Асосий мавзулар
30 апрел 2021

Жаноблар, бўрон яқинлашмоқда!

Орзу қанотида  ëшлик ҳам ўтди

Худди тонг тумани ë уйқу мисол.

Кўкрак қафасида Эрк қушим,

Чўтир истибдоднинг тагида 

Патлари юлинган, кўзи ўйилган, 

Ҳануз тирик яшамоқда-ку. 

Нафас олаяпти. Ҳали ўлмаган.

Қачон Ватан чорлар экан 

Бизни ўз хизматига дея энтикиб,

Тишни тишга қўйиб кутяпмиз

Эрк ва ҳурриятнинг ғалабасини,

Худди ëш йигит севгилисин кутгандек.

Ëки етимхонадаги сағир

она истагида дарчага термулгандек,

Кутяпмиз сабр ва бардош билан,

Йўлда тутиб олиб урсалар ҳам 

Барибир кутяпмиз интизор,

Ерга эмас, уфқларга қараб.

Ҳали Эрк майлида ëнар эканмиз,

Юрагимиз шараф учун ураркан,

Дўстим ҳур Ватанга атаб қўяйлик,

Қалбимизнинг гўзал энтикишларин.

Эй ўртоқ, ишон бу содир бўлажак,

Юлдузимиз балқажакдир ниҳоят.

Мамлакат уйқудан уйғонажак

Ва диктатура синиқларига

Олтин ҳарфлар ила ватан

Бизнинг исмимизни ëзажак.

(Пушкиндан эркин таржима)

Азиз томошабиним, сиз билан рўзанинг ўртасидан ошиб ўтиб юзлашиб турганимдан мамнуну масрурман. Мана, кўрсатувни ҳам бошладим. Бир нарсага эришмоқ учун ҳеч бўлмаганда уни бошламоқ керак. Масалан, мен пиëда юрсам, бир соатда 5 км йўл босаман. Аммо юрмасдан ўтираверсам – ноль километр. 

Жамият ҳам шундай, ривожланиш учун мақсад сари интилмоқ зарур. Урушдан кейинги Япония ва Германия 20 йилда дев қадамлар билан улкан зафарлар қучди. Биз эса 30 йил ўтиб, қашшоқликни тугатиш вазирлигини қурдик. Ўғирликни тугатиш, юртбошилар иштаҳасини тийиш вазирлиги қурсак бўлармиди? 

Биласизларми, агар барча ўзбеклар Германияга, немислар эса Ўзбекистонга кўчса нима бўлади? Германия Ўзбекистонга, Ўзбекистон эса Германияга айланади.

Шарқдаги Япония, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлар лойга ўхшайди. Кесакка айланиб қолса, сув қуйилиб қайта ишланаверади. Ғарб давлатлари Швейцария, Германия, Франция эса пишиқ ғиштлардан таркиб топган. Ҳар бир ғишт индивидуал. 

Ғиштин бино демонтаж қилиниб, яна ғиштлар қайта терилади. Жамият ўзгарганда, бу ғиштлар жойи ўзгаради, холос. Бизнинг истонлар қайси қурилиш материалига ўхшайди? 

Менимча, бизникилар қумга ўхшайди. Қумдан бир нарса ясаш мумкин, аммо у нураб йўқ бўлади. Қумдан бир нарса қуриш учун унга цемент қўшиш керак. Шакл тарвақайлаб кетмаслиги учун қолип лозим. 

Аммо қумга цемент қўшилиб шаклланган бетон бино катта болға билангина бузилиши мумкин. Бузуғи ҳам ҳеч нарсага ярамайди. Совет даврида бу қумдан давлат ясалганди. Коммунистик ғоя ва тоталитарзм цемент вазифасини бажарган бўлса. Пашша ҳам учиб ўтмайдиган чегаралар қолип эди. Энди қисқа хабарларни тақдим қилсам.

