РТдан ваъз: Грин кард ўйнаган қўй ҳақида
Азиз ва муҳтарам дўсти ëронларим, айтганларимни кўздан эмас, юракдан кечираëтганингиз учун муташаккурман. Ваъзлар ўта жиддий бўлиб кетгани учун сиздан узр сўраб, бу хатони таҳрир қилишга уриндим.
Ўзбек адабиёти ва матбуотида сатира ва юмор ҳар доим ижтимоий муаммоларни кўрсатишда муҳим ўрин тутиб келган.
Масалан, Махмурнинг “Ҳапалак” асари, Жулқунбойнинг “Тошпўлат тажанг нима дейди?” сатираси, собиқ иттифоқ даврида “Муштум” журналида эълон қилинган материалларда жамиятдаги муаммолар, амалдорларнинг ножўя ишлари қаттиқ танқид остига олинган.
Аммо бугунги кунда ҳақиқий ҳажвия адабиёт ва кундалик матбуотда ва саҳнада кам учрайди.
Кулги усталари мамлакатдаги ижтимоий сиëсий муаммоларни, Салим, Ғафур каби ўғрибошиларни ëки Раматов каби мулозимларни ҳажв қилмайди.
Шундоқ ҳам қалби ўксик, кал, кўр, соқов ва чўлоқларнинг устидан кулишади. Яна нари борса аксарият ҳажвий асарлар фақат маиший турмуш муаммолари, эр-хотин ва ўқувчи-домла муносабатлари билан чекланиб қоляпти.
Ижтимоий муаммоларни акс эттирган, амалдорларнинг хатти-ҳаракатлари танқид қилинган ҳажвиялар эса жуда кам учрайди.
Учраганда ҳам муаммолар очиқ-ойдин эмас, етти қават пардага ўралади.
Хўш, Ўзбекистонда нега ўткир ва очиқ ҳажв йўқ?
Бу Ўзбекистонда ўткир ва очиқ сатира айтиш имкони йўқ, деганими?
Бу саволга жавоб излаб кўрсам.
Стенд-ап комедиант
Дунëда стенд-ап комедиант деган касб бор. Тахминан биздаги кулги устаси деган касбга тўғри келади. Масалан, Аркадий Райкин ëки Жванецкий ҳақиқий стенд-ап комедиант эди. Раҳматли Ҳожибой Тожибоев ҳам бу соҳани эплаган ягона элдош эди.
Кинорежиссёр артистга вазифа берганида бу вазифани эплай олмаган актёр шу вазифани ўзингиз ўйнаб кўрсатинг, деб илтимос қилади.
Рассом Туз оғангиз ҳам стенд-ап комедиант қандай бўлишини кўрсатиб берса. Турк ота сўзида айтилгани каби ўксиз ўз киндигини ўзи кесади.
Тасаввур қилинг, катта зал. Минглаб томошабинлар олдида мен турибман. Бу томошабинларни кулдирмоғим керак. Кулдира олмасам, ҳолимга маймунлар йиғлайди.
Агар саҳнада иштоним тушиб, авратим очилиб қолса, ҳамма кулади. Аммо бу кулгининг нархи сариқ чақа. Сатирада ҳам жиддийлик лозим.
Хуллас, бошладим.
Бир киши чўлда чанқаб кетаётса, олдидан қудуқ чиқиб қолибди.
“Сув-сув”, деб қудуқ томон югурса, унинг ичидан бир одам чиқиб, “қани”, дебди.
Бой отанинг қизига уйланмоқчи бўлиб келган йигитлар кўп ҳозир. Шундай йигитлардан бири қизнинг отасига қараб:
— Гап сизларнинг бойлигингизда эмас. Қизингизни севаман, дер эмиш.
Хонадон эгаси:
— Ахир бизнинг 3 та қизимиз бор. Қайси бирини, деб сўраса, йигит:
— Фарқи йўқ менга, дермиш.
Мана, бўларкан-у. Зал куляпти. Сиëсат ҳақида ҳам афанди айтиб берайми?
Ҳозир узоқ қишлоқларда яшайдиган аёлларда ҳам кир машина бор. Лекин кирни қўлда ювишади.
