Асосий мавзулар
25 март 2022

РТдан ваъз: Россия ўзбекка ватан бўладими?

Мамлакат мустақиллиги, эрк ва озодлик туйғуси озгина бўлса ҳам ичида борлар билан суҳбат қураëтганимга ишонаман. Улар балки минг, балки юз нафар. Агар ўн нафар бўлса улардан бири менман.

Қолганлар эса¸ афсус Россияни ватан, Путинни отам соясида ëтам деб юришибди. Ўткан хафта эринмаган зиëли Ташқи ишлар вазири Комилов Украина суверинетини тан олди дея севиниб сувутларга чиқди. Ниҳоят рус босқинидан қийналган жафокаш Украина учун аталган 28 тонна гуманитар ëрдам юкланган учоқ Тошкентдан ҳавога кўтарилди. Зиëлилар чўнтак тиктирган камбағалнинг боласи каби хурсанд.

Аммо Украина учун аталган гуманитар ëрдам юкланган учоқ юз километр учмасдан ортга қайтинг деган амр бўлди. Учоқ визз этиб Тошкентга қайтиб қўнди. Ким у сирли амрни берди? Бу ҳақда расмий матбуотда очиқлама йўқ.

Аммо биз Каримов цензурасини кўрган авлод сатрлар орасини ўқий оламиз.

Расмий маълумотга кўра 21 март куни Мирзиёев Путин билан телефон мулоқотида, Владимир Путин Украинада махсус ҳарбий операциянинг бориш жараёни ҳақида президент Шавкат Мирзиёевга маълумот берилгани ҳақида тўлқинланиб гапирилди.

Президент Мирзиёев Россия томонининг позицияси ва ҳаракатларини тушунишини билдиргани ҳам айтилди. Илгари энди уруш бошланганида ҳам тушунувди. Энди яна ҳам яхшироқ тушунди шекилли. Бизам тушундик тушунадиганимизни.

Вассалларга хам осон эмас. Уларга текин қатиқ бериш керак.

Матчон Суқилиш: Энди бундай олиб қаралса, миллати украин бўлган Хрушчев Қримни Украинага совға қиворган экан. Таги украин Брежнев ой чиқса ҳам кун чиқсаям Украинага чиқарган. Горбачев ҳам она томондан Украин. Ўрисларни шунга алами борми дейманда.

РТ: Қрим деган сўз «менинг қирларим». «Менинг далам» деган маънода. «Қирим.» Номидан кўриниб турибдики Қрим туркларники. Де юре Қрим Украина давлатига тегишли. Рус фашист босқинчилари хозир босиб олган. (Шу ерда сўкиниш бўлиши мумкин эди) Қримни босиб олгани учун Россияга жазо чоралари қўйилди. Мана 8 йилдирки, ўрусият энасиникига кириб бормоқда. Яқинда ўрис бойларининг европадаги пуллари музлатилди. Уларга қўшиб 45 та ўзбекнинг ҳам. Асосан давлат ишида ишлайдиган ўзбеклар халқдан ўмарган пулини четдаги бонкага қўйгану аммо ўрис орқали қилгани учун санкцияга тушди. Хулоса: Ëмонга яқин юрсанг, яроси юққай. Қозонға яқин юрсанг қароси юққай. Манқуртларни мен минглаб деб ўйлардим. Улар урчиб кўпайиб миллиионларни ташкил қилибди.

МС: Туз оға Манқурт дегани нима?

РТ: Манқурт – Марказий Осиё зомбиси. Хўжайин асирнинг сочини олдириб, бошига қони оқиб турган туя терисини кийдирган. Вақт ўтиши билан тери қисқариб, мия ўлдирилган ёки асир хотирадан маҳрум бўлган, Шу тариқа маҳбус итоаткор қулга айлантирилган. Бу бир эртак. Аммо шу кунларда айни эртак персонажлари атрофда ивирсиб юрибди. Бу энг ғалати ва мантиқсиз Путиноидлар – руслашган ўзбеклардир. Улар ҳеч нарсадан қарздор эмаслар,, ҳаётларидаги ҳеч нарса Путинга алоқадор эмас. Улар Россияда яшамаганлар, рус полициясининг этигини ҳидлашмаган, лекин улар Путин учун барчани йиртиб ташлашга тайёр. Туя териси уларни ўлдирса яхши бўларди..

