РТдан ваъз: Ким нима экса, шуни ўради
Қарғалган миллати ҳўкиздай ишлаб,
Раҳматнинг ўрнига эшитар миннат,
Бор-йўғини дунёнинг пойига ташлаб,
“Ўғри” деб ном олар қарғалган миллат.
Қарғалган миллатнинг келажаги тул,
Дарёлари қуриб, чирир ерлари,
Қарғалган миллатнинг болалари – қул,
Аёллари тумсо, бепушт эрлари.
Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг бу шеъри тез-тез ёдимга тушади. Шеър 35 йил муқаддам ёзилган. Аммо шоир бу сатрларни шу ҳафта, ҳаттоки бугун битганга ўхшайди.
Биз қарғалган миллатмизми, деб сўрайман ҳар гал ўзимдан. Жавоб топа олмайман ҳеч. Аммо бу саволга ваъзим давомида яна қайтаман.
Аввалига қисқа хабарлар.
Шумахер куёв
Тошкентда аварияга учраган Отабек Умаровга 4 март куни Жанубий Кореяда жарроҳлик операцияси қилинди.
Қарз узилади, сарой ёнга қолади
2020 йилда Ўзбекистон $ 5,4 миллиарддан кўпроқ қарз олди. Ташқи қарз $21 миллиарддан ошди.
Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон ташқи қарзи 34,4 фоиз (5,4 млрд долларга) ўсиб, 21 млрд доллардан ошди. Бу Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 36,5 фоизига тенгдир.
2021 йил охирига бориб Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 25 млрд доллардан ошиши кутилмоқда, шунинг 18 миллиарди — ҳукумат қарзлари, 7,5 млрд доллар эса Ўзбекистон кафиллиги остидаги қарзлардир.
Нимаям дердик, қарз узилади, сув омбору сарой ёнга қолади.
Ҳоким учун махсус контейнер
«Бир ойга бўлса ҳам маҳаллага кўчиб ўтаман». Бутун мамлакат бўйлаб айни ном остида дабдабали спектакль-перфоманс томошалари бошланди. Унда асосий ролларни вилоят ва туман ҳокимлари ўйнашади.
Бухоро ҳокими ҳам ўзига контейнер қаср қурдирди. «Самсунг» кондиционерли контейнер. Намангандаги ҳокимнинг контейнер уйи 9 минг доллар.
Юзни урганлар гурунги
105 ёшли отахон опасини кўргани борибди, онахоннинг ёшлари 108 да экан. 2 аср авлодни кўрган отахон ва онахоннинг суҳбатини эшитинг.
Тоҳир гўрда – Абусаид қамоқда
Қаршининг Чўли ота массивидаги тарвуз полизида 39 ёшли Абдусаид билан Тоҳир қарз олди-бердиси устида урушиб қолишди.
Тоҳир узоқдан югуриб келиб, «ияяя» дея Абдусаидни тепди.
Абдусаид гуппа йиқилди.
Қарзни қайтар, дея бақирган Тоҳир энди бир сакраб ерда ëтган Абдусаиднинг устига минволди.
Сўлоқмондай мушти билан Абдусаиднинг бошига солди.
Абдусаид бўлса, белидаги шпалдан бўлган, устига «Ё Али» деб ëзилган Шаҳрихон пичоғини олиб, Тоҳирнинг кўтига тиқиб, бураб-бураб ташлади.
Қон тирқираб оқди.
Тоҳир шундай додлаган эдики, ҳатто қарғалар «қағғ» этиб учиб кетди.
Воқеа 23 февраль куни юз берди.
Тоҳир гўрда, Абдусаид қамоқда. Қарз эса қайтарилмай, қиëматга қолди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Абдусаид П.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши очилди.
Эҳ, Сарқўзи, Сарқўзи!
