Асосий мавзулар
11 июн 2021

РТдан ваъз: Кексга айланган секс

Мана, азизлар, ҳафта айланиб сиз билан яна юзма-юзман. Бормисиз, омонмисиз? Ëз қандай соз десам, ўзимни ҳам, сизни ҳам алдаган бўламан. Бу иссиқда ўзимни товада қовурилаëтган котлет каби ҳис қилмоқдаман. 

Бир пайтлар Урганчдаги ТВ АЛС каналида ишлаганимда иссиқ қандайлигини намойиш қилиш учун хом юмуртқани машина капоти устига чаққанмиз. Шессекундда пишган юмуртқани капкир билан олиб кўрсатиб, давлат термометрлари ëлғонини фош қилганмиз. 

Ўтди умрим, во дариғ, латта тўппи киймадим. 

Аслида ëзувчи Жюль Верн айтганидек, иссиқ қишнинг кунида одамга ëқади.  Иссиқ пайтида чироқ ўчиб, кондиционер ишламай қолса-ю, сиз Юнусободдаги тош катакнинг саккизинчи қаватида бўлсангиз. Бундай ҳолатда қандай яшашни папуасларга ўргатадиган эскимос мулозимлар доимо топилади. Яхши тарафи шуки, қиш эмас – ëз. 

Қисқа хабарлар

“Толибон” ўзбеклар яшайдиган туманни босиб олди. Қачон Ўзбекистон  биродарлар назоратига ўтаркин, деб ярим метр соқолни қўйиб кутаëтганлар ҳам бор қурбақаободда. Ҳижоб ичига шпаргалка яширган ожиза имтиҳондан чиқарворилса, тақсирлар “қани диний эркинлик”, деб додлаяпти.

+++

“Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов ўлди. Синмасни кулол, ўлмасни худо яратмас.

+++ 

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси¸ “Самарқанддаги қотил” китоби ëзари Крейг Мюррей судга эҳтиром кўрсатмади, дея қамалди.

+++

Жоханинг қизи бошқа фирмачнинг Сардор деган ўғлига тегибди. Низомиддиновнинг ўғли давра ташқарисида қолди. Кўргани тўй, егани қўй буларнинг.

+++

Бош вазирнинг ланка тепиш қарори ижросини бажариш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва металлургия заводлари ишга киришди.

+++

Тангри одамни яратди. Одам эса ксерокс ихтиро қилди. Яна бириси эса бу ксероксдан сохта пул чиқаришни йўлга қўйди. “Истанбул-Олмаота-Тошкент” учоғида учиб келган йўловчилардан бирининг юклари орасида сохта 5000 АҚШ доллари борлиги аниқланди.

Шу куни тезкор тадбир халқаро аэропорт автотураргоҳида ва Яшнобод туманида давом эттирилиб, мазкур қалбаки валюталарни қабул қилиб, эгасига етказиши лозим бўлган шахслар ҳам кетма-кет қўлга олинди. 

Қарангки, улардан бирининг бошқарувидаги “Ласетти” маркасидаги автотранспорт воситасини кўздан кечириш давомида олд йўловчи ўриндиғи остида яна сохта 5000 АҚШ доллари борлиги аниқланди.

Кейин Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур қалбаки валюталарнинг ҳақиқий эгаси уларни қабул қилиб олаётган вақтида ушланди.

+++

Ўзи оригинал нарса қолмади. Сохта соат, сохта телефон¸ сохта дизайн. Қатортолдаги Сумайянинг Ойшага айтишича, шоҳ ҳам сохта эмиш. Яна ким билади?

Рассом Тузга мактублар

Мактуб ортида одам ва унинг дарди бор. Бу сийқа бўлса ҳам тўғри гап. Почта қутисига келган манови мактубга видео ҳам илова қилинибди:

“Навоий вилояти Кармана тумани Талқоқ-2 массиви, молиянинг орқасидаги кўп қаватли уйларда канализация тошиб кетган. Бир ойдан бери шу аҳвол. Ҳидига чидаб бўлмаяпти. Кармана шаҳарчасининг қоқ ўртасидаги бу аҳвол наҳотки раҳбарларга барибир бўлса? Аҳолини ким ўйлайди? 