Шу кунларда баъзи «кремлпараст» «ватансевмаслар» «ҳар кимнинг ўз фикри бор» дея ëқадан олмоқда¸

Бир хўкиздай эркак ëш болани уриб ўлдирганини оқлаш – фикр эмас. Бу фикрни айтган тил суғуриб ташланиши керак. Бировнинг уйига ўғриликка кирганни оқлаш ҳам фикр эмас.

Ҳамма нарсани тушуниш мумкин. Дўкондаги батонни қўйнига солиб ўғирлаган ўғрини тушуниш мумкин. Балки у очдир. Сиздан қарз сўраб келган одамнинг ëлғонини тушуниш мумкин. Чунки у сизнинг раҳмингизни келтириб пул ундирмоқчи. Ўша қарздорнинг «Санта Барбара» сериали каби давом этаëтган баҳоналарини тушуниш мумкин. Чунки у қарзни қайтармоқчи эмас. Бой ашулачи хотинга уйланиб бу пайғамбар суннати дейдиган паразит алфонсни ҳам тушуниш мумкин. Чунки у ўзини оқламоқчи….

Лекин кимдир бировнинг уйини биров босиб олиб «меники» деб ўтирса. Сен эсанг қози олдида «бу уй босиб олган тажовузкорники эди» деганинг учун тухматга қолсанг. Буни тушуниб бўлмайди.

Ота боболардан мерос бўлган ватан тизгинини ўрисларга бериб қўйиш тарафдорларини  тушуниб бўлмайди.

Ерга ëпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз

Дон таъмамиз турқи совуқмиз ҳаммамиз

Эртанг руҳ қушлари учадир.

Биз эса қоламиз – чунки товуқмиз ҳаммамиз (П.Маҳмуд)

Украинага шарафлар бўлсин ботирлар ўлмасин қўрқоқ ва сотқинларни ер ютсин.

Матчон суқилиш: Шунча миллион сотқин бор Ўзбекистонда. Уларни ютишга ер етармикан ўзи. Лекин Туз оға ватан нима ўзи? Масалан, қуëндан сўрашса қорним тўйган тепалик менинг ватанимдир дебди. Шу ўзбек гастарбайтер мигрант мардикор дангасаларнинг Ўзбекистонда тўймаган қорни ўриснинг ëвғони билан тўйган бўлса сизга нима. Майли Россия ўша гастерларнинг ватанига айлана қолсин. Ватан керакми ўзи?

РТ: Матчонбой «Қилич ва қалқон» деган фильм бошида ватан нимадан бошланади деган шеър бор. Бу шеър қуëннинг қорни тўйган тепалиги ҳақида эмас.

Ватан нимадан бошланади ?

Алифбо китобидаги расмдан

Балки қўшни ховлидаги ошно

Яхши дўст балки ўртоқдан

Балким онам айтган алладан

Мушкул кунда кимса ололмас

Ватан нимадан бошланади?

Дарвоза ëнидаги ўриндиқ

Даладаги шамол яйратган

Сарви шамшод ям яшил оғоч

Кўкламдаги чумчуқ чуғури

Сўнгсиз сўқмоқ ортидаги йўл?

Балки у қатор ғилдираги сасидан

Темир излар қўшиғидан бошланар

Ëшликда юракдан сипқориб

Ичганинг ва эл учун атаган қасам

Киндик қон тўкилган элдаги яшам

Ватан нимадан бошланади ?

(Титр Бастакор Вениямин Баснер мусиқаси Матусовский шеъри. Рассом ТУЗ ўзбекчалаштирди )

Матчон суқилиш: Туз оға Ватанни сотиш нимадан бошланади?

РТ: Ватанни сотиш  ўзбек раҳбарларининг Тошкент ва Хивани босиб олган ишғолчилар рамзи бўлган георгий латтасини кўкрагига осишидан бошланади.

Ўзларига халқ деб ном қўйган тўда жим, баъзилар эса мазза қилганини яшираëтгани ҳам йўқ.

Кинодаги Отабек Кумушбибидан бўса олса, қиëмат қойим бўлди, дея додлайдиган, битта фирибгар соқолтой қамалса, тутқаноғи тутадиган тармоқ ҳам жимгина ер сузиб ўтирибди янги тушган келиндай.

Ленин дея тили чиқиб, Каримов даврида 30 йил истиқлол дея чулдираган шаирбачалар ҳам негадир жим. Россия улуғ оғамиз деб ëзишга қалам йўнишмоқдами?

1990 йил 20 июнда қабул қилинган Мустақиллик декларациясининг матни lex.uz сайтидан ўчириб ташланибди.

