз қолди. 1200 оилада қозон қайнамайди энди. 1200 та оила йўқсил ва савил. Қайғур элим.

Сирдарёда уй эгаси газ учун қарз тўланишини сўраб келган назоратчини сўйиб ташлади. Назоратчи гўрда. Қарздор қамоқда. Назоратчининг тўрт боласи етим қолди. 

Ўртачирчиқ туманининг тиш-тирноғигача қуролланган ИИБ ходимлари 9 октябрь тунида 124 нафар жиноятчини қўлга олди. Ватанимиз энди бемалол ухласа бўлади. Жиноятчилар қамоқда.

Бу оламшумул жиноят нима? Ким кимни ўлдирди ëки қайси мулозим бонкани ўмарди? Бу саволга жавоб берган подполковник «бундан ҳам оғир жиноят», деди.

Қўлга олинган бу ëвуз ниятли кишилар 9 октябрь тунида хўроз уриштирибди. Яшасин дунëдаги энг қўрқмас милиса!!! Ўзбекистон миршаблари хўрозлар ҳимоясида ҳушëр турибди.

Сицилия мафиясидан ўзган ўзбеклар

Шу каби бошқа хабарларни «Элтуз» нашридан ўқиб олишингиз мумкин. Агар сайт очилса. Чунки сайтни ўз вақтида ўзбек мулозимлари тамбалаб ëпиб қўйишган.

Шу тамбалашга ҳисса қўшган мулозим ҳақида “Алламжон” деган қўшиқ чиқарувдик. Аммо Комил Алламжонов ўзини хурсанд қиламан деб, қоши-кўзини камон қилиб, қайтадан чиздириб, клон ясаволибди. Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама. Эҳ, ай-яай-яй, Алламжон. Оригинал қўшиқ мана бу. 

Кун иқтибоси учун олганим бу сўзларни Робия Камол Алламжонов саҳифасида қолдирибди: 

«Бечора қора халқ 2021 йилни чироқсиз, газсиз, «Мендурман Жалолиддин» сериалини таппини ёндириб, ис газидан заҳарланиб томоша қилади. Эсиз шунча маблағ. Сал кейин суратга олинса бўларди шу сериал. Мангуберди асло хафа бўлмасди!!!”.

Сицилия мафияси ўмарган пулларини оқлаш учун АҚШда саноқсиз кирхоналар очган эди. Бу мафиянинг Жалолиддин ҳақида битта кино ишлаб, олам жаҳон пулни ўзлаштириш мумкинлигига ақли етмаган.

Умуман, ўмариш бўйича ўзбек амалдорлари дунëда ҳар қандайига маҳорат дарси ўтади. Битта Гулноранинг ўзи 2 миллиардни шессекундда ўмариб ташлаган. 

Дарвоқе, Гулноранинг жиноий шериги қамалмай қолди. У ҳозир бош вазир Ўзбекистонда. Немислар айтгандай, Ein heiliger Ort ist niemals leer.

Ўрисчаси – «муқаддас жой бўш турмайди». Ёки ёғлиқ жой пашшасиз бўлмайди, деб ҳам таржима қилиш мумкин. Саидахонга бирам ярашибди Гулнора бўлиш. Икки томчи сувдай ўхшайди.

Лекин Саида сал қишлақи кўринди. Аммо ўмариш ишини тез ўрганволиб, Гулноранинг йўлидан бориб, зафарларга эришсин. Лекин Гулнора тушган қамоққа тушмасин. Увол. Гулдай қиз. Ҳали қанча ДАДО йигитларнинг шими ечилмаган.

Твиттер уруши 

Ўтган ҳафтада «Элтуз» “Ревизор” туркум кўрсатувининг 3-сонини чиқарди. Унда биз Комил Алламжонов ўзининг “Солиқ инфо” газетасига мажбурий обуна уюштириб, дастурларини бухгалтерларга мажбурий сотиб бойигани ва ҳаммага маълум монопол бизнеси – «Автотест» орқали ҳайдовчиларни мажбурий пулли ўқитишни йўлга қўйгани ҳақида гапирдик.

