Асосий мавзулар
4 июн 2021

РТдан ваъз: Кўзини очган табибни ўлдирадиганлар юрти

Сурхонга нур ёғди, жонланди олам,

Гўё фаришталар бўлганидек жам.

Отамиз келадир мард ташлаб қадам,

Сурхонга жаннатдан шамол елади,

Эй халқ, севин, бугун Сарбон келади

Буни ўқиган одам Ислом Каримов гўридан туриб, Самарқанддан Сурхонга келяптими, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас, Каримов ётибди қабрда қуртларга ем бўлиб. Гап шундаки, Сурхонга Мирзиёевнинг боришини ана шундай мадҳиялар билан қарши олишмоқда. Аввалига қисқа хабарлар билан таништириб ўтсам, кейин шеърни қолган жойидан давом эттираман.

Қисқа хабарлар

Ўзбекистон тарихида илк бор бир киши учун бир ойлик истеъмол харажати 440 минг сўм қилиб белгиланди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига кўра, истеъмол харажатларини ҳисоблаб чиқишда жон бошига 2200 ккал миқдоридаги кунлик озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар эътиборга олинган.

Ойига 440 минг сўмдан кам даромад топасизми? Агар бу саволга “ҳа” деб жавоб берсангиз, демак, сиз қашшоқсиз.

Тайлоқда 9-синф ўқувчиси икки амакиваччаси билан мактаб директори ўринбосарини унинг хизмат хонасида тепкилашди. Бунга ўқитувининг имтиҳонга кечикиб боргани учун ўқувчига танбеҳ бергани сабаб бўлган. Болалар энди қамалиши мумкин. Устозсевар миллатмиз деган жойига тўғри келади.

Қозоғистонда Chevrolet Equinox ишлаб чиқариш ва сотиш бошланибди.

Автомобилнинг нархи ўзбек сўмида 310 млн. сўм атрофида бўлади.

Ўзбекистонда эса бу русумдаги машинани бож тўламасдан 414 млн. сўмга харид қилиш мумкин. Ашинақа, бўзчи белбоққа ёлчимас, кулол — мўндига.

Қорақалпоғистонда «Қизил китоб»га киритилган, браконьерлар томонидан отиб ўлдирилган 11 та жайрон. Шохларини ҳам кесиб улгуришган. Зарар 134 млн 750 минг сўм деб баҳоланиб, жиноят иши очилди.

Лекин айиқ ва жайронларни отиб кетган ўрисга қуллуқ қилинди, вертолёт берилди, ўлжани олиб келиб бериш, думини ликиллатиб туриш учун този ит қилиб бир ўзбек ҳам берилди. Ана шунақа.

Тошкентлик 29 ёшли «эркак» 9 йилга қамалди. У 5 яшар ўғлини «изнсиз овқат единг» деб, уриб ўлдирган эди. Боласевар ўзбеклар.

Хоразм. Янгиариқ. «Нексия» машинаси сўнгги қўнғироқдан қайтаëтган 11 ўқувчига бориб урилди. 4 ўқувчи ўлди. Ҳайдовчи қамоқда.

Шофиркон тумани Жўйрабод МФЙ раиси ўз хизмат хонасида иш вақтида ароқ ичиб ўтирибди. Мурожаат қилиб борган фуқарони “кетингни айираман”, деб орқасига тепди. Видеодан баҳра олинг.

+++

«Al Jazeera» телеканали мухбири Агнешка Пикулицка-Вильчевска томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилгани сабабли Ташқи ишлар вазирлиги унинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Агнешкани лаънатлаëтганлар Шимолий Корея тутумидаги «мусаффо осмон матбуоти» билан яшаш каби бахтиқароликка мубтало бўлади. Рассом Туз айтмади, деманг.

Қисқа хабарлар эди. Энди эса тармоқда шов-шув уйғотган шеърнинг давомини ўқиб берсам:

Кутдик неча ойлаб, кўзлар интизор,

Қалбларда соғинч ва муҳаббат бисёр.

Метинмиз, илғормиз, токи У зот бор,

Ўзбекнинг кўксига фахр тўлади,

Эй халқ, севин, бугун Сарбон келади

Меҳримиз пайваста, дуодадир қўл,

Хуш келинг бехатар, тилаймиз оқ йўл,

Босган изингиздан унсин райҳон, гул.

Севинчдан, соғинчдан лаблар кулади,

Эй халқ, севин, бугун Сарбон келади.

