РТдан ваъз: Қайсар эшакни ким алдади?
Ҳазратим, очликдан ўлдим, егани нон бер менга,
Кофир ўлғайман агар десамки, баҳмон бер менга.
Мошу буғдойу гуруч берким, шулар менга керак,
Ҳеч айтмасман ақиқу лаълу маржон бер менга.
Бу радифли шеър 19-аср бошида Қўқонда битилган. Муаллиф очликдан тинкаси қуриган Гулханийдир.
Оз вақт ҳаммомда ўт ёқувчи — гўлахлик қилгани учун Гулханий тахаллусини олган. Кейинчалик Қўқон хони Олимхон навкарлари сафида хизматда бўлган.
Гулxаний бир неча йил навкар бўлиб xизмат қилиб, жангларда қаҳрамонлик кўрсатган бўлса-да, аммо хондан мурувват кўрмади. Очлик, юпунлик, муҳтожлик унинг ҳамроҳи бўлиб қолаверди. У хондан ақиқу лаълу маржон эмас, бор-йўғи мошу буғдою гуруч сўраганди. Чунки у пайтлар истеъмол савати деган тушунча йўқ эди.
Орадан икки юз йилдан кўпроқ вақт ўтган эса-да, Ўзбекистонда ҳалиям истеъмол савати қанчани ташкил этиши борасидаги маълумотларни жамоатчиликка ошкор этмаслик афзал кўрилади.
Истеъмол савати нима?
Истеъмол савати инсоннинг саломатлиги ҳамда яшашини сақлаб туриш учун талаб қилинадиган энг оз озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг жамламасидир.
Дунёдаги турли мамлакатларнинг турли иқлим шароитлари ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб истеъмол саватига маҳсулот ва хизматлар киритилади. Масалан, АҚШдаги истеъмол саватида 300 та, Буюк Британияда 350, Германияда 470 маҳсулот ва хизмат бор.
Бу маҳсулотларнинг озиқ-овқат турига кирадиганларининг асосийлари нон ва ун маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, ёғ, гўшт, тухум, полиз маҳсулотлари, мева-чева ва бошқалар. Ноозиқ-овқат масҳулотларига кўйлак, костюм-шим, пойабзал, бош кийим, пайпоқ, ички кийим турлари, санитария ва гигиена маҳсулотлари, мактаб ва таълим олиш учун зарур товарлар киритилади.
Ўтиб бораётган ҳафта бошида Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ижтимоий тармоқларда калака нишонига айланди. Сабаби, иқтисодчи «2020 йилда Ўзбекистонда кунига 5600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас”¸ деб қовуннинг каттасини туширди.
Обид Ҳакимовнинг бу гапи ижтимоий тармоқда мемга айланди ва ўзбекистонликлар президент маслаҳатчиси ўринбосари даражасидаги амалдорни “реалликдан узилганлик”да айблашди.
Ўтириппан онқайииб,
Совуқ уйда чўнқайиб.
Шомаллаппан, гапирдим
Бурунларим монқайиб….
Мен ҳам дўппини бир четга қўйиб, Ўзбекистондаги нарх-навога қиёсан 5600 сўмга нима олиш мумкинлигини ўзимча ҳисоб-китоб қилиб кўрдим.
Тошкентда бир дона нон нархи 2000 сўм. Демак, кунига уч дона нон сотиб олмоқчи бўлсангиз, нонвойдан 400 сўм қарздор бўлиб қоласиз.
Наманганда эса бир қассоб 5600 сўмга қанча гўшт олиш мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилган.
Эгнима ёпу-уқ бериб, қорнимни тўйғиз нон билан,
Сенга биллоҳим демасман, дину иймон бер менга.
Навкаринг очликдан ўлса, нега ҳайфинг келмагай,
Эй табиби ҳозиқим, дорию дармон бер менга.
Чўпон ва қўйлар
Ўрис миллатчи сиёсатчиси Владимир Жириновский Ўзбекистон собиқ президенти Каримов сиёсатига баҳо бераркан, “Ўзбекистонда битта чўпон ва 20 миллион қўй бор”, деганди.
Бу гапдан чорак аср ўтди. Ўзбекистон аҳолиси 35 миллионга етиб қолай деди. Чўпоннинг ўлганигаям тўрт йилдан ошди.
Бир чўпон қишлоқ аҳолисининг қўйларини далага олиб чиқиб боқарди. Бўри ҳар мавсум қўйлар галасига ўзини уриб, битта қўйни еб кетарди.
Чўпон эса ўнта қўйни бўри бўғизлаб кетди, деб айбни бўрига тўнкарди. Есаям, емасаям бўрининг оғзи қон. Лекин вақт ўтиб бўри ўлди. Бўри топа олмаган чўпон мушук сотиб олди.