Бунга жавобан Алламжонов «Элтуз»ни аллақандай қора пиар учун буюртма олганликда айблаб чиқди. Биз қайси буюртмачи назарда тутилганини билмаймиз. Яхшиси Алламжонов унинг номини келтиргани маъқул эди.

Унинг твитига жавобан шуки, «Элтуз»нинг дўсти, профессор Кристиан Ласслет ёзганидек, “Бизнинг ягона мижозимиз ҳақиқат ва жамоатчилик манфаатидир».

Мендирман ўша…

Бир бошдан келсак. Озодбек Назарбеков деган ашулачи вазир тарихий қаҳрамон Жалолиддин ҳақида кино олишни орзулади. Аслида вазирлик кино олмайди. Бу вазифа «Ўзбеккино»да.

Хуллас, Назарбеков – вазир кино олишни ўз ўғли Жафарбек Озодбек ўғли Назарбеков 48 фоиз эга бўлган Best organizer фирмасига  топширади.

Бутун бир Ўзбекистонда вазирнинг мишиқи ўғлидан бошқа одам бу кинони ололмас экан. Майли, ўқимай ëшликдан катта отарчиларнинг доирасини қиздириб бериб, тўйма-тўй юрган ашулачидан нима кутамиз?..

Қўйнимдан тушса қўнжимга. Султон суягини хўрламас. Маданият вазирлиги чок-чокидан сўкилиб қашшоқ ҳолатга келтирилган.

Озод келгунча ҳаммаси ўғирлаб бўлинган. Хуллас, Озод кинонинг каттасига телефон қилиб, «Ока, давлатти соққаси сизда экан. Битта йўталворинг. Ўғлим биннасалик бўлсин», дея анжанча гап қилади.

“Ўзбеккино” раҳбарияти давлат бюджетидан каттагина суммани Озоднинг ўғлига қарашли Best organizer ширкатига ўтказиб беради. Шу пайтда буни кўрган бошқа киночилар дод солиб, Федянинг устидан малява ëзиб, бош вазирга чиқишади. 

Бош вазир Арипов  анов учадиган кетмон ҳақидаги кинони олган Мусоқовни қабул қилади. Шундан кейин кинони КРУ босади. Озодбекнинг ўғлига қарашли Best organizer ширкати устидан Бош прокуратура иш очади. 

Озодбек доимо сочи супурги, қўли косов бўлиб хизмат қилган Шўкат доданинг оиласига йиғлаб боради. Зироат опа бу ашулачининг кал бошини силаб, «муаммони ечиб бераман, болам», дейди.

Ану соққали ишга (кинога) Парпиевнинг бонкаси, Калламжоннинг контораси ва ўламан саттор Гулнорадай бўлиб кино ва шоу бизнес осмонида юлдуз бўламан деб турган тирранча қиз қўшилади. 

КРУ, ДХХ ва Бош прокурор бўлмаган Туркияда кино оладиган бўлишади. Ана энди ҳаммаси ширин мағиз. Озод хурсанд. Аммо бирдан пандемия бошланиб, Туркияда ишлар халта бўлади. Хуллас, буниям бости-бости қилишади. Катта пуллар Туркия орқали ювилиб, келиннинг либосидек тоза бўлди, дейишди.

Лекин Бош прокуратура жиноят ишини ëпмайди (раҳмат уларга). Бирдан бу масаладан «Озодлик» хабар топиб, мақола чиқарворади.

Мақолани Шўкат додаям, Зираот кеннайиям  ўқийди. Зироатнинг қон босими ошиб, гемаройи ирғийди. Чунки улар қамоқда ëтган Гулноранинг нима бўқ еб бу ҳолга тушганини жуда яхши билишади. Иш бошидаги нуқтага қайтади. 

«Ким бошловди бу хуйнани», яъни «Мендирман” киносини, дейишди. Ҳамма Озодбекни кўрсатади. Унга қараб «Кўтингни арт, отарчи, бўлмаса аминг чиқади», дейилади.

Шундан кейин Назарбеков олган ярим миллион доллар пулини давлатга қайтаради. Бу ҳақда Бош прокуратура баëнот чиқаради.