Россиянинг турқи совуқ мудофаа вазири Сергей Шойгу 28 апрель куни ўзбекистонлик ҳамкасби Баҳодир Қурбонов билан музокара ўтказди. Икки вазир учрашуви Бухоро шаҳрида бўлиб ўтди. Ўрис мулозимлари Ўзбекистонда худди энасидан қолган чорбоғда юргандай юрибди. Раҳбарларга қарата: «Ташқи сиëсатни ҳам энангникига тиқдинг. Агар ҳарф танисанг, конституцияни ўқи, Ўзбекистон мустақил давлат», дегим келади. 

Айни пайтда биз тагида шолча бўлиб топталаëтган Россияни дунë ҳамжамияти яккалашда давом этмоқда. Британия 26 апрель куни Москвадаги тергов ҳибсхонасида вафот этган юрист Сергей Магнитский иши ҳамда Россия бюджетидан 230 миллион доллар маблағ ўғирланишига алоқадор 14 нафар россияликни санкциялар рўйхатига киритди.

Ўзбекистонликлар эса тош даврига қайтишди. Тошкентлик ҳайдовчи унинг айбини ëзадиган радар ускунасини тошбўрон қилди. Бундан олдин кинна солиб, иссиқ-совуқ қилдирганида радарга кор қилмаган.

Тўйтепада икки қаватли уй портлади. Газ сизган, дейишди. Камида бир ўлик бор.

Темир зўлдир ўғирлаган ëвуз ниятли ишчилар қўлга олинди. Катталар олтин ғишт ўмарганда биз темир зўлдир ўмарсак нима бўпти, дейишди қўлга олинган ўғрилар.

Наманганда туалет учун канализация ўраси кавлаëтган икки ватандош ўпирилган тупроқ тагида қолиб ўлди.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги бозорда хлорли дезинфексиялаш ишлари кетмоқда. 

Бироқ тасвирлардан бу иш ҳеч кимни огоҳлантирмаган ҳолда бажарилганини кўриш мумкин.

Ҳозирча ушбу ҳолат бўйича расмий маълумот берилмаган. Қамчини босинг, дезинфекциячилар. Бу гал Би-58 дорисини одамлар устидан самолётлардан сепинглар. Зотан, ўзбекнинг ҳаёти сиз учун сариқ чақалик аҳамиятга эга эмас.

Наманганнинг Поп тумани Чодак  қишлоғидаги 86 яшар чолни ИИБ ходимлари қўлига кишан солиб олиб кетиб икки кун ушлаб туришди. Бу чолни Хидирназар Аллақулов партиясидан имзосини қайтариб олишга мажбурлашди. Шу билан бирга, чолнинг набиралари ҳам имзосини қайтариб олишга МАЖБУРЛАНГАН. 

Бобожонов, бу ишни қилгандан кўра, истеъфога кет. Кеча Сенатда қанчадан қанча ўғирлик ва қотиллик жиноятлари очилмагани айтилди. ИИБ ўз иши қолиб сиëсий тазйиқ механизмига айлантирилган. Бундан оддий ИИБ ходимлари ҳам, оддий ватандошлар ҳам норози. 

Погонликларга хизмат қиладиган троллар эркин сайлов тарафдорларига қарата, ëқмаса чиқиб кет, деб айтгани ҳам ватандошлар тепкисига учради:

Бу миллат фақат «туғ, сот» бизнесини билади. Бухоро вилоятининг Пешку тумани Валфажр маҳалласида яшаган хотин онаси билан тил бириктирган ҳолда эндигина дунёга келган чақалоғини 8 миллион сўмга пуллаётган чоғда қўлга олинди. Буви ва қиз қамоқда. Бола етимхонада. Эр эски «Тико» ололмаганидан депрессияда. 

Дунëдаги энг болажон халқ ўзбек халқидир. Бунга шубҳа қилмоқчи бўлсангиз, статистикамизга боқинг.

Ифтор суфраси

Хоразмда «оғизочар» деб аталадиган тадбирни турклар «ифтор супраси», дер экан. Хуллас, турк қўшним Мустафо, унинг таъбирича, «ифторга даъват» қилди. Бордим. Онам супра деб хамир ëйганда ишлатадиган тўрт тарафи жиякли клёнкани назарда тутарди. 

