Асосий мавзулар
10 декабр 2021

РТдан ваъз: Миршаб учун Ferrari

Азизлар, мана, яна сиз билан юзма-юзман. Сизларнинг юзингизда тоғлар қадар салобат ва чўққилардаги қор каби тозалик кўраман. Сизлар менинг қанотларимсиз. Нега бургут баланд тоғлар устида сарафроз, собит ва мағрур парвоз қилади? Чунки у ўз қанотларига ишонади.

Бургут учаëтган тоғлар бағрида яшаëтганларнинг узоқ умр кўриши ва кам касал бўлиши айтилади. Тоғлардаги салобатнинг таъсири бўлса керак. Аммо тоғ чўққилардаги музликларда юзлаб йил мудраган вирус иссиқ иқлимга тушса тирилиб, яна инсонлар учун хатар ўчоғига айланади.

Кўролмаслик, яхшиликка ëмонлик, нон берган қўлни илон каби чақиш, устозига туҳмат қилиш, шантаж ва ëлғончилик ана шундай вируслардандир. Канализация хандағига тушиб  кетиб мўлтираб, юзида мазлум қиëфасини ëққан одамга ачиниб, ëрдам қўлини чўзасиз, у эса чиқа солиб ўзини қутқарган одамни хандаққа итариб юбориш учун чирпанади.

Тошбақа раҳми келиб чаëнни сувдан ўтказиб қўймоқчи бўлди. Сувдан ўтаëтган пайтда чаëн тошбақанинг устидаги тошига нишини тиқмоқчи бўлди. Тошбақа ундан нима қиляпсан, деб сўради. Тошбақа эса «заҳар солмоқ ва яхшиликка ëмонлик чаëнлар иши», дея жавоб берди. 

Йиллар қаърида мудраган яна бир иллат бир қарашда беозордек кўринади, аммо бу иллат миллатни ичидан кемиради. Гап дабдабабозлик ва кўрпасига қараб оëқ узатмайдиган амалдорлар ҳақида.

Фитрат ва Айнийнинг ëзишича, Бухорода халқ қашшоқ бўлган сайин амалдорларнинг устидаги чопони ва тагидаги оти қимматлашган. Одатда эшак миниб юрган амалдор пора олиб, эшакни дулдул отга алмаштириш ҳаракатида бўлган.

Совет музликлари даврида карахт ëтган бу иллат мустақилликдан кейин яна кўрина бошлади. Каримов давридаги қуюшқон боис, ўз бойлигини кўз-кўз қилишга қўрққан мулозимлар Мирзиëв даврида эшиги очиқ қолган қўрадан қочган қўйлар каби шаталоқ отиб кетишди. Кабинетларни Италиядан келган чарм мебел ва олтин ҳайкаллар билан безаш пойгаси бошланди.

Адолатнинг уруғи ҳам йўқ мамлакат судьялари 200 минг долларлик «Мерседес»ларнинг қорайтирилган ойнаси ортига беркинишди. Итнинг бўйнига маржон осилса ҳам ит бўлиб тураверади. Саводсиз, таъмагир, коррупционер, золим милисани «Феррари»га миндирсангиз ҳеч нарса ўзгармайди.

Ҳолливуд киноларидаги қочди-қувдини кўравериб фикри чалкашиб кетган, Қатар, Дубай деб оғзининг сўлакайини оқизган Шерзод Қудратхўжанинг ИИВ ислоҳоти ҳақидаги тасаввури ўта ғариб экан.

Миша Саакашивили Грузиядаги милиса тизимини ислоҳ қилганида мазмунга эътибор қаратган эди. Яъни тизим ўзгарган эди. Гап катта йўлда қочиб бораëтган ўғрини қувиб етишдамас, балки милиса бошлиғи лавозимида ўғрининг ўтирмаслигидадир. Мана шу масалани ечиш керак.