Нимага дейсизми? Чунки электр йўқ!
100 фоиз шаффофлик
Ўзбек мулозимларининг айтишича, 4 йил олдинги президент сайлови шаффоф бўлганмуш. Бу йилгиси ундан ҳам шаффоф бўлармиш. Шу боис, у ҳатто кўзга ҳам кўринмас экан. Шу ерда кулиш керак. Негадир ҳеч ким кулмади.
Сайловнинг нимага кўзга кўринмаслигининг икки сабабини айтсам. 13 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси берган хабарга кўра, 207 та сайлов участкасига кузатув камералари қўйиларкан. Мамлакатдаги сайлов участкалари эса 10 минг 760 та. Бу дегани 98 фоиздан зиёд сайлов участкасида кузатув камералари бўлмайди.
Демак, президент сайлови бегона кўзлардан нари, қалин бахмал пардалар ортида амалга ошади. Чироқнинг узлуксиз ёниб-ўчиб туриши эса ўрнатилган 2 фоиз кузатув камералари ролини ҳам нолга тенглаштиради ва албатта қоп-қоп бажарилмайдиган ваъдалар берувчи президент сайланади. Мана сизга 100 фоиз шаффофлик.
Яхшиси, сизга битта фойдали маслаҳат берай. Сайловдан кейин муҳтарамга ваъдаларини эслатиш – бу экстремизм! Ўқитувчи минг доллар ойлик олади, деса ишониб қўяверинг. Мен, масалан, ишонувчан одамман, чунки ҳамма қариндошларим қишлоқда яшайди.
Нега куляпсизлар? Мен ҳеч нарсага шама қилмадим. Ростдан ҳам қишлоқдаги қариндошларнинг гапига ишонаман.
Қишлоқда иккита қўйим бор. Қариндошларим боқади.
Икки қўй суҳбати
Иккита қўй кўчада учрашиб қолиб:
— Баа-а, – дебди биттаси.
— Маа-а, – дебди иккинчиси.
Шунда биринчиси иккинчи қўйга қараб:
— Инглиз тилини ўрганяпсанми? – деган экан.
Шунда иккинчи қўй: “Грин кард тўлдирганман. Мабодо ютиб қолсам, сенга ўхшаб бааа демаслик учун тайёргарлик кўряпман”, дермуш.
Мана, бинойидек кулдириб ўтирибман. Ўзи кулдириш – бу Насриддин Хўжа суннати.
Осойишталикни бузувчи
Ëзувчи Леонид Соловьёвнинг “Возмутитель спокойствия” китоби қаҳрамони Насриддин Бухоро амири ва унинг муллаларини танқид қилади.
Бунга жавобан амир Насриддинни қатл қилишга буюради.
Яъни ҳажв қилган одам осойишталикни бузгани учун қатл қилиниши керак.
Амир шундай деб ўйлайди.
Бу китоб асосида таниқли киночи Яков Протазанов 1942 йилда “Насриддин Бухорода»” деган фильмни ҳам суратга олган.
Икки кун олдин бу фильмни томоша қилган эдим.
Фильмда сатира ва танқидга Бухоро амири ва унинг уламолари чидамсиз бўлгани тасвирланади.
Фильм бош қаҳрамони Хўжа Насриддин Бағдоддаги тазйиқлардан қочиб Бухорога келади ва бу ерда ҳам сатира нималигини тушунмайдиган жоҳиллар билан юзма-юз бўлади.
Насриддин Афанди ҳозир яшаганида, у, албатта, ўз танқидларини интернетга жойлаштирар эди. Чунки интернетда цензура йўқ.
Ҳукуматнинг GOOGLE дан илтимослари
Ўзбекистон давлат органлари Google ширкатига муайян контентни ўчириш илтимоси билан илк бор 2018 йилда мурожаат қилди.
Google ширкати статистикасида қайд этилишича, Ўзбекистон 2018 йилда 4 марта, 2019 йил ва ва 2020 йилда 1 мартадан контентни ўчириш талабини жўнатган. Мазкур сўровларда ҳукумат Google сервиси бўлган YouTube порталидан 26 та маълумотни ўчиришни илтимос қилган.