Баëнот «Саида ўғри эмас. Озод пулни қайтариб берди. Энди бахтингиз тугал бўлди, севин, ватаним», деган маънода. Ким давлатни ўмармоқчи бўлса, «Мендирман ўша…»

Ўғирлик касофати 

Яна давом эттирсам. Хуллас, нима бўлса асли наслида бўлган. Онасининг қорнида бу ғоя ўғирлик билан дунëга келган. Ботир деган плагиат ҳурматли марҳум буюк шоир Шайхзоданинг 1944 йилда ëзган шеърий сатрларини ўмариб, ағ-бағига ўзидан қўшиб Озодга сотган.

Ўша гениал сатр олдин қўшиққа, кейин клипга, кейин эса кинога асос бўлди. Аммо Шайхзоданинг ҳаққи берилмади. Исми айтилмади. 

Шайхзода зулм кўрган, қамоқларда ўтириб 56 ëшида ўлиб кетган одам. Мазлум ҳақига хиëнатнинг жавоби бўлади. Бировлар карма дейди буни. Юқмайди ишқилиб.

Мана, юзи қора бўлди Озоднинг ҳам, тўнғиз қиз Саиданиям, жалап артистларниям энди айтмай қўяқолай. «Мендирман ўшал» ибораси Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» поэмасида бор.

Бир кун пайдо бўламан шу юрт, шу ерда,

Юрт шайдоси кўринмас ғурбатда – гўрда.

Ким юртдан ёвни қувса, мендурман ўшал!

Улуғвор ниятларга кор қилмас ажал.

(Поэма 1944 йилда яратилган).

Кино бўйича мавзуга шу ерда нуқта қўямиз. Бир ҳафталардан кейин қайтамиз. Ëки бирор 5 йилда палончи гўрда, пистиëнчи қамоқда, деб ëзиб қўярман. Энди эртак айтишга навбат келди. Бу эртакни сирдарëлик судя ëзибди. Аслида бу эртак эмас, ҳақиқат.

Бир эшакка юк бўлган макр

Ховос туманида яшовчи Барно Алиева хуштори Алишер Зарипов билан соат 19:00 ларда ётоқхонасида ишқий муносабатда бўлаётган вақтида Зарипов юрак хуружи туфайли ҳушидан кетган.

Сўнг Алиева шарманда бўлишдан қўрқиб, воқеа ҳақида тез тиббий ёрдам бўлимига хабар бермасдан, ишқий муносабатини яшириш мақсадида А.Зариповни шу куни соат 24:00 га қадар ётоқхонада сақлаган.

Кейин унинг биологик ўлганини англагач, ҳовлисида бўлган эшак аравага А.Зариповнинг мурдасини ортиб, кўчада ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, даладаги йўлнинг четига олиб бориб ташлаб келган.

Суд мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Б.Алиевани ЖКнинг 117-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга қонунда белгиланган чорани қўллади. Эртагимиз тугади.

Оқсочлар етказиб бериш таклифи

Самарқанд ҳокими Эркинжон Турдимов «Ўзбек хотин-қизларини чўри бўлишга ўқитишимиз керак», деди. Яъни уйни супур-сидир қиладиган қул.

Турдимовдан иқтибос: «Бугунги кунда хорижда ҳам, ўзимизда ҳам уй ишларини қилувчи оқсочлик касбига талаб ортиб бормоқда. Самарқанд вилоятидан ҳам жуда кўпчилик аёллар чет давлатларда, хусусан, Туркияда уй ишларини бажаришади.

Ўзимизда ҳам аҳоли иқтисодий имкониятлари ошган сари бу касб эгаларига бўлган талаб ортаверади. Аммо бундай аёлларни тайёрлайдиган марказлар йўқ. Ана шундай марказларни очишни таклиф қиламан».

Бу расмда раҳматли рассом Лола опа Абдуллаева тасвирланган. Опа жоҳил бир оилада туғилган. Уни 9 ëшида бир чолга эрга беришмоқчи бўлишган.

Аммо ўша пайтдаги ëмон совет ҳукумати бу аëлни ўқитиб, рассом қилди. Оқсоч қилмади ëки ғишт заводида ишлатмади. Ўша Турдимов оқсоч қилиб етиштирмоқчи бўлганлар орасидан қанча-қанча рассом, лаборант, диспетчер ëки тикувчи бўлиши мумкинлар бор.  