“Тўқларга «Феррари» олиб бергунча, мени ярим ставка ўқитувчиликка ишга олсангиз, Ватанга кўпроқ фойда келтирган бўлар эдингиз, жаноб олий табақали ҳамкасбим!” дея ëзди шу кунларда ишсиз қолган саксонинчи йилларнинг афсонавий журналисти Дадахон Ëқуб.

Баъзан ҳашаматга ўч мулозимлар ўзларини миллат йўлида қайғургандай кўрсатиш учун жўн трюклар қилишади.

Европача услубда қурилган уйларда яшаб, немисларнинг машинасини миниб, Швейцарияда ясалган қиммат соатлар тақиб, японларнинг техникасига клиплар олиб, тўйларда Американинг долларини оладиган вазири аъзам Озодбек бошга дўппи кийиб, миллийлик ҳақида насиҳат қилмоқчи бўлибди.

Эй вазир, аслида дўппини бошдан олиб қўйиб ўйлайдиган замон бу. Ўз заминида миллиард-милиард кубометр газ бўлган Бухорога газ йўқ. Жондорлик хотинлар совуққа чидолмай йўл тўсди. Бухорога қарғиш текканми? Ë Деновга қарғиш тегдими, жаноб вазир.

Хабарлар

Денов шаҳридаги “Инденим” савдо мажмуасида 7 декабрь куни эрта тонгда содир бўлган портлаш оқибатида, расмий хабарга кўра, камида икки киши ўлган, тўққиз одам яраланган. Воқеа гувоҳларининг айтишича, портлаш кучи шу даражада кучли бўлганки, теварак-атрофдаги бошқа бинолар ва уйларнинг ойналари ҳам тўкилиб тушган.

***

Бош прокуратура масъули 29 минг доллар пора билан қўлга олинди. Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган мулозим шу йилнинг 5 декабрида Тошкентдаги “Мустафо” ресторанида қурилиш корхонаси раҳбаридан 29 минг АҚШ долларини олган пайтида ДХХ ва БП ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир чоғида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

***

Украина хавфсизлик хизмати томонидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи исталмаган шахслар рўйхатига киритилган россиялик дизайнер, 46 ёшли Артёмий Лебедев катта сумага Ўзбекистон «АГРОБАНК»и логосини «яратди».

Бундан олдин Лебедов Тошкент шаҳрини безаш бўйича ўта катта суммадаги буюртмани бажарган эди. Лебедев 2014 йили Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ярим ороли логотипини чизган эди. Украина мустақиллиги душмани янги Ўзбекистоннинг дўстими?

Қозонга яқин юрсанг…

«Оддий малим минг доллар омаса, у ишга келиши керакмас. Бўмаса у набирасини қандай боқади». Бу гапни ТВда эшитган биология ўқитувчиси Зуҳра Қурбановна Ғурбатиллина «Вот, молодец!» деди. Кейин у мактаб буғалтерига шолдиратиб, «Мин қонша маош олам шу ой учун?» деб сўради. Буғалтер қандайдир рақам айтди. Бу рақам беш юз долларнинг ярмидан ҳам оз эди.

Зуҳра Ғурбатуллина “Ондай булса, мин эшкә барайим”, деб трубкани илиб, пуховой рўмол тўқишда давом этди. Совуқ бошланиб, пуховой рўмолнинг бозори чаққон эди. Мактаб директори эса Ғурбатуллинанинг бўшаб қолган ўрнига Абсатторни ишга олди. Абсаттор ҳўкизини сотиб, директорга 1000 доллар пора олиб бориб берди.

10 кун ўтди. Мактабга муфаттиш келиб, барча ўқитувчилардан диктант олди. Абсаттор ëзмай ўтираверди. Муфаттиш “Сиз нега ëзмаяпсиз” деса, Абсаттор: “Мен ëзишни билмайман, катта. Молди кетидан юрган одамман. Малимлар 1000 доллар олади, деб молди сотиб шу ерга ўрнашувдим”, деди.

