РТдан ваъз: Бизнинг уй хароба. Сарой – сизники
Минутлар, соатлар ва кунлар ўтиб яна сиз билан мулоқотдаман. Бугун 2021 йилнинг 12 феврали. Бундан 140 йил аввал Россия империяси менинг ватанимга ҳужум қилиб, илк қаршиликка дуч келганди.
Рус армияси 1881 йилнинг январида Гўктепада туркманларнинг қаттиқ қаршилиги билан юзлашиб, орқага чекинишга мажбур бўлган эди.
Хива хонлигининг садоқатли ватандошлари бўлган туркманлар рус босқинчиларининг 398 аскари, шу жумладан, 36 офицерини қилич билан чопиб ташлашди.
Хивадаги порахўр ва маишатпараст хону ҳокимлардан фарқли ўлароқ, туркманлар Хоразм давлатини босқинчилардан асраш учун жонини ҳам, молини ҳам аяшмади. Эркаклар ўлса, жанг майдонига аëллар чиқиб, ўрис босқинчиларини қон қақшатишди.
12 январь Туркманистонда Гўктепа шаҳидларини эслаш куни деб эълон қилинган. Аслида бу кунни бутун Туркистон халқлари эслаши лозим. Ботир ота-боболаримизга шон-шарафлар бўлсин.
Бугун Евроосиё иттифоқига кираман деб боши ергача таъзим қилиб турган шарафсиз раҳбарлар фонида Гўктепада ватан сарҳадларини ҳимоя қилган оталаримиз қиëфаси янада ëрқин кўринади. Сизга шон ва шарафлар бўлсин.
Миннатдор авлодлар ватанни ҳимоя қилганларни унутмайди. Албатта, сотқинларни ҳам эслаймиз. Кечагисини ҳам, бугунгисини ҳам.
Тарих тўғрисида қолайликда жим, хабарлар сўйлайлик, қулоқ бер шунга.
Қисқа хабарлар
Тошкент вилояти «Қашқарлик» маҳалласи масжиди имом-хатиби Очилди Рашидовга жума ваъзида Ўзбекистондаги русийзабон ватандошларни ҳақорат қилгани учун чора кўрилди. У кишининг қўлидан эҳсон қутиси калити бир ой муддатга олиб қўйилди.
Очилди бират “Агар ичкиликбоз бўлса – Пётр ёки Александр, енгилтабиат бўлса – Маша ёки Наташа”, дея ўз ваъзларида марҳамат қилган эди.
Имом Очилди Рашидов қилган иши учун кечирим сўради.
Тошкентдаги «Малика» савдо растаси дўкончиларидан бирининг соқолидаги бит мўйна маҳсулотига ўтгани боис «антисоқол» тадбири бошланди. Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси пойтахтнинг «Малика» («Техноолам») савдо мажмуасидагиларнинг соч-соқоли ўсиб, антисанитария ҳолати келиб чиққани юзасидан тафтиш ўтказди.
+++
Омбор ҳам ëнди¸ уйлар куйиб кул бўлди. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 8 февраль куни бир-бирига туташ 5 та уй ёнғиндан зарар кўрди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, ёнғин чиққан кўчанинг отиям Дучор экан. Дучор берк кўчаси.
Турист солиғи
Сиз Ўзбекистонда яшайсиз. Мабодо бирор қариндошингизнинг тўй-маъракасига бораман деб Самарқанд, Хива ёки Бухорога борсангиз, сиздан турист солиғи олинади.
Бу борада муҳтарам президент фармон имзолади. Фармонга биноан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон ватандошларидан турист солиғи олинади.
Бу йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Фармон муборак, ватандошлар!
Титул миллат
Тошкент шаҳри Яшнобод тумани «Жарқўрғон» маҳалласидаги 8 яшар болани сен кофир ўриссан, деб уриб қўлини синдиришибди. Участковой милиса эса боланинг онасига «мен мусулмонман, мусулмоннинг тарафини оламан», деган.
Илмий иш ëзганлар билади титул варақ нималигини. Бу биринчи варақдаги сарлавҳа. Биз яшаëтган давлатнинг титул варағига Ўзбекистон деб ëзилган.
Бу давлат номини ташиган этнос мансублари титул миллат дейилади. Дарров айтай, менга умуман ëқмайди бундай ëндашув. Ўзбекистон ватандошларининг ҳаммаси бирдай титул миллат бўлиши мантиқ ва соғлом ақлга тўғри келади.
