Асосий мавзулар
22 октябр 2021

РТдан ваъз: Кўрпа остидаги ўймоқ ўйини

Ҳафта ўтиб яна сиз билан кўришиш насиб этди. Мағрурсиз, масрурсиз ва орангизда ҳаётга мафтун, севгидан мажнун кишилар бор.  

Бугун мен 24 октябрда ўтадиган президент сайлови ҳақида гапиришим керак. Кейин эса, қонунга кўра, сукут куни бошланади. Сизнинг қўлингиз билан, чет эллардан таклиф қилинган мустақил кузатувчилар нигоҳи остида, овоз бериш йўли орқали ва эски кўрпа остида эски президент ўзини қайта сайлайди.

Сайлов ўтадиган бу кўрпа ҳам Ўзбекистонда илгари ўтган сайловлар каби эски. Буни чет эллардан таклиф қилинган кузатувчилар ҳам, сайловчилар ҳам аллақачон билиб бўлган. Лекин ўзбек жамияти доимгидек бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирмасликни лозим кўради. Бу мақол унга ота мерос. Гарчи кўрпадаги коррупцион бургалар яна беш йил унинг қонини ичишини аниқ билса ҳам, жони оғриса ҳам ота-боболарининг қони сўрилган бу битлиқи кўрпани ҳеч қачон ёқмайди.

Ўзбекистондаги бу йилги президент сайловини қоронғу хонада қора мушукни ҳам кўра оладиган журналист, «Қоронғу соялар” китоби муаллифи Жоанна Лиллис кўринмас сайлов, дея атади.  Яъни сайлов деб аталган қоронғу хонада мушук ҳам йўқ.

Ўзбекистондаги  президент сайловида амалдаги президент телевидение экранлари ва газеталарнинг бош саҳифаларида устунлик қилмоқда ва унинг рақиблари деярли кўринмайди, дея ёзди журналист Жоанна Лиллис Eurasianet нашрида чоп этилган мақоласида.  

Мақолада халқаро кузатув миссияси хулосаларидан иқтибос келтирилиб, Ўзбекистонда президент сайлови кампанияси бошланишига икки ҳафта қолганида ҳам номзодлар бир-бири билан ҳеч қандай мазмунли мулоқот қила олишмагани айтилган.

Ғирром ўйин

Ҳамманинг кўзи ўнгида бўлаётган сайлов бир ғирром ўйинни эслатади. Бу ўйиннинг илдизига назар ташласак. Ўзбекистон конституцияси ва қонунларида ёзилганидек, халқда танлов ҳуқуқи бўлиши учун ҳокимият мустақил шохобчаларга – ижро ҳокимияти, парламент ва адлия ҳокимияти тизимларига ажратилиши керак. Битта қўл билан бошқарилаётган ҳокимият остида эса бундай танлов бўлиши мумкин эмас.

Бизнинг ҳуқуқ ҳимоячиларимиз, мухолифатчилар ва оддий қашшоқ фуқаролар эса одатда ҳокимиятдан адолат ва ҳимоя излашади. Улар шунчаки ҳокимият йўқ жойлардан – прокуратура, суд, милиция, сенат, президент маҳкамасидан қидиришади ҳақиқатни. Охир-оқибат сайловда иштирок этиб, қонунан ўз номзодларини депутатликка, президентликка кўрсатишга ҳам уринишади. Аммо бари беҳуда.

Чунки агар бунга улар қаттиқроқ жаҳд қилишса, қўринмас қўлнинг бир ишораси билан уларнинг устига шаллақи аёллар ташланиши мумкин, бундай ҳолга биз президентликка “Эрк” демократик партиясидан номзодини қўйишга интилган таниқли қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов тақдирида гувоҳ бўлдик.

Июнь ойида эса Адлия вазирлиги айни кўринмас қўл ишораси билан Термиз университети собиқ ректори Хидирназар Оллоқуловнинг «Ҳақиқат ва тараққиёт» партиясини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризасини рад этди.

