Асосий мавзулар
5 феврал 2022

МОҚ раддияси ортида турган одамлар ва ҳақиқатлар

29 январь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси (МОҚ) @Eltuz телеграм-каналида бир кун илгари (28 январь куни) чиққан хабарга раддия берди.

Ижтимоий тармоқлардаги айрим манбаларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси кучли босим остида қолгани ва бунинг натижасида ҳаваскор ва профессионал бокс федерациялари бирлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Шуни таъкидлаш жоизки, бу мутлақо асоссиз ва ёлғон маълумот!”, дейилади МОҚ хабарида.

Қўмитанинг бу матни @Eltuz Телеграм-каналида 28 январь куни эълон қилинган хабарга раддия эди.

@Eltuz хабарида, жумладан, шундай дейилганди:

 “Босим остида қолган Ўзбекистон Олимпия Қўмитаси мамлакатдаги ҳаваскор ва профессионал бокс федерациясини бирлаштириб, унга АҚШ қора рўйхатида бўлган Ғофур Раҳимовни бошлиқ қилиб тайинлади. Бу тайинлов ортидан Олимпия қўмитасида жанжал чиқди. Олимпия Қўмитасига ким босим кўрсатди? Ғофур Раҳимовнинг раҳбар этиб тайинланишига ким қарши?

Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасининг жавоби ортида қайси одамлар ва қандай ҳақиқатлар ётибди?

МОҚ раддияси ортига яширилган шахс ҳамда воқеаларни мантиқий ва хронологик жиҳатдан тушунтириб бериш учун ҳодисалар баёнини бу жавобгача бўлган жойидан бошлаймиз.

 22-29 январь кунлари Тошкент шаҳрида 22 ёшгача бўлган эркак ва аёл ҳаваскор боксчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди.  

Чемпионатнинг очилиш маросимида Ҳаваскор боксчилар халқаро ассоциацияси президенти Умар Кремлёв, Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Алотоиба, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатов ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди.

Бокс чемпионати бораркан халқаро ва миллий бокс мутасаддилари 2019 йил июль ойида Ҳаваскор боксчилар халқаро ассоциацияси (AIBA) президентлигидан ҳайдалган, постсовет криминал доираларида “Граф”, “Қора Ғофур” лақаблари билан танилган Ғофур Раҳимовнинг Тошкентдаги уйида зиёфатга тўпланишади.  

Зиёфат пайти Ғофур Раҳимов Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Алотоибага дунёдаги энг қимматбаҳо ҳисобланадиган “Rolex” соатини совға қилади.

Учрашув чоғида Сакен Пўлатов Ўзбекистон ҳаваскор бокс федерацияси билан професионал боксчилар федерацияларини бирлаштириш лойиҳаси ҳақида гапириб, бирлашган федерация раҳбарлигини Ғофур Раҳимовга топшириш нияти борлигини билдиради.

Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Алотоиба ўз вақтида уни бу лавозимга тайинланишида жонбозлик кўрсатган Ғофур Раҳимовга бундай топшириқ берилишига қарши эмаслигини айтади.

 Ушбу учрашувдан сўнг, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатов республика Миллий Олимпия Қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмоновнинг олдига кириб, янги лойиҳасини таклиф қилади.

Яъни, Тошкентдаги машҳур “Golden House” турар-жой комплексларига эгалик қилувчи Сакен Пўлатов Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал бокс федерацияларини бирлаштириб, унга Ғофур Раҳимовни раис қилиш ғоясини ўртага ташлайди.

Жавобан Рустам Шоабдураҳмонов бу ишга аралашмаслигини айтади.

@Eltuz да чиққан мақола ортидан дашномга қолган Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатовга рад жавоби беради.

 “Лекин Сакен Жетибаевич шу билан тўхтамади. У Ғофур Раҳимовни бокс федерациясининг раиси эмас, раисининг биринчи ўринбосари лавозимига, яъни ўзининг ўрнига тайинлашни режалаштирди”, дейди @Eltuz манбаларидан бири.

 Ўз ўрнини бошқа одамга, хусусан, Ғофур Раҳимовга бўшатиб бериш ёки уни ўзига муовин қилиб олишдан Сакен Пўлатовга нима фойда?

 Ўзбекистон МОҚга яқин манба бу саволга: “Бокс федерацияси турган-битгани харажат. Спортчиларни гоҳ бу мусобақага, гоҳ у чемпионатга жўнатиш керак. Буларнинг ҳаммаси катта маблағ талаб қилади. Сакен Пўлатов ана шу харажатлардан қутулиш учун жойини акахони Ғофурга топширмоқчи”, деб жавоб берди.