«Титульная нация» деган англамни илк бора француз романист-индивидуалист ва миллатчи сиëсий арбоби Морис Баррес XIX аср охирида муомалага киритган эди.
Эътибор беринг, миллатчи сиёсатчи Барресга кўра, мамлакат тили, маданияти ва давлат тизимига асос солган доминант этнос титул миллат дея аталиши керак. Бошқалар эса диаспора деган тамға остида яшашга маҳкуммиш.
Ниманинг ҳиди келаëтганини сездингизми? Биринчи сорт ва иккинчи сорт ватандош деганими бу?
Тошкентлик олима аëл Берлинга келганида Фрай университети профессори билан учрашди. Мен ҳам бор эдим суҳбатда. Ўзбек зиëлиси немис профессорига қараб, «Сиз тоза қонли немиссиз, албатта», дея хушомад қилди.
Хоним бу гапни русча айтди – «чистокровная немка». Немис профессори аëл киши эди. Фавқулодда жаҳли чиққан бўлса ҳам ўзини босиб: «Тоза қонли немисни қандай аниқлайсиз? Циркул билан бурнини ўлчайсизми? Ëки қонини текширасизми?» деди.
Кейин профессор шу университетда ишлайдиган Томас деган қора танли ва Мустафо деган туркни чақирди. Ўзбек «зиëли холага» қараб: «Мана Томас ва Мустафо. Улар ҳақиқий немис. Уларнинг паспортида ëзилган бу. Марҳамат қилиб бундай аҳмоқона гапни бошқа эшитмай сиздан», деди.
Бу «зиëли хола» барибир ҳеч нарсани тушунмади. Этномиллатчилик хавфли эканини Қирғизстон, Қозоғистон ва Туркманистонда яшаëтган ўзбеклар жуда яхши билади. Айниқса, Ўш ва Аравондагилар.
Нима демоқчиман. Кеча Тошкентнинг Яшнобод туманига Қашқадарëдан кўчиб келган ўзбек оиласининг 14 ва 16 яшар болалари бирлашиб бир ўрис болани уриб, қўлини синдирди.
Бу болалар назарида бу ўрис «кофир» экан. Майли, буларни бола, десак. Аммо участкавой милиса ҳам шундай деб ўйлар экан. «Мен мусулмонларнинг тарафини олиш учун қўйилганман», дебди.
Энди бу гапдан кейин тармоқнинг русийзабон тошкентликлар контентида ҳаддан зиëд нафратли ëзувларни кўрдим. Нафрат улар наздида «Тошкентни мўр-малахдай босган вилоятлик ўзбекларга» қарши қаратилган.
Русийзабонларнинг балки нафрати сал ошиб кетгандир. Аммо тўғри тушуниб, ўзимизни босиб олайлик. Яқин тарихимизда месхет туркларининг уйларини ëқиб ҳайдаганимиз билан боғлиқ тавқи лаънат етади бизга.
Оқ танлилар Жанубий Африкадан чиқиб кетганидан кейин амалга ўтирган қора танлилар бу мамлакатни нафрат, уруш, диний низо ва ўғирлик ботқоғига тўлалигича ботириб ўзларини «кўрсатишган» эди.
Мана, ўрислар кетгандан кейин 30 йил мобайнида бизни бошқарган энг кичик раҳбардан президентга қадар ўғирлик, зулм ва непотизм ботқоғига ботганини кўриб турибмиз. Кўр эмасмиз.
Фонд биржаларида баъзан акцияларнинг нархи тушиб кетади. Бир вақтлар Марказий Осиëда илм ва ирфон маркази бўлган Ўзбекистон дея номланган акциянинг нархи, мана, 30 йилдирки, плинтусдан паст.
Бир катта ўғрихона деб қараладиган хатарли ҳудуд. Яна ҳам пастга қуламаслик учун ўйлайлик, азизлар. Ўйлайдиганлар бир-бир ўлиб, бу ëввойи қорамоллар галаси 99 фоизга етганидан кейин кеч бўлади.
Порох бочкаси устида ўтириб, гугурт чақиш ислоҳот эмас, харакири.
Тузукроқ туғруқхона қура олмаган бош вазир
Раҳмим келди Ариповга. Эҳ, Арипов, бешта қизингдан биттаси туғяпти. Бюджетниинг пулига Мюнхендан бир самолёт гинеколог қиммат дўхтир келди бош вазирнинг қизига доялик қилиш учун.
Майли, қизингнинг кўзи эсон-омон ëрисин. Аммо ўзинг бош вазир бўлиб ҳеч бўлмаганда қизинг туғишини таъминлайдиган битта туғруқхона қура олмаганингдан уялмайсанми?