Яхшиям уларни социумга талабгор ўтмишдошлари каби Жиноят кодексининг 159-моддаси – Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилишда айблашмади, гарчи бу ҳам Ўзбекистондаги тез-тез учраб турадиган ҳолат.

Мен уларни койимоқчимасман, шунчаки бир ҳақиқатни тушунтирмоқчиман. Ўзбекистонда ҳокимиятнинг барча шохобчалари халқдан ажратилган, бироқ бир-биридан эмас. Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг сийрати ўймоқ ўйинига жуда ўхшаш.

Мана, менинг олдимда учта ўймоқ бор, буни Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг учта шохобчаси – қонунчилик, ижро ва суд ҳокимияти деб аташ мумкин. Эътибор беринг, барча ўймоқлар бўш – шунчаки у ерда ҳокимият йўқ.

Менинг қўлимда эса зўлдир, бошқа майда фирибгарларники каби поролондан эмас, албатта, яхлит темирдан қуйилган ҳақиқий шарча бор.

Уни бўш ўймоқлардан бири остига қўйиб, уларнинг ўринларини алмаштириб, аралаштирамиз. аралаштирамиз, аралаштирамиз… Энди, зўлдирнинг қаердалигини топинг?

Албатта «У қўлда!» – дея жавоб беради менинг зукко томошабиним ва бу ғирром ўйинларга аралашмасликни маъқул кўришини мағрур писанда қилади.

Мен эса бунга қўшимча қилиб, ўймоқлар ҳам, ҳокимиятнинг барча учта шохи ҳам битта одамнинг қўлида эканини айтмоқчиман.

Улар ҳеч ким билан бўлашилмаган. Ҳокимиятни англатувчи зўлдир унинг хохиши билан биридан иккинчисига ўтиб, вақтинча ҳар қандай ўймоқ остида пайдо бўлиши мумкин ва биз кўришни истаган жойда у ҳеч қачон бўлмаслиги мумкин.

Бошқа томони, агар эътибор берган бўлсангиз, зўлдиримиз қуйма темирдан, раҳбарларимиз мақтанганидек, бизда ҳақиқатан ҳам тиш-тирноғигача қуролланган кучли ҳокимият бор. Бу ҳокимият қуш учса қаноти куядиган даражада қўриқланадиган «Шоввозсой» каби қўрғонларига эга.

Халқда танлов бўлиши учун эса аслида жамият кучли бўлиши керак эди, афсуски, бизнинг истагимизга зид тарзда у жуда заиф. Акс ҳолда ҳар қандай содда одам ҳам ҳокимият тепасидаги бу фирибгарларнинг ўйинларини фош қилган, ғирром ўйинчиларнинг жойи эса қамоқда бўларди.

Қарзга ботирилган давлат

Эртага эски президент сайланади, гарчи уни бошқа сайламаслик учун халқда асослар етарли.

Масалан, уларнинг биттаси – мамлакатнинг қарзга ботирилгани ҳақида гапирсам. Мирзиёев иқтидорга келганидан бери ўтган 5 йил давомида Ўзбекистоннинг хориждан олган қарзи беш баробар ортди ва қарийб 36 миллиард долларга етди. Мирзиёевнинг 5 йилда олган қарзи 20 миллиардни ташкил қилди. Бу ундан олдинги президент Каримовнинг 27 йил давомида олган қарзидан ҳам тўрт баробар кўпдир.

Ғарб экспертларига кўра, Хитой ва Россияга ўхшаш манфаатдор давлатлар камбағал мамлакатларга қарзни шунчаки бермайди, гаровга мамлакатнинг келажакдаги барча ресурслари, бойликлари тикилади ва шундай бўлди. Ҳокимиятнинг барча ресурслари жамиятни заифлаштириш учун сарфлангани етмагандек, олинган қарзлар ҳам халқ гарданига юкланди.

