Асосий мавзулар
18 июн 2021

РТдан ваъз: Бир келган сайёҳ қайтиб бормайдиган Ўзбекистон

Қўйлар чиқди бугун денг намойишга,

Дерсиз нима ғами бор ўтлоқдан ўзга?

Яйлов, яшил майса дардида айнан

Ёмон кўринибди, ҳоким кўзига!

Ба-балашиб роса талаб қилишди,

Яйловни қайтар эй, очкўз ҳокимча!

Ҳоким-чи, қаҳрдан бужмайиб юзи,

Миршаб деб бақирди юзи-кўзича.

Иложсиз, бемажол чўпон қалтирар,

Кўзида минг йиллик дард ифодаси.

Гўёки қўй ўрнига уни бўғизлар,

Юзида қўрқувнинг минг ифодаси.

Пичоқни олинг, ана, сўйинг ҳаммасин,

Аяманг, қонин тўкинг ўша қўйларнинг!

Забонсиз жонзот-ку, беозор дардкаш,

Кимлигимиз эслатган биздек қўйларнинг!

Ғайрат Омон

Ўқиганим бу шеърда қўйлар мадҳ этилган.

Чунки қўйлар ҳам ўз ҳақини талаб қила олишини исботлади. Ғанимлари томонидан халқи айни ҳайвон номини олган Ўзбекистонда бунинг ҳақиқат эканини кўрдик. Бир марта эмас, икки марта. Шу йилнинг ўзида.  Қўйлар галаси икки марта намойишга чиқди. Икки марта ғалаба қилди. Аввалига қисқа хабарлардан бошласам.

Қисқа хабарлар

Марказий сайлов комиссияси октябрдаги президент сайлови харажатлар сметасини 300 млрд сўм этиб тасдиқлади. Унга кўра, сиёсий партияларнинг ташвиқот ва тарғиботи учун 15 млрд 486 млн сўм, ҳар бир номзодга эса 3 млрд сўмдан ажратилади. Ҳа, бу 300 миллиард сўм нима бўларди? Шоввозсойнинг унитазига ҳам етмайди-ку…. Шунча пулни вакцина сотиб олишса сарфлашса бўлармиди….

Бир неча ой олдин Самарқандда қўйлар билан ҳокимликка «ҳужум» қилишганди. Бундай жасурликдан илҳомланган наманганлик қўйлар ҳам «исён» кўтарибди. Қўйлар ўрнак бўлишмоқчи шекилли.

Бухоро вилоятида ОИВ инфекциясини юқтирганини билиб,  ҳимоя воситасисиз бир эркак билан жинсий алоқада бўлган аёл ушланди.

Бухоро вилоятининг Жондор туманида мелиса вобкентлик 34 ёшли С. Д.ни ушлади. Бу аёл 2019 йилдан буён вилоят ОИТС-ОИВ марказида рўйхатда турган. Аёл ОИВ вирусини юқтириб олган эса-да, фуқаро С.Ч билан жинсий алоқада бўлган.

Ушбу факт бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 113-моддаси (заҳарли касаллик ёки ОИТС тарқатиш айби) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Аёл қамоқда, эркак баннисада.

—-

Ўзбекистонлик имом Абдуғаффор Эргашев Жанубий Кореяда масжид қуриш ташаббуси билан чиққан. Икки йил олдин масжид қуриш учун пул тўплашни бошлаб юборган бу шоввоз Кимхе шаҳрида мусулмонлардан 50 минг доллар тўпланган. Жанубий Кореяда яшовчи ўзбекистонликларнинг айтишича, ўзини Ўзбекистон мусулмонлар идорасидан жўнатилган имом сифатида тақдим қилган шахслар бу ишга бош қўшганлар.

Аммо масжид қурилмаган. Масжид қурилиши учун тўпланган эҳсон пули гумдон бўлди. Масжид учун пул тўлаб қўйганлар йиғилган эҳсон пуллар қани, деган саволни ўртага ташламоқда. Масжид қурилмаган, уни қуриш учун эҳсон йиғишни ташкиллаштирганлар эса Ўзбекистонга суриб юборишган. Любая бизнес хараша!