Туркларнинг супра дегани оқ газлама тўшалган улкан стол экан. Усти нозу неъмат билан тўла. Турклар «пистиқ пиндиқ»  хоразмликлар эса «чақақ» дейдиган пистаю бодомлар. Хоразмликлар «ғўўз», турклар «жевиз» деб айтадиган мағзи ëғли юмуруқдай ëнғоқ.  

Бир пайтлар «Минг бир кеча» эртагида номини эшитганим «кунафа» (бол ва пишлоқ қўшиб қовирилган ширинлик), «Дилбар дудоғи», «Келин бути», «Имом бойилди», паҳлавий деҳлавий, хуллас, турли емаклар. 

Емакларнинг лаззати ҳақида айри фикрим бор. Масалан, «хошломо» деган емакнинг ичидаги эт сариëғдай юмшоқ. «Ема, ëнинда ëт», дейди турклар яхши таомни олқишлар экан. 

Яна орқага қайтсам. Мустафонинг эшигидаги зил (қўнғироқ)ни босдим. Хотин кишининг амрли саси эшитили. «Оч, Мустафо, мусофиримиз галди». Генералнинг буйруғини бажарган сержантнинг сасига монанд итоатли овоз эшитилди: «Тамом, ҳаëтим, қўшдим» (майли, ҳурматли хотин ака, мен чопдим), деган ҳазин ва муте сас келди. 

Эшик очилди. Мустафо менинг шаънимга мақтовлар ëғдирароқ тарлик (тапочка) берди. «Хўш галдингиз. Сафолар гатирдингиз. Орзу буюринг, бла-бла-бла…». Собиқ совет одами бўлган мен учун бу такаллуфлар бироз баландпарвоз ва чучмал эди. 

Комевояжер бўлиб ишлайдиган Мустафонинг уйи энг «шик» қўлтиқ (кресло) ва девонлар билан безатилган эди. Мовий кумач устига қабариқ олтин нақш қилинган пардаларга «Ла Скала» театри ҳам ҳавас қилса арзийди. 

Дастурхонга қўйилган чотол (санчқи) қошиқлар пирил-пирил ялтиллайди. Чехиядан келтирилган четига олтин ҳал чизилган идиш оëқ фаровонликнинг ташриф қоғози каби кўринади. 

Бунинг ëнида мутфак (ошхона)дан келаëтган қўқи (овқат ҳиди) кун бўйи оч қолган ошқозонимга таскину тасалли берарди. «Буюринг, буюринг»лар ортидан мен дастурхонга ўтирдим. 

8 дан 27 дақиқа ўтганида оғиз очилади. Ҳали бир неча дақиқа бор. Уй бекаси ва Мустафо бу дақиқа ичида мени хуш табассум билан  сийлашди. «Ойлар  султони рамазон» шарафига олқишли гаплар айтилди. 

Олдин Мустафонинг, кейин хонимнинг айфонида кетма-кет муаззин саси янгради. Намоз вақти бўлган эди. Олдин оғизни очдик. Хоним ичига лимон парчаси солинган бир бардак (стакан) сув¸ бир бардак сут¸ кумуш ликобчада ажува (хурмонинг додаси) ва туз келтирди. Мен сув билан, Мустафо сут билан, хоним эса туз билан оғзини очди. 

Ажвадан ҳаммамиз бир-бир олдик. Шукр дуоси ўқилгач, намозга турдик. Мустафо имомликка ўтди. Суннатларни айри ўқидик. «Ассалому алайкум» деб ижтимоий масофага амал қилмай қучоқлашиб отамлашиб яна супрага (дастурхонга) қайтдик. 

«Чўпон шўрваси» деган  ярим коса шўрва келди. Мустафо бунинг тарифини берди. «Гули қўтир» деган гулнинг қуритилгани солинар экан. Гулдан ҳам шўрва қилиш мумкинлигидан озроқ таажжубландим. 

Шўрвага яримта лимонни сиқиб, кейин ейиш жоиз экан. Таомил шундай. Кейин, Мустафо таъбирича, «она емак» келди. Бу «мақлуба» деган овқат эди. Иккита қозон бир-бирининг устига қўйилиб, глобус шаклига келтирилади ва навбатма-навбат айлантириб пиширилади. 