Олдин битта Каримов гапирарди, бошқалар жим эди. Жим ўтирганида ақлли кўринарди. Бу мулозимлар гапирган сари аҳмоқ, ошқовоқ калла ва халққа ëт унсурлар экани кўриниб бормоқда.

Яхшиям корона келиб булардан бир-иккитасининг жонини олиб  кетди.

Аксарият ўзбеклар назарида дунëда иккита касб бор. Биттаси Алишер Усмонов каби олигарх бўлиш. Иккинчиси, Турдиев айтгандай, бойнинг қўлида оқсоч хизматкор бўлиш.

Аммо дунëда 40 мингдан зиëд касб бор. Айни пайтда фаррошлик, оқсочлик каби ишлар техникалашмоқда. 

Кирни ва идиш-товоқни мошин ювади.

Лекин Ўзбекистонда касби-корининг тайини йўқлар кўпайган. Одамлар битта касбга фокусланмайди.

Ока, нима иш қиласиз, деб сўрасанг, любой ишди қивураман, ока, дейди. Кафел қўясанми деса, қўяман дейди. Аммо иш асносида ҳеч бало қила олмаëттани маълум бўлади.

Масалан, мардикор ўзбекка “Физика институтида астофизика бўйича иш бор” десангиз, “Хўп, ака. Иш бўлса тайëрмиз”, дейди.

Олдин қадим Туркистонда 200 дан зиëд касб-ҳунар бўлган. Кимдир от тақалаган, кимдир бўз йигириш учун қамишдан йик ясаб кун кўрган.

Ўзбекистонда тахминан 1200 турдаги касбга эҳтиëж бор. Масалан, кимдир аквариумдаги балиқларга қараш билан шуғулланади.  Баданга тату чизиш касби ҳам урф бўлмоқда. 

Умуман, дунëда ҳозирнинг ўзида 40 мингдан зиëд касб бор. Бу касбларнинг кўпини уч ойлик курсларда ўзлаштириш мумкин.

Глобал замонда иш қилиш учун палон мамлакатга боришнинг ҳам кераги йўқ. Масалан, Ҳиндистондаги минглаб ҳисобчилар Британиядаги ширкатлар аудитини қилиб ойлик олиб рўзғор боқади. Лекин умрида Британияга бормаган.

Туркиянинг олис қишлоғида бир косиб Голливуд киноларидаги саҳналар учун тарихий бичимдаги оëқ кийим тикиб, гулдай рўзғорини тебратмоқда. Айни пайтда кўп касблар ўз ўрнини роботларга бўшатиб бермоқда.

Манави расмда кўриб турганингиз “Румбо” исмли робот. У ўзи билиб уй супуради. Токи тугаса, ўзи зарядканинг устига бориб ўтиради. Нархи 200 доллар нари-берисида. Ҳатто оқсоч темаси эскириб бормоқда…

Ўртоқ Турдимовга тушунтириш хати

Яна бир  бора тушунтирсам. Иммануэл Кант деган олим ўтган. У эрталаб уйқуда ëтганида  ëрдамчиси унга қараб, “устоз, уйғонинг, сизни буюк ишлар кутмоқда”, деб ҳар куни айтаркан. Шу гапдан илҳомланган Кант оламшумул илмий ишларни қилиб, илм осмонида юлдуз бўлиб порлади. 

Яна бир мисол. Мактаб ўқитувчиси ўқувчининг қўлига мактуб беради ва мактубни онангга олиб бор, дейди. Онаси мактубни ўқийди ва боласига қараб, “Жуда қобилиятли бола эканинг ва бу мактаб сенинг салоҳиятинга яраша илм бера олмаслигини ëзишибди. Сени бошқа мактабга берамиз”, дейди она.

Бола бошқа мактабга бориб, механика ва физика соҳасини ўқиб, катта муваффақиятларга эришди. Фарзанд камолини кўрган она ëшини яшаб оламдан ўтди. Ўғил онасидан қолган архивни тартибга солаëтиб, ўша мактаб берган мактубни кўриб қолди.