 “Ўзбекистон Бокс федерациясига раҳбарлик қилиш турган-битгани харажат бўлса, бу раҳбарликнинг Ғофур Раҳимовга нима кераги бор?”, дея қизиққанимизда, @Eltuzнинг айни манбаси шундай деб жавоб берди:

 “Бу лавозим Ғофур Раҳимовга Ўзбекистон ташқарисида – халқаро иммунитетга, юрт ичида эса – баъзи имтиёз ҳамда ваколатларга эга бўлиш учун учун керак. Биласиз, Қозоғистондаги сўнгги воқеаларда Ғофур Раҳимовнинг “укахон”и, қозоқ жиноят оламининг етакчиларидан бири Арман Жумагелдиев фаол иштирок қилиб, қамалди. Мана шу воқеалардан кейин икковлоннинг қалин алоқаларидан хабардор Бирлашган Араб Амирлиги ҳукумати Ғофур Раҳимовдан мамлакатдан чиқиб кетишни сўради”.

 Манбанинг билдиришича, Ғофур Раҳимов Россия жиноят олами вакилларининг ғазабига учраб, бу мамлакатга қадам қўя олмайдиган ҳолга келган.

Европа ва Америкага эса АҚШ Молия вазирлигининг қора рўйхатига киритилгани учун бора олмайдиган мақомга тушиб қолган.

 “Бу вазиятда Ғофур Раҳимовда фақат битта йўл – Ўзбекистонга қайтиш қолган эди. Шунинг учун “Граф” ҳозир бу ерда. Лекин у аввалгидек чет элларга бемалол чиқиб юриш, халқаро таъқибдан сал бўлса ҳам, озод бўлишни истайди. Бундан ташқари, ҳукумат доираларида Бош вазир ва ҳаттоки президент билан учрашишни ҳамда шу йўл билан ўзининг бизнес-лойиҳаларини илгари суришни хоҳлайди. Ўзбекистон Бокс федерациясининг раҳбарлиги мана шу иммунитет, ваколат ва имтиёзларнинг ҳаммасини инъом этади”, деди Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасига яқин манба.

 2012 йилда АҚШ Молия вазирлиги Ғофур Раҳимовни собиқ Совет Иттифоқи, Шарқий Европа ҳудудида фаолият юритадиган “Биродарлик халқаси” (“Братский круг”, “Brothers’ Circle”) деган халқаро уюшган жиноий синдикат етакчиларидан бири сифатида қора рўйхатга киритган.

 Лекин Ғофур Раҳимовнинг ўзи бу айбловларни ҳалигача инкор қилиб келади.

 2018 йил ноябрь ойида Москва шаҳрида Ғофур Раҳимов Ҳаваскор боксчилар халқаро ассоциацияси (AIBA) президенти қилиб сайланган эди.

Ассоциациянинг бу танлови Халқаро Олимпия Қўмитасининг (ХОҚнинг) жиддий қаршилигига дуч келди. AIBA Ғарбда наркобарон сифатида танилиб, Американинг қора рўйхатига киритилган “Қора Ғофур”ни раҳбар қилиб сайлаганидан кейин, ХОҚ боксни олимпиада спорт турларидан чиқариб ташлаш ҳақида огоҳлантирди. Натижада, 2019 йил июль ойида AIBA Ғофур Раҳимовга чиқиш эшикларини кўрсатишга мажбур бўлди. Унинг ўрнига асли тожикистонлик Умар Кремлёв президент қилиб сайланди.

 @Eltuzга яқин ва бир-биридан мустақил манбаларнинг хабар қилишича, Бирлашган Араб Амирликларидан чиқиб кетишга мажбур бўлиб, Ўзбекистонга қайтганидан кейин Ғофур Раҳимов яна мамлакат Бокс федерациясини қўлга олишни ва шу йўл билан эски мавқеъини тиклашни режа қилган.

 @Eltuz Ғофур Раҳимов ва Сакен Пўлатов бир-бирига қанчалик яқинлиги, уларни нима боғлаб туриши ҳақида ҳам қизиқди. Манбаларимизнинг айтишича, икки тадбиркор илгари ҳам ўзаро таниш бўлишган. Лекин улар ўртасидаги яқин муносабатлар 2021 йил кузида бошланган.

 Ҳамма гап шунда-ки, ўтган йил ноябрь ойида россияликларга алоқадорлиги айтиладиган vkurse.pro веб сайти Сакен Пўлатовнинг турмуш ўртоғи ҳақида мақола эълон қилади. “Джамиля Полатова демонстрирует вседозволенность и безнаказанность”, деб номланган ушбу мақолада Сакен Пўлатовнинг хотини шимолий каваказлик тадбиркор Жанбулат Маматов билан ишқий муносабатларини яширмаётгани, эрига хиёнат қилаётгани ҳақида ёзилган эди.

 Мақолада Жамила Полатова ўз ўйнашини Бодрумдаги “Vogue Hotel”да учратгани, у билан алоқалари ҳақида ҳатто Сакен Пўлатовнинг ўзи ҳам хабардорлиги тўғрисида сўз юритилган эди.

Мақолада Жамила Пўлатованинг Жанбулат Маматов билан қучоқлашиб тушган бир неча суратлари ҳам босилган эди”, – дейди @Eltuzга яқин манба.

Жамила ва Жанбўлат

 Унинг айтишича, мана шу мақола эълон қилингач, Сакен Пўлатов vkurse.pro веб сайти эгаларига чиқиш ҳамда материални сайтдан олдириб ташлаш йўлларини қидира бошлайди.