Франциянинг 66 ёшли собиқ президенти Сарқўзига 3 йил қамоқ жазоси берилди. Коррупция учун. Уни судьяларни сотиб олишда айблашди. Саркози ўз президентлик кампаниясининг нолегал молиялаштирилиши юзасидан суриштирув маълумотлари эвазига судьяга мансаб ваъда қилган эди.
Эҳ, Сарқўзи, Сарқўзи! Ўзбекистонга келсанг бўларди, сарой қуриб берардик.
Ебтўймаслар
Конлардаги олтин тугайди. Қарзлар олиниб, ерлар сотилиб бўлади. Барибир етмайди бу юҳоларга. Шу пайт буларнинг кўзи камбағалнинг тўрвасидаги олти тангага тушади.
СОДИҚ САФОЕВ «аҳолида 10 миллиард доллар бор, бу маблағдан фойдаланиш зарур», деб айтибди. Аслида бу эски ғоя. Совет ҳукумати ҳам пули тугаган вақтда заëм чиқариб, одамларнинг пулини олган.
Аҳолида 10 миллиард эмас, камида 100 миллиард бор. Зеро, кўринмас миллиардерлар ўнлаб бўлса ажабмас. Аҳолининг чўнтагини ковлаш ўрнига четдаги активларни Ўзбекистонга қайтариш йўлини топиш керак.
Четда ювилган миллиардларга амнистия эълон қилинса, тортиб олинмаслик кафолати берилса, улар айтиб келади. Вақтида Назарбоев айни усулни қўллади. Натижада Қозоғистондан олиб чиқилган миллиардлар яна қайтиб келди. Сўз молиячи ва бонкачиларга. Нима дейсиз?
Классик диктатура
Орқатоғ, Орқатоғ деяверманглар ҳадеб. Беларусдаги Батькагача ҳали анча бор унга. Ҳадеб Арқадағ ва қўшни туркманлар устидан кулавермасдан, дунёга нигоҳларимизни бироз кенгайтирайлик.
Мана бу видеода Беларусь Қуролли кучлари полковниги Андрей Кривоносов ғаройиб нутқ ирод этган. Полковникнинг сўзларига кўра, у давлат раҳбари Александр Лукашенко билан қўл бериб сўрашиб қайтгач, президент қўлидан қабул қилиб олган энергия қувватини барча аскарларига тарқатиб чиқибди.
«Мен Бош қўмондон Александр Лукашенко қўлидан энергия ва қатъийлик қувватини олиш бахтига муяссар бўлдим. Энди шу қувватни Беларусь Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларига тарқатиб чиқмоқчиман», дейди Кривоносов.
Ельцин хатоси
Бу суратда икки марҳум сиёсатчи – Россиянинг илк президенти Борис Ельцин ва мухолифатчи Борис Немцов.
Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов 2015 йил 27 февралда тўртта ўқ билан отиб ўлдирилган.
Суратни Россия собиқ президенти Борис Ельцин 38 ёшга тўлган либерал сиёсатчи Борис Немцовга ҳадя қилганди.
Сурат устига Ельцин мана бу сўзларни битганди:
«Мутлақо махфий. Эстафетани топшираман. Б.Ельцин».
Бошқачаа айтганда, Борис Ельцин Немцовни ўз вориси сифатида кўраётган эди. Аммо режа режалигича қолиб кетди. 1999 йилда қудрат шоҳсупасига кўтарилган Владимир Путин 22 йилдан буён от ўйнатмоқда.
Мустақиллик меъмори
Тошкентдаги «Кўк гумбазлар»ëнида мустақилликка аталган обида қуришмоқчи.
Савол: Ўзи нимадан мустақил бўлувдик?
Жавоб СССРдан.
СССРни ким тугатди?
Ким СССР тугаши ҳақидаги ҳужжатни имзолади?
Бу аниқ ва тарихий факт.
СССРни Михаил Горбачёв тугатди.
У СССР тугаши ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Ана шундан кейин бошқа 15 республика қаторида Ўзбекистон ҳам мустақил бўлди-қолди.