Мактубда “Бола умуман лаëқатсиз. У одам бўлмайди. Ҳаммолга шогирд қилиб беринг”, деган гап ëзилган эди. Боланинг исми Томас Эдиссон эди. 

Эдиссон башарият ривожи учун 5 мингдан зиëд ихтирони патентлаган. Айнан Эдиссон электр лампочка ва овоз ëзиш ускунасини ўйлаб топган.

Тушунтира олдимми, ўртоқ Турдимов.

Жон Кеннеди АҚШ космос идораси – НАСА биносига кириб боради. Ўша ерда пол артаëтган аëлни кўриб саломлашди ва “Сиз бу ерда нима қиляпсиз”, дея савол беради.

Қора танли фаррош аëл эса “Мен ойга АҚШ астронавтини қўндиришда иштирок этяпман”, дейди. Бу 1961 йилда бўлган эди. Кеннеди ўзининг машҳур табассуми билан бу аëлни фазони забт этишдаги энг муҳим одам деб атади. 

Ўшандан атиги 5 йил олдин, 1955 йилда худди шу мамлакатда қора танли оқсочлар учун йўриқномалар бор эди. Уларни оқсочлик қилаëтганда нима қилиши ва нима қилмаслиги кераклиги ҳақида ўргатадиган марказлар бор эди.

Масалан, оқсоч ўз хўжайини кўзига тик боқмаслиги, улар таклиф қилса ҳам бирга овқатланмаслиги, улар ишлатадиган ҳожатхонадан фойдаланмаслиги керак эди. Ҳатто  туалетда оқсоч аëлнинг қанча қоғоз ишлатиши маромланган эди.

Айнан шу нарсалар инсонни камситиш деб топилди ва либерал жамоатчилик босими остида бекор қилинди.

2003 йил Тошкент. Мен бир иш юзасидан Тошкентнинг Циолковский мавзесидаги ҳовлига бордим. Ҳовли эгаси ИИВга форма тикиб бойиб кетган цеховик эди.

Олдин (1994 йилларда) улар Бешëғочда туришарди. Эри телпак тикадиган цехда ишлар, хотини эса Бешëғоч бозорида писта, кечқурун эса паркнинг олдида гул сотарди.

2003 йилга қайтсак. Ҳовлидаги эрон мебеллари билан безалган хонада ўтирибман. Ëнимда ўша телпакчи тоға ва пистачи хола. Хизматкор аëл чақ-чуқлар солинган патнисни келтираëтиб уйнинг гилам тўшалган жойида тўхтаб ерга қараб қотиб турди.

Хола бориб хизматкор қўлидаги патнисни олиб столга қўйди ва хизматкорга қўли билан имо қилувди, хизматкор бурилиб сассиз йўқ бўлди. 

Хола менинг саволомуз қарашимни кўриб тушунтирди: “Хизматкорнинг оëғи гиламга тегиши керак эмас. Бу қашқадарëлик таги пастга бошидан ўргатганман. Ламинатни ювиш осон, аммо гиламда микроб барибир қолади. Биз тевли-тахтли одамлармиз, ану куни шажара ëздирсам, сулолам палончи саҳобага борар экан, бла-бла-бла».

Кошки бу пистачининг ярми қозоқ, ярми келеслик нўғай эканини билмасам. Милисадаги жиноий схема боис бойиган бу оиланинг ўзидан кибор ясаб олганидан қусгим келди.

1987 йил. Тошкент. Бешëғоч билан Хадра ўртасидаги Пионерлар уйи биноси. Ўша ерда болаларга самолёт ясаш, фото-кино, рассомлик, музика, кашта тикиш, миллий нақш ва инглиз тили тўгараклари бор эди. Биттаям оқсочлик тўгараги йўқ эди.

Мавзу бўйича финал фикрим. Карен Шахназаров 1986 йили суратга олган «Куръер» фильми финалидаги саҳнани эслатсам. Фильм бош қаҳрамони Иван ўз дўсти Базинни кўриб қолиб савол беради: «Сен нимани орзу қиласан?» 

Базин: «Сеники каби пальтом бўлишини орзу қиламан».