Муфаттиш “сенинг дипломинг борми?” деб сўради. Абсаттор пахталик нимчасининг қўйнидан рўмолга ўралган дипломни чиқариб, “Бу диплом учун тўртта буқа ва уч қўй бердим” деди, дипломнинг чарм муқовасини мехр билан силаб.

Эртасига “Мактаб ўқитувчиси сохта диплом билан қўлга тушди, бу халқ таълимидаги ислоҳотлар доирасида фош қилинди”, деган хабар чиқди.

Абсатторнинг отаси энди қолган қўй ва ҳўкизларини сотиб, судьяга обориб берди. Шартли жазо учун.

Бу вақтга келиб, мамлакатда газ ва электр йўқлиги боис хотинлар бошига, эркаклар белига бойлаш учун пуховой рўмол сотиб ола бошлади.

Ғурбатуллина эса рўмол бизнесидан тушган пулларни тўплаб, уй-жойини сотиб, Қозонга кетворди. Бу даврда қозонга яқин бўлган маъқул. Оч қолмайсан.

Профессор устидан кулганлар

Совет форматида, айниқса, 1950 йиллардан бошлаб ўзбеклар учун олим. врач ва санъаткор бўлиш имкони бор эди. Реал имкон. Бу имкондан армани, гуржи ва яҳудийлар унумли фойдаланди. Ўша даврда Фанлар академияси, кино олами ëки Москвани тиз чўктирган доктору жарроҳлар рўйхатини кўрсангиз, мен айтган гап қанчалик рост эканига ишонасиз. Аммо бу рўйхатда ўзбеклар йўқ эди.

Қишлоғида яхши ўқиб, кўзлари ëниб турган ўзбек институтда ҳам астойдил ўқиган. Кейин номзодлик ëқлаш учун аспирант бўлади. Фан номзодини олган пайтда ўзи институтда ишлаëтган бўлади. Кейин бу бечоранинг илмга сарфланадиган лимити тугайди:

1. Порахўр домлага айланади;

2. Хотини ва қишлоқдаги қариндошлари учун пул босадиган принтерга айланади.

Уни «уйлаб» қўйишди. Энди у «одамдай » яшаши керак. Докторликни ҳам Москвага қовун обориб¸ академикнинг хотинига шуба обериб олади. Аммо!!! Илм деган нарсага хиëнат қилинса, у қасос олади. Карма, дейди буни. Бир вақтлар Эйнштейн каби пайпоқсиз юришни орзу қилган талаба энди мешқорин коррупционерга айланиб бўлган эди.

Қишлоқда иншодан беш олиб, «ҳавога маъвони» қофия қилиб, туман газетида шиғири чиққан болакай Тошкентдаги журфакда ўқиб, Тошкентда қолиб кетади. На тузукроқ тил билади. Максимум «ўрислар йўқолсин» деган, ура патриот маҳаллийчи бўлади ёки тунлари шеър қаламин оҳиста йўниб, эртанги мажлисга маъруза ëзадурғон псевдо маънавиятчи.

Кўзни очиб қарайлик, дунë илми, адабиëти ва кино санъатида ўзбек йўқ. Мен ўзбек деганда 1924 йилдан кейин бошпурт олган, 1991 йил қашшоқ дея тамғаланган масса ҳақида гапиряпман. Бу масса етишган Совет Ўзбекистонида ўқиган одам «прапесор» дея мазах қилинарди.

«Суюнчи» киносида битта саводсиз кампирнинг илмга беписанд қараганидан ҳамма астойдил завқланар эди. “Жигули” ремонт қиладиган саводсиз «костоправ» ҳурматда эди. Олий маълумотли ўқитувчи эса таҳқир ва мазахга нишон эди.

