Асосий мавзулар
7 август 2021

РТдан ваъз: Бизни бошқараётган ҳайвонлар

Барчага марҳабо. “Элтуз”чилар дам олишдан қайтяпти бирин-кетин. Ишни бошлашдан олдин соатларни тўғрилаб олсак. 

1. Рассом ТУЗ Ўзбекистонда мажбурлаб вакцинация қилишни тўла маъқуллайди. 12 ëшдан катта ҳар бир ватандош эмланиши шарт. Истамаса, мажбурлаб орқасига игна  тиқиш жоиз. Чўпчакдан бошқа нарсани билмайдиган бу омилар тўдасидан вакцина борасида фикр сўраш абсурд. Улар вакцина олиши керак ва нуқта !!!!

2. Ҳеч қанақа сайлов-пайлов, номзод-помзод йўқ. Номинал раҳбарни курсисига қайта михлаш  деган театр бор, холос. Шу боис, бу ҳақда фикр юритиб, худо берган нафасни беҳуда сарфламанг.

3. Ўзбекистоннинг “Толибон” борасидаги ҳар қандай қарори Москвада шакллантирилмоқда. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, қари кгбшник Комилов ҳеч қачон мустақиллик тарафдори бўлмаган. Ҳозир у РФ фуқароси бўлган ўғли Дониëр орқали буткул Россия ФСБси назоратига олинган. Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида Ўзбекистон ташқи сиëсати мутлақо Кремль қўлига ўтганини айтиб қўймоқчиман (сўнгги 5 йил ҳосиласи). 

4. Ўзбекистонга четдан келадиган молияларни ўғирлаш, бюджетни талон-торож қилиш, пора олиш ва бериш ўзбек мулозимларининг асосий қилаëтган иши. Улар фақат шу ишни қилади. 

5. Қишда газ ва чироқ бўлмайди. 

6. Коронавирус азроили ўз ўлим чалғиси билан одамларни ўришда давом этади.

7. Машина учун божхона тўлови арзон бўлмайди. Асакада чиққан аравани судрасангиз асакангиз кетмайди.

8. Ўзларига блогер деб ном қўйволган, аммо аслида аферистлар тўдаси одамларни алдаш учун ҳукумат тарафидан пулга ëлланиб халқни лох қилишда давом этади.

9. Мактаб формаси қолади. Толиблар Сенат устига қора байроқ тиккунга қадар паранжи отмен бўлиб туради.

Ҳозирча шу. Пешанада борини кўраверасизлар. Сиëсий иродаси йўқ чумолининг баҳайбат этик пошнаси остида эзилиши мантиқан тўғри. Сиз бундан баттарига ҳам лойиқсиз.

Ундай деманг, Туз оға. Сўксангиз, бетимиз урсангиз, этимиз қотади, дейди бир татар абзий дўстим.

Майли, жамиятнинг уст ва ост қатлами бундан баттарига нега лойиқ эканини исботлаб берсам.

Видео 

Бу саволни берган 33 ёшли Гўзал Абдиева ИИБ ходимлари томонидан тергов ҳибсхонасида уриб ўлдирилган Юсуф Абдураҳмоновнинг хотини. У 3 нафар фарзандини ёлғиз тарбия қилмоқда. 

Бундай саволни Қорақалпоғистон ва Деновда ИИБ ходимлари уриб ўлдирганларнинг яқинлари ҳам беришмоқда.

Мана бу эса Ички ишлар вазири ўринбосарига тенглаштирилган вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг ИИБ ходимлари уриб ўлдирган одамлар ҳақидаги хулосаси.

Видео

Бу гапни кинорежиссёр Михаил Ромм эшитганида “Бу оддий фашизм фалсафаси”, деган бўларди. Фашистлар жамиятда улар назарида нотавону худо бехабар бўлганларни ўлдириб ташлаш ғоясини амалга оширгани ортидан Нюрнбергдаги трибинал қора курсисига ўтирган эди.

Ўртоқ Бобожонов, инсонийлик ва мамлакат конституциясидаги барча ватандошларнинг тенглик ҳуқуқига шак келтирувчи баëнот билан чиққан матбуот котибингиз Шоҳруҳ Ғиëсовга паттасини қўлига тутқазинг. Инсонлардан нафратланадиган ва ўзини ëқаси тоза аслзода деб биладиган махлуқ изоляция қилиниши керак.