Мушук бўри эмасди. Лекин ўрганган кўнгил ўртанса қўймас. Чўпон энди ўнта эмас бешта қўй ўляпти, дейишга ўтди. 10 та эмас, 5 та қўй зарар кўраётган қишлоқ аҳли бундан хурсанд эди.
Мушукка айланган қоплон
Эй, мушук. Кел, кўкрагимда ястан. Лекин танамни тирнама. Сенинг денгиз каби мовий кўзларинга боқиб ғарқ бўлмоқчиман. Кўзларинг яшма тоши каби ваҳший ва қўрқинчли ялтирайди.
Эрталаб кун бошланмасидан сенинг юмшоқ юнгларингни қўлим билан силашни чандон севаман. Қадим қоплонлар сулоласидан бўлган яратиғим маним. Сени силаганимда азбаройи роҳатланганингдан эркаланиб миëвлайсан.
Бу миëвлашдан кўра инграшга ўхшайди. Сенинг ўтли қарашларинг севгилим Ойгулнинг қаттол қарашларига ўхшайди. Совуқ, жиддий ва ханжар каби кескир.
Сендан маст қилувчи жозиб бир ифор таралади. Гипноз қилувчи тароват. Ҳали кеча ëтганим чорпоядан қалқмадим. Кўкрагим устига ҳар субҳи сабоҳ келиб ëтадиган мушук кеча ва бугун орасини белгилайдиган белги.
Биламан. Сен бироздан сўнг зерикиб устимдан сакраб пастга тушасан. Мен эса душга кириб, қадимги одам ғордан чиқиб шаршара остида турган каби ибтидоий ҳисларга чўмаман. Кейин паҳмоқ халатга ўралиб, ғирчиллаган паркетни бир-бир босиб оромкурси сари бораман.
Оромкурсида мени бир финжон иссиқ туркча жезвида қайнатилган қора қаҳва кутади. Қаҳвадан хўпларкан, кўзим сени қидиради. Ҳаа, мана сен. Тасодифан ерга тушган калава ип коптогини думалатиб ўйнаяпсан. Эҳ, қоплоним менинг.
Мушуклар дунëда энг сезгир жонивор. Ер қимирлашини ҳам олдиндан билади. Экологик ўзгаришларни ҳам. Янги уйга киришдан олдин битта мушукни киритвориш керак. Мушукка ëқса, демак уйнинг экологияси яхши.
ЭКОЛОГИЯ
Ўзбекистон ҳудудида дунëдаги экологик фалокатга мисол бўлган Орол денгизи бор. Тўғриси, ўша денгиздан қолган асорат. Йиллар давомида шу денгизни тўлдирамиз, деган ëлғон чайқовчилиги билан шуғулланган экологлар арава-арава пулларни йўқ қилишди. Ўша пулларга баклашкали сув сотиб олиб ҳам денгизни тўлдирса бўларди.
Хуллас, шу кунларда Ўзбекистонда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига раис тайинланмоқда. Бу лавозимга Алишер Мақсудов номзоди депутатлар томонидан маъқулланди.
Алишер Мақсудов шу кунга қадар «Ўзпахтасаноат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида майда тишлаб ишлаб келган эди. Энди экологияга ўтди.
Мирзиёев президент бўлгандан кейин экологиянинг раҳбари 4 марта алмашди.Олдин экология қўмитаси назорат органи эди. Сенатга бўйсунар эди.
Кейин конституцияга ўзгариш киритилиб, Вазирлар Маҳкамасига бўйсунадиган бўлди.Олдин дарахтларни кесиб бюджетга пул тушириш режаси бўлган.
Ақлга сиғмайдиган режа. Режани бажарамиз деб қанча дарахтлар кесилган. Ишонмасангиз, Тошкент марказидаги Амир Темур ҳайкали атрофини бориб кўринг. Бир вақтлар ўқ ўтмас боғ эди. Ҳозир экологлар соясида чўлга айланди. Буни кўрган одам аччиқ-аччиқ шароб ичиб унутсам, деб ўйлайди.
***
Хоразмнинг Пичоқчи қишлоғида яшовчи 39 яшар йигит ичиб, ғирт маст бўлиб, темир йўл устида кўндаланг ëтиб ухлаб қолди. Хивадан Тошкентга келаëтган поезд машинисти буни кўриши билан тормозни босди.
Поезднинг тўхташи қийин бўлди. Ғийййиқ этиб ғилдиракларидан ўт чиқарган поезд рельс устида ëтган одамдан 5 см узоқда тўхтади. Машинист тушиб бу маст акани уйғотаман деб чандон уринди.
Уйғонган пиëн бират бир поездга, бир машинистга қараб, “нердаман ман оғо”, деб сўради. Машинист унга қараб «онангни фалонидасан» деса, бу пиëн бират таъсирланиб кетиб йиғлашга тушди.