Демак, Ўзбекистон мустақиллиги сабабчиси аниқ Михаил Горбачёв экан.
Жорий ҳафтада бу азиз ва муҳтарам сиëсатчи 90 ëшга кирди.
Тириклигидаëқ ҳайкаллари Германия ва АҚШда ўрнатилган ҳақиқий муҳтарам зот.
Бир империяни қонсиз, ўлимсиз бир тугатган буюк зот!
Мен Тошкентдаги «Мовий гумбазлар» ëнига кўчада юриб кетаëтган Горбачёвнинг бронза ҳайкалини қўйишни таклиф қилардим.
Тагига ëзиб қўйса бўлади, шу сиëсатчи СССРни тугатди ва Ўзбекистон мустақил бўлишини таъминлади, деб.
Миннатдор ўзбеклардан, деб қўшсак ҳам бўлади.
Паркка келганлар унинг пешанасини силаса, севгилиси билан муҳаббати қуюқ бўлади, деган ирим жорий қилинса ҳам зарари тегмайди.
Умуман, Шимолий Корея усулидаги ҳашаматдор стелладан кўра минг марта самимий ва чиройли бўлар эди.
Бутун дунë матбуоти ëзарди. Туристлар келарди.
Масалан, мен танишларим орқали поп юлдуз Нина Ҳагенни очилиш маросимига таклиф қилишим мумкин.
Унинг «Михаил, Михаил» деган қўшиғи тўқсонларда хит бўлувди.
Бу кўраётганингиз эса Германияда Горбачёвга қўйилган ҳайкал.
Kаримов мероси
Энди Ислом Каримов қолдирган мерос ҳақида.
Амир Темур тиғи ва аскарлари билан забт эта олмаган Ер шарини Каримов ўзбек фоҳишалари ва гастербайтерлари билан забт этди.
Эркаклари Россия ва Қозоғистондаги энг арзон ишчилардир. Аёллари Истанбул, Дубай ва ҳаттоки Ҳиндистондаги энг арзон фоҳишалардир.
Тасаввур қилинг, ўзбек иқтисодиётини 8 миллион дангаса ва яна минглаб фоҳишалар боқяпти. Биринчи тоифа цемент қориб, кўча супуриб, ҳар йили Ўзбекистонга 4-5 миллиард доллар инвестиция жўнатиб ётибди.
Икки оёғининг орасини ва бошқа ерларини сотиб пул топаётган ўзбек фоҳишалари ҳам дунёнинг турли бурчакларидан юртга миллионлаган доллар инвестиция жўнатишмоқда.
Москвада ишчи эркак ва меҳнаткаш аёл ҳайкали бор. У совет иқтисодиётини кўтарган меҳнаткашлар шарафига ўрнатилган. Ўзбек иқтисодиётини кўтариб турган гастербайтерлар ва фоҳишалар шарафига Тошкентнинг қоқ марказида “Ишчи ва Ишвалак” ҳайкалини ўрнатса арзийди аслида.
Каримов “дангаса” деб ҳақорат қилса ҳам унинг ҳайкалига бориб сажда қиладиган, бронзадан бўлган туфлисини артиб, қонга ботган қўлини ушлаб, расмга тушадиган “недогонлар” қолди.
Каримовдан қишда газcиз ва чироқсиз бемалол яшаб кета оладиган, атом бомбаси ҳам ўлдира олмайдиган сувараклар қолди.
Бу сувараклар Каримов даврининг ёмонликларини кўриб, СССРни соғинишар эди. Энди эса Мирзиёев даврининг ёмонликларини кўриб, Каримовни соғинишмоқда. Сал вазият оғирлашса, ҳақ талаб қилиш ўрнига ностальгияга берилиб, ўтмишни қўмсашади.