Майли, биламан, халққа кўндаланг қўйгансан. Майли, Каримов даврида ҳам, ҳозир ҳам тинимсиз ўмаряпсан. Лекин барибир ҳеч бўлмаганда ўзинг учун бир касалхона қура олмадингми? 4 йил нима қилдинг? Сал бўлсаям уялмайсанми?
Жаҳонгир гиналарига жавоб
Жаҳонгир Отажонов (Сапарвой аканинг ўғли) ҳали тузилмаган «Халқ манфаатлари» партиясини тарк этди. Жаҳонгир иссиқлик қилди бобойларга.
Эҳ, Жаҳонгир. Жаҳонгирбек юртдошим. «Элтуз»дан хафа бўлиб қилган чиқишингни кўрдим. Гийлаю гудуринг бошимиз устига. Энди гап бундай иним:
Кўп жаҳонгир кўрган бу дунë, барчасига гувоҳ ер ости.
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, сиëсат панжасига панжа урмоқ.
Жума ваъзида асли сени мақтагандим, биродар. Яхши тарафларингни айтдик. Фонограммасиз ижод қилганинг ва овоз диапозонинг Юлдузникидан кучли эканини ҳам айтдик.
Жўмардлигинг ва бошқа артистлар каби паразит эмаслигингни ҳам айтдик, оғайни. Аммо сатирик журнал бўлгани учун сени Жаққи дедик. Яхши биласан, Хорaзмда Баҳодирни боққи, Шавкатни шўкки дейди.
Агар шу ҳазил сенинг қалбингни оғритган бўлса, узр сўрайман. Кечир, Жаҳонгир иним. Видеодаги сўлғин юзингни кўриб ичим увишди.
Аммо… Жаҳонгирбек, сиëсат бу саҳна эмас. Ҳеч ким сени олқишламайди. Қилдан қийиқ ахтариб, сени лаънатлашади. Саҳнада сенга томошабинлар гул отишса, сиëсат саҳнасига чиққанларга тош отишади. Лой ва балчиққа қоришади. Сиëсат бу. Чидаганга чиқарган.
17 йил Германияни бошқарган Ангела Меркелни қуëн, маймун, ит ва тўнғиз қилиб расмини чизишди. Яланғоч расмини қўйиб, устидан кулишди. Аммо Меркель парво қилмади. Сиëсатчининг тўни ҳам, териси ҳам қалин бўлади.
Британияда Бенкси деган рассом мамлакат парламентидаги барча депутатларни маймун шаклида чизди. Бу расм учун Бенксига ҳеч ким маломат қилмади. Асарни Бристоль музейи сотиб олди.
Жаҳонгирбек «Элтуз» деган ник йўқ. «Элтуз» деган сайт бор. Бу сайтни 1994 йилдан 1999 йилгача Хоразмда Эй Эл Си деган канал очган юртдошинг Қудрат Бобожон юритади. Адрес ва телефони бор. Истасанг телефон қил.
Яна бир бор узр сўраймиз. Отажоновлар сулоласини ҳурмат қиламиз. Лекин, боя айтганимдек, сиëсат бу саҳна эмас. Шафқатсиз ва андишасиз дунë бу. Сиëсатга кирган одамнинг устида танкникидан ҳам қалин брон бўлиш керак.
Жаҳонгирбек, сиëсатга хуш келибсан. Бу жабҳада сени ўтдан олиб сувга соладилар. Фитратинг кучли бўлса, пўлат каби тобланасан. Заиф бўлсанг, кул бўласан. Урушда туриш йўқ, биродар. Йўлинг очиқ, бошинг тик, тилинг эса қиличдай кескир бўлсин.
«Мовий гумбазлар»га қадалган кўзлар
Тошкент ҳокими биносига кириб «Ўғри» деб бақирсанг, ҳамма амалдор ялт этиб қарайди. «Одамлар» деб бақирсанг, ноль реакция. Нега??? Чунки улар ўғри.
Айни пайтда мамлакатимиз пойтахти марказидаги «Мовий гумбазлар» кафеси жойлашган улкан паркни Ортиқхўжаев бандитлари талон-торож қилишмоқчи. Бунга қарши чиққан оз сонли, аммо закий ватандошлар билан биргаман.
Журналист Фарида Шариф, рассом оғамиз Вячеслав Охунов, андижонлик рассом Нўъмонжон Холмирзаевга ташаккур билдираман. Ортиқхўжаевга қарши чиқиш – бу ҳақиқий ботирлик.