«Чангак» фильмида ўқитувчи образини яратган Хайриддин Султонга раҳмат. Нима демоқчиман? Жўжалар кузда саналадиган, тўр сувдан кўтариладиган ҳисоб-китоб даври келди. Жўжалар товуққа айланмаган. Тўр эса бўм-бўш. Ҳатто денгиз ўлани ҳам илинмаган. Сариқ чақа сизнинг нархингиз. Ишингиз юришса, раҳбар бўлиб ўғирлаб кун кўрасиз. Бўлмаса, супурги кўтариб, фаррош бўласиз.

«Ухлаган миллат қул бўлиб уйғонади ëки умуман уйғонмайди», деган эди Мустафо Ғози Пошшо Камол Отатурк.

Шунақа гаплар. Саксонинчи йилларда китоб титган Стив Жобс тўқсонинчи йилларда миллиардлаб пул қозониб, дунëни ўзгартирди. Китобдан нафратланганлар ҳолини кўриб турибсиз. Баттар бўлинг.

Ҳафта сурати

Кўраëтганингиз бу сурат «Мен долларни севаман, унга сажда қиламан», деб номланди. Сиз бу расмни қандай номлаган бўлардингиз.

Чумчуқдан қўрққанлар

Сариқ чақалик кинони тарғиб қилаётган семиз аёлдан бошлаб баччабоз зомби ровийларгача “Тик-Ток”ка қарши муқаддас уруш ялови остида бирлашди. Ўғри коррупционерлар ҳам, ўз танасини, боласи, ота-онасини сотаётганлар ҳам “Тик-Ток”ка қарши. Бундай ҳамжиҳат халқни урушда енгиб бўлмайди. Маънавият энгилмас куч.

Мен Олтинхон тўра масжидининг собиқ мутаваллисиман. Тиктокка арши ғазал ëздим. Илтимос, шуни чоп қилинг:

Кўрдингми тик-ток,

Милтиқни олиб,

Дарров отгин ўқ,

Бу жаз эмас, рок

Тик-ток¸ тик-ток.

Қандай сассиқ бўқ.

Уни кўрган шок.

Кўрмаганлар тўқ,

Тик-ток, тик-ток,

Кўзларинг лўқ-лўқ,

Ичларинг пўқ-пўқ.

Сендан ëмон йўқ,

Гитлер сендан зўр,

Путлер сендан зўр,

Тик-токни ëмон кўр,

Ватанни омон кўр.

Тик-ток, сен пачоқ,

Лаблари дўрдоқ,

Ажалга ўртоқ,

Ўтгин энди тоқ.

Тик-токни ўлдир,

Дўстларни кулдир,

Эй шалдир-шулдир,

Аҳволинг булдир…

(Хуллас, шеър муаллифига кўра, тик-тўқ томоша қиганла дўззохга ўтин бўлади).

«Элтуз» дўстлари клубининг энг фаол аъзоси Ғайрат Омонга кўра, жамият қолоқ бўлган сайин тақиқлашга мойил бўлиб боради. Масалан, Хитойда Мао Цзедун даврида бутун жамият чумчуқларга қарши курашган эди.  Мана шу кунда носни тақиқлаймиз, деган гап чиқди.

Носни тақиқлаш ҳақида фикрингиз қандай, деб сўрашди. Тақиқламаслик керак. 600 йил олдин Усмонли подшоҳи Мурод Биринчи чилимни тақиқлаб ҳеч қандай натижага эришмаган эди. Хива мадрасасини хатм қилган Махтумқули «Носкашнинг ишини, уриб синдир тишини», деб шеърлар ëзган бўлса-да, бу раъиятга таъсирам қилмади.

1986 йили Михаил Горбачёв ароқни тақиқлаганда одамлар антифриз ичган. Кўз олдимда бир рассом водаэмулсион бўëқ ичидан спирт ажратиб олиб ичганди. Рассом дрел учига махсус паррак қўйиб, челакдаги бўëқнинг ичига тиқиб айлантирди. Центрафуга ҳолатидан кейин бўëқ ичидаги оқ қуйқа бир ëн, спирт бир ëн бўлди.