Шоҳруҳ Ғиëсов ëки ўтган ҳафта тармоқлар чайнаган Раматовнинг жияни мисолида бизни бошқараëтганларнинг қандайин тубан экани юзага чиқди.

Ҳукмдорлар ëмон, халқ эса мазлум-бечора, деган бемаза ва ноилмий гап бор. Эрига машина олиб бериш учун боласини сотган ëки ота-онасини уриб ўлдирган падаркушу модаркушлар Марсдан келгани йўқ. Улар сиз билан елкадош яшамоқда. “Толибон” деганда серсоқол баччабозлар кўз олдимизга келади. Баччабозлик эса диний ғулу кучайган Ватикан ëки Қандаҳор каби шаҳарларда урчигани кузатилади. Абдулла Қодирий Бухоро мадрасаларидаги шайх ва мударрис муллалар орасида эпидемия тусини олган баччабозлик ҳақида ëзган эди.

Баччабоз дегани бу ëш ўғил болалар билан жинсий алоқа қилишдир. Шу кунларда фарғоналик 11 яшар болакайнинг 48 ёшли амакиси тарафидан муттасил зўрлангани воқеаси матбуотга чиқди (Ақидахонимга раҳмат). Бу ҳикоядаги энг даҳшатли нуқта – зўравонликни кўриб кўрмасликка олган ота нотавонлиги. Бу ота муте ўзбек жамиятининг типик вакили. 

Онанинг гапи эса мана бу: “Бир куни ўғлимнинг зўрланганини билиб қолдим. Шунда турмуш ўртоғимга акангиз ўғлимизни зўрлаб қўйибди, хабарингиз борми”, десам, “Ҳа, биламан. Лекин нима қилай, у менинг акам. Сўйиб ташламайман-ку”, деди.

Боланинг онаси вояга етмаган ўғлини ўз амакиси икки йил давомида зўрлаб келгани ҳақида блогер Ақида Ханумга сўзлаб берганди.

Блогернинг жабрланувчи болакай ва унинг онаси билан ўтказган видеосуҳбати ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Қува тумани ички ишлар бўлими терговга қадар текширув бошлаган.

Болани зўрлаганликда гумонланаётган амакиси ҳибсга олинган. Блогер Ақида Ханумга кўра, энди аёл “айтганларидан тонмоқда”.

Бу масалада тармоқ фаоли Ғайрат Омон изоҳи диққатга лойиқ:

“Боланинг онаси қандай кўрсатма беришидан қатъи назар, боланинг кўрсатмалари тергов йўли билан текширилиши лозим. Онаси тилини кесиб ташласа ҳам она гувоҳ бўла олмайди. Она жабрланувчининг қонуний вакили, холос.

Ҳозир, биринчи навбатда, қуйидаги тергов ҳаракатлари зудлик билан ўтказилиши лозим:

1. Жабрланувчи бола билан суд тиббий экспертизаси ўтказилиши лозим;

2. Жабрланувчи бола билан суд психологик экспертизаси ўтказилиши лозим.

Суд тиббий экспертизаси боланинг нозик жойида жароҳат излари бор ёки йўқлигини аниқлайди.

Суд психологик экспертизаси боланинг гаплари, бўлиб ўтган ҳолат ҳақидаги фикрлари ҳақиқатда бўлган ёки бу гаплар боланинг фантазияси, ёки кимдир бу гапларни унга ўргатган ёки ўргатмаганлигини аниқлайди.

Ушбу тергов ҳаракатлари натижасига кўра, боланинг амакисига айб эълон қилиш мумкин.

Бу ишда боланинг онасининг кўрсатмалари умуман шарт эмас.

Наҳотки тергов органлари ўз вазифаларини билишмайди?

Яна бир ачинарли томони, Ўзбекистонда яқинда жорий қилинган болалар омбудсмани ҳалигача ҳеч қандай муносабат билдирмади. Болалар омбудсмани тирикми ўзи?

Бундан ташқари, Ўзбекистонда васийлик ва ҳомийлик институти мавжуд, улар боланинг ота-онаси ҳаракатларига баҳо беришлари лозим.

Бундан ташқари, Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси бор. Ушбу комиссия ҳам боланинг ота-онаси ҳаракатларига, ички ишлар, тиббиёт ва маҳалла масъулларининг бу борадаги хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигига қонуний баҳо бериши керак.