Google статистикасида Ўзбекистон ҳукумати талаб қилган 26 маълумотдан қанчаси ўчирилгани айтилмаган.
Ҳар ҳолда, биттаси ҳам ўчирмаган.
Қулнинг тишини текшириш
Ўзбекистонлик 10 минг қурувчини Россияга ишга жўнатиш лойиҳаси доирасида меҳнат муҳожирларини Ўзбекистон ҳудудида тиббий кўрикдан ўтказиш учун Россиядан 40 нафар тиббиёт ходими келган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Расмий хабарда мигрантлардан фақат Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник” билан эмланиш талаб қилиниши айтилган. “Спутник” Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилади. Лекин Россия учун бу эмдори тўғри келмас экан.
“Қобуснома” китобида қул сотиб оладиган киши аввалига қулнинг тишлари соғломлигини текшириши жоизлиги айтилади. “Кейин эса қулнинг қўл-оëқ, мушаклари текширилади. Касал қул сотиб олган харидор касодга учрайди”, дейилади “Қобуснома” китобида. Бағоят тўғри гап.
Шу кунларда 35 миллион бўлибмиз. Баракасини берсин. Бу қул бозорида кўрмадим молим ëмон деган кимсани.
Боқиб оламга сўнг сархуш билмадинг, тўйми бу – аза,
Офаринким, тўкмадинг ёш, кулмағонингга қарсаклар.
Элинг сандин кўрмади наф, зиён ҳам етмағай асло,
Экмағонингга афсус, лек юлмағонингга қарсаклар.
Замонсозлиғ демай, Гулмат, амалдорларни ҳажв этдинг,
Авомдин жирканиб бағрин тилмағонингга қарсаклар.
Бу сатрларни Уста Гулмат тахаллуси остида Анвар Обиджон роҳимуллоҳ ëзган. Гўри нурга тўлсин илойим. Аммо қизиқ матн ëзадиганларнинг ҳаммаси ҳам ўлиб кетмади. Тириклари ҳам бор. Масалан, данғаралик адабиëтшунос, фермер тоға Раҳимжон Раҳмат ана шундай тириклардан.
Толибонисит
– Ароқ ичишни ҳеч ташлаёлмаяпман, шунинг дориси борми?- деб сўраб қолди бетининг ярмини қўтир босган алкаш.
– Бор, – дедим, – лекин бизда топилмайди.
– Қаерда бор? Қимматдир? – деди у.
– Афғонистонда бор. Лекин улар бизга экспорт қилмайди. Дорининг номи толибонисит. Тез тузатади. Бепул.
– Узоқ экан. Боролмайман, – деди у тушкун оҳангда.
– Узоқмас, – деб тушинтирдим.- Сурхондарёга борсанг, Ҳайратон деган кўприк бор, ўша кўприкдан ўтсанг – Афғонистон. Кобулга бориш ҳам шарт эмас. Кўприкдан ўтиб, бир шиша ароқни бир кўтаришда ичиб, шерга ўхшаб, “еб ташлайман, синдираман”, деб битта ўкирсанг, дарров “дўхтир”лар пайдо бўлади ва ўша жойнинг ўзида радикал даво амалиётини бошлаб юборади.
– Барибир Афғонистон узоқ, – деди у ўйланиб.
– Ўзинг биласан, мен сенга энг таъсирли дорини айтдим, – дедим.
Лекин яна бир статистика бор. Деновдаги ароқ заводининг 60 фоиз маҳсулоти контрабанда йўли билан Ҳайратондан ўтиб Афғонистонда истеъмол қилинаëтган экан. Ҳар холда толиблар орқасига укол қилдирганда спирт ўрнида суртишмоқда, дея яхши гумонда бўламиз.
Ҳа. Ароқ боис қанча одам ўлиб кетди. Ароқ боис қанча қизлар иккиқат бўлиб уч эгизак туғишди. Исмини Шўкат қўйиб, мошина олганларни ҳам биламан. Нега ароқ боис деб сўраяпсизми? Ароқ ичиб ҳушëрликни унутиб берилиб кетишган.