Матчон Суқилиш: Туз оға, тарихан қаралса Тошкент 1863 йилдан бошлаб Россия таркибида бўлган. Мана Озодбек Назарбеков Тошкентни Россия таркибига қўшган ўрис солдатларига аталган бутхонанаи ялтиллатиб таъмирлабам қўйди. Ўзбекистон ерлари Россияникими?

РТ: Россия президенти Владимир Путин “Россия 1” телеканалида ўткан йили 21 июнда ўтган навбатдаги “Москва. Путин. Кремль” кўрсатувида собиқ совет республикларини Россия ерларини ўзлаштириб олганликда айблади.

Путинга кўра, Совет Иттифоқи тузилаётган пайтда унинг таркибига қўшилган республикалар “Россияга тегишли катта ерларни” ва “анъанавий тарзда Россия ҳудуди ҳисобланган жойларни олган”.

Путиннинг таъкидлашича, шундан келиб чиққан ҳолда Совет Иттифоқи парчалангач, уни тарк этган республикалар “нима билан келган бўлса, ўша нарса билан чиқиши” ва “рус халқидан олинган ҳадяни қайтариши лозим” эди.

Шу гапларни айтган рус босқинчининг қўлтиғига суқилиб кирган ўзбек мулозимларияни “оддий хизматкор-ку ахир, улардан нимани ҳам кутардик”, деб тушунишга ҳаракат қилсакмикин.

Матчон суқилиш: Мана 30 йил мустақилликни байрам қилдик. Сиз айтган ўша мулозимлар ҳаммадан кўпроқ истиқлол деб бақирувди. Бугун улар нега жим?

РТ: 1987 йили рассом дўстим Қобилжон Одилов Мюнхендан ўзбекча газета олиб келди. Газета “Ҳур Туркистон учун истиқлол газети” деб номланар эди. “Истиқлол – бу мустақиллик, эркинлик. Биз совет ишғолидан қутулиб, озод яшашимиз керак”, дея тушунтирган эди бу ажойиб рассом дўстим.

Ўша пайтда “Ўсарфильм” деган хусусий студияда ишлар эдим. Студиянинг “Ëш ленинчи” газетасида босилган эълонига у “истиқлол” калимасини киритиб қўйдим. Аммо ҳушëр муҳаррир бу сўзни дарҳол “истиқбол” деб ўзгартириб чоп қилди.

1991 йил 31 августдан кейин бирдан бу ҳушëр муҳаррирлар “истиқлол” сўзини отчопардаги улоқдек тортқилаб қочишди. Кечагина Ленин, Кремль ва коммунизмни улуғлаб ëзганлар бирданига истиқлол ҳақида шеър бита бошлашди.

Ашулачилар ҳам бу сўзни шартта илиб олиб нақоратга қўшишди. Хуллас, собиқ комунистлар 30  йил истиқлол деб томоқ йиртишди, аммо…

Табиатда атавизм деган ҳолат бор.

Матчон суқилиш: Атавизм нима ўзи?

РТ: Атавизм аслига қайтиш дегани. Масалан, Булгаков асари қаҳрамони профессор Преображенский итни одамга айлантиради. Аммо атавизм боис у итлигини қилаверади.

Истиқлол дея энг кўп томоқ йиртган ашилачи Юлдузҳожи она Усмонова ўтган йили қизил большевик кийимини кийиб, “Катюша” айтиб расмга тушди.

Ўзбекистондаги  “Истиқлол” саройи  “Халқлар дўстлиги” деб номланди.

“Туркистон” газетаси номи “Ëшлар овози” деб ўзгартилди.

 Украинага бостириб кирган  Россия ташвиқот телеканаллари Ўзбекистонни зомбиландга айлантормоқда.

Рамзан Қодиров деган “тип” мамлакатга кир оëғини босди…

МС: Туз оға энди нима бўлади. Ўзбекистон Россия таркибига кириб ҳаммамиз российский пасспорт олиб яйраб яшнаймизми?

РТ: Матчонбой мени бу қўрқинч истиқболдан кўра, Россия тарғиботини чанқоқ туя каби симириб, руслардан ҳам баттар патриотга айланган “uzbekhomosovetikus”лар ҳуркитмоқда.