Кутилмаганда Ғофур Раҳимов унга ўз ёрдамини таклиф қилади.

“Граф”, гўёки, россияликларга чиқиб, уларни зўрға кўндирганини айтиб, Сакен Пўлатовдан мақолани олиб ташлатиш учун 300 минг доллар сўрайди.

Бундай миқдордаги пулларни пул ҳисобламайдиган Сакен Пўлатов сўралган миқдорни дарров етказиб беради. Натижада мақола vkurse.pro веб сайтидан олиб ташланади. Ушбу мақола ўша сайтга айнан Ғофур Раҳимовнинг ташаббуси билан эълон қилингани Сакен Пўлатовнинг ҳаёлига ҳам келмайди”, – деди @Eltuzга яқин манба.

 Манбанинг билдиришича, Сакен Пўлатов ва Ғофур Раҳимов ўртасидаги яқин муносабатлар мана шу мақола vkurse.pro веб сайтида чиққанидан ва олиб ташланганидан кейин бошланган.

 Сакен Пўлатов Ғофур Раҳимов орқали қозоғистонлик криминал авторитет Арман Жумагелдиев билан ҳам яқин алоқалар ўрнатиб олган.

 “Масалан, ўтган йилнинг октябрь ойида Арман Жумагелдиев Сербияда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида қозоқ спортчиларига пуллар тарқатди. Арман Дикийнинг ана шу мусобақага расмий ва дипломатик шахс сифатида кириб боришида ўзимизнинг Сакен Пўлатовнинг ҳиссаси катта. Қозоғистонлик жиноят олами вакилини Белградда ўтказилган бокс чемпионатининг расмий одами қилиб хужжатлаштиришда ёрдам берган одам айнан Сакен Пўлатов бўлади”, – деди Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасидаги @Eltuz манбаси.

Дикий жаҳон чемпионатида

@Eltuzга яқин бошқа манбаларнинг билдирларишича, Ғофур Раҳимов билан яқинлашиб олган Сакен Пўлатов сўнгги пайтларда ўзбекистондаги жиноят оламининг бошқа вакилларига ҳам яқинлаша бошлаган.

 “Тошкентда 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказиб бўлингач, пойтахда лилипутлар ўртасида ҳам бокс томошалари ўтказилди. Ана шу мусобақа ва шоу ҳам Сакен Пўлатовнинг “доброси” билан ўтказилди. Шоу-мусобақанинг хорижлик иштирокчиларини яқинда Ўзбекистондан Дубай шаҳрига чиқариб юборилган криминал авторитет Азиз Бакиевнинг ўнг қўли – Сардор олиб келди”, дея хабар берди @Eltuzнинг Тошкентдаги манбалари.

Сардор (ўртада) ва Азиз Бакиев (ўнгда)

Ўзбекистондаги жамоатчилик бу мусобақани салбий қабул қилди. Масалан, журналист Никита Макаренко “Фейсбук” тармоғидаги ўз саҳифасида бу шоуни “туғма нуқсонли кишиларнинг устидан кулиш”, “ўрта асрлардаги баъзи ёввойи одамларга хос иллат” деб айтди.

Ўз постида журналист: “Сизлар яна: “Одамларимиз нега театрга бормайди?”, деб ҳайрон бўласизлар. Одамларимиз мана шундай шоуларга боришмоқда”, деб ёзди.

Никита Макаренко

 @Eltuz манбаларининг айтишича, Сакен Пўлатов ҳамда унинг ёнидаги жиноятчи ва безорилар инсонларнинг жисмоний камчиликлари ёки мусибатлари устидан кулишни бугун ёки кеча бошлашган эмас.

Сакен Пўлатовнинг охирги пайтларда ҳатто президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров ҳақида оғир ҳақоратларни айтиб, турли бўҳтонларни тарқата бошлаган.

Масалан, @Eltuz га юборилган аудиофайлда, Сакен Пўлатов ўз ҳамтовоқлари орасида Отабек Умаровни қабиҳ сўзларни айтиб ҳақорат қилади.

@Eltuz Сакен Пўлатов айтганларини, ахлоқ нормаларига мутлақо тўғри келмагани учун, чоп этмасликка қарор қилди.

 Хуллас, 29 январь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси берган раддия ортида мана шу одамлар ҳамда мана шу ҳақиқатлар турибди.

Тағин ўқинг
22 июл 2024
Элтуз ЎзМТРКнинг инқирози, коррупцияга ботган канал директорлари ҳақида бир неча бор хабар берди. Аҳвол ўнгланмади – телевидение Абдурашид Жўрабоев ...
7 ноябр 2023
Салом қадрли мухлислар, кўрсатувларимизни Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиш билан давом эттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Тошкент, Жиззах, ...
15 апрел 2023
Рассом Туз: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.  Матчон Суқилиш: Ничиксизлар мўччи ойбика ...
6 феврал 2019
Швециядаги SILK – Швед халқаро либераллар маркази 5 февраль куни ўзбек жамоатчилиги, швед дипломатлари, ҳуқуқ фаоллари ва сиёсатчилари иштирокида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...