Атрофи гуруч, ўртасида эса қўй гўшти.  Катта товоқда гумбаздай бўлиб туради. Мустафо усталик билан бу гумбазни капкир билан кесиб, менинг товоғимга бир парча солди. Мен учун бу сабзисиз палов эди. Аммо эт мукаммал лаззатли. 

Овқат давомида оғзим тинимсиз қимирлашини уй бекаси таъминлаб турди. У эрига амр берарди. «Мустафо, лутфан мисофирнинг табоғига эт қўй», «Мустафо, мисофирга салат узат».

Мезбонлар хафа бўлмасин деб мен ҳам табоқларни бўшатдим. Суннат дея нон билан товоқ ичидаги эт сўлини артиб оғзимга солдим. Мазасига гап йўқ. Кейин чой фасли келди. Тотли еб тотли қўнишдик. (Ширинлик устида сўҳбат қилдик).  

Ниҳоят мен тилга кириб, Мустфодан «Туркияда дурим насл» (Туркияда аҳвол қандай), деб сўрадим. Кошки сўрамасайдим. Шу пайтгача ҳалимдай юмшоқ бўлган Мустафо худди Везувий вулқони каби бирдан портлади. 

«Дурим барбод. Мамлакат сафиллик ичинда. Раис масонлар билан иш бирлиги ëпади. Домодбей хазинани еб битирди….(Аҳвол ëмон. Мамлакат қашшоқлик ичида. Президент масонлар (душманлар) билан ҳамкор. Куëв хазинани еб битирди).

Мустафо энди ўрнидан туриб қўлларини ҳавода қиличдай сирмаб, сиëсатчиларга кафан бичарди. Мустафонинг чиқишлари Гитлернинг Бавария пивохонасида қилган ваъзларидан ҳам кўпроқ эмоционал эди. 

Бир вақт Мустафо стулнинг устига чиқиб, «Разолат¸ разолат» деб бақира бошлади. Мен қўрқиб бошладим. Кошки келмасайдим, деб ўйладим. Шу пайт хонага қўлида кумуш тапси (патнис) ушлаган хоним кириб келди. 

Тапси устидаги жажжи мовий финжонларда қаҳва бор эди. Уй бекаси ўз хўжасига қараб, «сокин вўл, Мустафо», деди. Бу сеҳрли сўздан кейин Мустафо яна аслига қайтди. «Узр диларим», деб стул устидан тушди. 

Мени қўлтиқ(кресло)қа ўтқазиб, қаҳва икром қилди. Секин қавҳа ҳўплаб ўтирдик. Сиëсат мавзусидан айланиб ўтиш учун ўзим қизиқмасам ҳам футбол ҳақида гап очдим. Кошки бу темани ҳам айланиб ўтсайдим. 

Мустафо яна стул устига чиқиб сотқин судьялар¸ эпақасиз ўйинчилар¸ лапашанг дарвозабонлар¸ масон ва яҳудийлар¸ тоғут атеистлар ва яна мен тушунмайдиган яъжуж-маъжужлар шаънига лаънатлар ëғдиришни бошлади. 

Мустафо стулдан югуриб тушиб, шкоф ëнига бориб журнал олди. Журналда «Галатасарой» ҳужумчиси Арда Туроннинг расми бор эди. Мустафо бу расмни журналдан йиртиб олди. 

«Учрашув» деган комедиядаги Эргаш Каримов эсимга тушиб, кулгим келди. Аммо вазият куладиган эмасди. Мустафо энди Арда Туроннинг расмини майда-майда қилиб йиртиб, ўртага сочиб юборди. Ҳавони ларзага солиб, «барбод», деди. 

Мен ëрдам нигоҳи билан хонимга мўлтираб боқдим. Хоним елка қисиб, «бунга энди мен ҳам  бас кела олмайман», деди. Қўшнилар полис чақирди. Полис эса доктор чақирди. Докторлар келиб тинчлантирадиган укол қилиб кетишди. 