Гапнинг тўғриси, ëмон одамлар билан ароқ ичиш зарарли. Керакли одамлар билан керак жойда ичиш ëқимли ва фойдали. Масалан, мен яқинда милиса начальник билан тўйда коняк уриштириб ичиб шакаргуфторлик қилувдим. Бунинг фойдасини рулга ўтиргач билдим.
Мен ароқни дўст деб билмайман. Лекин унга душман ҳам эмасман. Бу масалада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Комиловдан фарқ қиламан. У, масалан, “Толибон”ни дўст қилиб қучоғида яйрамоқчи. Мен эса “Толибон”ни душман деб биламан. Толибларни темир контейнер ичига қамаб скелетга айлантирган маршал Абдурашидни дўстим деб биламан.
Парча-парча қилинган миллат
Умуман, Афғонистондаги ўзбекларни ëтсираш яхшилик рамзи эмас. Миллат тимсоли Навоий бугун толиблар бачча қўлтиқлаган Ҳирот шаҳрида туғилган.
Кумушни йиғлатган, Отабекни ўйлатган шоир ëки “бу кофирлар асири бир мусулмон ўлмасун, ё Раб”.
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидан иқтибос:
“Отабек хуфтон намозидан сўнг турмуш ташвишларидан фориғ бўлиш кайфиятида мойчироғ ёнига ўтириб, Фузулий девонини қўлига олади. Нима сабабдандир унда “бирор фожиага тушкувчининг ҳолати бор эди. Киши изтиробга тушган кезларида тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи бир ишларга уринадир”. Шунингдек, у ҳам жиддий бир равишда Фузулий мутолаасига берилди… “Фузулийни яхшилаб ўқиш керак!” дейди Отабек. “Шеърлардан бошини кўтармайдир, гўёки китобга михланган… Нигоҳи китобга қадалган Отабек қушлар каби латиф, товуш чиқармаслик қилиб гилам устида одимлаган малакнинг хонага кириб келганини ҳам сезмайди. – Фузулий яхши китоб, — дейди Кумуш, — мен ҳам ёлғиз қолган кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим…”.
Гап ҳозирги Ироқ ҳудуди ҳисобланган Карбалода туғилган ва ўз асарларини ўғуз туркчасида ëзган Фузулий Бағдодий ҳақида кетмоқда.
Советлар бу шоир тилини озарийча, Навоий тилини ўзбекча қилиб тайинлашидан анча олдин Туркистонда яшаган Отабек ва Кумуш буни оригиналда ўз шоири дея ўқишган.
Агар Ҳиротда туғилиб, “Низомий болидан ҳалво пиширган” Навоий ўзбек бўлса, Карбалода туғилган Фузулий ҳам ўзбек.
Агар Фузулий Озарбайжон бўлса, Навоий ҳам озарийдир.
Аслида Навоий ҳам, Фузулий ҳам улуғ турк шоирларидир.
Фузулий Ироқда яшаган шоирдир. Карбалода туғилган. Бошқа манбаларга кўра, Ҳуллада дунëга келган. Оти Муҳаммад. Отасининг Сулаймон деган олим бўлгани айтилади.
Ўзини турклигини Фузулийнинг ўзи ëзиб кетган:
“Туркий майдонда табъим отини елдирдим ва турк зарифларини (тилни нозик сезувчилар, тушунувчиларини) туркийгўйлик латойифлари билан (таматгу) қойил қилдим. Бу ҳам менга ташвиш келтирмади. Зеро, менинг аслимга мувофиқ тушди”.
Навоий Низомийдан илҳомланиб “Лайли ва Мажнун”ни ëзади ва илҳом қайноғи Низомий эканини аниқ айтади. “Низомий болидан ҳалво пиширдум»”, дейди. Яъни Навоий “бол тутиб бармоғини ялаганлигини” эътироф қилади.
Фузулий эса Навоийдан таъсирланиб “Лайли ва Мажнун” асарини ëзади.
Келинг, бу асардан биз ҳам баҳра олайлик.
“Лайли-Мажнун”дан:
Манимтак ҳеч ким зору паришон ўлмасун, ё Раб,
Асири дарди ишқу доғи ҳижрон ўлмасун, ё Раб.