Эй азиз Юртбошим, меҳрибон отам,

Сиз сабаб замон тинч, яшаймиз бекам,

Ишлаймиз бойлабон белларни маҳкам.

Сурхон эли сизга қалқон бўлади,

Эй халқ, севин, бугун Сарбон келади.

Комила Абдуллаева, Термиз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.

Усмон Азим¸ Хуршид Давронлар ҳам худди Шимолий Кореядаги Ким Чин Ир давридаги каби шахсга сиғиниш қилиб ташлашди. Бир вақтлар Ғафур Ғулом ва Ҳамид Олимжон ва бошқалар Сталинга шеър ëзди, Ленинга атаб шеър ëзди, қани ўша шеърлар? Майли, Усмон Азим¸ Хуршид Даврон¸ Мирза Кенжабек ўз вақтида сарой кавушига патак қилиниб, қўлланиб бўлингач, саройдан тепилган эдилар.

Каримов Паркент¸ Бўка ва Талабалар шаҳарчасида, шунингдек, Андижонда одамларни оттирган золим сифатида тарихга кирди. У қурдирган Жаслиқ қамоқхонаси халқаро ҳамжамият томонидан замонавий концлагер мақомини олди.

Каримов Ўзбекистонда лоақал конвертацияни жорий қила олмади. ОВИР¸ чиқиш визаси каби фақат Шимолий Кореяда бор зиндоний амалларни мукаммал қилиб ватандошлар ҳолини қийинлаштирди.

Мамлакатга Россиядан пул юбориб турган меҳнаткашлардан «жирканишини» айтиб, уларни «дангасалар» деб атади. Газ¸ чироқ йўқлиги бир ëнга.

«Пластик обнали» эса бир ëнда туриб барака кетди.

Каримов қизларининг ўғирлиги, миллиард-милиард доллар ўмаргани халқаро судларда исботланди.

Гулноранинг ўзи мамлакат бюджетининг 5 фоизини ўғирлаган (бир миллиард доллар).

Шундай экан, кўзингизни лўқ қилиб очинг, мадҳия ёзувчилар.

Ҳаëт қофия, туроқдан иборат эмас.

Шавкат Мирзиёевни иккинчи фиръавнга айлантириб қўйманг.

Бундан сиз ҳам, у ҳам барака топмайди. Мени мақтаманглар, дея Мирзиёевнинг ўзи айтган.

Президент Шавкат Мирзиёевни ўтган йили Бўка туманидаги «Саркор» фермер хўжалигида оёқлари остига янги кафел ётқизган ҳолда кутиб олишди.

Раҳбарларни кўзбўямачилик билан кутиб олиш собиқ шўролар даврида ривожланган ва ҳануз давом этаётган одат.

Икки йил олдин Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида Мирзиёев кўриши учун йўл бўйида сохта иссиқхоналар қурилгани хабар берилган эди.

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» асарида раҳбар кирган молхонага қиммат духи сепилгани тасвирланган.

Ҳақиқат бекорга айтилиши мумкин, аммо ёлғон бекорга айтилмайди.

Хушомад қилаётган одам мақталаётган одамга муҳтождир, мақталаётган одам эса унга муҳтож эмас. Шунинг учун хушомад, энг аввало, хушомад қилинаётган одамни ҳақорат қилади.

Журналист Карим Баҳриев рост ва ёлғон сўзга ана шундай гўзал таъриф берган. Унинг битикларини сизга мухтасар ўқиб беришга қарор қилдим:

Тошчалар тоғ бўлар

Жамиятда муносабатлар хушомадга қурилса, бу миллат учун жиддий фожеадир.

“Каттага гап қайтарма, бетгачопарлик қилма!” деган насиҳатлар ҳали суяги қотмаган болага қилинганда, эҳтимол, тушунарлидир. Аммо у ўзини тутиб олган халқнинг ҳаёт тарзига айланмаслиги керак.

“Рост сўзни даб-дурустдан айтсанг, халқ издан чиқиб кетади. Тўполон бўлади, жанжал қўзғалади…” деган гаплар халққа нисбатан адолатсизликдир. Бу, биринчидан, халқни ўз фикрига эга бўлмаган, биров бир нарса деса, эргашиб кетаверадиган аморф бир гўдак сифатида фаҳмлашдан келиб чиқади.