Рассом бола бу спиртни аëлларнинг капрон пайпоғидан ўтказиб сузди. Кейин лўқ-лўқ қилиб ичиб кайф қилди. Мабодо нос тақиқланса, яширин нос ясаш авж олади. Чунки носга ўрганган одам носсиз тура олмайди. Хумори ëмон унинг. Совет даврида ҳам нос бор эди. Лекин ҳукумат уни кўриб кўрмаганга оларди. Шуниси тузук. Носни тақиқлаш керакмас.

Лаганбардорлик ҳақида

Лаганбардор, падхалим, пахтакор, ялоқи, лаган қоқувчи, дасмол сиқувчи, пойталкаш, елпатак ва ҳоказо. Бу салбий атамалар ўзи манфаат кўрадиган одамга атайин ëқимли гаплар айтиб, ўзига ийдирмоқчи бўлган шахсга нисбатан ишлатилади. Айни пайтда яхши гап билан одамларнинг кўнглини олиш бу бизнес стратегия сифатида қаралиши мумкин.

Олдинги замонда раҳбар ҳожатга кириб кетса, ташқаридаги малайсифат одам кесак ушатиб¸ қумғонда исссиқ сув келтириб, елкасига сочиқ ташаб турарди. У замонлар ўтди. Ҳозир ҳеч бир раҳбар кўтини кесакка артмайди. Раҳбарга илтифот қилмоқчи бўлсангиз, замон ва технология билан ҳамнафас бўлинг.

Масалан, раҳбарингиз қайдли бўлган барча ижтимоий тармоқларда сиз ҳам фаол бўлинг. Фейсбук¸ инста¸ биголайф¸ одно¸ твит-мвит, ҳатто тик-ток. Бошлиқ нима ëзса, лайк қўйинг. Ақлли коментлар ëзиб астойдил мақтаб туринг.

Кейин агар бошлиғингиз эркак бўлса, диққат билан қаранг. Қайсидир заифа кетма-кет лайк босиб ўтирса, билингки у бошлиқнинг иккинчи хотини. Шу хотиннинг уйига бозорлиқ ташаб қўйсангиз кам бўлмайсиз.

Бошлиқ дегани серуруғ бўлади. Қариндоши кўп. Шу қариндошлар билан тармоқда дўст бўлиб, бошлиқ ҳақида гап орасида яхши гапларни ëзиб кетинг. Етказишади керакли қулоққа. Энди «тик-ток» масаласи. Бошлиқнинг тантиқ қизи ëки сўтак ўғли албатта тик-токда ўтиради. Нима бўқ еса, тик-токка юклайди. Сиз шу болага ҳам лайк қўйинг. Сиздан нима кетди. Бошлиқ билан низолашган ëвуз ниятли кишиларни тармоқда дўст тутманг. Уларни блок қилинг.

Янги кун соат кечки бирдан бошланишини унутманг. Соат 12 дан ўтиб тунги бирга соат занг чалиши билан дарров бошлиққа кун билан боғлиқ қутлов ëзинг. Мавридини қидирсангиз, топасиз. Масалан, халқаро ирригаторлар куни. Овчилар куни. Лимон етиштирувчи ва товуқбоқарлар халқаро бардамлик куни. Бошлиқнинг отаси туғилган кун. Онаси ëки ўгай онаси туғилган кун. Бошлиқнинг биринчи янга билан никоҳ тўйи. (Иккинчилар ҳақида нозик истиора билан табрик ëзмоқ жоиз. Билъакс, биринчи хоним ғазабига дучор бўлиб, аждарҳо домида йўқ бўлиш эҳтимоли катта). Албатта, бошлиқнинг туғилган куни. Табрикларни астойдил ëзинг. Оригинал бўлсин.

Яна бир кичик лайфҳак. Бошлиқнинг телефон ҳисобига билмасдан каттароқ сумма ўтказворинг. Кейин «вой босилиб кетибди», деб узр сўраб қўйинг. Энг муҳими, бу ишларни астойдил қилинг.