Аммо… Лекин… Бироқ…

Ўзбекистонда ҳеч ким ўз вазифаларини бажармайди! Ҳамма ўзининг иши қолиб, бошқа масалалар билан банд…

Хуллас, шу икки мисолнинг ўзи жамият нега тавқи лаънатга лойиқлиги ва тазарру оловида ëниб тобланиши зарурлигини мантиқан тушунтиради.

Бунинг ëнида эса Хидирназар партияси аъзолигидан чиқмасанг, маҳалладан ҳайдаттириб юбораман, дея ариллаган маҳалла раислари, президентликка номзодини қўйиш каби конституцион ҳуқуқидан фойдаланишга уринган Жаҳонгирнинг устидан кулган қалпоқчи кўт ўйинчилар афти-башарасига қарасам, ҳаммаси аëн бўлади.

Ҳамма-ҳаммасини тушуниш мумкин,

Жазоирда ёққан қалин қорни ҳам.

Йўқни ҳам тушуниш мумкин ўйласанг,

Ўйласанг, тушуниш мумкин борни ҳам.

“Салбий муҳит” ёки “ёмон тарбия”,

Ўғрини тушуниш мумкин бир куни.

Ўғрини тушуниб бўлгач, албатта,

Тўғрини тушуниш мумкин бир куни.

Аблаҳнинг қалбида ногоҳ уйғонган

Диёнат, тушунсанг, ҳайрон қолдирмас.

Ўзингни бахш этган бир инсон қилган

Хиёнат, тушунсанг, ҳайрон қолдирмас.

Фаҳм этсанг, сотқин хом сут эмган жон,

Англасанг қотил ҳам эмас ҳеч эриш.

Тушунсанг, тушунсанг, тушунаверсанг,

Ҳамма-ҳаммасини зарур кечириш.

Тушуна олди дунё. Лекин бунинг-чун

Ким уқубат чекар, ким тортар азоб.

Хоинлар, сотқинлар қилмиши учун

Ким олади, ахир, олий бир жазо!

Тушунсанг, кўзларинг олдига келар

Ҳам дўзах, ҳам жаннат, ҳамда аросат,

Оёғи шоҳсупа, бўйни сиртмоқда,

Манглайин милтиққа тутган Фаросат!..

(Матназар АБДУЛҲАКИМ)

Шоирнинг фаросат ҳақидаги фикрлари мана бу видеони кўриш чоғида яна долзарб бўлди.  Видеода бир эркак бир аёлни сочларидан тортиб дўппослайди. Воқеа Чилонзор туманининг 14-даҳасидаги “Чўпонота” бекати олдида рўй берган. Катта йўл четида юз берган воқеага одамлар бефарқ. Ўзбек аёли дўппосланмоқда. У сизнинг синглингиз ёки фарзандингиз бўлиши мумкин. Нега жамият бефарқ? “Спарк” русумидаги автомашина эгаси тўхтаб, аёлни қутқармаганида унинг кейинги тақдири аянчли тугаши ҳам ҳеч гап эмас эди.

Рассом Тузга мактуб

Мактуб ортида одам бор. Бу сийқа гапнинг нақадар тўғрилигини келган хатлар мазмуни ҳам айтиб турибди:

Ассалому алайкум, Туз оға. Мен Тошкент вилояти Қибрай туманидан ёзяпман. Ҳар доимгидек, бизда яна дискриминация. Вакцинанинг энг ишончлиси, яъни Moderna ва Спутник тошкентликларга бор, вилоятликларга эса йўқ. Нима тошкентликлар одам-у, биз одаммасмизми ёки Ватанга камроқ фойдамиз тегаётганмикин? Билмадим, балки вилоятларгаям беришаётгандир, лекин жуда кам бўлса керакки, амалдорларимиздан ортмаётгандир? Поликлиникага борсак, фақат Ўзбек-Хитой вакцинасини бор, навбатга туринг, дейишганди, бу навбатдан ҳали дарак йўқ. Ўзимизнинг вакцинани вилоятлик оддий қора халқ устида тажриба қилишяптими? Ишқилиб ҳукуматнинг мақсади тушунарсиз.

Айни пайтда раҳбарият ҳақида ижобий ўйлайдиганлар ҳам бор. Шундай президентинг бўла туриб, “Жентра” ҳақида сўйлайсан…

Видео

Ҳафта давомида Олий Мажлиснинг бир тийинга қиммат икки депутати хола-хола ўйнаган каби ўзаро баҳслашди. Ҳолбуки, аҳволинг анавиндақа. 