Иккинчидан, бунинг оқибатида халқни озод инсонларга хос ҳурфикрликдан мосуво этиш юртни орқага, таназзулга судрайди. Учинчидан, айнан рост сўзлаш, ростлик қўзғолиши мумкин бўлган жанжаллардан сақлайди. Зеро, тўполону фитна рост сўздан эмас, ҳамиша айнан ёлғон сўзларнинг, маккорлик ва айёрликнинг натижасида юзага келади.

Бугун рост сўз айтилмагани натижасида яширилган иллатлар эртага тўпланиб, йиғилиб, улканлашиб, катта бир бўҳронни юзага келтирадики, унинг эртанги муқаррар зарбаси бугун рост сўз айтилса, келадиган зарбадан юз бор, минг бора даҳшатлидир. Муаммоларни орқага суриб, ўзини овутишдан кўра, уларни ошкор этиш ва ечишга киришиш керак. Тошчалар йиғилиб, бир куни тоғ ўлароқ эл бошига тушади.

Энди, ростини айтганда, ҳақиқатдан қўрқаман, дея ўзини ёлғон билан овутиш бир одам учун ҳам уятли бўлганидай, бутун бир жамият учун айниқса шармандалидир.

Тўғрисўзлик – одамнинг бошқа одам олдидаги, халқи ва миллати олдидаги бурчидир.

Ўтган асрда тўғрисўзлиги учун ҳукмдорлар “телба” деб эълон қилган ва маҳбусхонага ташлаган файласуфга қўшилиб айтиш мумкинки, мен халқимга ҳеч қачон ёлғон сўзлай олмайман, чунки унинг кўзига ҳамиша уялмай тик қарашни истайман.

Мен халқимнинг камчиликларини фош этаман, чунки уни камчиликларсиз, барқарор, комил ва собит кўришни истайман.

Мен халқимни танқид қиламан, чунки уни севаман.

Мен халқимга рост сўзлайман, чунки уни ҳурмат қиламан.

(journalist, karim bahriyev)

Жоханинг ситиси

Ортиқхўжаев бу қадар васваса билан Тошкентни ғорат қилаëтганини тушунтириб берсам. Шу пайтгача ер давлатники эди. Ортиқхўжаев ҳамма ерларни ўзига олиб бўлганидан кейин ер хусусий мулк деб эълон қилинади. Шу тариқа Тошкент қурувчилар, давлат идоралари, Олий суд, ДХХ ва прокуратурадаги жуликлар мулкига айланади. Биз дунëда мисли кўрилмаган фирибгарликдан иборат фириб кампаниясига гувоҳ бўляпмиз. Мана «Тошкент сити»даги осмонўпар бинолардан бирининг аҳвол. Ранг кўру ҳол сўр.

Бизга бу видео етиб келган бир пайтда Тошкент шаҳри ҳокими жарангдор баёнот билан чиқди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳарни бошқарган уч йил давомида пойтахтда 70 йил ичида қурилган иншоотларга тенг қурилиш қилганини  айтди.

Хусусан, у сўнгги уч йил ичида шаҳарнинг иқтисодий аҳволи икки баравар яхшилангани ва шу даврдаги қурилиш кўлами ўтган 70 йил ичида бажарилган ишлар ҳажмига тенг эканини таъкидлади.

Шу билан бирга,  унинг сўзларига кўра,  сўнгги уч йил ичида пойтахтда 22 та ер усти ва 4 та метро метро бекати қурилган.

У физика,  математика,  кимё,  биология,  география ва инглиз тилини пухта ўзлаштирган талабалар ҳамда уларнинг ўқитувчилари учун ҳокимлик стипендияси ва пул имтиёзларини жорий этиш тўғрисида гапирди. 

Менинг ҳам ҳокимга айтар икки оғиз гапим бор.

Олти синфни битириб кўчада катта бўлган Жоха Ортиқхўжаев Тошкент марказидаги биноларни бузиб ўрнига бетон уй қуриб сотди.

У қурган уйларнинг ё лифти ишламайди ёки томи кўчиб тушади.

Жоха Бешёғочдаги Миллий боғни ўз тасарруфига олди. «Киночилар уйи»ни бузди.

Марказдаги бақувват биноларни бузиб, ўрнига усти шиша бетон уйлар қурди.

Кейинги 30 йил ичида ўзбек раҳбарлари ўзининг молдан баттар эканини намоëн қилди.

Фақат бузди. Қозоқлар Олмаотани бузмади. Улар чўлда шаҳар барпо қилди. Нега сити қурмоқчи бўлган бу ўғрилар шаҳар ташқарисига қуришмади.