—-

Бухорода 32 ёшли йигит ўзини ҳокимнинг жияни дея таништириб,  17 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган.  Мавжуд маълумотларга кўра, ўтган йилнинг март ойида Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида бир йигит ўзини ҳокимнинг жияни сифатида кўрсатиб, баъзи фуқароларга имтиёзли асосда уй олиб беришга ваъда берган.

Шундан сўнг бу фирибгар 10 нафар шахснинг қулоғига лағмон илиб, улардан жами 17 миллион сўм олган. Эркак қамоқда, қарзларни беш ярим йилдан кейин беради. Ҳурматли фуқаролар, пулингизни “ҳокимнинг жияни”га ишониб топшириб юрманг.

—–

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичининг иккинчи даврасида Саудия Арабистонига 3:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Шундай қилиб, Ўзбекистон кейинги йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш босқичининг учинчи даврасига чиқиш ҳамда Қатарда ўтказилажак ЖЧда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Ўйиндан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов футбол мухлисларининг ишончини оқлай олмагани учун улардан узр сўради. Ҳар галги пластинка. Ўзбекистон финалга чиқмайди. Чиқолмайдиям-да! Бош мураббий кечирим сўрайди, сўровради-да!

Энди эса мана бу видеога боқинг.

Видео – 2

Бу ўзбек футболчилари эмас. Бу ўзбек боксчилари. Ўзбекистон бокс терма жамоаси мана шундай шуғулланади. Шу хивчинни бизнинг паловхўр футболчиларимизга ҳам олиб қўйиш керак. Ана ўшанда жаҳон чемпионати финал босқичига ҳам чиқишади, Бразилияни ҳам ютишади. Отвечаю!

Саакашвили ислоҳотчи эмас, исёнчи экан. Бу гапни мулла Аброр Мухтор Алий айтди. Грузиянинг коррупцияга қарши модели бизга зид экан ва охирида Саакашвилининг ҳамма мухлисларига гей тамғаси ёпиштирилган.

Видео – 3

Нимаям дердик,  Мухтор Алий услуби ҳар галгидек.

Энди Саакашвили ҳақида қисқача:

54 ёшли Михаил Саакашвили 2004 йилдан 2013 йилгача, яъни тўққиз йил давомида Гуржистонга президентлик қилди. Қонсиз кечган «Атиргул инқилоби»дан кейин президент этиб сайланган пайти Саакашвили бор-йўғи 36 ёшда эди ва дунёдаги энг ёш президент ҳисобланарди.

Унинг раҳбарлиги остида Гуржистон Жаҳон банкининг дунёдаги биринчи рақамли иқтисодий ислоҳотчисига айланди. Жаҳон банкининг бизнес юритиш рейтингида тўққиз йил ичида 127-ўриндан 8-ўринга кўтарилди.  «Трансперенси интернейшнл» рейтингида коррупцияни камайтириш бўйича 70 поғона юқорига кўтарилди.

Ҳиллари Клинтон ва Жон Маккейн фавқулодда ютуқлари учун Саакашвилини Нобель мукофотига тавсия этганлар. Wаll Street Journal таҳририяти уни «Гуржистоннинг Жорж Вашингтони» деб таърифлаган.

Аброр Мухтор Алий даъватидан бир неча кун олдин Соли домланинг ваъзлари чиқди. Бу қори ака зулм ҳақида гапираркан, золимдан мазлумнинг мақоми юқори эканига жамоатни ишонтиришга уринди. Соли домла «устингиздан сийворганнинг пешонасидан ўпиш керак», дея ўгит берди. Мана қори домланинг айтганлари…

ВИДЕО – 3 B

Мамлакатни олимлар, муҳандислар, врачлар ва бошқа ақлий меҳнат соҳиблари тарк эта бошладими — демак, миллат ва халқ ўзининг гултожларидан жудо бўлмоқда. Бундай мамлакатда «бизнеcменлар» ҳокимиятга келади, таги пастлар ва кўчада тарбия топган қаллоблар сиёсатдон бўлади, бозордаги чайқовчилар, спортчилар ва артистлар депутатга айланади.

Харс ЕНСЕН (1904-1971), Швеция социал-демократик ишчи партияси раиси сиёсий маслаҳатчиси.