Иван эса эгнидаги пальтони ечиб Базинга кийдиради.

«Ма, ол. Лекин бундан буëн улуғ нарсалар ҳақида орзу қил», дейди.

Бу гаплар буюртма эмас

Отарчиларга хос бир одат бор. Мабодо бирор артист ҳақида негатив ëзсангиз, «буни душманим буюртма қилди», дейди. Улар шунчаки танқидий тафаккур борлигини хаëлига ҳам келтиришмайди.

Буюртмага ашула айтиб ўрганиб қолишган. Турдимов деганнинг тарафдорлари чиқиб, «Туз оға, буюртма олдингизми», дейишди. 

Йўқ, олмадим. Бу гаплар ич-ичимдан чиқди. Туркистон замини тахминан 90 йилча олдин қул ва қулдорлик тизимидан қутулган.

Жамиятдаги аксар аҳоли мактаб кўрган, ўз қадрини билган ҳолга кела бошлади. Бу катта қадрият. Шу қадриятни бор  қилиш учун Германия 100 йил олдин барча учун текин мактаб тизимига асос солди.

Бугун Германияда таълимнинг барча бўғини текин. Маърифатли жамият юксалади, ривож топади. Бир ҳовуч бойлар ва миллионлаган оқсочлари бўлган, ўрта синфдан холи жамият хавфлидир.

Бугун кечаги киссавур ва пистачилар ўзларидан бой кибор ясаб, жамиятни табақалаштирмоқчи бўлса, уларга қараб «дамингни ол», дейман.

Жамиятни касталарга бўлиш, табақалаш тарафдори бўлганлар кимлар ўзи? Боймиз деб одамларга беписанд қараганларнинг ўғри эканини биламан-ку.

Биз қул эмасмиз ва сиз паспортимизга ëзган каби қашшоқ, йўқсил, фуқаро ҳам эмасмиз. Биз шу эл элдоши, шу юрт юртдоши, шу ватан ватандошимиз. Ҳуқуқимиз, ҳаққимиз бор. Шу эди айтмоқчи бўлган гапим.

Сомонни эмас, кўкдаги лочинни ўйлайлик 

Ўзбек болага онаси харжлик дея бир доллар берди. Бола пулни олиб бир банка қатиқ сотиб олди. Уйдаги совуткичда икки баклашка сувни музлатди. Муз билан қатиқни бир челак сувга аралаштириб бозорда сотиб  бир долларни ўн доллар қилди. Кечқурун онасига пулнинг ярмини берди. 

Ўша куни қозоқ болага онаси харжлик дея бир доллар берди. Бола китоб дўконига бориб физика ҳақидаги китобчани олди. Пули етмади, эртага қолганини обкелиб бераман, деб китобни уйига олиб кетди.

Орадан 10 йил ўтди. Ўзбек бола ҳануз бозорда айрон сотиб юрибди.

Қозоқ Сан-Францискодаги Силикон водийсида ойига 10 минг доллар ойлик олиб ишламоқда.

Қиссадан ҳисса: Охурдаги сомонни эмас, осмондаги лочинни ўйлайлик. Мақсадни катта қилайлик. Олис манзиллару юксак чўққиларни кўзлайлик.

Ерга ëпишган 

чирмовуқмиз ҳаммамиз,

Дон таъмамиз, турқи 

совуқмиз ҳаммамиз,

Эртанг руҳ қушлари учадир

Биз эса қоламиз,

Чунки товуқмиз ҳаммамиз.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 декабр 2017
Конституциянинг 25 йиллигига бағишлаб 7 декабрь куни қилган чиқишида президент Мирзиёев 2700 одамни авф қилганини билдирди. «Ҳозир 57 минг ...
12 март 2018
Рассом Кирпи Eltuz.com
16 март 2018
Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқинлари орасида унинг «чўнтаги» сифатида танилган шахс – Журъат Мелиқулов қамоқдан бутунлай ...
5 октябр 2020
Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси ишчи-ходимлари шифохонада коронавирус касаллиги билан оғриган беморлар ётганидан норозилик билдиришмоқда.  Шифохонада ишловчи ҳамширалардан бирининг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...