Асосий мавзулар
26 март 2021

РТдан ваъз: Каримов ҳайкалини учинчи президент йиқади

“Биласизми,” – дейди У сизга тикилиб, –

Нечун «Эрк» деганда,

Қушнинг номин боғлаб айтарлар,

“Қушдай эркинман”, деб айтарлар нега?

Чунки ҳақоратдан устун турар қуш –

Ўта оғзи шалоқ кимса ҳам,

Ўзини сўкади қушни сўкканда.

Чунки қуш бировдан гина қилмайди,

Хафа бўлмас дон бермасалар,

Лекин таъзим қилмас дон берганга ҳам.

Чунки ким дон берса,

Ўзи учун берар қушга берганда.

Қушни “ҳуркак” дерлар,

Бу  –  ёлғон.

Қуш доим ҳуркканда,

Ташлаб кетаётган бўлади, холос

Навбатдаги Эрксизлигини…

(Муҳаммад Солиҳ, 1980)

Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ буни Ғафур Ғулом нашриётидан ишдан бўшатилган куни битган эди.  Ўша куни у ўзини қушдай эркин бўлгандек ҳис қилганини ёзган. Шоир халқи эркини ҳам шундай истаб яшади…. Қафасдан озод бўлди, лекин қанотлари синган эди бу халқнинг. Бу халқ ҳамон парвоз қилишни истайди. Аммо ўтмиш яраси ҳамон оғримоқда.   

Азизларим! Мушфиқларим! Аввалги дийдорлашувдан бир ҳафта ўтди. Бу орада  Янги йилимиз ҳам кириб келди. Барчангизни соғиндим, мард, зукко, куюкчан ва жасур ватандошим! Гоҳида кулиб, гоҳида йиғлаб жума ваъзини тайёрладим. Раҳматингизни даво, ҳақоратингизни шифо дея қабул қиламан. Тош отсангиз, гул тегди, дейман, азиз ватандошим!

Ягона умидим – биз қураётган Ўзбекистон отлиқ шар осмонга кўтарилсин! Баланд-баландларга эркин қуш мисоли парвоз қилсин.

Парвозга бўлган эҳтиёж

“Ҳаво шарини учириш қоидаси” номли муҳим ҳаётий принцип бор. Бу қоида жуда оддий – ҳаво шари осмонга кўтарилиши учун ортиқча юк атайлабдан ерга ташлаб юборилади.

Ўзбекистоннинг тараққий этишини ҳаво шарининг осмонга кўтарилиши, дея тасаввур қилинг. Агар ҳаво шарининг ост қисмидаги қутига оғир юк ортилган бўлса, у осмонга кўтарилмайди. Ҳавога кўтарилган тақдирда ҳам тезда ерга қулайди, чунки юки оғир.

Мувозанатни сақлаб туриш, янада баландроққа кўтарилиш учун эса ортиқча юк доимо ташлаб турилиши керак. “Ҳаво шарини учириш принципи”дан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, нега Ўзбекистон қолоқ мамлакатлар қаторида қолаётгани ойдинлашади.

Буни ўтган ҳафта собиқ қўшиқчи, сиёсатга энди тетапоя қилиб кириб келаётган Жаҳонгир Отажонов ўзида тажриба қилиб кўрди.

“Эркинлик оқибати”

Жаҳонгир Отажонов агар президент бўлса, биринчи қиладиган иши собиқ президент Ислом Каримовнинг Тошкентдаги ҳайкалини олиб ташлаш бўлишини таъкидлади.

Бу гапни айтди-ю, Жаҳонгир балога қолди. Унга троллар фабрикаси мўр-малахдай ташланди.

Унга қарши чиқишлардан иккита мисол келтирамиз. Мана бу тролл эса Жаҳонгир Отажоновга қарши очиқча таҳдидга ўтди.

Кўриб турганингиздек, бу троллбачча очиқчасига ўзбек халқига эркинлик керак эмаслигини айтмоқда. Каримов давридаги зулмларни ёқлаб чиқяпти.

Жаҳонгир, билибми-билмайми, қаҳрамонлик кўрсатди.

Лекин у бундай чақириқ билан чиқаётган биринчи одам эмас.

Бундан уч йил муқаддам Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасининг собиқ раиси Жамол Камол Шавкат Мирзиёевга мактуб ёзиб, уни Каримовга танқидий баҳо беришга  чақирган эди.