Бошлиққа хизр назар қилмаса, бошлиқ бўлармиди. Агар тангри ëрлақамаса, сомон бозорга паттачи ҳам бўлмасди. Мен падхалимлик қиляпман, бу салбий одат, деб эзилманг. Сиз мансаб зинапоясидан кўтарилиш учун стратегик пиар тадбирларни амалга оширяпсиз.

Мақсадга эришиш учун тадбир лозим. Билиб қўйинг, тарихни мақсадига эришган ғолиблар ëзади. Эрта бир кун сиз бошлиқ бўлиб, сизнинг бошлиғингиз пастга қараб қулаб, ночору нотавон бўлиб қолиши мумкин. Шу пайтда ҳам жўмард бўлинг. Йиқилганни тепманг.

Ўша эски пайтлардагидек яна икки оғиз мақтаб қўйинг. Буни у киши ҳеч қачон унутмайди. Билиб қўйинг, баъзан урилган бошлиқлар яна кўтарилиб, сизга бошлиқ бўлиб қолиши мумкин. Энг муҳими, табассум қилинг. Яхши гапларни, мақтов ва комплиментни ҳеч кимдан аяманг. Сизга албатта қўша-қўша қайтади. Ҳеч бўлмаса, сиз мақтаган одам буни кўча-кўйда айтади. Бу эса сиз ҳақда ижобий фикр яратади.

Ана шунақа гаплар, окалар. Мендан айтиш. Амал қилиш эса сиздан. Амал қилмасангиз ҳам хафа бўлмайман.

Юрагингни ҳақиқат чўғида ëндир.

Лаганбардорлик яхшими ëки ҳақиқат, деб сўрасангиз, ëш бола ҳам ҳақиқат яхши, дейди.

Битта кино кўриб таъсирландим. Кино қаҳрамони фақат ҳақиқатни айтадиган жасур эди. Мен ҳам бугундан бошлаб фақат ҳақиқатни айтишга қарор қилдим.

Эрталаб туриб хотинимга яхшилаб қарадим. Кўти бир тарафга, эмчаги бир тарафга қараб тарвақайлаб семириб кетибди. Икки юзи шишиб, кўзи пискадай бўлиб қолибти. Бунинг устига, Зита-Гитанинг холасига ўхшаш қош татуаж қилдирибди. Менинг пулимга, албатта.

Ҳар куни уни алдардим: «Вой, хотинжон, очилиб кетибсан, гул ғунча бўлиб», дея. Бугун ҳақиқатни тўғри юзига айтдим. «Зита-Гитанинг холасига ўхшаб, хунук бўлиб кетибсан», дедим.

Хотин жавраб, саннаб, мен билан пўм чиқди. Икки кун бурун хотиннинг синглиси, яъни қайинсингил келувди. Кетай демайди. Ошхонага чиқсам, онаси (қайин волидамиз) билан телефонда гаплашяпти. «Куëвингиз Россияда фақат бизди ўйлаб юрибди. Омикрон дегани чиқиб, топиш-тутишининг мазаси йўқ. Лекин куëвингиз олтин».

Бу гапни эшитиб, мен шартта телефонимни чиқариб, қайинсингилга расм кўрсатдим. Расмда божамиз бир татар қиз билан ачомлашиб турарди. Ëнида худди қуйиб қўйгандек ўзига ўхшаш семизгина ўғилчаси ҳам бор.

Қайинсинглим тошдай қотиб, даҳшатга тўла кўзларини пирпиратиб менга қаради. Мен бўлсам, «ҳақиқатни» айтдим: «Хуллас, эринг, яъни муҳтарам божамиз Қозонда таъмирлаш бригадасида ишлайдиган хотинга уйланиб олган. Кундошингнинг оти Шинара. Ковиддан олдин ўғил кўришди, отини Умар қўйишди. Кредитга Уфадан уй олишган. Эрингнинг топгани Шинаранинг кредитини ëпишга кетяпти. Сен ўтиравер поччангникида пишган ошга тушган пашша бўлиб…».

