Асосий мавзулар
26 январ 2022

Вақт машинаси: “Бирлик” ҳаракатининг тузилиши ва мустақиллик

“Вақт машинаси” кўрсатувининг олдинги сонларида биз Ўзбекистон тарихининг хонликлар даври, Россия истилоси ва Сталин қатағонлари даври ҳақида ҳикоя қилган эдик. Бугун биз Ўзбекистоннинг қай тарзда сиёсий мустақилликка эришгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Бугунги кунда Россия дастаклаётган мустамлакага қайтиш риторикаси, Ўзбекистонда давлат тили тўғрисидаги қонунни ўзгартириш таклифлари, бундан 30 йил бурун ташкил топган «Бирлик» халқ ҳаракати қандай тузилгани ва унинг ғоялари ҳақида эслаш янада долзарблигини англатмоқда.

Чунки амалда ўзбек тилига расмий давлат тили мақомининг берилишида ва кейинчалик Ўзбекистон мустақиллиги ғояларининг кўтарилишида бу ҳаракат муҳим рол ўйнаган эди.

“Вақт машинаси”нинг бугунги сонида “Бирлик” ҳаракатини тузишда иштирок этган, ўтган асрнинг 80-90 йилларида “Бирлик” ва “Эрк” партиясининг Қорақалпоғистондаги бўлимини бошқарган, манғитлик ўқитувчи Баҳодир Қутлимуродов иштирок этади. 

1987 йилда Бирлик ҳалқ ҳаракатининг ташкилий ишлари бошланди… Бу даврда муаммоларнинг авж олиши ва ижтимоий ҳимоянинг йўқлиги натижасида халқда маълум бир норозилик вужудга келди…” дейди Баходир Қутлимуротов.

Бирлик қандай тузилди

«Бирлик» халқ ҳаракатини тузиш ғояси 1988 йилнинг 16 ноябрида  ҳофиз Дадахон Ҳасановнинг уйида ўртага ташланди. Бу мажлисда 19 нафар ёзувчи, шоир, журналист ва бошқа ижодкорлар иштирок этишгани айтилади.

Кейинчалик 1989 йилнинг 28 май куни Ҳаракатнинг таъсис қурултойи мақомидаги илк мажлиси Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг Пушкин кўчаси 1-уйда  жойлашган биноси залида бўлиб ўтди. Бу мажлисда «Бирлик» халқ ҳаракатинининг Рахбарини сайлаш,  низоми ва дастур қораламасини тасдиқлаш масалалари кўриб чиқилган.

Мажлисда иштирок этган Қутлимуродовнинг сўзларига кўра»Бирлик»нинг номини берган ва илк мухтасар программасини ёзган  бўлишига қарамасдан, Муҳаммад Солиҳ харакатга рахбарлик таклифини қабул қилмаган. У “Бирлик”ка Ёзувчилар уюшмаси котиби ўлароқ кўпроқ ёрдам бериши мумкинлигини билдирди.

Шу тариқа, илк мухолифат ҳаракатига шоир-ёзувчилар, хусусан Муҳаммад Солиҳнинг қўллови билан коммунист Абдураҳим Пўлатов раис қилиб сайланди.

Ўша даврда Москвадаги Халқ жамғармасининг Ахборот марказини бошқарган Виталий Пономарёв 1988 йили “Бирлик” ва Муҳаммад Солиҳ ҳимоясига ташкиллаштирилган митингларни кузатиб, Муҳаммад Солиҳ билан учрашганида, унинг кучли сиёсий арбоб сифатида таассурот қолдирганини айтади. “Албатта, Муҳаммад Солиҳ бу сиёсий жараёнларда жуда муҳим ва ҳал қилувчи шахслардан бири эди.” дейди Виталий Пономарёв, Қутлимуродов ҳам айни шу фикрни таъкидлайди.

Политбюрога хат

Шу ерда яна бир тарихий чекиниш ясаб, халқнинг кўчаларга чиқишига ва талабларининг бажарилишига эришган бу жараёнларгача бўлган воқеалар силсиласи ҳақида гапирсак.