«Каримов даври зулмат эди. Каримов халқни қатағон қилган эди. Мен бундан икки йил олдин ҳозирги раҳбаримиз Шавкат Мирзиëевга мактуб ëзиб, Тошкент халқаро аэропортига Каримов номини қўйманг, музей ва ҳайкаллар қуришдан олдин бу шахс фаолиятига танқидий баҳо берайлик, деб чиққанимда кўпчилик мени қувватламади.

Бугунга келиб юрт ойдинлари¸ журналистлар бу гапни айта бошлагани маъқул иш. Нега улар Каримов тирик пайтида буни айтмади, дейиш инсофсизлик бўлар эди. Каримов уларни йўқ қилган бўлар эди».

(Ёзувчи Жамол Камол)

Нима учун аввалги ҳукмдорнинг жиноятлари қораланиши шарт?

Аввалги ҳукмдор содир қилган жиноятларнинг қораланиши янги ҳукмдорнинг бундай жиноятларга қўл урмаслигига маънавий пойдевор, норасмий ваъда бўлиб хизмат қилади.

Янги президент эски президентнинг жиноятларини фош қилмаса, исмини айтиб қораламаса, бу янги раҳбарнинг: “Келажакда мен ҳам худди шундай ишларни қилишим мумкин”, дейишига бир шаъма бўлиб хизмат қилади.

Ҳа, эски президент даврида вазир ёки бош вазир бўлиб ишлаган кишиларга буни қилиш қийин.

Лекин мамлакат ва халқ тўғри йўлдан кетиши учун қийшиқ йўлнинг қийшиқлиги, бу йўлга олиб кирган эски раҳбарнинг айблари ҳам тушунтирилиши ва қораланиши керак.

Декаримовизация

XX асрнинг иккинчи ярмида немис жамияти, эҳтимол, Европадаги энг оғир танлов вазиятида ўзини топди – одамлар олдида тарихий тажрибани қайта кўриб чиқиш ва бутунлай янги ижтимоий онгни яратиш вазифаси турарди.

Иккинчи жаҳон урушидан олдин ва уруш пайти немис халқи Гитлернинг миллатчи даъватларига маҳлиё бўлиб, унинг фашист сиёсатини тўла қўллаб-қувватлаган эди.

Лекин урушда енгилгач, шу халқ адашганини, қийшиқ йўлдан юрганини мардларча тан олди.

“Ҳаво шарини учириш қоидаси”га риоя қилиб, кераксиз юклар ерга улоқтирилди.

Чунки бу тўғри йўлдан кетиш учун жуда зарур эди. Ҳозиргача Германияда фашизмнинг оқибатлари ҳақида кўплаб чиқишлар қилинади, ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олинади.

Гитлер доим қораланади.

Бизда эса янги ҳукумат ана шу синалган йўлдан юриш ўрнига Каримовнинг исмини айтмасдан, қилган ишларини қораламоқчи бўлиб кўрди.

Лекин уни ҳам охирига етказа олмади.

Нима эмиш, Каримовни ёмонлаш ўзбекчиликка, ошна-оғайнигарчиликка, боринг, ана, эркакликка тўғри келмас экан.

Нима эмиш, ўлган одамнинг орқасидан гапириш яхши эмас экан.

Ўзбекистон ўғриларнинг «разборка»лари ўтказиладиган чойхона эмаски, мамлакат раҳбари у ерда мужикчилик-пужикчилик, ўзбейчилик-андишачилик тушунчалари билан иш юритса.

Давлат раҳбари учун сиёсат одами бўлиш муҳимми ёки чойхона эркаги бўлиш муҳимроқми?

Ўзбек халқи ҳали ҳам давлат раҳбарининг сиёсатчига айланишини кутяпти. Зеро, сиёсатчи ўзининг ортидан бутун халқни эргаштиради, чойхоначи эса тўрт-беш оғайнисини эргаштира олади, холос.

Бугунги раҳбарият ўтмиш хатоларини тан олиши, Каримов жиноятларини очиқча айтиши зарур!

Жаслиқ концлагери музейга айлантирилиши керак! Мактаб ўқувчилари ва олийгоҳлар талабалари учун гуруҳ–гуруҳ бўлиб бу борса келмас қамоқхонага саёҳатлар ташкиллаштирилиши керак!

Жаслиқ ёки Гвардейский қамоқхонасини қийноқлар музейига айлантириш шунчалик оғир иш эдими?

Майли, Каримовнинг жиноятларини айтишдан ва қоралашдан бош тортилди.

Лекин унга мамлакат бўйлаб ҳайкаллар ўрнатилганини қандай тушуниш керак?

Каримовнинг қайси каромати учун? Матбуот бўғилгани, минглаб сиёсий ва диний маҳкумлар, ўлдирилган мухолифат фаоллари, қириб ташланган Андижон, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати, диктатура учунми! Ёки ўмарилган миллиардлар учунми?

Ўйланмай қурилган ҳайкал туфайли бугун уни бузиш ғоясини додачи зомбилар худди Каъбатуллоҳни бузиш ғоясидек қабул қилишмоқда.

Жазавага тушишмоқда.

Бу ҳолатда янги ҳукумат ва раҳбарнинг ҳам улуши бор!

Янги ҳукуматнинг фарғоналик келинларни қоралашга кучи етади-ю, лекин шу келинларнинг эрларини ёмонлашга «духи» етмайдими?! Уят, уят ва яна уят!

Янги ҳукумат беш йил олдин Ислом Каримовнинг жиноятларини қоралашга ўзида ирода топа олмаган эди. Мана, бугун Сардоба сув омбори қурилишига ажратилган пулларни ўмарган мулозимларни қоралашга ҳам куч топа олмаяпти.

Ўзбекистон деган юртни сўраб ўтирган жаноблар!

Сиёсатда ҳақиқатдан юз ўгириш, чала ва майда қадамлар билан имиллаш ёмон оқибатларга олиб келади. Ёмон оқибатларга олиб келмоқда ҳам.

Олмонияда Гитлер фашизмидан қутилиш учун дефашисизация сиёсати ўтказилди. Бугун Ўзбекистонда ҳам декаримовизация сиёсати йўлга қўйилиши керак. Токи, бўлажак авлод Каримовдан доҳий ясамасин, токи Каримовни авлиёга айлантирмасин!

Аввал хаста этдинг у сархуш итни,

Йўлин ҳозирладинг сўнг манзил томон,

Ва ўз отанг бўлган бу мустабидни

“Халқнинг отаси“ деб этдингку эълон!

Сўнгра ювдинг, кўмдинг сен – ғассол,

Москвадан олдинг йўлу йўриқни,

У амр айлади: “Эй содиқ вассал,

Кийдир халқингга шу бўйунтуруқни!”

(Муҳаммад Солиҳ)

Неокоммунистлар

Мана, куни кеча одамларнинг қизиқиши сўниб бораётган Шоввозсой мавзусини йўқ ердан ҳукуматнинг ўзи қайта кўтарди. Давлат раҳбари тўртта журналистнинг гўёки журналистик саволига жавоб бергандай бўлди. Натижада унутилаётган масала бўйича яна саволларни кўпайтирди.

Нима учун шундай бўлди, биласизми?

Чунки темир йўл компанияси тайёрлаган видеораддия чала эди.

Президент ана шу чала ишнинг кемтигини ёпаман, деб кемтикни катталаштириб юборди.

Президентнинг ёнида ахборот сиёсати, сиёсий технологияларни яхши биладиган бир мутахассис, маслаҳатчи йўқлиги яққол кўриниб қолмоқда.

Давлат қўлбола усулда, колхозчасига бошқарилаётгани кундан кунга аён бўлмоқда.

Бошқа томондан, собиқ комсомол ва компартиядан чиққан бу необольшевиклар мамлакатдаги ахборот майдонини ўз ишининг устасига, профессионал ва тажрибали журналистга ишониб топшира оладими?

Унинг маслаҳатларига қулоқ тутадими?

Аминманки, президентга Ғарб журналистикаси ва медиамаконидан, замонавий сиёсий технологиялардан хабардор, тажрибали бир журналист маслаҳатчилик қилса, президент эса унинг маслаҳатларига қулоқ солса,  на президент ва на ҳукумат бугунгидек шарманда бўлмас эди.

Ярани яширишни, хўп-хўплашни бас қилиш вақти етмадими, эй аҳли Хўпистон!

ХЎПИСТОН

Шоир ва журналист Раҳимжон Раҳматнинг битикларини “Хўпистон” деб номладим. Раҳимжон Раҳмат бугунги шууримизни аччиқ сатрларда ифодалаган.

Мана ўша битиклар:

Мактабга бораётганимизда ота-онамиз:

– Ўқитувчинг нима деса, хўп дегин, – деб айтарди.

Бизлар:

– Хўп, – деярдик.

Ҳарбийга кетаётганимизда:

– Командиринг нима деса, хўп дегин, – деган насиҳат эшитдик.

Улғайиб, ишлайдиган бўлдик.

Ота-онамиз:

– Бошлиқларинг нима деса, хўп дегин, улар билан гап талашма, – дея қаттиқ тайинлади.

» Хўп, хўп, хўп», деб улғайдим.

Тошга қоқинсам, хўп дедим, оёғимга тикан кирса ҳам хўп дедим.

Ҳаётда шу қадар кўп хўп деб яшадимки, ҳатто исмимни Хўп десам бўлади.

Қутурган итгаям, илону чаёнга ҳам хўп дедим.

Яримта нонимни тортиб олган зўравонга ҳам хўп дедим.

Кимдир келиб: » Уйингни бузаман!» деди.

Мен:

– Хўп,- дедим.

Яна кимдир:

– Кўча меники, юрмайсан,- деди.

– Хўп,- дедим.

– Менинг қўшиғимни айтасан.

– Хўп.

– Мен кўрсатган йўлдан юрасан.

– Хўп.

-Мен айтган кунни байрам қиласан.

– Хўп.

– Бегуноҳга туҳмат қиласан.

– Хўп.

– Ёлғон гувоҳлик берасан.

– Хўп.

– Дўстингнинг сирини сотасан.

– Хўп.

– Ўл деган куним ўласан.

– Хўп.

– Ўғлингни малайликка берасан.

– Хўп.

– Мендан қолган сарқитни ейсан.

– Хўп.

– Хўп, хўп, хўп ва гўрга киргунимча хўп. Мендан кейинги авлодларим ҳам ўлгунча хўп дейди.

Қиёматгача бизнинг ишимиз хўп дейиш.

Агар хўп демасам, фикр юритишга, қийналишга, оч қолишга тўғри келади.

Кимга хўп десак, ўша инсон бизни ҳимоя қилади, нон ва бошпана беради.

Сумалакдан тош топдим

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги тунги клубнинг ярим яланғоч ҳолда сумалак пиширган раққосалари ҳибсга олиниб, омма олдида изза қилинди.

21 март куни ижтимоий тармоқларда саккиз нафар аёлнинг сумалакни ярим яланғоч ҳолда пишираётгани акс этган видео тарқалди.

Кейинчалик видеодаги ярим яланғоч аёлларнинг “Сахара” клуби раққосалари бўлгани аниқланди.

Журналист Ибрат Сафо урганчлик раққоса хотин-қизларнинг сазойи қилинишидан жуда ноқулай аҳволга тушганини ёзади:

Урганчлик раққоса қизларнинг ҳокимлик ва милисахоналарга судраб сазойи қилиниши, суратлар ва видеоларга олиб, вазифаси фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлган маҳаллий идоралар томонидан оммага тарқатилиши жуда-жуда аянчли.

Жуда ноқулай қилади одамни. Гап бу ерда у қизлар ўзлари тушган видеода ҳам эмас, гап айнан давлатда ўз аёлларини қандай оёқости қилиш потенциали борлиги ҳақида.

Огоҳлантириш ё жарима бериши эмас, 15 кунга қамаб қўйиши ҳақида. Клубда рақсга тушишга рухсат бериши ва кейин қамаши ҳақида. Биз яқиндагина бир кун тўхтамай табриклаган опа-сингилларимизга нисбатан бераҳмлик, шафқатсизлик ҳақида.

19-асрда Хивага сафар қилган ажнабий сайёҳнинг китобидаги бир саҳна эсимга тушди. У Хива хонлигида айбдор топилиб тошбўрон қилинган қизлар бошқа хонликлардагидан кўпроқ қийналиб ўлишларини тасвирлайди, чунки Хивада тош кам эди, кесакбўрондан ўлиш азоби эса анча узоқроққа чўзиларди.

Баъзилар ўзини ўша кесак ушлаган хонлардек ҳис қилаётган бўлса керак. Браво.

Айни кунда айни Хоразм вилоятининг Шовот туманида об-ҳаво совуқ бўлишига қарамай, боғча тарбияланувчилари юпқа кийимда туман ҳокими ўнгида саҳна кўриниши қилаётгани тасвирланган суратлар ижтимоий тармоқда тарқалди.

Аммо бу ҳолатга ҳеч ким лом-мим дегани йўқ. Нари борса, боғча опага  ҳайфсан беришади. Лекин болакайларга шафқатсиз муносабатда бўлган ҳокимбуваларга жазо берилиши керак эмасми?

Йўқ ундай бўлмайди. Чунки бугунги ўзбек стандардлари шунақа. Парадоксли.

Бугунги ўзбек

Ўзбекка қойил қолмай илож йўқ. Чунки:

мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши бўлган Ислом Каримовни «мустақиллик меъмори» дейди-ю, унга мустақилликни берган Михаил Горбачёвга лаънат ўқийди;

– мустақиллик учун курашганларни «ватангадо» ва «халқ душмани» дейди-ю, мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши бўлганларни «ватанпарвар» деб олқишлайди;

–  Тошкентда қатағон қурбонларига атаб ёдгорлик мажмуаси, босқинчиларга атаб эса бутхона қуради;

– Мустақиллик кунини байрам қилади-ю СССР қулаган кунни эслаб кўзёши тўкади;

– намоз ўқийди-ю, Сталинни доҳий деб атайди;

– чўчқа гўштини емайди-ю, ароқни бемалол ичаверади;

– ҳаётидан эртаю кеч нолийди-ю, ҳар гал битта раҳбарни сайлайди;

– дунёда энг йирик газ захирасига эга-ю, қишда тезак ёқади;

– олтин ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи-ю, чўнтаги тешик;

– аёлларни «сочи узун, ақли калта» дейди-ю, 8 март кунга унинг шарафига қўшиқ куйлайди;

– Американи ёмон дейди-ю, грин кард ютишни орзу қилади;

– Европани гейропа дейди-ю, у ердан бошпана олишни орзу қилади.

Парадоксми, парадокс. Ўзбекнинг ўзи қизиқ, ўзидан сўзи қизиқ.  Чао помпидо курва какаин!

Яхшими, ёмонми, касбимиз – сўздир.

Биз айтган сўздан тош эримаса ҳам.

Чиқиб кетмаса ҳам илон инидан,

Бу касбдан тонмаймиз барибир.

Девор пайдо бўлса рўпарамизда

Унга ҳам бошларни урмаймиз –

Иш шу бўлгандан сўнг гапирамиз-да,

Сўзлаймиз деворга, қараб турмаймиз.

(Муҳаммад Солиҳ, 1981 йил)

Зукко дўстим! Сен нима қиляпсан девор ўнгида? Қараб турма, сен ҳам дардингни ёз, гапир. Ҳеч бўлмаса деворга қараб, ҳақингни талаб қил. Бу ҳақни сендан ҳали ҳеч ким олиб қўйгани йўқ! Жиллақурса шу гапимга “Хўп” дегин!

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак! 

Рассом Туз

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 сентябр 2017
Футбол мураббийси Самвел Бабаян, жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини уддалай олмагани ортидан истеъфога кетди. Ўзбекистон Футбол Федерацияси Самвел Бабаян миллий ...
30 январ 2017
Сўнгги вақтларда товуқ боқишни Ўзбекистонда миллий ҳаракат даражасига чиқаришга қаратилган интилишлар давом этмоқда. Қайси газетани варақламанг, албатта, товуқ боқиш ...
21 феврал 2021
Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Дўсмат қишлоғида яшовчи Улуғбек Муродов Сенат раисаси Танзила Норбоева берган ваъдасини бажармагани хусусида ижтимоий тармоқда ...
23 ноябр 2023
Янги Ўзбекистонда жамият иккига бўлинган: Бир бири устидан ëзадиганлар ва пул бериб, бировнинг устидан ëздирадиганларга. Истисно ўлароқ, бировнинг устидан ëзадиганлар қамров катта бўлсин дея «блогер ëллаб» ўз ëзмишини тармоққа чиқаришни ҳам истайди. Аммо унинг «муроди ҳосил бўлмаса» найзаси ўтмас блогернинг устидан ҳам ëзишни бошлайди.  Эринмай прокурордан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...