Ҳоким эътирофи

Зоир Мирзаев очиқлик сиёсатига зўрға чидаётганини тан олди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев президент Мирзиёевнинг очиқлик сиёсатига, журналист ва блогерларга берилган эркинликка тишини тишига қўйиб чидаётганини ошкор қилиб қўйди. Додаси Ислом Каримовнинг даврларини қумсаб яшаётганини билдириб қўйди.

Видео – 4

“Оғиздан лоп этиб чиқиш” воқеаси ўтган ҳафтада Яккабоғ тумани Тезоб қишлоғида уюштирилган сайёр қабул пайтида рўй берган. Қабулга келган “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш такшилоти аъзоси Одил Элмуродга қарата Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев: “Мажлисни бошласам бўладими? Рухсат берасизми?!» деб кесатик гаплар қилган.

Кесатик гаплардан кейин Зоир Мирзаев ҳуқуқбонга ва сайёр қабулга келган одамларга қарата: “Мана шу замонларга ҳам етиб келдик, Худога шукр”, деган.

Одил Элмуроднинг билдиришича, қабулдан олдин туман ва вилоят ҳокимликларининг матбуот хизмати раҳбарлари ҳуқуқбондан қабулни видеога олмасликни талаб қилган. Вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ҳам худди шуни талаб қилган.

Лекин “Эзгулик” жамияти вакили ўз ҳақ-ҳуқуқларида туриб олгач, Зоир Мирзаев янги отаси Мирзиёевнинг янги сиёсати туфайли эзилиб ишлаётганини очиқ айтган.

Қолган тафсилотларни қуйидаги видеолардан кўриб билишингиз мумкин.

Видео

Зоир Мирзаев бундан бир неча йил олдин Тошкент вилоятида туман ҳокимлари ва фермерларни кесак кўтаришга, ариқдаги сувда туришга ва машинанинг олдида югуришга мажбурлаб, элга “кесакмен” ва “ариқмен” номлари биан машҳур бўлган эди.

Яккабоғ воқеасидан кейин халқ Зоир Мирзаевни “иқрормен” деб атаса, ажабланарли жойи бўлмайди.

Флешкахўр мулозим

Самарқандда Иштихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ходими cўз эркинлиги борасида қашқадарёлик ҳамкасбларидан ҳам ўзиб тушди.

Иштихон тумани ҳокимлиги вакили “My 5” телеканалига тегишли камеранинг хотира картаси – флешкани ғарч-ғурч чайнаб, ею юборди. 

Ана ҳоким бувага бўлган садоқат.

Қайд этилишича, 14 июнь куни “My 5” телеканали вакиллари Иштихон деҳқон бозорида юз берган ёнғин ҳақида материал тайёрлаш учун воқеа жойига борган.

Тележурналистлар у ерда Иштихон тумани ҳокимлиги вакили Илҳом Бобоев қаршилигига учраган.

Суратга олиш жараёнида ахборот хизмати ходимининг камера картасини суғуриб олаётгани ҳам тушиб қолган.

“Бироқ ҳокимлик ахборот хизмати айнан ёнғин жойидан тасвирлар олишимизга қаршилик кўрсатиб, муаммо ҳал бўлганини айта бошлади. … Тўсатдан камерамиздан хотира картасини олиб қўйди. Шерикларим унинг картани оғзига солиб чайнаб юборганини айтмоқда», деди “My 5” мухбири.

Шундай қилиб, Иштихон тумани матбуот хизмати ходими Илҳом Бобоев “флешкахўр” деган ном олди.

Майли-да, биз яхши гумонда бўлаверайлик. Масалан, ўша флешка ҳажми 64 GB бўлса, шу боланинг мияси энди 64 GBга кенгайибди. Ана ўсиш, ана ривожланиш…

Ошқозонда ҳазм бўлган хотира картаси ҳожатхонада…

Инсоф, адолат, камтарлик

Дунëдаги энг қудратли ва бой давлатлардан бирининг раҳбари Ангела Меркелни Берлиндаги озиқ-овқат дўконида кўриб қолишди. Кечга яқин Меркел одатий тарзда арава олиб дўконга кирди. Пештахталарда турган егуликларни олиб, аравачасига солди. Кассага навбатда турди. Эгнида йиллардан бери киядиган мовий жемпер. Аравадаги егуликларни битталаб касса тасмасига қўйди.