1984 йили, Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси котибаси Раъно Абдуллаеванинг сиёсатидан норози бўлган Муҳаммад Солиҳ етакчилигидаги 56 нафар ёзувчи ва зиёлилар Марказқўмга хат билан мурожаат этишади.

У пайтларда Михаил Горбачевнинг “Қайта қуриш ва ошкоралик” сиёсати ҳали бошланмаган. Шароф Рашидов ўлими ортидан “Ўзбеклар иши” дея тарихга кирган оммавий коррупция юзасидан Гдлян ва Ивановлар томонидан Республикада суриштирув жараёнлари бошланган, Андропов кетиб Совет Иттифоқига Черненко рахбарлик қилган қисқа бир давр эди.

Марказқўмга ёзилган мактубга жавоб 1985 йили Горбачев даврида берилади. Яъни Ўзбекистон Марказқўмига шикоятчи ёзувчилар билан суҳбат ўтказиш таклиф этилади. Суҳбат асносида 56 нафар шахсдан иккитаси ўз имзоларини қайтиб олишади.

Полтитбюрога хат ёзганларнинг аксарияти, жумладан Муҳаммад Солиҳ номи шу тариқа ҳукуматнинг алоҳида “қора рўйхати”га киритилади ва шоирни бадном қилиш кампанияси бошланади. Айни кампания асносида шоир Муҳаммад Солиҳ номи сиёсатчи ўлароқ оддий халқ орасида танила бошлади. Либерал постсовет ва  ҳорижий матбуот эса унинг сиёсий фикрларига кўпроқ минбар бера бошлади.

“Бирлик” ҳалқ ҳаракати тузилгач, юқорида айтганимиздек Муҳаммад Солиҳ номи тез-тез оғизга туша бошлади. Ҳусусан, 1988 йил Американинг “Нью Йорк таймс» газетаси Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистондаги пахта монокултураси ва Москванинг мустабид сиёсати ҳақидаги фикрлари акс этган суҳбатни чоп қилди.

“Унча катта бўлмаган бир гуруҳ ўзбек ёзувчилари, иқтисодчилар ва расмий доиралар Ўзбекистон пахта плантациялари Москва қарамлиги остида эканлиги масаласини кўтариб чиқа бошладилар. Шоир ва Ёзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳнинг фикрича, барча фожеалар Сталиннининг мамлакатни пахта мустақиллиги билан таъминлаш ҳақидаги кўрсатмасидан сўнг бошланган. СССРнинг бу “мустақиллиги” Ўзбекистоннинг қуллиги эвазига пайдо бўлди…” дея ёзилган эди жумладан 1988 йилнинг 6 декабрида “Нью Йорк таймс” газетаси журналисти Билл Келлер мақоласида.

Москвапараст ҳукуматнинг жавоби унчалик кўп куттирмади. 1988 йилнинг 20 декабр куни “Правда Востока” ва “Совет Ўзбекистони” газеталари ТАСС мухбирлари Юрий Кружилин ва Ҳисомовларнинг “Ҳақиқатгўй Муҳаммаднинг икки қиёфаси”  мақоласини чоп қилди.

Мақолада Муҳаммад Солиҳ  “Нью Йорк таймс”да чоп этилган интервьюси учун Сталин давридаги анъанага хос услубда «ватан хоини» даражасига чиқарилган эди.

Бироқ, аллақачон мамлакат остонасида ҳуррият, ошкоралик ва қайта қуриш даври бошланганди. Муҳаммад Солиҳни қораловчи мақола халқнинг “Октябр инқилоби” майдонида 1988 йил 20 декабр куни норозилик намойишига чиқишига сабаб бўлди.

Илк намойиш

Бу воқеалардан сал олдин, 1988 йилнинг февралида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши талаби остида студентлар шаҳарчасида “Тил байрами” номи билан тарихга кирган илк намойиш бўлиб ўтган эди.

“Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили бўлиши керак!” – эни 6 метрлик катта бир матога ёзилган бу жумла намойишнинг асосий шиори бўлган эди.

Бу митинг кейинчалик “Ўзбекистон ёшлари эркин уюшмаси”нинг тузилишига хамиртуруш бўлди ва Ўзбек тилининг расмий давлат тили мақомини олишига эришиш,  “Бирлик” Халқ ҳаракатнинг асосий миссиясига айланди.