Каримовни ва унинг даврини соғинаётганлар диққатига буларни эслатиб қўяман:
1. Каримов даврида намозхонлар ва қори акалар қайнаган қозонга солиниб қайнатилар ёки ғишт пиширадиган печга тиқилиб ёндирилар эди. Каримов Ўзбекистони дунё бўйича энг даҳшатли қийноқлар қўлланиладиган давлатлар 5 талигига кирган эди. Сиз бугун золимни соғинганда унинг зулмини ҳам соғиняпсиз, жаноблар!
2. Каримов оқпошшолар ва коммунистлар 150 йилда қилолмаган ишни 27 йилда ортиғи билан бажариб кетди. Ўзбекдан итоаткор биомассани ясади. Каримов яна 25 йил от ўйнатиб турганида Ўзбекистонни улкан чўчқахонага айлантириши аниқ эди.
3. Каримов даврида Ўзбекистон қийноқлар, болаларни мажбурий меҳнатга чиқариш, коррупция, давлат миқёсидаги наркотрафик, таълим сифати ва бошқа индекслар бўйича дунёнинг энг қолоқ мамлакатларидан бирига айланди. Бугун ҳар икки гапининг бирида хато ёзаётган саводсизлар армияси ҳам айнан чўтирнинг даврида вояга етди.
4. Каримов 1999 йилги Тошкент портлашларини уюштириб, мамлакатни улкан қамоқхонага айлантирди. 2005 йилда юзлаб андижонликларни пулемётдан отиб ташлади. Ўша митингга қўлларида чақалоқлари билан чиққан аёлларни ҳам аяб ўтирмади. Агар яна шундай қотилликлар ва қама-қамалар қайтсин десангиз, Каримовни соғинишда давом этаверинглар, биожаноблар!
5. Агар ўзбек гастербайтерларидан ва фоҳишаларидан иборат улкан армия янада кўпайсин десангизлар, Ислом додангизни соғининг, унинг қайта тирилишини сўранг. Балки сиз манқуртларга раҳми келиб, Тангри Таоло бошингизга Каримовдан ҳам баттар бировини жўнатар. Золим истаганга – золим, одил истаганга – одил берилади, жаноблар!
6. Иккинчи, ёмонроқ эрга чиқиб, аввалги эрини соғинаверадиган йиғлоқи хотинларга ўхшаб, аввалги замонларни қўмсайвергандан кўра, топталган ҳақларингизни талаб қилишни ўрганмайсизларми?! Иш излаб, дунёнинг турли бурчакларига сочилиб кетгандан кўра, Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатнинг ўзидан иш топиб беришни сўраган яхши эмасми?
Ҳа, айтганча, қўрқоқ қўйлигингиз эсимдан чиқибди. Қўй қачон ҳақ талаб қилган? Қўй қачон бўрига айланган?! Ҳеч қачон! Қўйларнинг қисматида эртами-кечми барибир сўйилиб, ейилиш бор. Уларни ё бўри ейди, ё чўпон!
Сизларни ким сўйиб егани маъқул, биожаноблар?
Навоий ҳайкалини ким буриб қўйди?
Россия императори хаританинг устига линейка қўйиб, қалам билан Москва ва Петербург ўртасини боғловчи чизиқ чизади.
Қалам линейканинг бармоқ тегиб турган жойига келганида сакраб кетиб, кичик ярим ой ясаб, яна тўғри чизиқ давом этади.
Демак, бу икки шаҳар ўртасида темир йўл ўтказилиши керак эди.
Муҳандислар икки шаҳар ўртасини боғловчи йўл ўртасида бирдан ярим айлана нега пайдо бўлганига ҳайрон қолишади.
Бу шунчаки подшоҳнинг бармоғига қалам теккани билан боғлиқ «подлог» эканини ўйлашмайди ҳам.
Москвадан «Красная Стрела» поездига тушиб кетсангиз, ярим йўлга борганида поезд бирдан бурилиб, ёй ясаб, яна йўлида давом этади. Бу энди тарих.