Видео – 5

Меркел Берлиндаги кўп қаватли уйда ижарада яшайди. Шахсий уйи йўқ. Унинг қўшнилари оддий ишчи ва муҳандислар. Уйнинг олдида қоровул йўқ. Ишга кортежсиз боради. Биттагина машинага ўтириб кетади. Нари борса, яна битта машина ортидан юради. Йўлчироқ қизил ëнса, кутиб туради.

30 евро турадиган сумка кўтаради. Қиммат тақинчоқлари йўқ.

Германия маданият вазири Меркелни «юрт онаси» деб атаб қўшиққа солмайди.

Буларнинг ҳаммаси Аброр Мухтор Алий ижирғаниб «гейропа» дея айтадиган Германияда юз бермоқда. Инсоф. Адолат. Исрофсиз камтарин ҳаëт. Энди ўзингиз солиштиринг.

Сўкилган киночилар

Хуллас, гапнинг қисқаси, немис ҳукумати ўзбек киносига ëрдам бермоқчи. Аммо ëрдам беришдан олдин «Ўзбеккино» деган воқелик нимадан иборат, бу матоҳ қандай ейилади¸ қандай қилиб қошиқланади ëки қай тарзда нон ботирилади, деган саволларга жавоб топишмоқчи.

Немислар мендан консультант бўлишимни сўрашди. Хўп дедик. Ватан учун жон фидо. Хуллас, эрталабдан бери 6 та ўзбек киносини кўришга ҳаракат қилиб, сира кўра олмадим (олтита кинодан бирининг оти «Ёлғиз бўри» ва яна бири «Фоҳиша келин»).

Кўришни бошлашим билан кўнглим айниб қусгим келди. Қон босимим ҳам ошди. Худди шундай ҳолат ўзбек киносини томоша қилмоқчи бўлган немис ватандошида ҳам айнан содир бўлибди. Хулоса: ўзбек киноси инсон соғлиги учун хатар.

Тавсия: Ўзбекистонда кино олаëтган барчага (Мусоқовга ҳам) касбий тақиқ қўйиш керак. Улар нима қилса қилсин, лекин кино олмасин. Киноларнинг ҳаммасини йиғиштириб олиб йўқ қилиш керак. Чунки бу кинолар дидни ўтмаслаштиради. Фақат чет элда ишлаб чиқилган киноларни ўзбекчага дубляж қилиб намойиш этиш керак.

Немис опадан илтимос қилдим. Шу ўзбек киноси деган алвастини ўлдириб йўқ қилишга ëрдам беринг, дедим. Бермоқчи берган пулингизга Энамяхши қишлоғида мактаб қуриб беринг¸ ортса, Ҳазораспнинг Пичоқчи қишлоғидаги мактабга ҳожатхона қуриб беринг, дедим.

Менинг ўзбек киноси ҳақидаги нафрат тўла гапларимни немис журналида чоп қилишмоқчи. Яхшиям Германияда цензура йўқ. Роса сўкдим ўзи киночиларни.

Халқ денгиздир,

Халқ тўлқиндир,

Халқ кучдир,

Халқ исёндир,

Халқ оловдир, халқ ўчдир…

Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,

Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.

Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,

Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…

Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,

Кетсин унинг бошидаги кўланка.

Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,

Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар,

Йўқлиқни-да, очликни-да йўқ этар,

Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон.

Ўзи кал – кўнгли нозик

Мудофаа вазирлиги олтин ручка сотиб олмоқчи бўлгани ҳақида яна бир бор. Нима, биз урушда ғолиб бўлдиг-у, олтин ручка билан енгиш ëрлиғига имзо қўямизми? Урушсиз ҳам гектарлаб ерлар қўшниларга бервориляпти. Ўтмас пичоққа олтин соп, деганидек.

Адолат йўқ бўлган мамлакатдаги Адлия вазирлиги ўз таъмирини мақтаб ëтибди. Буям худди олтин ручка каби гап. Қишлоқ мактаблари қишда иситилмайди¸ ҳожатхона йўқ. Аммо ўзи посмонда бўлса ҳам кўнгли осмонда бўлган бир чақага қиммат ўзбек мулозимларига олтин ручка керак бўлибди.