1989 йилнинг 19 мартида Тошкент марказидаги Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонида “Бирлик” халқ ҳаракатининг кўп минг кишилик йирик норозилик митинги бўлиб ўтди. Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш талаби йиғилганларнинг асосий талаби эди. Бу каби намойиш ва митинглар Тошкентнинг бошқа майдонларида ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилди. 1989 йилнинг 21 октябрида “Бирлик” халқ ҳаракати ўз талабини амалга оширишга эришган ва ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши қонун билан мустаҳкамланган эди.

“Бирлик”ка қарши дастлабки фитналар

Юқорида айтганимиздек, бу митинглардан сўнг режим “Бирлик” Халқ ҳаракати ва шахсан Муҳаммад Солиҳни миллатчиликда айблашда давом этди. 

Лекин “Инқилоб ҳиёбони”даги намойишлардан сўнг КГБ ўз тактикасини бироз ўзгартириб, энди матбуот орқали очиқ чиқишлар билан эмас, ҳаракат ичига ташланган айғоқчилар армияси воситасида қилинадиган фитналар тарзида кўзга кўрина бошлади.

Ўзбекистон рахбарлигидан Иномжон Усмонхўжаев кетиб, ўрнига Рафиқ Нишонов тайинланганидан сўнг,  1989 йилнинг 23 майида Фарғона вилоятида месхети туркларига қарши қонли фитна уюштирилди.

Кўплаб уйлар ёндирилди, этник озчилик бўлган месхети турклари миллатчилик қурбони бўлди.

“80 йилларнинг охирида кўтарилган мустақиллик тўлқинида, русийзабон аҳолини Ўзбекистондан ҳайдашни режалаган  “Бирлик” миллатчилари афтидан Москванинг ҳимоясидан қўрқишган ва ишни месхети туркларидан бошлашган” дея ёзди жумладан Россиянинг РИА новости нашри орадан 30 йил ўтиб чоп этган мақолада.

Аммо, Муҳаммад Солиҳ ўша 1989 йил май ойида биринчилардан бўлиб Москвада чикадиган «Литературная Россия» газетасида  миллатчиликни қоралаб чиқди. Воқеа жойига “Бирлик”нинг ва Ўзбекистон эркин ёшлари уюшмасининг муросага чақирувчи ва суриштирув гуруҳлари жўнатилди.

“Бирлик”ни месхети туркларига қарши миллатчиликда ва қон тўкилишида айблашга заиф уринишлар бўлди, бироқ айблов учун хеч қандай асос ва далил йўқ эди. 

Қутлимуротовнинг сўзларига кўра, “Бирлик”ни мустақиллик ғояларидан оғдиришга уринишлар у тузилганидаёқ бошланган эди.  «Бирлик» дастурида мустақиллик ғояси акс этмаган бўлса-да, хушёр КГБ бу ташкилот табиатида мустақиллик ғояси  яшаётганини кўриб турарди.

«Бирлик» ҳаракатининг дастлабки ғалабаси митинглар, намойишлар ва бошқа тадбирлар натижасида 1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат мақомининг берилиши бўлди.

Ҳаракатга асос солган Муҳаммад Солиҳ ва тарафдорлари учун сўнгги ҳадаф албатта Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллиги эди. Бироқ, Кремлга итоат этувчи Коммунистик партия аъзоси бўлган шахс – Абдураҳим Пўлатов етакчилигидаги бир ташкилот билан мустақиллик ғояси учун кураш олиб борилиши имконсиз эди. Бундай кураш учун ҳаракат бошида ана шу ғоя одами бўлиши керак эди.

Бир мисол: 1989 йили мухолифатга қўшилгани учун Абдураҳим Пўлатовни  у ишлаган Илмий Институт Компартия ячейкаси КПСС дан ўчирди. Пўлатов эса  ўзини Компартияга тиклаш учун “Бирлик”чиларни  митингга чорлади. Шу каби воқеала 1989 йилнинг охирлари келиб, “Бирлик”ни бўлинишга олиб келди дея ҳикоя қилади ўша пайтларда навқирон йигит бўлган Қутлимуродов.