Шу ерга келганда қайинсинглим вағғ этиб бақириб йиғлаб бошлади. Хотиним келиб менга ғазабнок қаради. Эй, онагни, деб кўчага чиқиб кетдим. Кўчада ҳар кун порталга ëзиб, уй сўрайдиган мазги қўшни чолни учратиб қолдим: «Дўхтирдан келяпман. Дўхтир аҳволингиз тузук, деб айтди».

Қайси дўхтир? Равшанми? Бобой, кеча Равшан менга сизнинг рентген суратингизни кўрсатди. Учинчи стадия рак бўлгансиз. Узоғи билан ë ўн кун, ëки максимум бир ой умрингиз қоган. Кафанликларни тайëрлаб қўяверинг, порталма портал юрмасдан.

Бу гапни эшитган бобой оëғида туролмай ўтириб чўккалаб қолди. Бобой дўхтир Равшанга телефон қилиб «ростми шу», деди.  Равшан ҳам «ҳа, рост», деди чоғи, бобойнинг ранги кўкариб кетди. Мен бобойнинг неварасига телефон қилиб, «доданг йўлда ëмон бўлиб қолди, тез олиб кет. Метан заправканинг ортидаги йўлда», дедим. Кечга бориб бобойнинг жони узилди. Эртага пешинга чиқарамиз. Кечгача ҳали қанча ҳақиқатларни айтишим керак.

Қўшним уйини қиморга ютқазган, буни хотини билмайди. Маҳалладаги булдог кўппакка ўхшаш эчки соқол паразит бобойнинг қизи Туркияда жалаблик қилиб, спидга чалиниб қамоққа тушган. Милисадан келган хатни почтачи адашиб менинг уйимга ташлаб кетган.

Дўхтир жўрам Равшан келаси ҳафта тўйи бўладиган Дилфузани тикиб қўйган экан. Шунинг келишган пулини ололмагани учун мен ўртага тушиб, Дилфузанинг ёбиридан пулнинг ярмини олиб берувдим. Дилфуз тикилгани ҳақидаги ҳақиқатни бўлғуси куëвга айтиб қўйишим керак. Чунки ҳақиқат улуғ нарса.

Суҳбатимиз бошида айтганим – қутқарган қўлни чақувчи илон чаëнларга яна тўхталсам. Барча замонларнинг улуғ санъатори Юрий Никулиннинг гапи бу чаëнларга аталган:

Сизнинг яхшилигингизга ëмонлик билан жавоб берган¸ ëлғончи, каззоб, ҳасадгўйлардан қасос оламан деб уриниб ҳам ўтирма. Қаддингни тоғ каби баланд тутиб, шод-хуррам ва бахтиëр яша. Янги марраларни забт қилиб, муваффақиятга эриш. Ҳасадгўй чаëнлар буни кўргач, кўтара олмай, ич-этини еб, қуëш нурида ўлган вируслар каби ғойиб бўлишади.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
18 октябр 2015
Ассалому алайкум азиз ҳамюртлар! Мен бу воқеани сизларга айтмасам бир умр бўйнимда қарз бўлиб қолади. Шу сабабли узоқ ўйлаб ...
24 март 2020
Коронавирус карантини боис ҳукумат 24 мартдан бошлаб Тошкентга кириш ва чиқишни номаълум муддатга тақиқлади. «Ўзбекистон темир йўллари» ва Uzbekistan ...
28 феврал 2017
Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Тошкент Халқаро аэропортига Каримов номини бериш ҳақидаги президент қарорига эътироз билдириб Мирзиёевга мактуб ёзди. ...
25 сентябр 2015
– Дунёда икки юздан ошиқ давлат бор, деярли барчасида тинчлик, саноқли давлатлардагина маълум сабабларга кўра нотинчлик холос. Юртимиз юз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...