Яна дастурхонга қайтдик. Уй бекаси меваларни кесиб, товоққа солиб келтирди. Мева фасли бошланди. Киви. Ананас. Пўртахол. Мен энди сиëсат ва футбол ҳақида оғиз очмадим. Аммо нимадир гапириш керак. Рўза ойидамиз. 

Муқаддас динимиз ҳақида гаплашсак, ҳузур ичида бўламиз, деб ўйладим. Секингина «Жуббали Аҳмад билан сулаймончиларнинг ораси қандай», деб савол бердим. Эҳ, нега бердим шу саволни? Кошки дин ҳақида гапирмасам эди. Эҳ. 

Хонимнинг айтишича, энди на полис ва на докторнинг уколи таъсир қилади. Афсус, армия мамлакат ички низоларига аралашмайди. Аралашса яхши бўлармиди. 

Узилма, эй Халқ!

Сомалидаги оч мусулмонларга ëрдам берадиган ташкилот ходими билан наҳорги ошда бирга ўтириб қолувдим рўзадан олдин. Уларга катта қопларда макарон, гуруч, ун, мош, ловия каби маҳсулотларни самолётдан ташлашар экан. 

Бу улкан қоплар тушиши билан ўша ердаги бандит тўдабошилар жипларда келиб, қопларни териб олиб кетишар ва қўшни мамлакатга сотворишар экан. Унда нега бу коррупционерлар юртига ëрдам беряпсиз? Самарасиз иш-ку, дедим. 

Жавоб мана бундай: «Тепадан ташлаганда ўнта қопдан камида биттаси ëрилиб кетади. Тўдабоши ва куëвлари бу ëрилиб кетган қопларни олмай ташлаб кетишади. Ўша ердаги очлар келиб, йиртиқ қопдан тўкилган дон-дунни олишади. Шу самара учун ҳам бу ишни тўхтатмаймиз, деди бу одам. Негадир, бу ҳикояни бугун эсладим.

Ким нима деса десин-у, Мирзиëев келгандан кейин кўкрагимизга шамол тегиб, пешанамиз ярқиради. Биримиз икки бўлди. Иккимиз тўрт. Ислоҳотчиларни доим ëмон кўришган. 

Тасаввур қилинг, сиз касалсиз. Кўричак бўлгансиз. Буни дуо ўқиб, кинна солиб ëки бошқа чўпчак билан даволаб бўлмайди. Жарроҳ келиб қорнингизни ëриб, ўша кўричакни кесиб ташлаши лозим. Бу оғриқли жараëн. Камида бир ҳафта бош ëстиқда. Тузалиб кетишга ойлар керак. 

Ислоҳотчининг қўлида пичоғи бўлади. У табассум қилиб эҳсон тарқатадиган Тереза она эмас. У паразитларни боқадиган Ҳотамий Той ҳам эмас. Жамият бу жарроҳлик амалиëтидан наркозсиз ўтишга рози бўлиши керак. Йиғлаб-сиқтамай. Докторни лаънатламай. Чидаб. Бусиз бўлмайди. 

1991 йилда ўтиши керак бўлган жараëн эди. Ўшанда шок терапиядан ўтганимизда иммунитетимиз бақувват бўларди.  Афсуски, кўричак вақтида олиб ташланмади. Ëрилиб вужудни заҳарлади. Энди уни оддий операция билан даволаб бўлмайди. У ўлимга маҳкум. Уни тузатадиган доктор йўқ. 

Ўлаëтган одамга шафқат юзасидан морфий укол қилинади. Морфий мияни фалаж қилиб, оғриқни унуттиради. Аммо фалаж бўлган миядан сал нарида организмдаги бутун аъзолар ўлаëтган бўлади. 

Бугунги куннинг рентген сурати эди бу. Узилма, эй халқ. Таназзулга учраб, йўқлик ботқоғига ботган биринчи улус сен эмассан. Охиргиси ҳам.

Инсон капитали

Инсон капитали – энг қиммат нарса. Олтин конлари, газ ва нефть захирасидан ҳам устун у. Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги давлат бюджети 57 миллиард доллар. Оддий америкалик тадбиркор Цукербергнинг чўнтагидаги пул эса 110 миллиард. 

