Асосий мавзулар
24 май 2021

Адвокат: «Қотиллик бўйича ҳукм далилларга зид ва руҳий босим асосида чиқарилди»

21 май куни Чирчиқ шаҳри жиноят ишлари суди 22 ёшли Акмал Султоновни рус аёлини қасддан ўлдирганликда айблаб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Айбланувчининг адвокати Дилшод Жабборов «Элтуз»га бу ҳукмнинг айбланувчига босим, қийноқлар ёрдамида олинган иқрор ва уйдирилган тергов далиллари асосида чиқарилганини билдирди. (Фото: Татьяна Яценюк ва Акмал Султонов)

Воқеа 2020 йилнинг 29 сентябрь куни Чирчиқ шаҳрининг 2-микрорайонидаги квартирада содир бўлган. Шу куни кечқурун кекса ёшдаги рус аёли Татьяна Яценюкнинг жасади ўз квартирасида осилган ҳолда топилган. Суд экспертизаси аёлнинг аввал калтакланиб, чалажон қилиниб, кейин жасади ваннахонага осилганини тасдиқлади.

Чирчиқ шаҳри прокуратураси терговчилари икки шахс, марҳуманинг ўғли Алексей ва унинг дўсти Акмал Султоновни қотилликда гумон қилишади.

Алексейнинг шу куни уйида бўлмагани, тоққа чиқиб кетгани тасдиқлангач, асосий гумондор сифатида Акмал Султонов тергов қилинади. 

Султоновнинг адвокати Дилшод Жабборовнинг «Элтуз»га билдиришича, тергов жараёнида тезкор ходимлар Султоновни қўрқитиб, жиноятни бўйнига қўйиш учун бошқа бир одамни олиб келиб, унинг кўзи олдида қийнашган.

“Тезкор ходимлар факт ва исбот топа олмаганидан кейин уни бир хонага олиб кириб ўзлари бир сценарий ўйлаб топишяпти. Яъни бошқа шахсни ўласи қилиб калтаклашяпти бунинг кўз олдида. Ҳалиги одам ҳушидан кетиб қолганидан кейин уни судраб олиб чиқиб кетишяпти. Тезкор ходим айтяпти: “Мен ҳозир чарчаб қолдим-да. Энди сенга навбат келди. Ҳозир қайтиб келиб сени шу ҳолатга соламан…”, дейди ўз мижозининг сўзларидан иқтибос келтириб адвокат Дилшод Жабборов.

Акмал Султоновга нисбатан руҳий босим тергов стенографиясида ҳам акс этган. Терговчи Руслан Бобораҳимов гумонланувчига ҳақоратли ва шахсини камситувчи, уят сўзларни ишлатиб муносабатда бўлганини англаш мумкин.

“Терговчи “признанка”(иқрор) олиш учун диктофонни қўшган пайтда Акмал йиғлаяпти, терговчи бўлса унга уят сўзлар билан сўкиниб бақиряпти”, дейди адвокат.

Тергов стенографиясидаги сўкинишлар акс этган парча: Терговчи – А. Гумонланувчи – Б ҳарфи билан белгиланган.

Адвокат Жабборовнинг сўзларига кўра, дастлабки тергов пайтида қилинган суд тиббий экспертизасидаги аёлга тан жароҳатлари етказилгани ва ўлими қайд этилган вақт билан Акмал Султоновнинг иқроридаги вақт орасида ҳам фарқлар бор:

“Экспертиза хулосаси бўйича кампирнинг ўлими кечқурун соат 4 дан кейин содир бўлган. Сабаби, Акмалнинг терговда берган кўрсатмасидан хабари бўлмаган уларнинг. Акмал ўзининг айбига иқрорлик кўрсатмасида эса кундуз соат 1.30 да бўғиб ўлдирдим, деган. Бу билан Акмалнинг берган кўрсатмаси ёлғонлиги исботланяпти”.

Бунинг устига, марҳуманинг қўшнилари шу куни кампирнинг соат 3 яримларда тирик ҳолда ҳовлида юрганини кўришган.  Акмал бўлса уйидан соат 1.30 ларда чиқиб кетиб, кечқурун 7 ларгача қиз ўртоғи билан бирга бўлган.

«Элтуз»га тақдим этилган, шаҳарда ўрнатилган видеокамера ёзувларида Акмал Султоновнинг қиз ўртоғи билан “Сеул” кафесида ўтиргани ва шаҳарда сайр қилаётгани акс этган.

Воқеа юз берган пайтда Акмал қиз ўртоғи билан "Сеул" кафесида бўлганини видеокузатув камераси қайд қилган

«Элтуз» Акмалнинг онаси Лола Султонова билан ҳам гаплашди. Унинг айтишича, ўғли Алексей билан дўст бўлган, улар оилавий дўстона алоқада бўлиб, кекса онасига ҳам ҳурматда бўлишган.  

Бунинг устига, Лола Султонованинг айтишича, кампир олдин аёвсиз калтакланган, юзларини моматалоқ қилиб уришган. Юзига ёстиқ босишган, ёстиқда ҳам қон излари қолган. Ўғли бу ишни қилиши мумкин эмас эди. Чунки унинг ўнг қўли ишламайди, яқинда операция бўлган ва панжаларига спица қўйилган.

Адвокат Жабборовнинг сўзларига кўра, унинг мижозига нисбатан қийноқ ва руҳий босимлар остида, уйдирилган иш бўйича чиқарилган ҳукм президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 46 сессиясида сўзлаган “қийноқлар ва ноинсоний муносабатда бўлиш ҳолатларини” тугатиш ҳақидаги гапларини ҳам инкор қилмоқда.  

“Акмалга айб қўйилишининг ягона сабаби тергов ходимларининг профессионал билим даражаси етишмаслиги ва ҳақиқий қотилни топиш имкониялари йўқлигидир. Уларнинг мақсади соддароқ бир болани қўрқитиб бўйнига қўйиш билан ишни ёпиб юбориш бўлган”, дейди Жабборов.

Адвокат мижозига чиқарилган ҳукм устидан апелляция шикояти беришини билдирди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 июн 2018
Aввaллaри Туркия бизнинг Мaркaзий Oсиё дaвлaтлaри вa турк oлaми учун сиёсий, ижтимoий вa иқтисoдий мoдел бўлишини oрзу қилaрдик. Биз ...
14 август 2017
2015 йилнинг 25 сентябрида Хоразмга мажбурий меҳнат мониторинги учун борган мустақил журналист Малохат Эшонқулова ва ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаевалар ...
4 апрел 2020
Мана, ҳафта ўтиб сиз билан юзлашдим. Кўзларингиз қорачиғида ўзимни кўраман. Сизнинг дардингиз – менинг дардим. Сизнинг ғамингиз – менинг ...
22 апрел 2016
Америкалик қўшиқчи 57 яшар Принс ўзининг Миннесотадаги овоз ëзиш студиясида ўлик холда топилди. Қўшиқчи ўлими ҳақида унинг матбуот котиби ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...