“Обод маҳалла” деб оғиз кўпиртиргунча, мана бунақа ҳолатларни бартараф этишсин. Ширкат бартараф этмаяпти. Ширкатнинг Кармана тумани электр тармоқлари корхонасидан ҳам 50 млн сўм, бошқа тўловлардан ҳам камомади бор, топширолмаяпти шу учун. 

Биз тўлаган пулларни давлатга ўтказмаган. Жабрини аҳоли тортиши керакми? Энди канализацияниям тозалатмай қўйди. Тўлиб-тошиб кетган. Аҳоли кўп жойга мурожаат қилишган, аммо айнан Кармананинг марказида бу аҳволга томошабин бўлиб турган масъуллардан аҳоли норози. Ҳолатнинг бартараф этилишига ёрдам беринг”.

Видео

Мана бу хатни эса улкан юк машиналари асабини қақшатган хоразмлик дойи ëзибди. Эҳ дойи, рўмолимнинг ичи шойи…

“Ассалому алайкум. Хоразм вилоятининг Оқтепа маҳалласидан мурожаат қилгандик, таъсири бўлмаяпти. Аҳоли ҳудудида курилиш молларини сотиш учун омбор қурилган, кунига катта машиналар кириб чиқади. Лекин кўчанинг бошида 6 тонна чеклов белгиси бор. Шунга қарамай, мен тадбиркорман деб, хоҳлаган ишларини килишяпти, тадбиркорлик қилиб бошқа қонунни бузиш керакми?”

Музқаймоқ

Мен “Шум бола” китобини синчиклаб ўқийман. Кинодан фарқли, китобда кўп тафсилотлар бор. Масалан, шум бола бозорда музқаймоқ олиб ялайди. Бундан юз йиллар олдин музлаткич бўлмаган пайтда, ëзнинг куни музқаймоқни қандай сақлашган? Бу савол жавобини билмайман. 

1873 йили июнь жазирасида Хивани ишғол қилган Кауфманни ҳайрон қолдирган нарса ҳам шу. Хиваликлар ëзнинг куни сувга муз солиб ичишган. Руслар мороженое, турклар дўнгдирма, инглизлар айскрем дейдиган музқаймоқни мамлакатнинг бутун уруғ-аймоғи жон деб ялайди. 

Эҳтиëж ва талаб ортидан таклиф келади. Андижонлик бир амаки дунëдаги энг ширин музқаймоқни ихтиро қилди. Шаҳар ва қишлоқлар, паст кўчаю рост кўчаларда анжан музқаймоғи деган қутини орқалаган жаллоблар пайдо бўлди. 

Еганлар дармонда, емаган армонда эди. Аммо бирдан ўзларининг бемаза музқаймоғини сотиб, халқни лох қилаëтган олигарх ўз бозорини бошқа билан бўлишгиси келмай қолди. Бор, тошингни тер. Менинг ҳудудимда сотма, деди.

Андижон музқаймоғига душманлар кенг фрўнт бўйлаб ҳужум бошлади.  Оғир артиллерия ишга тушди. Белида белбоғи бор анжанлик музқаймоқ ҳимоясига чиқсин. 

Бўлсанг йигит, бўлсанг ҳамки чол! Қўлинга қурол ол! Ва ўз музқаймоғингни ўзинг асра. Бугун музқаймоқни ҳимоя қила олмасанг, эртага мустақиллигимизга ҳужум қилаëтган ўриспараст Ўзбекистон раҳбариятига ҳам қарши тура олмайсан.

Шу гапни айтишим билан Мирза Анвар ака: “Бу музқаймоқнинг бактериал анализига шубҳам бор! Уни қанақасига ҳимоя қила оламан?! Музқаймоқни ҳимоя қилиб, аҳоли соғлиғига қарши бўлишим керакми?!» деди. 

Мен эса: “Селектив жазолашга қаршиман. Наманган музқаймоғи билан Андижонники бир хил. Иккаласида ҳам камчилик бор. Аммо Андижонникига ëпишди булар. Ҳали ҳеч ким анжан музқаймоғини еб ўлмади. Емасдан ўлаëтганлар бор омо лекин”, дедим.

Мавзуга изоҳлар давом этди:

“Аслида битта аравага АНДИЖОН МАРОЖНИЙ деб ёзволиб, хоҳлаган морожнийни сотиш урфга кирди. Бизнинг кўчада 3 та бор, ҳаммаси ўзимизнинг болалар. Андижон биздан 700 км”. 

Интернетдаги Дилбархон деган доктор опанинг ҳам гапини эшитсак:

Dilbar Khon

“Стафилококк бактериясини топиш жуда осон, у энг кенг тарқалган бактериялардан бири, бозордаги истаган сут маҳсулотларини текширинг, топасиз. Одамлар қўли терисини текширинг, топасиз, 30-40% одам терисида бу бактерия доимий равишда яшайди (резидент). 

Иммун тизими тўкис бўлган одамга хавф туғдирмайди, ошқозон кислотаси уни енгишга қодир. Фақат иммунитети жуда тушиб кетган одамларга ва очиқ яра ичига тушганда хавф уйғотади”.

Исловот

Мундай тарихни кавлаштирсам, музқаймоқ деган матоҳ Туркистоннинг руслар яшайдиган слободаларида сотилган экан. 

Ўрислар Туркистонни босволиб, ўрисларни ерлаштирган жойлар слобода дейилган. Ўша жойда жалабхоналар ҳам бўлган. Шу боис, “слобода” сўзи “исловот” сўзига айланган. 

Турк тилида боши “с” билан келган сўзлар олдига “и” қўшиб талаффуз қилинади. Стакан – истакон, справка – исправка, станция-истанса. Туркияда ҳам скала деган сўз искала дейилади. Смирно деган шаҳар Измирга айланган. 

Бу гапни айтишдан муддаом нима? Туркистонга асосан Россияда иши юришмаган¸ дордан қочган қаланғи-қасанғилар келиб жойлашган. Улар маҳаллий халқдан ошкора нафратланишган. Бу ҳолат совет даврида ҳам давом этди. 

Ëзиқлар бўлсинким, мустақиллик пайтидаям бу слобода мансублари ўзбек тилининг давлат тили бўлишига ашаддий қарши бўлиб келишди. Бу слободадаги ўзини энг либерал санагани ҳам Россиядаги ватниклар (битлиқи гуппи кийган колхозниклар) деган тўда вакили каби даққи фикрлайди. 

Улар жон деб Жириновский ва Зюганов партиясига аъзо бўлишган бўларди. Бошқа тарафдан, тарозининг бу ëғидаги маҳаллий аҳоли ҳам порахўрлик, ўғрилик, маиший бузуқлик, фирибгарлик ва манқуртлик бўйича бу слобадага дарс берадиган тўдага айланган.  

Ҳозир Россияда энг ахлоқсиз ва чегара билмас жалаблар ўзбек қизлари эканини ҳамма билади. Ўзбекистонга келган афғон ва хитой тужжорлари арзимас чақа эвазига ўзбек қизларини тагига босиб ëтибди. 

Мен полиция де морало эмасман. Фоҳиша ўзи истаб кимнинг тагига ëтса, бемалол ëтаверсин. Ош бўлсин. Лекин ота ўз қизининг, эр ўз хотинининг танасини пул эвазига сотаëтган пайтда ҳар қандай либерал фикрли одам ҳам асабийлашади. 

Корейсга қизини бериб, конверт ичида пул олаëтган дўппилик ўзбек отахон кўзларидан севинч кўз ëшлари оққанини кўрганман (видеоси бор). Яна ëзаверайми ëки фақат ўрисларни сўкканим маъқулми?

Сохта шоҳ

Тарих улуғ муаллим. Ундан сабоқ олайлик. 1598 йили рус подшоси Фёдор Иванович ўлади. Унинг ўғли Дмитрий сирли тарзда йўқолади. 1601 йилдан то 1603 йилгача Россияда экинлар ҳосил бермади. Очарчилик бошланди. Бир ярим  миллион одам очдан ўлди. 

Одамлар вилоятларни тарк этиб, Москвага ëпирилиб кела бошлади. Иш ва нон йўқлиги боис одамлар талончи бандаларга айланди. Мамлакат саросима ва қўрқув ичида қолди.

Бундан фойдаланган Польша қироли Сигизмунд III Сохта Дмитрий деган одамни Россия подшоси қилиб қўяди.

1605 йилда Москва бойлари ва руҳонийлари ҳамда жиноят олами вакиллари Сохта Дмитрийга таъзим билан чиқишди.