Бу икки расмда Ўзбекистон ва Германия парламентлари тасвирланган. Ўзбекистон парламентининг шифтига ëлғон осмон чизилган. Германия парламентининг шифти шишадан. Осмон кўриниб туради ва чироқ эконом. Немис депутатлари нима қилаëтганини туристлар ва истаган одам тепадан томоша қилиши мумкин. Ўзбекистон парламенти эса ëлғон шифт остида ўтирибди. Ўзбек депутат тоғалар шифтга қараб осмонимиз мусаффо, деб ëлғон гапиради. Зотан, расмда Италия осмони тасвирланган (обой Италиядан келтирилган). Мана сизга фарқимиз¸ мана сизга шарқимиз. Ўрисча ҳикматга асосланиб айтсак, бизнинг парламентёрлар учун ёлғон яшаш тарзи (ложь как форма жизни) кабидир. 

Олдин ўзбек болалари космонавт, врач, муҳандис бўлишни орзу қиларди. Ҳозирги  болалар черковда поп бўлиб шағам сотишни орзулайди. Черков ëки поп сўзини канисо ва рабби деб ўзгартирсаям бўлади. Туз оға, эртак айтиб бермайсизми, деб сўрашди ëши каттайса ҳам болаларча иштиëқдан воз кечмаган катталар. Мен эртак эмас, балки ҳақиқатни сўзлаш учун минбарга чиққанман.

Дунëни титратган икки соат

Иккита кокилига икки хил бантик таққан, кўзлари ўспирин боланики каби жовдирган сепкилли қиз аслида 23 ëшда. Исми Назокат, аммо ўзига НОЗИ деб исм қўйволган. Тиктокда икки миллион, ютубда миллион, инстаграмда ярим миллион, твиттер-мвиттерларда ҳам сон саноқсиз фолловерлари бор. Тирикчилиги ўшандан. 

Бундан ташқари, у ҳар хил АОКА-маока, Ёшлар иттифоқи, президент қизлари дўстлиги ва ҳоказо жамиятлар эркатойи. Олтин ручка, қизил пска, пушти капалак каби мукопотларни оган. Сурхондарë ҳокими Боболов дохил ўнлаб ҳокимлар бу қиз “эйжоди” учун пул ўтказиб беришган.

Нози нима ҳақда ëзади? 

Нози Муниса лақабли мушук, Юлдуз лақабли урғочи ит, Саида исмли хомяк (каламашунинг аслзода тури) ва Зироат исмли тошбақа ҳақида ëзади. Яна Комил деган жаба (қурбақанинг бир тури) ҳақида ҳам ëзиб туради. 

Аслида отасининг ягона парзанти бўлган Нози ҳайвонларга қизиқар эди. Каттагина хонада ит, мушук, тошбақа ва бошқа ҳайвонлар Нози парваришида шодон юришади. 

Бир куни Нозининг ити мушукка қараб вовиллади. Нози бўлса, инстаграмда “Юлдуз Мунисага қараб вовиллади”, деб ëзиб қўйди. Бирпасда миллион одам буни кўриб ташлади. 

Ҳаммаси ана шундан кейин бошланди. Шундан кейин Нози блогер бўлди. “Саиданинг икки олд тиши чиройли”, “Шок!!! Муниса банан еди”. “Юлдузнинг юнглари тўкилди”, “Комил бошида итбалиқ бўлган”. Бу каби постлар фавқуллода машҳур бўлди.

Нози микрофонга гапирса, тиктокда қора мушук, ютубда эса пушти қуëнча бўлиб, мультфильм шаклида гапирадиган ап ўрнатди.

Сотволди ака

Сотволди ака Нозининг отаси. Пенсионер. Асл тошкентлик ҳақиқатгўй. Умр бўйи 31-мактабда тарих ва тил-адабиëтдан дарс берган. Хотини Севара хола Нозини туққандан кейин бошқа туғмади. Касал бўлиб ўлди. Сотволди ака бошқа уйланмади. Қизини оқ ювиб оқ таради. Нози тармоқда ишлаб топган пулига ҳовлини евроремонт қилди ва отасининг тагига битта “Нексия”олиб берди. Нозининг ўзи “Малибу”да юради. Сотволди ака “Нексия”дан хурсанд.

“Кўтимни судраса бўлди-да”, дейди. Аммо Сотволди ака қизининг имло хатолар билан ëзишидан жуда хафа. Нега ч харфини 4, ш ҳарфини эса даблю билан ëзасан деса, Нози кулиб, адасининг икки юзидан ўпиб қўя қолади.