Ўртача статистик ўзбек эркаги бир суткада 30 марта «онангни фалон қилай» деб сўкар экан. (регионига қараб ойингни, опангни, бувингни, энангни, чечангни дея ишлатилади) Масалан битта йигит мих қоқаëтиб болға тойилиб кетса ҳам «онангни» дейди. Селектор мажлислари, прораб будкалари ва ҳар қандай корхона йиғилишида раҳбар эркак (баъзан хотинлар ҳам) ўз қўли остидагиларни бир бир онасини сўкиб чиқади. Баъзан қари онанинг ўлган бўлиши инобатга олиниб онангнинг гўрига фалон қилай, деб ишлатилади. Бу сўкишларни доимо ишлатадиган артист аëл Ҳалиманинг навбатдаги ҳақоратли монологи тармоққа тарқаб идорада муҳокама қилинганида бу хоним «сўкиш бу сўз ясовчи қўшимча» деб ўзини оқлаган эди. Психолог Фрейд назариясига кўра, бу холат «онг ости истаги» деб аталади. Демак ўртача статистик эркак ҳар соатда камида бир марта бировнинг онаси билан жинсий алоқага киришишни истайди. Бу социлоглар хавотир билан айтадиган «таназзул ва рухий эррозия» оқибатидир. Кейинги 20 кундаги воқеалар ўзбек жамияти юзига ойна тутгандай бўлди. Қотил Путинни оқлаш ва ўз уйида ўлдириб кетилган ва улар назарида «дўзахий» аëл қотилига шон шарафлар айтиш. Бунинг ëнига аксариятнинг баччабоз толибларга алоҳида севгисини қўшсак, картина пазллари жой жойига тушиб манзара яна ҳам ойдин бўлади. Бу шоир Муҳаммад Солиҳ айтган «қарғалган миллат» манзарасидир.

Матчон Суқилиш: Анави уятсиз Асалхон ўлгани яхши бўлмадими оға? Бутун Ўзбекистон энди бахтли бўлиб яшайди. Хожиака ва хожоналар шундай деб айтишди.

Қайта ишғол бўлаётган юрт

1991 йилнинг 17 мартида ўтказилган СССРни сақлаб қолиш референдумида қатнашган 10 миллион ўзбекнинг тўққиз ярим миллиони мустақилликка қарши овоз берган эди.

Референдумда қатнашган ўзбекларнинг 94 фоизи қулликни танлаган эди.

Бугун уларнинг болалари яшасин қуллик дея Туркистонни ишғол қилган империя ашуласини оғзини йиртгудай очиб баралла айтмоқда.

Яхшиям бу кунларни оғам Рауф Парфи кўрмай ўлиб кетди.

Оғамнинг сатрларини шивирлайман:

О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон.

Нақадар узундир, оғирдир бу йўл…

Рауф Парфи ватан ҳақида ҳали ватан ишғол остида бўлган совет даврида ëзган эди. Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин истиқлол дея сайрайдиган тўтилар кўпайди. Шулардан бири Иқбол Мирзо эди:

Эгасиз ва оёқости йўлмас ўзбек,

Хоҳлаган сув оладиган кўлмас ўзбек.

Донг таратган ва ўзига қаратган эл,

Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Ўғил-қизлар шиддатию шаштини кўр,

Бировга бош эгмасликнинг гаштини кўр.

Юрак бўлса, рингга чиқиб муштини кўр,

Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Яратгандан бошқасига қулмас ўзбек,

Ҳеч кимдан кам бўлмаган, кам бўлмас ўзбек.

Донг таратган ва ўзига қаратган эл,

Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Ўзбек халқи ҳеч кимга қарам бўлмасмиш. Мана, қарам бўлди-ку. Нега катта гапирасан, шоир, деган одам йўқ.

Бугун Иқбол Мирзо деган шиғирчи бират шеър қаламини оҳиста йўниб, Путин ва Кремлга алëр битаëтган бўлса ажабланмайман.

Матчон суқилиш: Бугун “мустақиллик” дея гугл қилсам, битта жавоб чиқди. “Мустақиллик» Қашқадарëнинг Қарши туманидаги посёлка номи экан.

Ватанни сотиш нимадан бошланади?

Ватан нимадан бошланади? Ватан ҳақида гап кетса, ушбу машҳур қўшиқ билан бошланадиган, Иккинчи жаҳон урушига оид “Қилич ва қалқон” бадиий фильми болалик хотираларимда қайта-қайта жонланаверади…

Ватанни сотиш нимадан бошланади? Балки истиқлол калимасини сохта шиорга алмаштиришдан бошланар.

Энг ёмони, бугунги жимлик – таслим бўлиш.

Бу воқеалар фонида коммунистик тизимни соғинганларнинг ҳам тили чиқди.

Шу ўринда анъанага риоя қилиб эртак айтсам. Эртак бўри билан кўппак ҳақида.