Сохта Дмиитрий Россияни Польша вассалига айлантирди.

ҚИЗИЛ ИМПЕРИЯНИ ҚЎМСАГАН КИМСАЛАРГА

Тарихнинг шиддатин тўсмоқчи бўлиб,

“Ортга қайтинг!” – дея даъват этасиз.

Қўйиб берсак, бизни, қаҳрга тўлиб,

Яна жар томонга бошлаб кетасиз.

Қизил байроқларни баланд кўтариб,

Қайтайликми яна қуллик, ёлғонга?

Қайтайликми яна шаҳид боболар

Қонлари сачраган Қизил майдонга?

Дилимни, динимни, она тилимни

Хўрлаган замонга яна қайтайми?

Қайтиб, Навоийни берган элимни

“Жоҳил, саводсиз” деб яна айтайми?

Яссавий, Нақшбанд, Темур руҳини

Нега чирқиратай, нега хор этай?

Нечун боболарим эккан толларни

Келажак фарзандлар учун дор этай?

Қай инсон ўзлигин билгани сайин

Истибдод қутурган маконга қайтар?

Қай бир халқ эрк ҳиссин туйгандан кейин,

Яна ўзи истаб зиндонга қайтар?

Қайтиш – авлодларнинг юрагини еб,

Аждодлар қонини ичиш эмасми?!

Қайтиш – бир куннинг ғам, ташвишлари деб,

Буюк саодатдан кечиш эмасми?!

Қайси коваклардан чиқиб келдингиз,

Чиқдингиз қайси бир моғоралардан –

Наҳот ҳамон мастсиз шаҳид инсонлар

Териси қопланган ноғоралардан?!

Ҳурликмас, бир бурда нон азиз сизга,

Эркдан муҳимроқдир қориннинг ғами –

Аммо қайтганларни кутади қондан

Занглаб кетган зулм қиличин дами.

Гирдобдек яширин ҳар бир ўйингиз,

Ўргимчак тўридек макрингиз пинҳон –

Янги уй қурмоқчи бўласиз, аммо

Навқирон боғларни қиласиз пайҳон.

Эскидан одат бор:

Янги уй мозор

Ва ёки вайрона узра солинмас.

Янги уй тикламоқ учун қадимдан

Ёнғин бўлган уйдан бир чўб олинмас.

Сиз эса соғиниб ўтган кунларни,

Эски пойдеворни излаб юрибсиз,

Куйган тўсинларни, мўрт устунларни

Яна ишлатмоққа созлаб турибсиз.

Тарихнинг йўлини тўсаман дея,

Қанчалар уринманг – қўлингиз қисқа.

Сиз тарих карвони ўтар йўлларда

Эзилиб кетасиз худди қумурсқа.

Ўзимнинг уйимни ўзим тиклайман,

Боболар ишидан олиб андоза.

Бу уй юксак бўлар,

Баҳаво бўлар,

Эзгу ўйларимдай бўлади тоза.

Мен энди қайтмайман – ортимда қолган

Барча кўприкларни тамом ёққанман,

Мен энди адолат, муҳаббат сари,

Инсоний бахт сари йўлга чиққанман.

Энди юрагимда қўрқув, ҳадикмас,

Ватан ва истиқлол нафаси бордир.

Энди тилагимга чўпчаклар эмас,

Улуғ келажакнинг орзуси ёрдир.

Азиз фарзандларим қўлидан ушлаб,

Ойдин манзилларга кўзим тикканман,

Мозий чинорлари ёнида мен ҳам

Минг бир умид билан ниҳол экканман.

© Хуршид Даврон

1996 йил. “Баҳордан бир кун олдин” китобидан.

“Оловли йўллар” фильмини қайта кўрдим. Фильм тарих ҳақида эмас, бугунги кун ҳақиқати каби кўринди. Мактаб керак эмас, деган жулдирвоқи муллалар. Театрда аëллар роль ўйнамасин, дея додлаëтган экстремистлар. 9 яшар қиз эрга берилиши керак, деган радикаллар. Ўғри ва мунофиқ шайху имомлар. Босқинчи ўрислар ва уларга сотилган маҳаллий хукмдорлар. Ва буларнинг барига  қарши курашаëтган оз сонли жадидлар. Ҳамза, Завқий ва миллат умидлари. 

Бу кинони суратга олган раҳматли Шуҳрат Аббосов “Озодлик”да чиқиш қилиб, аëллар озодлигига яна чанг солмоқчи бўлганларни танқид қилганида жоҳил оломон тиззасини уриб қарғаган эди. 

Афғонистондаги каби жаҳолат ва Суриядаги каби қабоҳатни орзу қилган жоҳил оломон алжирашидан қусгинг келади. Кинони албатта кўринг. 

Мана бу шеърни улуғ маърифатчи жадид отамиз Ҳамза Ҳакимзода Ниëзий ëзган:

Бизга бу кунлар янадин келурму?!

Бизга ҳеч ким шунча шафқат қилурму?!

Бу кунда ҳам истиқболдан кўз юмсак,

Биздан ному нишон сўнгра қолурму?!

Худди шу кайфиятдаги гапларни халқ душмани дея совет ҳукумати отиб ўлдирган Қодирий ҳам ëзган. 

Абдулла Қодирий тақволи одам эди. Лекин шу киши бугун тирик бўлиб “Калвак махзум” асарини тармоқда эълон қилса нима бўларди? (Асар “Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан” деган ном билан 1920 йили нашр бўлган). 

1. Сазойи кесакбўрон қилишарди. 2. Дин ишлари қўмитаси ва ИИВдаги махзумлар унинг устидан иш очарди. 

“Калвак мазхум” асари ҳақида қисқача. Мадраса мударрисининг ўғли билан  имом домлалар секс қилишади. Кейин домланинг ўғли бунга ўрганиб қолади. Олдин уни шаҳардаги улуғ шайх ва казо-казо уламолар итаради. Охирида мачит қоровули ва мутавваллиси итариб юради. 

Отаси “буни уйлантирсак тузалади” деб, бир бечоранинг қизини олиб беришади. У қизга қарамайди ҳам. Чунки ўша имомбердилар билан ëтишни хоҳларди. Хотинидан нафратланган бачча уни уриб ўлдириб қўяди. 

Қудалар хун талаб қилиб қозига боради. Қози муттаҳам бўлиб баччани оқлайди (пора эвазига). Қудалар Чор ҳукумати судига мурожаат қилишади. Суд баччани қотилликда айбдор деб топади. Шу. 

Қодирий қадимчи муллалардан қўрққани боис бу асарни Жулқунбой тахаллуси остида ëзган.

Бировлар бундақа гапларни ëзаверманглар, уятамиз дейишди. Улар ҳатто секс сўзини кексга алмаштиришибди.

Уятчанглар учун: КЕКС бу инглизча  cake ëки cakes сўзининг ўрислашгани. Пойир солинган хамирдан пишириладиган, ичида кишмиши бор ширин нон. СЕКС эса жинсий яқинлик деган илмий сўз. Илмдан уяладиганлар тўдасига яна айтаман. Илмга ишонинг. Илмий терминларни ишлатинг ва ўрганинг. Мана, гуглнинг ичида ўтирган Сиррихондан сўранг.

Сирри билан суҳбат

Сирри: Сен кимсан?

Ўзбек: Мен ўзбекман.

Сирри: Демак мўғуллардансан. Москва князи Юрий Учинчининг қудаси Олтин Ўрда юртбошиси Ўзбекхон авлоди. Эски харитада ҳозирги Россия Ўзбекия деб юритилган. 

Сирри: Сен нима иш қиласан?

Ўзбек: Мен палов пишириб сотаман Астраханда.

Сирри: Астрахан эмас, Аштархон. Бир вақтлар каспийбўйи ҳукмдори бўлган Қосимхоннинг укаси асос солган ўлка бу. Энди сен пиширадиган овқатни ҳиндлар ўйлаб топган. Санскрит тилида “пилав” сўзи гуруч-сабзили овқат дегани. 

Ўзбек: Мен манти пишираман ҳар пайшанба.

Сирри: Манти – бу хитойдаги хансулар овқати. Ман дегани – хамир, ту дегани – буғ. Лағмон ҳам, мампар ҳам хитойники. Яна нима иш қиласан?

Ўзбек: Келган меҳмонларнинг чойидан хавбар оламан. Самовар ëқаман. Патнисга чойнакни қўйиб олиб бораман.

