Асосий мавзулар
21 декабр 2020

Ўзбекистон мажбурий меҳнатни тугатишда ютуқларга эришди, аммо ҳануз уни буткул йўқ қила олмади

Линн Швейсфурт

Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва катталар мажбурий меҳнати бўйича ўтказилган 10 йиллик мониторинг ва ҳисоботлардан сўнг мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг улкан ислоҳотлар дастури орқали эришилган муҳим ўзгаришлар йўлини қайд этган ҳолда уфқда тарихий бир лаҳза бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ умид учқунлари пайдо бўлди. 

Аммо Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (қисқача -Ўзбек форуми)нинг 2020 йилги мониторинги натижалари шу пайтгача мамлакатда мажбурий меҳнат ўтмишда қолмаганини кўрсатмоқда.

Пахта теришга мажбурланганлар сони сўнгги уч йил ичида сезиларли камайганига қарамай, ўнлаб йиллардан бери ҳукумат бошчилигида ташкил этиладиган мажбурий сафарбарлик руҳи ҳамон йўқолмаган. Амалдорлар баъзи туман ва вилоятларда пахта режаларини бажариш учун одатий мажбурлаш усулларига мурожаат қилишда давом этишмоқда. 

Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг улкан мақсадларига эришиш жараёнларида маҳаллий ҳокимликлар билан ишлайдиган малакасиз корпоратив субъектлар фаолияти натижасида кластер тизимини жадал жорий этиш мажбурий меҳнатга янги туртки бериши хавфи мавжуд. 

Вазирликлар буйруқлари, пахта ишлаб чиқариш бўйича кунлик мақсадлар, давлат ва хусусий ташкилотлар ходимларидан “пахта солиғи”ни қўрқитиш йўли билан тўлашни талаб қилиш, яъни теримчиларни ўз иш ҳақи ҳисобидан ёллаш ҳолатлари 2020 йилги терим пайтида, аввалги йиллардагига қараганда камроқ бўлса-да, Ўзбек форуми кузатувчилари томонидан ҳужжатлаштирилди. 

Жорий йилги пахта терими илк бор пахта етиштириш бўйича давлат режасисиз амалга оширилди. Бундай режа президентнинг 2020 йил март ойидаги фармони билан бекор қилинганди. 

Ушбу режа мансабдор шахслар, жумладан, режани бажариш масъулияти юклатилган ҳоким ва маҳалла вакиллари учун теримчиларни мажбуран жалб қилишнинг асосий омилларидан бири эди. Режани бекор қилиш назарий жиҳатдан кўнгилли теримчилар етишмаётган бир пайтда одамларни пахта теришга мажбурлаш учун асосий сабабни йўқ қилган бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, Ўзбек форуми кузатувчилари томонидан олинган ҳужжатларда ҳар бир туман учун кунлик пахта етиштириш кўрсаткичлари ва кунлик териб олинадиган пахта миқдори кўрсатилган бўлиб, унга кўра, пахта йиғим-теримида ҳукуматнинг иштироки давом этаётгани тахмин қилинмоқда. 

Теримчиларни жалб қилиш ишлари ҳам, асосан, ҳоким ва маҳалла вакиллари бошчилигида ташкил этилган. Дарҳақиқат, Ўзбек форумининг 2019 йилги терим бўйича ҳисоботида ишга ёллашда мустақил ва самарали усулларнинг етишмаслиги мажбурий меҳнатнинг олдини олишда катта тўсиқ сифатида кўрсатилган. 

Чунки мансабдор шахслар ўзбошимчалик билан ҳокимиятни бошқариб, натижада далага боришдан бош тортганлик учун тазйиқ ёки ижтимоий нафақаларни йўқотишга замин яратишлари мумкин.

Ортига қайтган юз минглаб меҳнат муҳожирлари ва пандемия туфайли йўқотилган 670 мингга яқин иш ўрни кўнгилли ишчи кучи миқдорининг сезиларли даражада ошишига олиб келди. 

Теримчиларнинг иш ҳақи ўтган йиллардагига қараганда юқорироқ бўлгани боис, 2020 йил одамларни пахта теришга мажбурлашга ҳожат қолмаган йил бўлиши керак эди. 

2020 йилги йиғим-терим пайтида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 42 нафар мансабдорга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилишини айтди. Бу эса мажбурий меҳнатнинг умумий даражаси юқори бўлган ўтган йилдаги кўрсаткичдан биттагина кам. 

Албатта, вазирлик учун бу меҳнат инспекторлари ўз ишларини олдингидан яхшироқ бажараётганидан далолатдир. Аммо бу муаммога ечим топилишига ҳали эрта эканини англатувчи ташвишли кўрсаткичдир ҳамдир. 

Бундан ташқари, оқибатларга фақат ҳукумат амалдорлари дуч келиб, мажбурий меҳнатдан фойда кўрадиган хусусий раҳбарлар жавобгарликдан қутулиб қолган кўринади.

Яқинда хусусийлаштирилган пахта сектори ва етиштириш, қайта ишлаш ҳамда ишлаб чиқаришни бирлаштирган кластерлар пайдо бўлиши янги муаммоларни келтириб чиқариб, мажбурий меҳнат даражасини баҳолашда ноаниқ ва аралаш манзарани намоён қилди. 

Кластер раҳбарлари, фермерлар, маҳаллий мансабдор шахслар ва давлат идоралари гоҳ бир-бири билан тўқнашадиган, гоҳ бир-бирига зид бўлган мураккаб манфаатлар тармоғига бирлашгандек. Эҳтимол, бу йилги ҳосил бўйича нима учун давлат хусусийлаштирилган секторга аралашмоқда, деган долзарб савол туғилиши мумкин.

“Банкир кундалиги” телеграм каналида эълон қилинган ҳужжатга кўра, Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Uztex” компаниясига тегишли “Textile Finance Namangan” кластери 4-5 октябрь кунлари 981 нафар банк ходими ёки улардан ундирилган пул эвазига ёлланган теримчиларнинг мажбурий меҳнати орқали 61 620 кг пахта терган.

“Uztex”нинг Хоразм вилояти Шовот туманида фаолият кўрсатадиган “Textile Finance Khorezm” кластери эса фермерларнинг аччиқ шикоятларига сабаб бўлди – улар тўғридан-тўғри Мирзиёевга мурожаат қилишди. 

Фермерлар “Textile Finance Khorezm” бир неча бор шартнома шартларини бузгани ва топширилган пахта учун келишилган пулни бермаётгани, туман ҳокими ва Қишлоқ хўжалиги бошқармаси босими натижасида кластер билан шартномаларини бекор қилишга тўсқинлик бўлганини даъво қилишмоқда.

“Uztex” 2020 йил июнь ойида Ольстер университети ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми томонидан чоп этилган қўшма ҳисоботда асосий диққат марказида бўлиб, унда кластер тизими ва уни бошқариш учун танланган ташкилотларнинг яхлитлиги кўриб чиқилди. “Uztex” корпоратив текширувга оид энг хавотирли сигналларни кўрсатадиган конгломератлардан бири сифатида баҳоланди. 

Корхоналар яхлитлиги аломатлари бўлмаган ва мажбурий меҳнатдан фойдаланадиган компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри сабабчи муносабатлар мавжудлиги теримнинг тўлиқ мониторинг натижаларини янада чуқурроқ таҳлилга ундайди, аммо ҳозирги пайтда ушбу хавотирли ҳолатлар жиддий эътиборни талаб қилади.

Давлат пахта саноатининг парчаланиши давлат монополиясига чек қўйган бўлса-да, кластер тизими монополистик атрибутларга эга бўлиб, ҳар бир туманда битта кластер мавжудлиги билан ажралиб туради. 

Бу маҳаллий ҳокимият органлари ердан фойдаланиш бўйича номутаносиб куч-қудратга эга бўлган шароитда фермерларни янада қийин аҳволга солиб қўймоқда. Улар пахтани кимга сотиш борасида танловга эга эмас ва кластерлар ўз шартнома шартларини бажармаган тақдирда улар озроқ ёки ҳеч қандай компенсация олмайди. 

Агар фермерлар шартнома мажбуриятларини бажара олмаса, бу давлат мансабдорлари томонидан уларнинг ерлари мусодара қилинишига олиб келиши мумкин. Бундай шароитда фермерлар теримчи топишда мансабдор шахслар “ёрдами”га таянишдан бошқа иложлари йўқлигини сезишлари тайин.

Пахта етиштиришда ҳукумат мансабдорларининг таъсири ва иштирокини белгилашнинг мураккаблиги, жавобгарликдан қочиб қутулишга қодир виждонсиз кластер раҳбарлари, фермерларнинг адолатли шартномалар тузиши учун мустақиллик етишмаслиги ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишини кузатиб бориш ҳамда ҳисобот бериш учун имконият ва ресурсларга эга бўлмаган қашшоқ фуқаролик жамияти сабабли Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этмоқда.

Ўзбекистон бозорига қайтадан киришни ўйлаётган бренд ва тўқимачилик компаниялари ушбу муаммоларнинг ҳануз сақланиб қолаётганидан ташвишга тушмоқда. Яқинда Ғарбнинг машҳур брендларидан бири таъкидлаганидек: “Гап қанча ютуқларга эришилганида эмас. Биз учун мажбурий меҳнат иккиламчи муаммо ҳисобланади. Бу содир бўлади ёки бўлмайди ва агар шундай бўлса, биз уни таъминот занжиридан чиқариб ташлашимиз керак бўлади”.

Мажбурий меҳнатни тугатишда улкан ютуқларга эришган, аммо ҳали уни бутунлай йўқ қила олмаган Ўзбекистон мамлакатга сармоя киритадиган, иш ўринлари яратадиган ва ривожланаётган тўқимачилик соҳасида стандартларни ўрнатишга ёрдам берадиган масъул брендлар ва харидорларга муҳтож. 

Аммо бунинг учун улар мажбурий меҳнатни таъминот занжиридан чиқариб ташлаши, ишчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши ва агар улар юзага келса, муаммоларни ҳал қилиш учун самарали мониторинг ва шикоят механизмларини яратиши зарур бўлади.

“Пахта кампанияси” коалицияси иштирокчиси сифатида Ўзбек форуми айнан мана шу муаммони ҳал қиладиган масъул манба тизимини ишлаб чиқишга доир таклифини берди. У масъул компанияларга Ўзбекистондаги ўзларининг ишлаб чиқариш занжирларида мажбурий меҳнат йўқлигини фаол равишда таъминлайдиган ушбу ишлаб чиқарувчилардан пахта олиш имкониятини беришдир. 

Ушбу инновацион музокаралар модели кузатувчилар ва фуқаролик жамияти фаолларининг мажбурий меҳнат ва бошқа меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини мониторинг қилиш ва ҳисобот беришдаги ролини, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларини кучайтиришни ўз ичига олади.

Линн Швейсфурт – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш бўйича иш олиб борадиган, Берлинда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилот – Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми асосчиси.

Тағин ўқинг
25 ноябр 2022
Рассом Туз: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.Матчон Суқилиш: Ничиксизла мўччи ойбика ҳам ...
18 июл 2016
«Адолат» газетасини варақлаб, Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги навбатдаги ўхшамаган пародия, ўзбекча айтганда, ўхшамаган тақлидга кўзингиз тушади. Тақлидки, кулишни ҳам, йиғлашни ...
14 октябр 2023
Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон вилоятларидан ва Россиянинг Татаристон Республикаси турмасидан келган. Дастлабки ...
22 октябр 2018
Москвада Каримов ҳайкали очилган 18 октябрь куни ўзбек мигрантларидан бири ҳайкал олдида таъзим қилиб, унинг пойини ўпди. Абсурд ҳолат ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...