Икки йил олдин президент Мирзиёев Миллий боққа борганида «Алишер Навоий нега вовиллашга ҳам ярамайдиган депутатлар ўтирадиган Олий Мажлисга қараб турибди? Мен унинг ўрнида бўлганимда Саид Аҳмад ҳайкалига қарардим», дейди.
Шотирлар югуриб бориб, палон миллион сарфлаб, ҳайкални буриб қўйишди.
Балки Юртбоши аския қилгандир. Балки президентнинг ақли архитектура ва нафис санъатга келганда оқсайдир, деб ўйлашмаган ҳам.
Бу ишни қилган ўзбек мулозимлари.
Уялинг, Пўлат Бобожонов!
26 февраль куни «Ҳақиқат ва тараққиёт» партияси лидери Хидирназар Аллақулов уйи куч тузилмалари томонидан қуршаб олингани ҳақида хабар берди.
Ижтимоий тармоқда қилган жонли чиқишида Хидирназар Аллақулов ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зудлик билан Андижон вилоятига етиб келиш талаби қўйилаётганини айтди. Шу куннинг ўзида сиёсатчи Андижон вилоятига куч билан олиб кетилди.
Андижон вилояти ИИБ тергов бўлими офицерига кўра, қамоққа олинган Хидирназар Аллақуловнинг ëрдамчиси «ҳужжатларни сохталаштириш» деган жиноятда айбланган.
Аллақулов эса ëрдамчисига бу ҳақда «кўрсатма берганликда» айбланган.
Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрининг энг сараланган ва тиш- тирноғигача қуролланган офицерлари ҳамма ишни қўйиб, фақат Аллақуловни «фош этиш»га сафарбар қилинган.
Кечанинг ўзида Тошкент ва Андижонда¸ айниқса, Булоқбошида содир бўлган ўнлаб жиноятлар эътиборсиз қолган.
Қиссадан ҳисса шуки, Ички ишлар вазирлиги сиëсий ўч олиш қуролига айлантирилди.
Пўлат Раззоқович, сиз мен нима деяётганимни яхши тушунасиз.
Ҳар ким ўз ишини қилсин.
Прокурорлар девор оқламасин.
ДХХ хўрозбозлар ортидан қувламасин.
Бу гапларни ëзаëтиб балкондан қарасам, Тошкент марказида йўл четида турган машина ғилдирагини безбетларча ўмариб кетишди.
Сизнинг миршабларингиз ўғрини ушлаш ўрнига режимнинг сиëсий мухолифини қамайман деб, тилини осилтириб югуриб юрибди.
Ўзбек ИИВ ходимлари «фас» деса, режим «душмани»ни бориб, сонидан тишлайдиган кўппак эмас.
Пўлат Раззоқович, уялинг!
Оддий ИИВ ходимлари сизни ҳурмат қилмай қўйди аллақачон.
Домлани мошинага босиб олиб кетган ва унга туҳмат ташлаганлар ҳам фаровон ҳаëт кечирмайди.
Уларнинг уйи ҳам совуқ бўлади¸ чироғи ҳам ўчади.
Болалари сариқ касалдан ўлиб кетади.
Эртага ўзлари қамалиб кетиши ҳам ҳеч гапмас.
Улар ҳам барчага келган машаққатлар тагида эзилиб ўлиб кетади.
Бу мамлакатда фақат минг одам яхши яшайди.
Миллионлар эса машаққат ичида.
Ҳурматли ИИВ ходимлари, сизларнинг номингиз қора бўлгани қолади, холос. Халққа зулм қилманг.
Халқ ичидан чиқиб, мамлакатни ўзгартирмоқчи бўлганларга қанжиқ итлардай ташланманг.
Зулмга шерик бўлмаслик учун сизнинг ортингизда Конституция бор.
Золимлар эса Путинга сотилган манқуртлардир.
Aтавизм
Булгаковнинг «Итюрак» асари қаҳрамони профессор Филипп Филиппович Преображенский итни операция қилиб одамга айлантиради.
Аммо ташқи кўриниши одамга ўхшагани билан итнинг итлиги тутаверади.
Илмий тилда бу “атавизм” дейилади.
Шу маънода Ғарб матбуотида Каримов ўлимидан кейин «очилиб, инсоний қиëфа касб қилди», дея олқишланган Ўзбекистон янги бошқарувининг кундан кунга «итлиги» тутмоқда. Кечаги бўрилар устига қўй терисини ëпиб маърагани билан ўзгариб қолмайди. Бўрини минг боқсанг ҳам барибир увиллайди. Паст пастлигича қолаверади.
Паҳлавон Маҳмуд айтганидек. «Хас хасликча қолур, агар уни шамол кўтарса ҳамки осмонга қадар.»
Қуллик тамғаси
Биз ўзбекларга қойил қолмай илож йўқ.
Бир-биримиздан безормиз, бир-биримиздан қўрқамиз, бир-биримизга ишонмаймиз, бир-биримизни сотамиз.
Москваю Лондонда, Истанбулу Сеулда кўз-кўзга тушса, ўзимизни ажнабий тутамиз. Иложи бўлса, ҳамюртларимизни сотиб юборамиз, бўлмаса, паспортини ўғирлаб сурворамиз.
Жума намозига ибодат баҳона ўғирликка чиқамиз, бўлса садақа сандиғи, бўлмаса калиш ўмарамиз.
Ўн йил тўплаб бир кунда тўйга сочворамиз ва яна Россияга сурамиз. Яна ўн йил тўплаб уй қурамиз. Ё «груз 200» бўлиб қайтамиз ёки ўз оёғимиз билан қайтиб қабр сотиб оламиз.
Чунки биз эркнинг қадрига бормаймиз, ҳур инсондай яшашни билмаймиз. Ҳаққимизни талаб қила олмаймиз. Қўрқамиз. Орол қурисаям балиқ каби унсизмиз, дамба ёрилса ҳам миқ этмаймиз, биз тўлаган солиқ ҳисобига мактаб ё касалхона эмас, сити ва саройлар қуришади.
Туяқушга ўхшаб бошимизни ерга тиқиб оламиз, биров кўрмасин дея. Чунки қўрқувимиздан уяламиз, чунки ҳуқуқий маълумотимиз йўқ. Қолоқлигимиз ва жоҳиллигимиз туфайли жасоратни жаҳолат, жаҳолатни жасорат деб тушунамиз.
Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ бу хулқ-атворимизни “пасткашлик комплекси”, дея баҳоларкан ҳақли эди:
Қачон биз енгилишни қисмат ўлароқ қабул эта бошладик? Сийналарда бу пасткашлик комплекси қачондан бошлаб урчий бошлади?
Амир Темурнинг вафоти ақобинда йиқилган салтанатмиди чўкишнинг бошланиши?
Шайбоний салтанати эдими бизнинг сўнг сапчишимиз?
Сўнгра миллат ва давлат сифатида парча-парча бўлиш – қочиб бўлмас қисматмиди ҳақиқатан ҳам? Хоинлар Тошкентнинг дарвозаларини русларга очиб бераётганида Қўқон нега “Тўхта” дея ҳайқирмади; нега Бухоро амири жорияларнинг қучоғидан чиқиб, русга “Ҳей, нима қилаяпсан?” демади; нега Хива хони чилимдан бошини кўтариб, душман “Тошкентни ишғол этди, ҳамма жиҳодга!” дея оёқланмади?
Биз ҳақорат ва хўрликка кўниккан эдик. Бугун бу кўникма бизнинг ДНКамиздан ўрин олди!
Ундан қутулиш учун 30 йил эмас, яна 300 йил керакка ўхшаяпти, валлоҳи аълам.
Қарғалган миллатнинг қозиси – фосиқ,
Олими савдогар, илм сотиб яшар.
Шоирлари эса ақлдан озиб,
Душмандан мукофот олмоққа шошар…
М. Солиҳ
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз
Eltuz.com