Балиқчидаги безбетлар
Январь ойидаги ваъзимда Андижон вилояти Балиқчи туманидаги бир ёш тадбиркор ҳақида айтиб ўтган эдим. 2014 йилда мол-мулки тортиб олинган Алишер судма-суд юриб тинкаси қуриган эди.
Балиқчидаги суд, прокуратура ва ҳокимлик вакиллари бу талон- тарож ҳақида эшитганини аниқ биламан, аммо қонун устуворлигини таъминлаш учун шу пайтгача бирор ҳаракат қилинмаган.
Энди билдик, Ўзбекистоннинг қайси туманида энг безбет ҳокимият вакиллари борлигини.
«Элтуз» нимани англатади?
«Элтуз» дегани нима маънони беради, деб сўрашади. Бу «эл» ва «туз» сўзларидан таркиб топган. «Эл» сўзи арабча «халқ» сўзининг туркчасидир. «Туз» сўзи эса бу ерда овқатга соладиган шўр минерал (salt) эмас, балки тузатиш, тузиш ва қуриш маъносида.
Инглизчаси nation building бўлади. Форс ва араб сўзларига ўрганиб қолган қулоқлар учун соф туркча «элтуз» сўзи сал тушунарсиз бўлганини биламан.
Биринчи марта бу сўзни ишлатиб, 1994 йили «Элтузар шуур» деб мақола ëзганимда Муҳаммад Солиҳ «Элтузар» дея газетага ном берса бўлар экан, деб таклиф берган эди.
2010 йили Ўш воқеаларини ëритиш учун «Элтузар» деган сайт очдим. Аммо Ўшдагиларнинг ортиқча диндорлашган қисми бу нашрни қўлламади. Сайт ëпилди.
Манғитлик бир дўстимизнинг катта оталаридан бирининг исми Элтузар эди. Хоразм тарихида Элтузар деган хон ўтган. 1804 йилдан то 1806 йилгача хонлик қилган. Қўнғирот ўзбекларидан. 1760 йили Хивада туғилган ва 1806 йили Хивада ўлган.
Тарихда яна бир ҳукмдорнинг исми Элтутмиш. Элдор Асанов оғамизнинг ëзишича, Элтутмиш 1211–1236 йилларда Деҳлини бошқарган. Туркларнинг элбарий қабиласига ва Деҳли султонлигининг шу номли сулоласига мансуб.
Сўнгги иқтибос турк шоири Навоийдан: Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам.
Босқинчилик тарихи
Суҳбатимизни тарих ҳақидаги эсдаликлар билан бошловдим. Мавзуни давом эттирсам, чунки тарих улуғ муаллим. Бугунги раҳбарлар тарихдан сабоқ чиқарса севинардим.
Россия истилочилари 1879 йилгача ҳам Хива хонлигига кўп марта ҳамла қилиб, ишғол қила олишмаган.
1813 йилда Озарбайжон қўлга киритилди, 1859 йилда Доғистон ва Чеченистон, 1864 йилда черкаслар юрти босиб олинди. Чеченлар билан 60 йил жанг қилинди.
19-асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёдаги мусулмон давлатларни забт этиш бошланди. Сал илгарироқ чор ҳукуматига бўйсундирилган татар ва бошқирдларни зўрлаб чўқинтириш, яъни насроний (христиан) динига киритиш сиёсати юритилди.
«Дунё славянларники, славянлар эса Россияники», деб ўзгалар юрти устида қилич ўйнатган қонхўр рус генераллари Перовский, Верёвкин, Черняев, Кауфман, Куропаткин, Скобелев ва уларнинг минг-минглаб маслакдошлари Кавказ, Кавказорти, Сибирь, Узоқ Шарқ, Ўрта Осиё ва Қозоғистон ўлкаларини босиб олиб, Россия мустамлакасига айлантирдилар.
Сибирь ўлкаси ҳамда Туркистондаги битмас-тутанмас ер ости ва ер усти бойликларига кўз олайтирган чор маъмурларидан бири – Россия империясининг молия вазири Вишнегородский «Ўрта Осиё – рус тожидаги энг қимматбаҳо дур», деб ёзганида Россиянинг келажакдаги иқтисодий юксалиши Ўрта Осиёга боғлиқлигини назарда тутган эди.
Россия империяси Ўрта Осиёга қанча куч билан бостириб келган эди? Ҳисоб-китобларга қараганда, кучлар сони Кавказ урушида қатнашган аскарлардан бир неча баравар кўп ва қирғини ҳам даҳшатлироқ бўлган.