Дунëнинг энг қудратли мамлакати раҳбари Меркел 28 евролик ручкада имзо қўйган иқтисодий рафоқ остида «Мерседес» ва «Бугати»лар ишлаб чиқарилмоқда. АҚШ президенти Байден учун ҳам 90 долларлик ручка етиб ортяпти. Бизни етимча мулозимлар 1200 долларлик ручка омоқчи. Ўзи кал, кўнгли нозиклар.

Kўз тегмасин

Бир ўрис сайёҳ «Ўзбекистонга бошқа бормайман,» деб ëзибди.

Мен бу гапни немис сайёҳидан ҳам эшитувдим.

Сайёҳ – бу Ўзбекистон ва ҳар бир ўзбек учун пули шилиб олиниши жоиз бўлган пул дарахти.

Штайнбах исмли немис ҳикояси:

«Бухородаги меҳмонхона номерига кирдим. Доимий одатимга кўра ўзимни ëтоққа отдим. Майиб бўлишимга сал қолди: каравот қаттиқ тахтадан (ДСПдан) эди. Устига юпқа гулли кўрпача солинган экан.

Эшик тақиллади.

Сузилибгина турган бола бузуқ инглиз тилида бир нима деди.

Қўлида қоғоз.

Милисада регистрациядан ўтадиган форма.

Майли, деб олсам, «чойчақа бермийсизми, акун», деб термулди.

Сўм узатсам, доллар ëки евро йўғмиди, намунча қурумсоқсиз, деган таъна акс этди кўзларида.

«Уйда ёлғиз» киносидаги тамагир эшикбонга ўхшарди.

Сақич бериб ҳам қутулиб бўлмади.

Ҳали номерга жойлашиб улгурмай¸ агрессив маркетинг нишонига айлана бошладим.

Қоғоз олиб келган бола қўлтиғидан устига расм чизилган бир носковоқ чиқариб: «Шуни олинг, ака, арзон бераман», деб бошлади.

Нос чекмасам. Нима қиламан уни?

Шуни ўйлаб турсам: «Шкафга қўясиз, эсдалик, тен доллар, тен доллар», дея чулдираб бошлади.

Майлими сийволсам, деб эшикни ëпдим.

Ваннага кириб сувни очсам, сув зўрға жириллаб турибди.

Исроилга борганимда томчилаб суғориш тизимини кўрувдим.

Бухородаги душ ҳам шу тизимнинг бир парчаси каби кўринди.

Номердан чиқиб биринчи қаватга тушсам, зардўз кашта¸ матрёшка қўғирчоқ¸ миниатюра расм ва алламбалоларни кўтариб олган сотувчилар менга ташланишди.

Немис¸ инглиз¸ француз тилларида молини мақташди.

Улар қуршовини ëриб ўтиб кўчага чиқдим.

Кўчага чиқиб Минораи Калон қайси тарафда деб қараб турсам, бир одам туртди.

Қарасам, биттаси элакча тутиб турибди.

Давай, плати, дейди.

Нега пул тўлашим керак, десам, концерт кўрдинг, дейди.

Қани қонцерт, қаерда кўрибман, десам, қўли билан кўрсатди.

Зардўз чопонларга ўралган бочкадай учта хотин ва доира ушлаган олачапон эркак «таласапета, таласапет», деб туришибди.

Азбаройи худо, уларни кўрганим йўқ эди.

Кўрдинг, энди ҳақини тўла, дейди артистларнинг сутенёри.

Йўқ, мен Минораи Калонга қаровдим, десам ҳам «через нас» қарайсан Минораи Калонга, деб ëқамдан олди.

Ëнимга ўсиқ қошлари қўшилиб кетган бир милиса яқинлашиб, кобуресига қўлини тиқди.

Тўппончасини чиқариб отиб ташлайдими, деб турсам, кобурени ичидан бодринг олиб, ғарч этиб тишлаб, кумуш тишини кўрсатиб илжайди.

Велком ту Бухара, дия гэст, деди ментларнинг тилида.

Хуллас, Минораи Калонни кўра олмай меҳмонхонага қайтдим.

Тушлик пайти бўлибди. Ресторанга борсам, гуруҳинг қани, дейишди.

Гуруҳим йўқ, дедим.

Улар бўлса: «Тушлик йўқ. Нега гуруҳинг йўқ? Биз фақат гуруҳга овқат берамиз», дейишди.

Биттаси келиб, сизни бошқа гуруҳга қўшиб овқатлантиришимиз учун талон керак, деди.