1991 йил Каримов кўтини тахтга сварка қилгани ортидан одамлар гурас-гурас бўлиб мамлакатдан кета бошлади. Мутахасислар¸ олим ва муҳандислар кетди. Урра, «ўрислар» кетди, деб севинди халқ. 

Аммо кетаëтганлар ўз касбининг усталари эди. Урра, «яҳудийлар кетди», дея севинди зомбилар. Аммо кетаëтганлар олимлар эди. Ипирисқи шаир Иқбол Мирзо «ватангадолар» кетди, деб кўтини йиртди. Аммо кетганлар ватансевар даҳолар эди. 

Чақимчи, ўғри, шалақи папарозалар қолди. Ўғри ва каламушлар урчиди. Кейинги 4 йилда эса МДҲдаги ўғри-қароқчиларга муҳтарам эшиклари ланг очилди. Инсон капиталини ҳеч ким қадрламади. 

Лимон, эчки, қалампир, сити, бутхона ва чўпчак марказию муз саройини муҳим деб ўйлашди бу қовоқбошлар тўдаси. Пандемия келиб қизил карта кўрсатди. Бундан олдин докторлар чиқиб кетган ва дунëдаги кинначи зоти бўлса бу Ўзбекистон деган чиқинди қутини каламушдай тўлдирган эди. 

Пандемия вақтида Россияда гоп-стоплик қилиб кампирларни зўрлаб юрган фуқаролар ҳам қайтди. Қамоқлардаги ўғри, киссавур ва қотилларнинг афв қилиб чиқарилгани ортидан бахтимиз тугал бўлди. Жамият деган ичимликнинг градуси ошди.  

Натижа: Ҳамма грин кард ўйнаб, ўзлари эртадан кечгача қарғайдиган Америкага қочмоқчи. Ҳамма кассанинг олдида навбатда туриб Россияга чипта олмоқчи. Супургига миниб бўлса ҳам бу мамлакатдан қочиб бадар кетишмоқчи. 

Ҳар куни менга ва «Элтуз»га юзлаб одам бир илтимос билан мурожаат қилади. «Мени бу жаҳаннамдан олиб чиқиб кетинг», деган бир жумлада жамланган ҳасрат. 

Мен инсон капитали ҳақида гапирдим. Яъни ҳомо сапиенс ҳақида. Ҳомо сапиенс – бу тафаккурли инсон. У камида ўнгача санашни билади. Газеталар сарлавҳасини тутилиб бўлса ҳам ўқийди. Оқ ранг билан қора рангни ажратади. Учбурчакнинг бешбурчакдан фарқини билади. Чунки у ҳомо сапиенс. Тафаккурли инсон. 

Аммо 34 миллион инсон ўз бошида 30 йил бир эшакнинг ўтиришига рози. Бу 34 миллион инсон ўз орасидан чиққан «миллатни яхши кўргувчини» тўппонча бирла отишга тайëр. 

Хуллас, олдин айтганимдек биомасса. Бу массанинг инсон капитали деган тушунчага алоқаси йўқ. Инсон капитали қиммат нарса. У Шоввозсойдаги саройдан ҳам қиммат.

«Это Кара, Кара, Каракум»

Совет пайтида Москвадаги Прага ëки Измаилова ресторанларида оқшом емаги ердим. Хива гилам комбинати бош рассоми бу емаклар ҳомийси эди. Ресторан четида оркестрда машшоқлар жамоаси соз чаларди. 

10 сўм берсангиз, сиз истаган қўшиқни куйларди. Мен бориб 10 сўм бериб қўшиқ буюртма қилиб, келиб столимга ўтирдим. Қўшиқчи «Горная лавандани» айтиб турибди. 

Кейин тўхтаб, «Қадимий Хоразмнинг икки рассоми учун «Это Кара, Каракум» деган қўшиқни айтамиз», деди. Бу мен кутган қўшиқ эди. Ҳозирги матбуот ҳам шундай, кимдир буюрган қўшиқни айтади. Матбуот эркинлиги ҳақида ватандошлар тилидан янграйдиган гаплар одамни ҳушëр торттиради.