Сотволди ака қандай қилиб блогер бўлди?

Одатдагидай кун. Осмон мусаффолиги ҳақида текин квартира олган блогерлар гапириб ëтишибди. Нози ҳам уй ҳайвонлари боқиладиган хонадаги курсида ўтириб “эйжод” қиляпти. У нашвати еяëтган тошбақага қараб, “Зироат ширин-шакар коканд мейваларини севади”, деб ëзди. 

Шу пайт хонага Сотволди ака кириб, “қизим, шу гапларни имло қоидаларига риоя қилиб ëзсанг бўлмайдими”, деб қолди. Нози бўлса, “Ада, ўтиринг. Мана, ўзингиз ëзиб кўринг”, дея телефонини берди. Столдаги айпад ва макбукни ҳам ота ихтиëрига берди.

Ота рози – худо рози. Сотволди ака болаларча ҳавас билан бу ашқол-дашқолларга қараб, “нима ëзай, қизим”, деб сўради. “Нима ëзсангиз ëзаверинг, ада. Мана бу жаба ҳақида ëзинг”, деди Нози. “Бу сассиқ қурвақа Комил умрида аквариумдан бошқа нарсани кўрмаган”, деб ëзди Сотволди ака. Бу гап олтита порталнинг миллионлаб фолловерларига тарқалиб, минглаб “шейр” бўлди.

Қуриган денгиздаги Нептун байрами

Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб, қўлларида шарлар кўтарган пушти кўйнакли ҳезим йигит кириб келди. “Нози, тез юринг, Алишер Сагдуллаевич кутвоттилар. Мўйноқда Нептун байрамига кеч қовоммиза. Тез кетдик аэропортга, Нозий”, дея нозланган ëш ит вакилига қараб Нозиннинг Юлдуз лақабли ити бир ириллаб қўйди.

Нози бу ҳезимга қўшилиб тез чиқиб кетди. Тошкентдан Нукусга учадиган учоқ ҳавога кўтарилди. Учоқ ичида турли “уровендаги звезда”лар бор эди. Лифт ичида кал скрипкачига ўптиргани билан машҳур бўлган жувонопа ҳажга борганини мақтаниб ўтирар эди. Нози бу жувонни расмга оламан деб қараса, телефони уйда қолиб кетибди.

Нози кейинги йиллар ичида илк бора офлайн бўлди. Ўриндиққа суяниб кўзи илинди.

Бомба

Бу пайтга келиб Сотволди ака интернетда ëзиш драйфига кирган. Ашаддий ичувчилар бир ичиб бошласа, ўзини тўхтата олмаганидек, табиатан ҳақиқатгўй Сотволди ака учун қизининг аккаунтлари ҳақиқатни айтиш учун улкан фурсат эди.

“Халқ таълими вазирлиги аттестат баҳоларини сотишни саноат миқëсида амалга оширмоқда. Уят”, деб ëзган Сотволди ака роҳат билан керишди. “Президент ва вазирлар ўз кандидатлик ишини палончига пул бериб ëздирган. Плагиат ва сохта олимлар”, деган ëзув пайдо бўлди.

Шу тариқа “бомба” хабарлар мушуклар ҳақида ëзадиган блогернинг миллионлаб тарафдорлари орасида яшин тезлигида тарқала бошлади. 

Хидирназар тарафдорлари рўйхатини ДХХга берган адлия вазирининг итлиги ҳам қолмади, Ариповнинг қамоқдаги Гулноранинг ўғри шериги экани, Раматов эса оддий қароқчи экани ва ҳоказолар тинимсиз ëзиларди. 

Охирги жумла “Қирол ахир яланғоч-ку”, деган уч жумладан иборат эди.

Муносабат

“Ал-Жазира” телеканали “Ўзбек блогери ниҳоят ҳақиқатни ëзди”, деган мақола эълон қилди. “Озодлик” радиоси эса Нози феномени ва фермерлар омили ҳақида Раббимов ва Шароф Убайдуллаев каби эзма чоллар билан суҳбат қилди. “Нозининг қулоғига ким азон ўқиган”, деган сарлавҳали мақола БиБиСи ўзбек манжетидан ўрин олди.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Нозига “Жасорат” медали бериш таклифи билан чиқди. Ўзбек тили жонкуялари эса Нозининг имло қоидаларига риоя қилганлигини олқишлади. 