СССР референдуми

Бу вақтга келиб СССРни сақлаб қолиш муаммоси юзага келди. Чунки Болтиқбўйи дохил бир қанча давлатлар иттифоқ таркибидан ажралиб чиқа бошлаган, Ўзбекистон ҳукумати жумладан Ислом Каримов иттифоқни сақлаб қолиш тарғиботчисига айланган эди. 1991 йилнинг 17 мартида эса СССРни сақлаб қолиш учун референдум ўтказилди.

Қутлимуротов ўша пайтларда Қорақалпоғисто бўйича референдум иштирокчиси бўлган. 98-фоиз овоз олиб мағлубиятга эришилган кунни у яхши эслайди.

Эрк” Демократик партиясининг тузилиши

1990 йилнинг апрелида Ёзувчилар уюшмасида янги миллий ташкилот таъсис этилди. Унинг илк қурултойида Муҳаммад Солиҳ бу ташкилотнинг номи “Эрк” булиб,  у  Ўзбекистон мустақиллиги учун курашадиган сиёсий партия эканлигини  эълон қилди.

Бу воқеа Болтиқбуйида ҳам Халқ ҳаракатлари тугатилиб, ўрнига сиёсий партиялар тузилаётган бир даврга тўғри келди.

Бу ташкилотлар тарихий зарурат маҳсули эди. Совет Иттифоқининг мазлум халқлари ўз озодлигини норасмий ташкилотлар воситасида эмас, энди сиёсий партиялар воситасида талаб қила бошлаганди.

Яъни «Бирлик»нинг «парчаланиши» ё “бўлиниши” деймизми, «тугатилиши» деймизми,  бу жараёнлар мутлақо объектив сабабларга асосланган тарихий жараён эди.

Орадан кўп ўтмай, 1990 йилнинг 20 июнида Ўзбекистон Олий Кенгаши айнан уша “Эрк” Демократик Партияси тайёрлаган Ўзбекистоннинг Мустақиллик Декларациясини қабул қилди.

Бу тарихий воқеа “Бирлик”нинг эмас, Ўзбекистон парламентидаги “Эрк” Демократик партияси ва унинг ғоясини Парламентда қўллаган миллат вакилларининг ютуғи эди.

ГКЧП

1991 йилнинг 19 августида СССРда илк бор давлат тўнтариши юз берди. ГКЧП ташкил қилинди ва бу ташкилот мамлакатда фавқулодда холат эълон қилди. Ўша пайтда Интерфакс агентлигининг ёзишича Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мустақилликка қарши бу позицияни қўллаб чиққан. “совет жамиятининг демократияни тиклашга бўлган умидларини туғдирган қайта қуриш ғояси боши берк кўчага кирди” деган сўзлар билан бошланган эди ўша 19 август куни кечқурун партия хўжалик фаоллари билан учрашувда чиқиш қилган Каримов нутқи.

Лекин Қутлимуродовнинг сўзларига кўра, Референдум ҳам, ГКЧП ҳам СССР нинг сақлаб қолинишига ёрдам бермади. ГКЧП мағлубияти СССРнинг тарқатилишига олиб келди. Ўзбекистон мустақилликка эришди.

Қудрат Бобожон

Eltuz.com нашри муҳаррири

Тағин ўқинг
1 июл 2023
«Элтуз» жамоаси 1 июлдан 30 кунлик меҳнат таътилига чиқади. Таътилдан кейин сиз, азиз дўстлар, кўзлари интизор сингиллар, меҳрибон опажонлар, ...
9 апрел 2019
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт бўйлаб 9 май куни Россиянинг «Ўлмас полки» юриши ўтказилишига 4 апрелда расман рухсат берди. ...
5 май 2016
Истанбул-Тошкент йўналишидаги учоқ ичида жанжал чиқаргани сабабли кема сардори тарафидан самолетдан туширилган Маъмура М, исмли Ўзбекистон фуқароси бўлган аëл ...
8 март 2024
Келди пок гулгун замон, ҳаммомга бошланглар мени… Анвар Обиджон МС: Ничиксизла мўччи ойбика хўжик бррило. Ҳаззатишма нерина галди. Матчонбой ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...