Бу гаплар индаллосида «Матбуот эркин бўлсин, аммо…», деган жумла бор. 

Яъни бу эркин матбуот Амир Темур ҳақида¸ муллалар ҳақида¸ ўзбек тарихидаги зиддиятлар ҳақида сукут сақласин, дейишади.

Яъни матбуот фақат маъқул¸ ижобий¸ тарбияга чорловчи¸ миллат ва динни мақтовчи хабарларни берсин, дейишади.

Бу одамлар назарида, масалан, ўзбек баччабозлиги ҳақида ëзсак, «осмон узилиб ерга тушади» ëки «бутун дунë ўзбекларни баччабоз деб ўйлайди». 

Агар уларнинг фикрини давом эттирсак, «ўзбеклар эркин матбуотга тайëр эмас». Улар «ëмонини яшириб, яхшисини ошириб» ëзадиган матбуотни исташади. 

Шу ўринда бунинг тескарисига ишонадиган кам сонли одамлар ҳам бор. 

Шулардан бири менман. 1994 йилдан то 1999 йилгача Урганчдаги TV ALC  телеканалида ишлаб, Ғарб улгисидаги матбуот ва сўз эркинлигининг миллатимиз учун сув ва ҳаводек зарурлигини ҳис қилдим.

Бу гапни шу телеканалда ишлаган Сергей Наумов¸ Нигора Абдуллаева¸ Шаҳло Қодирова¸ Меҳрибон Бекиева¸ Шуҳрат¸ Ҳурмат  ва Ғайрат Бобожонлар ҳам айни тарзда айта олади.

Биз билан ҳамкорлик қилган Малоҳат Эшонқулова ҳам бу гапни тасдиқлаши мумкин.  

Яъни матбуот эркин бўлиши керак.

Ўзбекистонда қабристон жимлиги абадий давом этади, деб ўйлаган ғофилларга айтадиганим шу:

Жаноблар, бўрон яқинлашмоқда.

Агар ақлли бўлсак¸ узун минорали шамол парраклар қуриб, бу бўрондан электр қуввати оламиз.

Зимистон Ўзбекистонни ëритадиган чироқлар ëқамиз.

Аммо жоҳиллигимизча қолаверсак, бу бўрон миллат ва мамлакатни остин-устун қилади. Бўрон яқинлашаëтганининг хабарчиси ўлароқ, осмонда бўрон қушлари учмоқда.

Бу китобий гапларимни Максим Горкийнинг мана бу жумласи билан тугатса ҳам бўлади. «Яна ҳам кучлироқ гурласин бўрон». 

Аммо рўзаи рамазон ойида қилаëтган суҳбатимизни бундай шафқатсиз нота билан тугатишни истамадим. Деразамни очиб қарасам, борлиқ яшилликка бурканган. Кўклам нозлана-нозлана, бизни қийнаган табиат ëзлана-ëзлана товус каби ўз гўзаллигини намоëн қилмоқда. Навоий айтганидек, «бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши»…

Бундан беш аср олдин яшаган Алишер Навоий асарларини таржимонсиз тушунганимиз – катта ютуғимиз. 

Масалан ҳаëтни севиш ҳақидаги мана бу рубоий:

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,

Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,

Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз .

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
18 декабр 2017
Давлат статистика қўмитаси маълум қилган маълумотларни таҳлил этиб, расмий матбуотда «Ижтимоий фикр»га асосланиб айтилганидек, фаровонлигимиз юксалаётганини эмас, балки сўнгги ...
21 феврал 2021
Туркманистонда 14 ёшли дзюдочи Сулаймон Турсунбоев жангда президентнинг қариндошига «ютқазиб бериш»дан бош тортгани учун ўлдирилди. Фожеа февраль ойининг бошларида ...
20 апрел 2019
Кўплаб манбаларда Муҳаммад CАВ туғилган кунлари турлича талқин қилинади, бироқ саҳиҳ дея аталган кўп манбаларда 571 йилнинг 20 апрели ...
5 октябр 2015
Пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказиш мақсадида “Альянс” инсон ҳуқуқлари лидери Елена Урлаева билан 2015 йилнинг 27 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...