Машинист милиса чақирди. Пиëн биратни олиб кетишди. Поезд соат 18:29да тўхтаб, соат 18:45да ўз йўналиши бўйича ҳаракатни давом эттирди. Фуқаролар, эҳтиëт бўлинглар, поезд учинчи йўлдан сафарга чиқди. Чуррррр…
***
Мабодо ҳаво шари учишга қийналса¸ шар саватидаги ортиқча юк ташлаб юборилади. Ҳокимлик ҳам ортиқча юкланса, ривож ўрнига чўкади.
Сурхондарё ҳокими 1 млрд 194 млн сўмга 3 та Traiblazer олибди. Мен шу ҳокимнинг ўзини парвозга халақит бергани учун саватдан ерга отардим.
Янги очилган Пиллачилик ва қоракўлчилик қўмитаси 795 миллион сўмга «Тахое», 635 миллионга «Малибу» ва 115 миллионга «Ласетти» олган. Учинчи ренессанс бу.
***
Ўзбекистонда божхоначи дегани ўғри, талончи ва қароқчини ўзида бирлаштирган махлуқ. Ишга борганда кимнидир қақшатиб келмаса, грижаси оғрийди бу даббаларнинг.
Бош прокурорнинг маълум қилишича, “Аркбулоқ” божхона пости бошлиғи бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 млрд. сўм зарар етказган.
Тергов жараёнида пост бошлиғининг уйида ўтказилган тинтувда пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пуллар топилган.
Бундан ташқари, жиноий йўл билан топилган пуллар эвазига Бўстонлиқ туманида 8 сотихли дала ҳовли қургани, “Тошкент – сити” мажмуасидан 2 та хонадон ва битта нотурар жой ҳамда “Каптива” автомашинасини сотиб олгани аниқланган.
***
Ўзбекистонда хонадаги коронавирусни ўлдирувчи қурилма яратилди. Бу ҳақда ишончли манбалар хабар бермоқда, деб ёзди «Эффектив.ўз» сайти.
Маълум бўлишича, мазкур ускуна бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган ва 12 вольтли токда ишлайди.
“Қурилмага вакцина ёки бошқа бирор дори қўшилмаган. Технологиянинг ўзи стол-стул, кийим-кечакдаги вирусни даф қилади. Яқин кунларда уни ишлаб чиқариш бошланади”, дейди ихтирочилардан бири.
Ишонаверинг (кулгу овози кетади).
***
Шу ҳафтанинг чоршанба куни Тошкентда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг қурултойи бўлиб ўтди.
Жиззах аккамулятор заводининг собиқ директори ва Мирзиёевнинг эски ошнаси бўлган Қудратилла Рафиқов бир овоздан федерация раиси лавозимига қайта сайланди.
Иштирокчиларининг билдиришича, анжуман мисли кўрилмаган даражада дабдабали ўтган. Нега бу дабдаба сени ўйлантиряпти, деб сўрарсиз?
Гап шундаки, ҳар бир ишлайдиган одам ҳар ойда ўз маошининг бир фоизини Касаба уюшмалари федерацияси бюджетига ўтказади. Бироқ ҳеч ким бу ташкилот йиллик бюджети миқдорини ва ишчиларнинг пули қаерга сарфланаётгани кўрсатилган ҳисоботини билмайди.
Тили заҳарларнинг айтишича, Мирзиёев бу лавозимга ўз улфатини беҳудага қўймаган. Чунки айни федерацияда кўнглинг истаганча сарфлаш мумкин бўлган жуда кўп пул бор.
Бугунги маърузамда очликдан силласи қуриган Гулханий, гўл қўй, санитар вазифасини ўтовчи бўри ва ифорли мушук ҳақида гапирдим. Навбат эшакка! Дарвоқе, АҚШда ғалаба қозонган демократлар тимсоли ҳам эшак.
Эшак ўжарлиги билан танилган уй ҳайвони. Узунқулоқ ҳайвонлар орасида эшакдек қайсари йўқ. На яхши гапга кўнади ва на қамчига бўйсунади.
Гулханий замонида эшакни ишлатиш учун бир ҳийла ўйлаб топишган. Узун таёқнинг бошига сабзи осилтирилади. Деҳқон эшакка миниб, ўша таёқни шундай тутадики, сабзи эшакнинг тумшуғи олдида бўлади.
Эшак сабзига етиш умидида юра бошлайди. Сабзи эса ҳеч яқинлашмайди. Эшак юкбилан манзилга етмагунича эгаси сабзини унга бермайди. Қиссадан ҳисса шуки, ҳаракат қилмасанг, сабзи йўқ! Гулханий хонга ишониб, очликда ўлиб кетди.
Нону тўн бер, бенаволик дардидан қутқар мени,
Мен қачон айтдимки, Қорун ганжидек кон бер менга…
Гулxанийни эр йигитлар тўпидан камситмагил,
Фўта бер, от бер, тўну чакмон бер менга.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз