Нуротадаги сел машина ва бир қўра қўйни оқизиб кетди
27-28 март кунлари тинимсиз ёмғир ёғиши оқибатида Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида одамларнинг уйлари, машиналари ва чорвасини сел оқизиб кетди. Бу ҳақда “Элтуз”га воқеа гувоҳлари хабар берди.
Шаҳар ҳудудидагилар йўллар носозлиги, кўчалар сув билан тўлиб кетгани ва машиналар юра олмаётганидан нолишмоқда.
“Элтуз”га етиб келган, ушбу ҳолатларга оид видео ва суратларда офат кўлами яққол кўринади. Уларда Самарқанд шаҳри марказий кўчасини сув босгани, уй, ертўла ва биринчи қаватдаги хонадонларгача сувга тўлгани акс этган.
– Ҳар йили шу аҳвол, – дейди шу ҳудудда яшовчи Сардор Тангриев. – Ҳар сафар ёмғир ёққан вақти туманларнинг чекка ҳудудлари у ёқда турсин, шаҳарлар ҳам хароб аҳволга келиб қолади. Ҳар сафар шаҳар марказида жойлашган “Динамо” стадиони сув билан тўлади. Самарқанддаги қадимий тарихий масканларга ҳам зарар етяпти. Мақбара ва иншоотлар захлаб кетган. Ёзда ҳам бинолар ичидан зах ҳиди аримайди.
“Элтуз”га мурожаат қилганлардан бирининг айтишича, Навоий вилояти Хатирчи тумани Кўксарой МФЙ яшайдиган Ҳамидулло Эркиновнинг бир қўра қўйини сел олиб кетган.
Нурота туманидаги Қангли қишлоғида “Москвич” русумли машинани сув оқизиб кетган. Машина тиркамасида одам бўлган (унинг кейинги тақдири ҳақида маълумот топишнинг имкони бўлмади).
“Элтуз”га Жиззах вилояти Ғаллаорол туманининг Бахт маҳалласида яшовчи фуқаролардан ҳам мурожаат келиб тушди.
Унда айтилишича, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун қурилган кўп қаватли уйда яшаш учун ҳеч қандай шароит йўқ. Ёмғирда ушбу бинода яшовчиларнинг норозиликлари янада кучайган. Чунки биринчи ва тўртинчи қаватдаги фуқаролар хонадони ёмғирдан азият чекади.
– Ташқаридан дуруст кўринган бу уйларда яшаш учун ҳеч қандай шароит йўқ, ичимлик сув чиқмайди, – дейди мурожаатчи. – Тўртинчи қаватдаги уйлар ва пoдъeздларга ёмғир ва қор сувлари ўтиб кетяпти. Деворлар хамирга ўхшаб кўчиб тушяпти. Иситиш тизими масаласида май ойида кўчиб келгандан бери мурожаат қиламиз, июнь ойида ҳал қилишга ваъда беришган эди, ҳамон ҳал этилгани йўқ. Уйнинг нархи 309 миллион. Қўлимизда эса ҳеч қандай ҳужжатлар йўқ. Уйнинг суғуртасини фақатгина ўзлари айтган суғурта компанияси орқали 3 миллион сўмга қилишимиз кераклиги айтилмоқда.
Eltuz.com