Асосий мавзулар
27 октябр 2021

Салимбой президент Каримовнинг “феъли оғир бўлгани»дан ëзғирди

Ўзбекистонда криминал «авторитет» сифатида кўриладиган 71 ёшли “тадбиркор”  Салим Абдувалиев​ қозоғистонлик журналист Нурсаит Жилқичибойга ўзининг Тошкент ва Бўстонлиқдаги қароргоҳида суҳбат берди.

Бир соатлик суҳбат жорий йилг 21 октябрда  ютуб каналидаги “Вақт кўрсатади” дастурида намойиш қилинди.

Суҳбат давомида у жорий президент Мирзиëевни мақтади ва марҳум президент Ислом  Каримовни “феъли оғир эди», дея ëзғирди.

Ўз ўтлоғида Ўзбекистон герби туширилган майка кийиб гапирган Абдувалиев Мирзиëев билан бирга президентликка номзод бўлганларни, хусусан, мардикорлардан солиқ олиш ташаббуси билан чиққан Қодировни танқид остига олди.

Лўли баронлари  севадиган “китч барокко” услубидаги саройида «Қизил китоб»га кирган айиқ, қоплон ва қор қоплони каби ноëб ҳайвонларнинг ичига сомон тиқилган тулумлари фонида бузуқ рус тилида гапирган Абдувалиев ўзининг моддий эмас, балки маънавий бой эканини таъкидлади.

Салим Абдувалиев қандай қилиб бойиб кетди? У ўзининг илк капиталини қандай қўлга киритди? Мухбирнинг бу саволига жавоб берган Абдувалиев илк капитал пул тикиб ўйналган қимордан келганини эътироф қилди. Қиморвозликни ”шармандали касб” дея атаган Абдувалиев бошқа қиморвозлардан кўра ақллироқ ва таваккалчи бўлгани боис доим ютуққа эга бўлганини таъкидлади.

Абдувалиев замонавий самартфонни «шайтон ўйинчоғи», деб тарифлаб, қўлидан келса, барча компьютер ва интернет тизимини йўқ қилардим, дея фикр билдирди.

Отасининг исми Қирғизбой бўлган Абдувалиевни қирғизлар қирғиз, қозоқлар эса қозоқ дея билишади. Суҳбат давомида Абдувалиев ўзининг “тоза қонли ўзбек” эканини урғулади. Мухбирнинг Марказий Осиëдаги давлатларнинг Турон иттифоқи тузиш истиқболи ҳақидаги фикрига Абдувалиев скептик муносабат билдириб, “Турон-муроннинг кераги йўқ”, деди.

Суҳбат сўнггида Абдувалиев инсонга ақл, билим ва сабрдан ҳам кўпроқ фаросат зарурлигини айтади.

Абдувалиев ëшлигидан инсонлар меҳри боис машаққатлараро муваффақиятга эришганини айтар экан, «Бировга ўлим тилагунча ўзинга умр тилагин» мақолини ўзбекча келтириб ўтди.

Суҳбат давомида диний ибораларни қўллаган бўлса ҳам Абдувалиев ўқиган намози, қилган ҳажи  билан мақтанадиган муллаваччаларни севмаслигини урғулади. «Эшак ҳам каъбага боради, аммо эшаклигича қайтиб келади», дея таъкидлади Абдувалиев:

“Менга энди қариган чоғингизда тоат-ибодат қилинг, дейишади. Ўзбек мақоли бор: ўғри қариса, мулла бўлади, ғар қариса, отинойи”.

Репортаж давомида Абдувалиевнинг уйи деворига осилган фотолар кўринади. Фотоларда унинг россиялик советпараст қўшиқчи марҳум Иосиф Кобзон, шансон Григорий Лепс ва  “Ялла” қўшиқчиси Фарруҳ Зокиров билан бирга тургани акс этган.

Рус поп қўшиқчилари Ўзбекистонга келганида Абдувалиевнинг уйида меҳмон бўлишади.

Постсовет ҳудудлардаги кўплаб криминал авторитетларни мадҳ этган марҳум шансон қўшиқчи Вилли Токарев Салим Абдувалиевга «Салимбай» альбомини бағишлаган эди.

Салим, Салим, Салимбой – Тошкентнинг граждани, вақтни кеткизмасдан шароб қуй!” дея куйлади Вилли Токарев Салимбойга бағишлаган қўшиғида.

Салимбой Абдувалиевга бағишлаб бошқа кўплаб эстрада қўшиқчилари ҳам куй ва қўшиқлар басталаган.

Таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим кўпчилик жиноят оламига алоқадор деб биладиган Салим Абдувалиевни шоир Бобур Бобомурод мадҳ қилган матн асосида  қўшиққа солиб  куйлаган эди. Қўшиқда “Салим ака, ҳаëтингиз бизга ибрат”, дея улуғланади.

2004-2007 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Жон Пурнеллнинг Wikileaks сайти ëйинлаган дипломатик ëзишмаларида Салим Абдувалиев Ўзбекистонда катта таъсирга эга “мафия бошлиғи” сифатида таърифланган. Тошкентдан Вашингтонга юборилгани айтилган бу ҳужжатларда Салим Абдувалиевнинг ҳукумат мулозимлари билан яқин алоқалари, хусусан, давлат лавозимлари ва ҳукумат шартномаларини сотишда воситачилик қилиши ҳақида ёзилади.

Қозоғистонлик мухбир жорий йил эълон қилган суҳбат сўнггида: “Уйингизда қанча миллиард доллар бор”, деб сўрайди. Бунга жавобан Абдувалиев пулини банкда эмас, балки 3 литрлик банкаларда сақлашини айтиб ҳазил қилади.

Бундай таърифга қадар на Салим Абдувалиев ва на Ўзбекистон расмийлари унинг бойлиги миқдори ҳақида очиқ муносабат билдирмаган. Қолаверса, Абдувалиев 2008 йилда марҳум президент Каримов томонидан ўзбек спорти ривожига қўшган ҳиссаси учун расмий мукофот билан тақдирланган эди.

2016 йилги президент сайловида Абдувалиев “Мирзиëев – мой президент” деб ëзилган футболка кийиб расмга тушди. Аснода унинг жорий президент Мирзиëев билан қўл ушлашиб тушган сурати тармоқда айланди.

Салим Абдувалиев 1997 йилдан бери Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси президенти лавозимини ҳам эгаллаб келмоқда. Йиллардан бери Салим Абдувалиевнинг Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон миллий жамоасига ҳомийлик қилиб келгани айтилади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 феврал 2023
Ўрусия шаҳарларидан биринда бир қизалоқ яшарди. Сочи сариқ, кўзи кўм-кўк қизгина. Бир куни шу қизнинг отасига военкоматдан повестка келди. ...
18 август 2020
Ўзбекистон пахта секторини хусусийлаштириш жараёнидаги хатарлар Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий роль ажратилган кластерлар тизимига ...
30 март 2019
Тошкент аэропорти божхонасида китоблари ва телефони олиб қўйилган ўзбекистонлик шоир, хоразмлик 56 ёшли Маҳмуд Ражаб 30 март куни унга ...
19 июл 2018
Ўзбекистоннинг «Севимли» телеканалида 15 июль кечки пайт кўриниб кетган секс саҳнаси ҳақидаги маломатлар ижтимоий тармоқда ҳали ҳам тингани йўқ. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...