Ўзбекистонда сиëсат кўрпанинг тагида ҳал қилинаётгани ва жиддият йўқлигидан афсусдаман.

Хитой дунёдаги қолоқ давлатларнинг мулозимларини пора билан сотиб олиб, ўша ерларда хоҳлаган бўқини еб ëтибди. Расмий Пекин назарида энг порага ўч, ҳатто ота-онасини пора учун гўштга топширишга тайëр мулозимлар Ўзбекистондадир.

Биринчидан, ўзбекнинг сотқин мулозими «откат» эвазига ўзбек газини Хитойга сотган.

Иккинчидан, Мирзиëев Хитойнинг Эксимбанкидан қарзга пул олиб, Сардобани қурдирган.

Одамлар, мен сизларга айтай, Хитой ўрисдан ҳам ëмон. Бу яъжуж-маъжуж берган чойчақага давлатни сотиб ташлаëтган мулозимларни эшакка терс миндириб шаҳар айлантириш керак.

Шу ерда қўшиқ кетиши керак эди. Ўзим куйлаб қўя қоламан. Агар қўшиқ қўйсам, ютуб жарима қилади.

Мен машағ томонларда гуноҳга ботар бўлсам,

Кунни уйғотар бўлса, тонгни уйғотар бўлсам,

Кокилларинг бўлсин дор ашағ томонларда…

Қуйидаги матнни “Дионнинг жиннича ўйлари” саҳифаси муаллифи ёзибди.

Ашағдаги ва машағдаги келинлар

Ашағ томондаги тўйларда доим куёв йиғлаган, қизлар қийқирган. Машағдаги тўйларда бўлса, аксинча, қизлар дод деган, сочини юлган, энасининг оёғига ўзини ташлаган, чунки билади бугунги тўй гумбура қарс ўтади-кетади, эртадан реал ҳаёт бошланишини.

Уларда эса ҳеч нима ўзгармайди, қиз эрталаб туриб кўча супурмайди, кечаси сув иситиб чўмилиб, ҳўл соч билан ухлаб қолгани етмагандай, эрталабдан қўлини совуқ сувга тиқиб, сув сепмайди, цистит орттирмайди, такасалтанг, битта тўйни ўтказиб, бутун далани тўнтаргандек гердайиб ётган бир гала уй эгаларига бели қабариб қолгунча салом бермайди, умрида одам кўрмаган қариндош-уруғ, қўни-қўшни қовоғига қараб ўтирмайди.

Одатда тўйдан кейин ҳаммаси яхши бўлиш керак, лекин бир гала оломон 9 ой чотингни томоша қилиб ўтиради (Ҳожибой Тожибой эмоцияси эслансин), сен бу подага яна ўз қонинг билан ҳисса қўшишинг, биомусорлар сонини оширишинг керакдек. Сен оналикка тайёрмисан, боланинг камолоти учун пулинг, соғлиғинг, вақтинг борми, деб ит ҳам сўраб қўймайди.

Болали бўлиб ҳам қутуларман, деб ўйларсан. Келин келиб, ҳаётда ўрни борлиги, оилада энди етакчи бўлиши эсига тушиб қолган жоҳил қайнонанинг ўзи каби паст ва майда асаббузарликлари, инжиқликлари билан ўтказилган ҳомиладорлик пайти ҳаётингдаги энг оғир пайтлар бўлиб ҳаётингда муҳрланса керак. Бошқалар «Итс а бой, итс а гирл» қилиб фотосессия қилиб юрганда, сен «Итс а cоw» деган молни тагида сут соғиб, қишга таппи ёқаётган бўласан. Болангнинг боши чотингга келганда роддомга олиб боришади, таниш-билиш йўқлиги учун 2-3 соат у ерда ҳам итариласан, минг азоб билан қўчқор болани қўлга олганингда (қиз бўлса, урди Худо) ҳеч ким олдингга келиб, аҳволингга қизиқмай, қачон чиқишингни сўрай бошлашади.

Бу поданинг тинмай болалашидан туғруқхоналар ҳам доим банд, бирорта келин бориб 1-2 ҳафта дам олиб ҳам олмайди, келасан, туғасан, кетасан. Бизнинг пайтимизда ичкарига қўйишмасди, ҳозир туғруқхоналар карвонсарой. Биттаси у ёқда бўкириб ётибди, биттаси бу ёқда чийилллаб ётибди, палатада адашсанг, туғруқни қабул қилиш хонасига кириб кетиш ҳам ҳеч нарса эмас. Минг азоб билан туғилган боланинг мунозараси бошланади кейин, кимга ўхшабди, нега дадасига ўхшамаган, нега душман томон (қуда томон)га тортиб кетган, нега қон босими билан туғилди, нега суви кир туғилди, нега туғруқ оғир ўтди, биз далада тап-тап туғиб кетаверардик, булар шунча ғамхўрлик билан туғиб ҳам шунча дард?!

Болани олиб чиқишга бирорта «Маша-Медвед» қилмаган зиқналар қўшни маҳалладаги карнай-сурнайдан ҳам пулини қизғонади. Оилага бола келиши жудаям оддий ҳолат, жа-а эътибор бермаслик керак. Бошида боланинг бошида андармон бўлганлар охири ўзингга ташлашади, яна аввалги иш, рўзғор, яна устига бола.

Келин бола туғса ҳам келин, 50 га кирса ҳам келин, ўлса ҳам келин. Тамом. Келин – меҳнат қуроли, келин – қул, келин забонсиз, онгсиз бир мавжудот, тамом. Келиннинг вазифаси – бир бахтсиз ўзбек хонадонини янаям бахтсиз қилиш. Шунинг учун бизнинг келинлар тўй куни дод солиб йиғлайди, шундай бўлиши керак.

Шунинг учун бизнинг ёр-ёрлар энг дардли, аламли. Сотилган, отилган қиз. Шунча ғамга мардонавор бош эгиб кетаётгандан кейин бизнинг келинлар йиғламай ким йиғласин? Келинларга одам қатори муносабат қилишни ўрганмас эканмиз, йигитларимиз ҳеч қачон тўйда бундай кўз ёши тўкмайдилар, оиланинг асл масъулияти, юкини ҳис қилмайдилар.

Одамлар тўйни мажбурий восита, юзни очиб олиш, маҳалла-кўйга хўжакўрсин, пул-бойлигининг мезони сифатида қабул қилиши ачинарли. Тўйингизда фақат иккингиз бўлинг, лекин ёнингизда сиз билан бахт бўлсин. Тўй – йиллаб йиғилган пулни сочадиган ёввойилар базми эмас, инсоннинг ҳаётига янги саҳифа олиб келувчи йўл бўлсин.

Хуллас, бугун шу видеони кўриб, бироз хаёлга чўмиб, пойинтар-сойинтар гапларни битиб қўйдим. Сизлар ўқиб туринглар, мен унгача кечки овқатни еб келай. Эътибор берманглар, тўй тўйдек, қўзи қўйдек бўлсин, ўзимиз ҳам қўйдек семириб юрайлик.

Сизларнинг сочаётган пулларингизда биз бекорчилар маза қилиб ичиб, еб, жин базми, ит базми қилиб, камига бирор нарсаларингни синдириб, ҳаётга келганимизга хурсанд бўлиб қўяйлик. Зеро, ўзбекда тўйдан яхши нарса, мотивация, ният, орзу ва ҳавас йўқ. Нима бўлса ҳам тўй бўлсин, тўйлар тўхтамасин, оилалар ажрасин, болалар етим қолсин, лекин тўй тўхтамасин. Бахтли бўлинглар, биомусорчалар, тўй учун умрини бой берган тупой зомбилар.

Эски кўрпа остида 

Яна мавзуга қайтсак. Шу ерда «Кун.ўз» изоҳини келтирсам: ”Кишиларнинг бирлашмаси жамият деб номланади. Жамият бўлиб яшаш одамларга кўплаб қулайликлар келтиради. Зеро, жамиятда одамлар бирлашиб, ўз ҳаётий муаммоларини ҳал қилишади.

Жамият қанчалик жипс бўлса, шунчалик муваффақиятли бўлади. Тарқоқ бўлса – муваффақиятсиз.

Жамиятни ҳақиқий жамият қилувчи омиллардан бири – ҳаётий қарорларни кўпчилик бўлиб қабул қилишдир. Бунинг яхши тарафи шундаки, қарорлар қабул қилишда якка шахслар ёхуд жамиятнинг баъзи гуруҳлари эмас, балки ҳамма бевосита ёки билвосита иштирок этади. Кўпчиликнинг ақлий салоҳияти ишга солинади.

Бу нарсани рўёбга чиқариш воситаларидан бири – сайловдир. Бунда кишилар ичларидан энг салоҳиятлиларини сайлаб олишади ва уларга қарорлар қабул қилишни ишониб топшириб, улардан кенгаш тузишади. Аммо иш шу билан тугамайди – сайлаганлар сайланганлардан мудом қабул қилинган қарорлардан ҳисобот сўраб туришади, фаолиятларини кузатиб боришади.

Шу тарзда баъзиларгина эмас, балки ҳамма жамият ишларида, қарорларни қабул қилишда иштирок этади ва шу тарзда барчанинг манфаати инобатга олинади.  

Демак, сайлов – муҳим ва керакли нарса.

Аммо бу сайлов ҳақиқий сайлов бўлса!

Якшанба куни ҳамма бир бўлиб янги президентни сайлашади”. 

Эски президент янгиланади. “Янги Ўзбекистон” яппа-янги бўлади. Сайлов ҳам аслида тўйнинг бир нави. Оммавий тадбир. Сайлов ҳам тўй сингари одатда якшанба куни бўлиб ўтади. Бизнинг Ўзбекистон ҳам келинчакка ўхшайди. Бир маънода. Куёв эса – бўлғуси президент. Сайловчилар – бу меҳмонлар. Гала-гала бўлиб боришади унга.

Тўёна кўтариб боришади. Сайлов варақаси – тўёна. Ташкилотчилар – бу ҳукумат. Марказий сайлов комиссияси раиси – тўйбоши. Қайнота ва ва қайнона – конституция. Жавр-жавр – келинга жавр. Хурсандчилик бир кун. Ўтади кетади.

Кейин оила ташвишлари бошланади. Қанақалигини боя тушунтирдим. Тўй янги бўлгани билан тўшак-кўрпа эски. Келин ё куёв билан, ё бурга билан садомазохистик муносабатларга киришади. Тушунганлар тушунди. Тушунмаганлар ўзларидан кўришсин. Нима бўлса ҳам куёвга инсоф берсин. Келинга сабр.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
19 октябр 2017
Франциянинг Mediapart интернет нашри томонидан қўлга киритилган ва European Investigative Collaborations (EIC) консорциумидаги ҳамкасбларига тақдим этилган махфий маълумотлар Ўзбекистоннинг ...
30 апрел 2018
Президент Мирзиёев 26 апрель кунги йиғилишида Тошкент марказидаги «Истиқлол» санъат саройи ва метро бекатига “Халқлар дўстлиги” номини қайтариш қарорини ...
9 декабр 2020
Ўзбекистонлик клептократлар томонидан ўмарилган ва чет элга олиб чиқиб кетилган миллиардлаб доллар маблағни мамлакатга қайтариш масаласи тобора долзарблашиб бормоқда. ...
23 август 2018
«2000 йилларда, зоналарда хизмат қилаётган мелиса ходимлари ҳам аранг рўзғор тебратишаётгани, бунинг оқибатида Каримов олиб бораётган сиёсатга норози эканликлари ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...