Бўри билан кўппак

Бир куни деҳқон ўтин тергани ўрмонга отланди. Унинг ортидан ити ҳам эргашди. Улар биргаликда ўрмонга киришди. Бир пайт бўри пайдо бўлди. У итга ташланиб, уни емоқчи бўлди. Бироқ ит кўзёш тўкиб, унга бундай деди:

– Сенга нима ёмонлик қилдимки, мени емоқчисан? Агар ҳозир мени есанг, барибир эртага оч қоласан. Яхшиси, уйимга кел, у ерда ҳар куни менга нон ва овқат беришади, бирга яшаймиз.

Бўри қараса, ит жўяли таклифни айтяпти ва бунга у рози бўлди. Улар йўл юриб, мўл юриб, ит яшайдиган қишлоққа кириб боришди. Бир вақт итнинг бўйни яғир бўлиб қолганига эътибор берди.

– Бу жуда яхши, укагинам, яхши яшаркансан, лекин сенинг бўйнинг нега бундай бўлиб қолган?

– Акажон, билсанг хўжайинимнинг аҳмоқона феъли бор: олдимга нон қўйишдан олдин бўйнимга занжир тақади, кейин е дейди.

– Йўқ, биродар, мен ортимга қайтаман, сен эса тўқ қорнинг ва бўйнингдаги занжиринг билан ўзинг бориб яшайвер.

Ана шунақа эртак. Қулликдан ҳам ëмон нарса – қулнинг ўз кишанларини севиши. Қуллик – бу чаман боғни қоплаган чирмовуқ. Шу ўринда Ўзбекистон президентини ўзига қул қилиб олган Россияни ҳам таназзул кутмоқда.

Сиëсат ва иқтисод ҳақида китоблар муаллифи Карл Маркс айтганидек, бир мамлакатни қул қилган давлат, энг аввало, ўзига кишан ясайди.

Шу кунларда шоир Абдулла Ориповнинг илгари эълон қилинмаган бир шеъри қўлма қўл бўлди. Шеър шарқий Туркистон ҳақида. Аслида бу шеърни Ўзбекистонга бағишланган десак ҳам бўлади.

Мен сени аввал бошдан

Етук деб ўйлагандим.

Боболардан қолган бир,

Битик деб ўйлагандим.

Оқсоқ бўлсангда сени,

Тетик деб ўйлагандим,

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон,

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

На ота-ю онани

Танимай қолибсан сен,

Кимса билмас манзилга,

Йўлингни солибсан сен,

Балки бу сафар қалтис,

Ҳорибсан, толибсан сен.

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон,

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Боланг келса безрайиб,

Тилини ҳам билмайсан,

Бировга-ку юқтирмай,

Ўзингга ҳам юқмайсан.

Деҳқонсан-у заминга

Бирор ниҳол суқмайсан.

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Меҳмон келса изида,

Тўртта бешта изи бор,

Бу элнинг на ғурури

Ва на айтар сўзи бор.

Гоҳи-гоҳи шоирнинг

Йиғлаб турган кўзи бор,

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Ҳа, бир замон сенинг ҳам

Юрган йўлинг оқ эди,

Лекин биров у деди,

Буниси бундоқ деди.

Раҳмон ош пиширганда,

Оқибат шайтон еди.

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Аҳволингга қараб мен

Йиғладим бугун нетай,

Ҳар нечук жигаримсан

Мен юрак қайга кетай.

Иқболингни ахтариб,

Каъбага токи етай.

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Асл-асл инсонлар

Қучоғингда бор балки,

Оҳ, қандайин даҳолар,

Беэътибор, хор балки.

Дийдиёни ўзига

Билишади ор балки,

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон,

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

(Абдулла Орипов шеъри)

Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Rassom Tuz

Тағин ўқинг
26 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, Россиялик ўзбек миллиардерларининг мамлакатга келиб бизнес бошлаётгани кузатилмоқда. Алишер Усмонов, Искандар Маҳмудовлар ортидан яна бир ...
5 июн 2018
Президент Мирзиёев 30 май куни Тошкентда «Росатом» атом энергияси корпорацияси директори Алексей Лихачёв билан учрашувида атом электростанциясини Навоий вилоятида ...
27 май 2020
Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни ўтказган транспорт масалаларига оид йиғилишда “Uzbekistan Airways”ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи ...
31 май 2018
31 май куни ижтимоий тармоқларда тарқалган 3D пиёдалар йўлакчаси сурати Наманган кўчаларида олингани айтилади. Ўзбекистонда шусиз ҳам тузукроқ асфальт ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...