Расмий ўзбек матбуоти эса раддиялар билан тўлди. Дин ишлари қўмитаси ва катта мачит имоми Нозини тавқи лаънат қилди. Мусаев ва Эмина деган бақалоқлар эса оғзидан кўпик чиқариб шайтонлашди.

Админстрация ташвишда

Админстрация каттакони Зайнилобиддин тезда йиғилиш ўтказди. “Анави кўкалдош зек Акрам ва ипириқси бўбикларга қўшни қилиб Нозига ҳам квартира беринг”, деди Зайнилобиддин брат. 

Хайриддин брат эса “Бу қиз аллақачон квартира обўганлигини айтиш” билан кифояланди. ДХХ раиси Нози ҳақида маълумотнома тайëрланаëтганлигини билдирди. ИИБ раиси Бобожонов ҳам бир нарсалар деди, аммо ҳеч ким тушунмади.

Пўлат оғанинг ўғуз лаҳжасидаги гапини қорлуқ-қипчоқ лаҳжасига таржима қилишди зудлик билан. “Нози Тошкент-Нукус учоғида кетяпти. Ҳозир Ғиждувон тепасида”, демоқчи экан бу ëшулли. 

Мудофаа вазири қўл кўтариб, “Самолётни уриб туширайми”, деди. Бу гапни селектор орқали эшитиб ўтирган каттакон, “Уриб туширадигон вохтлар ўтиб кетган. Сени ўзингни уриб тушираман”, дея реплика қўшди.

Денгиз сатҳидан 600 метр юксакда

Бу пайтга келиб Нози учоқ ўриндиғида хуриллабгина ухлар, тушларида эса мушукчаларни кўрарди. 

Нукус аэропорти Ўзбекистон ДХХ ва қуролли кучлари ҳамда Миллий гвардия саллотлари билан ўраб олинган. “Нью-Йорк таймс”, “Ал Жазира”, “Си Эн Эн” каби ОАВ журналистлари ранг-баранг микрофонлари билан чиқиш эшигида турарди. 

Аммо Тошкентдан келган учоқ Нукусдаги халқаро аэропортга эмас, Тўрткўлдаги ҳеч ким билмайдиган ҳарбий база ҳудудига қўндирилди. Спецназ учоқ ичига кириб, Нозининг бошига қоп кийдириб олиб чиқиб кетди.

Блогерга озодлик

Хитойнинг Тямьаньмин, Въетнамнинг Хо Ши Мин, Шимолий Кореянинг Ким Ир Сен, Риëднинг Ҳошимий майдонларига бирон кимса чиқиб ,“Ўзбек блогерини озод қилинг”, демади. Лекин тармоқдаги ўзбеклар ўз блогери ҳимоясига ник орқали чиқиб, “Нозида айб йўқ”, дейишди. 

Улар ҳақ эди. Айб Сотволди акада эди. Гапнинг тўғриси, бу вақтга келиб Сотволди ака ўзининг шохдор қўчқорига ем берар эди. Эшик тақиллади. Сотволди ака глазокдан қараса, ҳеч ким йўқ. 

Кейин эшик қўнғироғи чалинди. Сотволди ака эшикни очиши билан бошига қоп кийгизиб олибкетишди. Қизинг нима ҳақида ëзади, деб сўрашди. “Ҳайвонлар ҳақида ëзади”, деди Сотволди ака. Зотан, тўғриси ҳам шу эди…

Ассалому алайкум, жума муборак!

Тағин ўқинг
1 июн 2022
АCCА.media ёзишича, “Очиқ чизиқ” ташаббус гуруҳи ҳуқуқ ҳимоячилари маҳбуслар учун посилкаларда маҳсулотлар ноқонуний олиб қўйилиши ва маънавий камситилиши билан ...
4 май 2020
Йигирма бир йилни қамоқда ўтказган бухоролик 43 яшар Жамшид Восиев бугун, 4 май куни озод этилди. Бу ҳақда унинг ...
11 сентябр 2019
Ибтидосида айтай, мен шоир ёки бастакор, ё-да ҳофиз эмасман. Шеърга ўхшаган бир нарсаларни ёзиб, уларга ўзимча куй басталаб, онда-сонда ...
11 апрел 2021
Наманган вилоятининг Косонсой тумани «Cувоқова» корхонаси директори Муҳаммадали Камолов дохил жами тўрт киши ташкилот чилангари Абдулло Эшонхўжаевни 7 апрель ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...