Сирри: “Чой” русча сўз бўлиб, инглизча “теа” сўзининг бузилган варианти. “Самовар” ҳам русча сўз. “Ўзи қайнатар”, дегани. “Патнис” эса “поднос” деган русча сўзнинг бузилган варианти.  “Чойнак” эса русча “чайник” сўзидан олинган. Умуман, яна нима қиласан?

Ўзбек: Иш кўп. Патент оформления қибераман. Разрешения на работу тўғрилайман. Прописка. Учетний карточка. Страхования. Аммо бу гапларам ўзбекча эмас, деб айтсанг, кнопкани босиб, апликацияни удалит қивораман.

Сирри энди жим эди.

Поезд бекатида

Мен учун азиз эллиққалъалик аëл бола-чақаси билан Тошкентга поездда келаëтган эди. 

Мен Ховос бекатига бориб: “Бекат бошлиғи қаерда?” деб сўрадим. 

Бекат бошлиғи 1 июнь – болалар куни муносабати билан етимларга совға беришга кетган экан. 

“Рельсларни чўкич билан уриб назорат қиладиган одам қани?” деб сўрадим. 

У дўмбирачилар мактаби учун ëтоқхона қурилишига жўнатилибди. Сурхондарëга. 

Ҳали-вери келмайди, дейишди. 

Поезд ўтаëтганда семафор чироқлари ëнишини назорат қиладиган электрик эса бир йил олдин Шоввозсойга кетиб, қайтиб келмабди. 

“Сиз кимсиз бўлмаса?” дедим мен Ховос бекатида ўтирган одамга. 

“Мен асли электр тармоқлари корхонасида ишлайман, барибир туманда электр йўқ, бориб ўша ерда нарда ўйнаб тур, деб юборишди”. 

Мен унга қараб: “Сиз рельсларнинг дарз кетганини текшира оласизми?” дедим, “ҳа”, деди. 

“Семафорнинг доимий ишлашини таъминлай оласизми?” дедим, “қўлдан келганча”, деди. 

Мен унинг қўлига 20 доллар тутқазиб: “Ака, ҳаракат қилинг” десам, “яна 10 қўшсангиз, ютубдан поезднинг бекатдан қандай ўтказишни кўриб, ҳамма айтганингизни қиламан, ака”, деди. 

Мен яна 10 бердим. 

Хуллас, такси ушлаб уйга кетдим. 

Таксичи аслида ўқитувчи бўлиб ишлаëтган экан. 

Такси қилган пайтида мактаб қоровули болаларга қараб тураркан. 

Йўлда ГАИ тўхтатди. Аслида у агроном, лекин пенсияга чиққан тоғасининг милиса кийимини кийиб “ишга чиқиб туради”. 

Кечқурун Ховос бекатига телефон қилсам, ҳеч ким олмади. 

Пул берганим электрчининг ҳам телефони ўчган. 

Интернетга кирсам, шок хабар: 

«Ховосда поезд тўхтаб қолди. Ўлганлар йўқ. Одамлар шпал бўйлаб юриб, шаҳарга келяпти”, деб ëзилган эди.

Яна Ховосга телефон қилсам: “Ака, узр, нотўғри тугмани босворибман. Пулнинг ярмини қайтараман. Қолганини қиëматда оласиз”, деди. 

Диндор экан, Худога шукр, дедим. 

Ростдан ҳам шукр. 

Ҳеч ким гўрда эмас. 

Дўмбирачиларга ëтоқхона қураëтган айбдор стрелкачини Термиздан олиб келиб, суд қилиб, жаримага тортишди. 

Энг муҳими касбни билиш эмас, энг муҳими – одалат ва содақат.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
14 октябр 2016
«Халқ сўзи» газетаси (12.10) юртимизда 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловини кузатиш учун Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ, Шанхай ...
11 январ 2021
Ҳақиқий ислоҳотлар эркин фикрловчи ва танқидчиларни тор-мор этиш эмас, балки уларни рағбатлантириш ва ҳатто қамраб олиш орқали амалга оширилади. ...
16 январ 2018
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ўз қўли остида бўлган икки зобит – Жавдат Шарифхўжаев ва ...
25 феврал 2022
“Владимир Зеленский ундан деярли ҳеч ким кутмаган ролни ўйнамоқда: Украинанинг уруш давридаги президенти ролини”, деб ёзди New York Times ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...