Пластмассадан ойна ром ясаб сотиб юрган тужжор микроби шаҳарни бошқармоқда.

Ортиқхўжаев ота -боболаримиз қурган Тошкентни бузиб, Акфакентга айлантирди.

Бу ситининг пулига 40 мингдан ортиқ сунъий нафас олдириш жиҳозини сотиб олиш мумкин. Келажакда. Чунки коронавирус ўлати ҳали изғиб юрибди Тошкент кўчаларида.

Грузияда Саакашвили президент бўлган 9 йил ичида 140 та янги шифохона қурилган, 2200 та сунъий нафас олдириш жиҳози сотиб олинган экан. Американинг битта қимматбаҳо антивирус лабораторияси олиб келиб ўрнатилган.

Аҳоли сони 3,7 млн.

Каримовнинг 25 йиллик бошқарувидан, нари борса, 25 та шунақа аппарат мерос қолган.

Коронавирус келди-ю, Ўзбекистонда 500 та янгисига буюртма берилгани айтилди.

Дарвоқе, Саакашвили ҳам ситилар қурган.

Шоввозсойдан репортаж

Ўзбекистон буюк юрт, буюк давлат.

У ерда оддий меҳнаткашлар учун Швейцариянинг Альпида қад ростлаган Luxury дам олиш масканларидан ҳам ҳашаматли санаторийлар қурилган.

Бугун бу ҳашаматли санаторийда сурхондарёлик сувчи деҳқонлар Чори бобо билан Эшбой боболар, қашқадарёлик чўпонлар Ўрол бобо билан Шермат боболар, самарқандлик ипак гилам тўқувчи қизлар ҳордиқ чиқаришмоқда.

Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик.

Мана бу серқуёш замин юзларини қорайтирган кишининг исми Рўзибой ака. Рўзибой ака, мана, 25 йилдан бери темир йўл қурилишида оддий ишчи сифатида меҳнат қилиб келмоқда. Рўзибой аканинг кувалдаси Қизилқум саҳроларида, Деҳқонобод тоғларида, Мозори Шариф йўлларида минглаб километрга чўзилган рельсларни тўғрилаган.

Бугун Рўзибой ака бутун оила аъзолари билан Шоввозсойда дам олмоқда. Чорак асрлик машаққатли меҳнатнинг мукофоти бундан ортиқ бўлмаса керак. Рўзибой аканинг фарзандлари кўзида ёнган учқунлар истиқлолимиз йўлларида йўлчи юлдуз бўлиб порлагай.

Бугун муҳтарам президентимиз томонидан илгари сурилган юксак ғояларни рўёбга чиқариш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, юртимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигини муносиб кутиб олиш борасидаги маҳаллабай ва фуқаробай ишлар туну кун давом эттирилмоқда.

Бу борада мамлакатимизда жорий қилинган, бутун дунёда ягона бўлган секторлар тизими муҳим аҳамият касб этмоқда.

Секторларда ўтказилаётган маҳаллабай ўрганиш ишлари натижасида «Олтин дафтар»га киритилаётган оилалар сони бугун миллиондан ошиб кетди. «Олтин дафтар» бу учинчи ренессансга қадам қўйиб, илдам олға интилаётган юртимиз рамзидир.

Сўтақўзи Ялаболдиев,

Сусамбил-24 телеканали учун махсус, Шоввозсой сиҳатгоҳидан.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
16 феврал 2017
13 январ куни кечга яқин Стокгольмнинг жанубида 35 ёшлардаги чимкентлик Шуҳрат исмли ўзбек мухожири жанжал ортидан пичоқлаб ўлдирилди. Воқеа ...
24 феврал 2016
Клептократия ҳукмрон Ўзбекистонда бугунги кунда қоғозбозлик амалдорларининг оддий иш йўсинига айланган. Оддий одамлар у ёқда турсин, Eltuz.com яқинда эълон ...
15 сентябр 2020
Швейцария ва Ўзбекистон марҳум президентининг қизи Гулнора Каримованинг мусодара қилинган активларни расмий Тошкентга қайтариш тўғрисида битим имзолади. Хабарларда айтилишича, ...
10 июн 2016
Мустақилликнинг 25 йиллик тўйи олдидан бошланган ура-ура мақолалар орасидан «Халқ сўзи»да чоп этилган «Тараққиётимизнинг асосий мезони» тўғрисидаги лавҳа ҳам ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...