Талонни рецепшндан олиб, гуруч ва шубҳали котлетдан иборат овқатни еб бошладим.

Еб бошладим-у, охиригача бора олмадим.

Ичим бузилганини ҳис қилдим.

Ëн атрофдан ҳожатхона излай бошладим.

Дўкон бор¸ пайнет¸ банкомат, бир гала сотувчи бор, ҳожатхона йўқ.

Хонамга қайтиб кириб, ҳожатга чиқдим.

Зир-зир деган машҳур ичкетар касалга чалинибман.

Эшик тақиллади.

Очсам, ҳезимсифат эшикбон турибди сузилиб.

Қўлида левомицитин деган дори.

Тен доллар, деди.

Жон деб пулни тўлаб, дорини ичиб ичкетишни тўхтатдим.

Хонадан чиқмадим.

Эртасига бизни автобусга чиқариб, Урганчга олиб кетишди.

Автобусни танидим.

Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан кейин Германияда ишлаб чиқарилган МАН автобуси.

Мен қадимий асарга қарагандай бу йўлкўликни кўздан кечириб, абадий двигатель яратган ватандошларим немис муҳандисларига ҳамду сано айтдим.

Кетяпмиз. Икки тараф чўл.

Бирдан шўпирнинг ëнидаги гид микрофонни олиб: «Шўпирнинг бачалари касал. Шунга озроқ ëрдам қивориш керак Хидо йўлига», деди дунëнинг барча тилларида.

Кейин усти нақшли қутини олиб, ҳаммадан пул тиланиб чиқди.

Сал ўтмай шўпир ҳам Ҳайнрих Ҳейне тилида бийрон гапириб, экскурсовод яқинда эридан ажрагани¸ учта касал боласи ва эрга тегмай уйда қолган сингилларини боқиш учун пул етмаëтганини айтиб: «Шу синглимизга ëрдам берворийлик, савоб бўлади», деди.

Қути яна бир оралаб чиқди……

Урганч ва Хивадаги кўрган кечирганларимни ëзмай қўя қолай.

Хуллас, гапнинг қисқаси, Ўзбекистонга бошқа бормайман.»

Мен бу немис сайёҳига ҳозир мўҳтарам шарапати билан аҳвол яхшиланганини айтсам, кеча Самарқандга бориб келган француз сайёҳи менга ўрта бармоғини кўрсатди.

Тарбиясиз.

Келмасанг келма, ўзимиз ички туризм қилиб эплаб оламиз.

Ланка тепиш бўйича жаҳон олимпиадаси ўтказсак, ҳамма югуриб келади.

Кўз тегмасин жаннатмакон юртимизга.

Деманг, шоир тиниб кетди,

Сиёсатга иниб кетди.

Ва ё айтмангки, мўрт толдек,

Шамолларда синиб кетди.

Сиз, эй лутф баҳрида ғаввос,

У сизни соғиниб кетди.

Деманг, шоир жимиб кетди,

Ғазал ёзмай тиниб кетди.

Тиниб кетса, билингизки,

Ёғоч отга миниб кетди.

Эркин Воҳид

Шоир битикларидан илҳомланиб айтадиган бўлсам, деманг рассом Туз тиниб кетди, сиёсатга иниб кетди… Тиниб кетса билингизки, ёғоч отга миниб кетди..

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
10 октябр 2015
Ғаллаорол туман ҳокими Азим Тўлабов буйруғига кўра, пахта нормасини бажара олмагани учун икки кунга қамалган туман бош врачи Юсуф ...
5 сентябр 2016
Ўзбекистон ичидаги журналистика яна бир бор навбатдаги синовдан ўта олмади. ТВси ҳам, газетаю журналлари ҳам ўта олмади. Ўзбекистонда президент ...
25 январ 2024
Суратдаги бу шахсни танийсизми? Танимаган бўлсангиз, ҳозир ипучи бераман: 5600 сўм? – Эсладингизми? …. Ҳа, топдингиз! Бу ўша «2020 ...
8 апрел 2016
Газетанинг ёзишича, бу йилдан бошлаб коллеж битирувчиси билан тўрт томонлама шартнома тузиш тартиби жорий этилган. Энди шаҳар, туман ҳокимликлари ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...