Дамодам жаврлардур чекдиким бераҳм бутлардан,
Бу кофирлар асири бир мусулмон ўлмасун, ё Раб.
Кўруб андешаи қатлимда ул моҳи будир дардим—
Ки, ул андишадин ул маҳ пушаймон ўлмасун, ё Раб.
Деманким, адли йўқ ё зулми чўқ, ҳар ҳол ила ўлса,
Кўнгил тахтина ундан ўзга султон ўлмасун, ё Раб.
Фузулий бўлди ганжи офият майхона кунжинда,
Муборак мулкдир ул, мулки вайрон ўлмасун, ё Раб.
Бу сатрлар менинг она тилимда ëзилган ва мен ҳам Кумуш каби Фузулийдан бош кўтара олмайман. Зотан, “Муборак мулкдир ул, мулки вайрон ўлмасун, ё Раб”.
Энди фараз қилайлик, марҳум ҳофиз Фахриддин Умаров мана бу сатрларни танбур куйига мослаб айтди. Хўш, фарғоналик зиëли бир ўзбек буни англамайдими, менимча, англайди. Зотан, бу матн Навоий, Огаҳий ëки Ҳамза тилидан айрича эмас:
Фалак айирди бани жавр ила жононимдан,
Ҳазар этмазми ажаб, нолау афғонимдан.
Ўда ёндирсам агар шуъла ила нафларни,
На батар оташи оҳи дили сўзонимдан.
Ғами пинҳон бани ўлдирди, бу ҳам бир ғамким,
Гулруҳим ўлмади огаҳ ғами пинҳонимдан..
Эй Фузулий, ғами ҳажр ила паришондир ҳол,
Кимса огоҳ дагил ҳоли паришонимдан.
Кошки буни Фахриддин ака айтса эди, бошимни тебратиб, оҳ-воҳ деб кўкрагимга шаппатлаб тинглаган бўлар эдим…
Буни бировлар ўғуз туркчаси, бировлар ғарб туркчаси дейди, яна бировлар эса чиғатой дейди.
Аммо ким нима деса ҳам мен буни қалбан англадим-ку, юрагим торлари чертилди-ку.
Агар модерн ўзбек шеърияти тамалида Абдулҳамид Чўлпон турган бўлса, Ҳамид Олимжон эътироф қилгани каби “замонавий ўзбек шеъриятининг тили Чўлпон тили” бўлса¸ Чўлпоннинг тили Фузулий тилидир.
Чўлпондан иқтибос:
Илк аввал гўзими ишқ ила очдим,
Ишқнинг майдонина қоними сочдим,
Ишқсиз ўлкалардан у онда қочдим,
На замон боғладим зуннори ишқи.
Жаннат баним ичун қуру саҳродир,
Ишқинг саҳросиким, банго маъводир.
Аксини сан банго на қадар қондир,
Қонмам чунки, бўлдим гулзори ишқи.
Сўйларкан дилларим на ёмон сўзлар?!
Ёзаркан қаламим на ҳазин оғлар?!
Сода дил бунлардан на маъни онглар?
Билмаз куж ўлдуғин изҳори ишқи!
Изоҳ ўрнида: Бу ëзувлар ҳиссиëт билан иш кўрадиган рассом ва фақат совуқ фактларгагина ишонадиган журналистнинг кўз қарашлари, фикр-мулоҳазаларидир.
Боз устига, каминанинг қулоғи Хоразмдаги ўғуз туркчасини эшита-эшита қонган.
Бу матн Сталин тарафидан туркий қавмларни туя тўқимидек парча-парча қилиб ташлангани ва советдан олдин яшаган қадим шоирларга ўзидан сўрамасдан паспорт бериб, бу паспортга ўзбек ëки озари деб ëздирилганига норозиликдир.
Бу матн турк деса лабига учуқ тошиб жазавага тушадиганлар учун эмас, балки мушоҳада қиладиганлар учундир. Янглишимиз бўлса узр. Фузулий айтганидек, “Гўзи ëшлиларнинг ҳолин на билсун мардуми ғофил”.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз