Асосий мавзулар
6 декабр 2021

Мактабгача таълим вазирлиги коррупция ҳолатини рад қилди

«Элтуз» нашри 30 ноябрь куни “Мактабгача таълим вазирлигининг болаларга хос бўлмаган ўйинлари” сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва Сentre1.com нашрида чоп этилган материаллар ва ҳужжатлар асосида мақола чоп этган эди.

Мақолада Мактабгача таълим вазирлиги мулозими имтиёзли кредитнинг 10 фоизини порага бермагани учун тадбиркорнинг болалар боғчаси қурилишини якунлашига халақит қилаётгани ҳақидаги иддаолари акс этган эди.

Бу юзадан Мактабгача таълим вазирлиги «Элтуз»га хат ва мақолада номи келтирилган вазирлик бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Ҳакимовнинг видеомурожаатини жўнатди.

Вазирлик мактуби ва видеомурожаатда тадбиркор Тўлебой Аширов иддаолари туҳмат, у келтирган ҳужжатлар эса сохта экани билдирилган:

“Бу тадбиркоримиз томонидан бир неча бор туҳмат тошлари отиляпти. Нафақат вазирлик, балки бошқа тегишли ташкилотларга, ҳусусан, банкларга. Бу туҳматлар тегишли асосини топмагани учун мен шахсан ўз номимдан ушбу тадбиркорга тегишли чора кўриш учун, давлат ташкилоти ходимларига бўлаётган туҳматларнинг олдини олиш учун, туҳмат қилаётган тадбиркорнинг жазоланиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўламан”, дейди вазирлик мулозими Ҳакимов «Элтуз»га юборилган видеода.   

Вазирлик раддия билдирган мақолада 2020 йилда ишга туширилиши керак бўлган, тадбиркор Тўлебой Аширов маблағи ҳисобидан Тошкент вилоятининг Ғазалкент шаҳрида реконструкция қилинаётган боғча ҳақида сўз боради. 

Мақолага кўра, тадбиркор Тўлебой Аширов 2019 йилда Ғазалкентда болалар боғчаси қурилиши учун ташландиқ бинони “ноль” қийматда ўз тасарруфига олган ва 4 миллиард 32 миллион сўмлик лойиҳа қурилишига ўз зиммасидаги 25% улуш – 1 млрд. 16 млн сўмни сарфлаган.  

Бироқ вазирлик мулозимига кўра, аслида тадбиркор зиммасидаги улуш 2 миллиард,112 млн. сўм бўлган ва бу юзадан тадбиркор Аширов вазир Агреппина Шин қабулидаги келишувда рози бўлган:

“Тадиркор мен бир миллиард сўм билан қурилишни бошлайман деганида, вазир одилона фикр юритиб, мактабгача таълим муассасаси реконструкциясига бир миллиард сўм етмаслигини айтган. Кейин реконструкция ишлари учун 1 млрд 920 млн сўм кераклиги аниқланган ва бу сумма тадбиркорга вазирлик томонидан тавсия қилинган. Тадбиркорнинг улуши 2 миллиарддан ошиб кетган ва лойиҳани қайта кўриб чиқиш таклиф қилинган, лекин тадбиркор ўзимнинг ҳисобимдан 1 миллиард сарфлаб қўйдим, қолганини ҳам ёнимдан сарфлайман, сизлар фақат бир миллиард берсанглар етарли, деган сўзларни бир неча бор такрорлаган. Шунга қарамай, 1 млрд 920 млн сўм кредит беришга розилик билдирилган ва битим имзоланган”.

Ҳакимовга кўра, дастлаб бу маблағ сўралган пайтда Мактабгача таълим вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан қурилиш жойига бориб ўрганилган пайтда тадбиркор Тўлебой Ашировга тегишли олиб борилган қурилиш ишлари 22 фоиз бажарилгани, яъни тадбиркорга тегишли улушнинг тўртдан бир қисми бажарилмагани аниқланган ва ҳужжатлаштирилган.

“Қурилиш ўта сифатсиз, энг арзон материаллардан, талабга жавоб бермайдиган даражада амалга оширилгани учун ишни бошқатдан, сифатли бажариш тавсиялари берилган… Шундан сўнг 2020 йил февраль-март ойларида қайта ўрганилган пайтда 25 фоиздан ошиқ иш бажарилгани аниқланган ва кредит олиш учун битимда кўрсатилган молияни олиш тавсия қилинган”, дейди Ҳакимов.

Бироқ Аширов у билан тузилган дастлабки битимдаги рақамлар ўзгартирилганини иддао қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, кейинги ҳужжатда унинг улуши икки баробар – 2 млрд. 12 миллион сўмга оширилган, имтиёзли кредит миқдори эса 3 баробар қисқартирилган.

Вазирлик мулозими эса дастлаб тадбиркорга битим намунаси берилгани, вазирликда бу ҳужжат муҳокама қилинганидан сўнг оригинал битим имзоланганини билдирмоқда.   

“Қоғозга 10 фоиз деб ёзиб кўрсатиб, кейин чўнчагига солиб қўйди, деган бу гаплар ноиложликдан қилинган туҳматдир”, дейди Ҳакимов.

Президент қарорига ишониб, Ғазалкентдаги қуриб битказилмаган болалар боғчасига бор будини сарфлаганини айтаётган Ашировнинг сўзларига кўра, лойиҳа комиссияси томонидан тасдиқланган ҳужжатда белгиланган молия қурилиш учун зарур бўлган, масалан, қозонхона, болалар майдончаси ва мебеллар харажати учун етарли эмас.

Вазирлик мулозими эса тадбиркорлар улуши қурилиш учун етмай қолиши билан боғлиқ муаммолар ҳар чоракда мониторинг қилиниб, чора белгиланаётган ҳақида айтади.

Вазирлик мулозими президент қарорига ишониб ўз пулларини тиккан, кейин эса талай муаммоларга дуч келган тадбиркорларнинг ҳақиқатан ҳам кўплигини эътироф этади, аммо муаммолар бартараф этилаётганини билдиради.

Вазирликнинг “Элтуз”га ёзган хатида маълум қилинишича, президент қарорига кўра молиялаштирилиши режаланган 101 та лойиҳанинг 76 таси молиялаштириш учун Молия вазирлигига тавсия қилинган, қолган 26 лойиҳа эса гаров таъминоти бўлмагани учун бекор қилинган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 ноябр 2019
“Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибига кириш борасидаги позицияси қатъий эмаслигини билдириб ...
13 октябр 2023
Мустақил равишда текширилган маълумотларнинг қабул қилиниши тўғрисидаги суд қарори Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳисобот бериш учун узоқ давом этадиган ...
15 январ 2024
77 ëшида оламдан ўтган таниқли олим¸ профессор Толиб Худойбердиев жанозаси 13 январ куни Андижонда ўқилди ва Шахрихонда тупроққа берилди. ...
29 июн 2018
Ўзбекистон ҳукуматининг муттасил бузиш ва қуриш ишлари туфайли тарихий қимматини йўқотган Шаҳрисабз ёдгорликлари июнь охирида эълон қилинадиган ЮНЕСКО қарорига ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...