Ўрта Осиё ва Қозоғистонга юриш даврида Фарғона генерал-губернатори: «Бир минг сарт бир рус аскари этигининг пошнасига арзимайди», деб ёзган бўлса, уларнинг бошқа бири – Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман: «Амир (Бухоро амири) исёнкорларидан (1868 й.) бирортаси ҳам асир олинмасин. Қўлга тушганларнинг ҳаммаси, ҳаттоки ярадорлар ҳам отиб ташлансин», деб фармон берган эди.
Ҳарбий тарихчилар А.Терентев, М.Иванин, 3. Кастелская Қозоғистондаги шаҳар, қишлоқларни, Ўрта Осиёнинг маданий маркази бўлмиш Тошкент шаҳрини вайрон этиб, минг-минглаб бегуноҳ оддий одамлар қонини дарё қилиб оқизган генераллар Черняев, Скобелев, Ионов, Куропаткин, Ивановни қаттиқ қоралашган.
«Черняев ашаддий шовинист эди. Унинг назарида, Қўқон хонлигида яшаган ўзбеклар, қирғизлар, қипчоқлар ва бошқа халқлар фақат тўн (чопон) кийганликлари учунгина қириб ташлашга лойиқ», деб ёзган эди тарихчи зобит Кастелская.
«Скобелев Ивановни зуғумга олгач, – деб ёзади Б. Наливкин, – у қўл остидаги аскарларини ҳужумга бошлаб, эмизикли болаларгача чопиб ташлади»…
Россия империясинииг Кавказ ва Ўрта Осиёда олиб борган босқинчилик сиёсатини ҳатто жаҳон йўқсилларининг доҳийлари ҳам қоралаган эдилар.
Ленин «Туркистон мустамлакачиликнинг энг ёрқин намунасидир», деб ёзган бўлса, Фридрих Энгельс ва Карл Маркс Чор Россиясининг Ўрта Осиёдаги мустамлакачилик ва талончилик снёсатини ўз асарларида қаттиқ танқид остига олишган.
Эндиги навбат эртакка. Эртаксиз ваъз бамисоли шпалсиз темир йўл, муҳаббатсиз ҳаёт. Эртак бир замонлар мамлакатни харобага айлантирган ҳукмдорларни ҳажв қилган Гулханийнинг «Зарбулмасал» асаридан илҳомланиб ёзилди.
Бойўғли ва Кўрқуш эртаги
Бир куни Кўрқуш ўғлини уйлантириш учун Бойўғлининг олдига совчиликка борибди. Унинг ҳуснда танҳо бир қизи бор эди. Фаровон шаҳарлар, сўлим ўрмонлардан йироқда яшовчи, харобалар султони бўлган Бойўғли қизининг қалинига Кўрқушдан минг чолдевор беришини сўрабди.
Бўлғуси қудасининг бундай жавобидан ҳафсаласи пир бўлган Кўрқуш келиб ҳасратини хотинига айтибди. Доноларнинг доноси бўлган хотини эса унга бундай дебди:
– Нега рози бўлмадинг, эй Кўрқуш? Наҳотки чиндан ҳам кўзларинг атрофда кунора кечаётган воқеаларни кўрмаётган бўлса? Мана, эрта-индин 50 йил қад кўтариб турган мовий гумбазларни йиқишади, камида 500 дарахт томири қуритилади, ундан илгари ҳам шаҳардаги хиёбонларга қирон келтирилган, икки кўприк, бир кўп қаватли уй вайрон бўлган эди. Ўтган йил тўғон ағдаралиб, унинг атрофидаги минглаган уйлар чолдеворларга айланган эди.
Бойўғлининг таклифига рози бўл. Агар шу ҳукмдоримиз яна бир йил турса, Бойўғли қизининг қалинига минг эмас, ўн минг чолдевор топиб бера оламиз.
Камбағал бизники. Бойлар сизники.
Ҳақиқат бизники. Ёлғон сизники.
Қайғулар биздандир. Шодликлар сиздан.
Ташвиш бизга тобе. Беғамлик сиздан.
Ямоқ бизникидир. Бутун сизники.
Озодлик биздандир. Қафас сизники.
Кўнгил бизнинг подшоҳ. Қорин сизники.
Бизнинг уй хароба. Сарой сизники.
Манглай тер бизники. Ҳаром сизники.
Биз Ҳақнинг қулимиз. Дунё сизники.
Энди буёғининг ўзи бўлинди:
Аллоҳ бизникидир. Шайтон сизники.
Усмон Азим
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз