Асосий мавзулар
3 июн 2022

РТдан ваъз: Қўйлар ҳам йиғлайди

Мана, ғир этиб бир ҳафта ўтдию кетди. Ҳафта ичида қонхўр рус босқинчиларининг ëш гўдаклар, қизларни зўрлаб ўлдиргани, аëллар, кексалар ва болаларни қийноққа солиб ўлдириб жасадини ëқиб юборгани акс этган кадрлар дунëни ларзага солди…

Матчон Суқилиш: Ўзбекистон раҳбарлари нима қилди бу вақтда?

Рaccoм Туз: Сенат каттаси Озодлик бошлиғига товоқ падарка қилди. Бор товоғим, кел товоғим, бормай қолса син товоғим. ** Озодлик радиоси бошлиқлари Тошкентда ўзбек расмийлари билан учрашди.
Тошкентга хизмат сафари билан борган Озод Европа/Озодлик радиосининг президенти Жейми Флай ва Озодлик Ўзбек Хизмати бош муҳаррири Паҳлавон Содиқ, 30-31 май кунлари ўзбек расмийлари, хусусан Олий мажлис сенати раиси Танзила Норбоева, Миллий Масс-Медиа Фонди раҳбари Комил Алламжонов, жамоатчилик фаоллари, журналистлар ва блогерлар билан учрашувлар ўтказди.
«Учрашувда ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди ва ҳар икки томон учун долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди» дея пост ёзди бу ҳақда ўзининг фейсбук саҳифасида Комил Алламжонов.
Айни пайтда тармоқда ҳам учрашувлар долзарб аҳамиятгга эга эканлиги урғуланмоқда.
«Би-би-си бош муҳаррири, Хайрулло Файз, ва Озодлик бош муҳаррири, Паҳлавон Содиқ, Тошкентда учрашди. Орқада кузатув ҳам йўқ. 6 йил олдин буни тасаввур қилиш қийин эди. Ким нима деса десин, лекин Шавкат Мирзиёев тамбаланган эшикларни ватандошларга очди» – дея изохлади жумладан «Элтуз» телеграм канали шарҳловчиси.
Айни шунга ўхшаш фикрни, яъни Каримов даврида цензура ҳукмрон бўлгани ҳақида Алламжонов 27 апрел Женевада бўлиб ўтган тадбирдаги чиқишида ҳам гапирган эди.

МС: Озодлик ва Элтуз блокдан чиқарилдими энди?

РТ: Йўқ, Озодлик ва Элтуз сайтлари Ўзбекистонда ҳамон блокланганича қолмоқда.

МС: Қаранг! Янги Ўзбекистонда олам гулистон. Би-би-си бош муҳаррири Хайрулло Файз, ва Озодлик бош муҳаррири Паҳлавон Содиқ Тошкентда учрашди. Буни қаранг, орқада кузатув ҳам йўқ. Каримов даврида бундайчин гаплар йўқ эди. Севиниблар кетаяпман!.

РТ: Севинаверма Матчон. Ёмон дея таърифланаётган Ислом Каримов даврида Би-Би-Си журналисти бўлган Паҳлавон Содиқ мамлакат президенти билан ҳам учрашган, ҳатто хорижий радио учун Каримовдан интервью ҳам олган эди. Лекин, шу пайтгача ўтган вақт ичида Шавкат Мирзиёевнинг мустақил журналистларга интервью бергани қайд этилмади.
2005 йилга қадар «Озодлик» радиоси Тошкентда муҳташам ваколатхонаси ва вилоятларда эса мухбирлар тармоғига эга эди.
Лекин барибирам бу хабарда яхшилик бор.

Ётғиннинг оппозити

Мабодо Чўлпон отилмай 50 ёшга кирганида қандай қиёфада бўлар эди? Менимча у журналист Паҳлавон Турғуновнинг бугунги кўринишида бўлар эди. Дарвоқе бугун Тошкентда расмий сафарда бўлган бу дўстимизнинг яна бир исми Паҳлавон Содиқ. Менга кўпроқ турғун сўзи ёқади. Туркча турғун дегани бу бир жойда туриб қолган маъносини эмас, балки тик турган кучли одам англамини беради. Турғун бу ётғиннинг оппозити. Замонамиз Чўлпони Тошкент боғларида нисбатан бўлса ҳам эркин юргани шоён тахсинга лойиқ.

МС: Украина уруши фонида америка конгресси молиялайдиган радио раҳбари билан ўзбек амалдорининг учрашгани кўзга ёқимли кўринмоқда. Яшасин Демократия ва либерализм. Ура!!!

РТ: Матчонбой шошма! Жўжаларни икки йилдан кейин санаймиз, агар ўлмай қолишса.

МС: Бугунги реал воқеликда Ўзбекистонда матбуот эркин ва жамият либерал бўлишини истаган ўта оз сонли мулозим бор. Шулардан бири Комил Алламжоновдир. Шамолнинг қаердан қаёққа эсаётганини олдиндан кўрган Алламжоновга шон-шарафлар бўлсин!

РТ: Алламжонов расмий мулозим эмаску. Тем более сўз эркинлигини жуда хоҳлаётганига ҳам ишонмайман.

Муаммодан фойда кўриш

“Сен бошингга тушган муаммодан ҳам фойда олишинг мумкин” дейилган 1919 йили Германияда чоп қилинган карикатурада. Ғарбнинг бугунги ривожида сатира ва карикатуранинг жиддий ўрни бор. жамият андиша қилиб айта олмаган гапларни карикатура айтади.
Манови карикатура эса 1915 йил Германияда чоп қилинган. Хозир бу расмни “ ҳиёнатни яширсанг ДНК ошкор қилади” дея номлаш мумкин.
Ўзбекистонлик кинорежиссёр Нозим Тўлахўжаев суратга олган Орол фожиаси ҳақидаги “Танҳо қайиқ” бадиий фильмини Ўзбекистон Кинематография агентлиги Лондонда ўтган Осиё фильмлари фестивали дастуридан олдириб ташлаган.

MС: Нега? Ановиндақа уят порно секс кино олибдими Туроб Тўланинг боласи? Нима учун олдириб ташлаган?

РТ: Филм муҳокамасида қатнашган киночининг Элтузга айтишича, кинони Бош вазир Абдулла Арипов тақиқлаган. Сабаби қорақалпоқлар ҳақидаги филмни қорақалпоқ раҳбаридан изн олиб суратга олиш керак экан.

Танҳо қайиқ

“Танҳо қайиқ” фильми Эркин Аъзамнинг шу номли асари асосида суратга олинган.
Картина Орол бўйидаги кимсасиз овулда яшовчи кекса қайиқсоз ҳақида. У шу қишлоқда бекор юрган ёшларга ота-боболаридан қолган бу қадимий касб, қайиқ ясаш сирини ўргатади.
Денгиз эса юзлаб чақирим нарига чекинган. Лекин, қайиқсоз бир кунмас-бир кун Орол сувга тўлажагига ишонади.
Фильмда бош ролларни Ражаб Адашев, Бобур Йўлдошев каби актёрлар ўйнаган. Унинг умумий бюджети 1 миллиард 700 миллион сўмни ташкил қилган.
‘Танҳо қайиқ” бадиий фильмининг Лондон фестивали дастуридан олдириб ташлангани юзасидан Нозим Тўлахўжаев иддаоларига қарши яна бир сабаб «Ўзбекфильм» киноконцерни директори Баҳодир Одиловнинг расмий эътирозига кўра, асар муаллифи Эркин Аъзамнинг розилигисиз сценарийга ўзгаришлар киритилганидир.
Одиловнинг билдиришига кўра, агентлик Бадиий кенгаши фильм кўригидан сўнг, тасдиқланган режиссерлик сценарийси ва фильм ўртасида номутаносибликлар борлигини аниқлаган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ҳам эътироз билдирган дейилади ҳужжатда.
Элтузда мавжуд ҳужжатга кўра, фильм Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бадиий кенгашининг 2019 йил 15 март куни чиқарилган 07.19.05 сонли қарори асосида суратга олинган.
«Мазкур фильм Давлат буюртмаси асосида суратга олинган. Шу сабабли Кинематография агентлиги томонидан барча фильмларга қўйиладиган ҳуқуқий меъёрий талабларга мувофиқ бўлиши талаб этилади. Бугунги кунда Агентлик Бадиий кенгашида «Танҳо қайиқ» бадиий фильмига тузатишлар киритиш учун уни «Қорақалпоқфильм»га топшириш масаласи кўрилмоқда», дейилади жумладан «Ўзбекфильм» киноконцерни директори Баҳодир Одилов имзолаган ҳужжатда.

МС: Бу ҳақда Элтуз дўстлар клуби фаоли Ғайрат Омон бошқача фикрда:
«Нозим Тўлахўжаев бундан олдин янги рахбариятнинг ишларига қаршилик билдириб, ариза ёзган эди. Мана энди янги рахбарият Тўлахўжаевдан шу усулда ўч олди. Ничего личного, только бизнес! Любая бизнес хараша 🤣🤣🤣»

Катта уй

МC: Туз оға, эшитдингизми? Самарқандлик бир амаки олма сотиб бойиб кетиб осмонўпар уй қурибди. Мана ўша уй. Мансардидан Чўпонота, Конигил тепаликлари, янги қурилаётган Самарқанд сити ажойиб кўриниб туради. Шуни бузишмоқчи. Қуёшни тўсиб қўйганмиш. Бу уй шу ҳолида 2016 йилдан бери турипти. Шу пайтгача биров бир нарса демаганди. Қайданам бир тентак видеосини тарқатиб юбориб, бузамизга тушиб қолишди.
РТ Самарқанддаги “катта уй” сақлаб қолиниши керак. Нега?

  1. Уй бугуннинг ўзида дунёда қизиқиш уйғотди. Аматор архитектура кўп холларда профессионал меъморчилик намуналаридан қизиқроқ бўлади. Бу уй туристларни жалб қилади.
  2. Уйни “дидсизлик намунаси” деганларнинг ўзида дид борми? Тошкент юзлаб дидсиз бинолар билан тўлиб тошган.
  3. Бинони янада жозибалироқ қилиш учун ўзбек бенксилари унинг деворларига суратлар чизсин. (Уй эгаси уйни сақлаб қолмоқчи бўлса, бунга изн бериши керак).
    Мен жиддий айтаяпман. Уйни сақлаш керак. Уй қандай яратилгани ҳақидаги афсонани дунёга ёйиш керак. Ўз вақтида Эйфел минорасини ҳам “архитектурадаги сифилис” дея бузиш қарори олинган, аммо нимадир бўлиб қарор ижро қилинмаган.
    Самарқандга борсам мен агар, катта уйни кўриб қайтаман. “Катта уй” мени қутқаринг демоқда…
    МС: Ўзи мантиқан олсангиз, Регистон ҳам ўз даври учун янги объект бўлган. Бу бино ҳам 21-аср учун янги бино. Нина қипти, янги даврдан ҳам мерос қолса…
    РТ: Лекин шу кунларда Латвия парламенти 15 ноябргача совет обидаларини бузиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бир кун келиб Мирзиёев қурган Ғалаба боғидаги ҳайкаллар ҳам бузилади. Айтмади деманглар. Тренд шунақа. Ўрис ботқоғига чўкишдан мухтарамни ҳеч ким қутқара олмайди
    МС: Туз оға, нуқул Ўзбекистон ҳақида ёмон фикр айтасиз. Қўшнилар ҳақида ҳам айтингда энди.
    РТ: Қозоғистоннинг Оқтўбасида туғилган уч эгизакка Қосим Жўмарт ва Камол исми берилди. (Қозоқ президентининг фиоси) мабодо бу бачалар Ўзбекистонда туғилганда исмлари Шавкат Мирзиё ва Миромон қўйиларди. Лаганбардорлик минтақанинг тузалмас касали…

Қўйлар ҳам йиғлайди

МС: Буханка ноннинг нархи ошибди, энди қўйлар ҳам йиғлайдиган бўлди.

Нон дўкони олдига Каптива келиб тўхтади. Қўлига қиммат соат таққан Каптива эгаси юз буханка нон сотиб олди. Бу манзара йиллар бўйи такрорланди. Бу тоға меҳрибон эди. Қўйларни яҳши кўрарди. Қўйлар бўлса буханка нонни. Бугун тоға маъюс ўйга толмоқда. Арзон буханка нонни қиммат этга айлантириш схемаси чиппакка чиққанди. Эҳҳ, нега ҳукуматимиз биз қашшоқлар ҳақида қайғурмайди деган тоға катта жиз бўлагини оғзига солди.

Элтузни нега ёмон кўришади?

МС: Одамлар ҳақиқатни яхши кўришади, лекин nega ҳақиқатни гапирган Элтузни ёмон кўришади?
Одамларнинг аксари ростдан ҳам, олинган қарзларнинг йирик қисмини мулозимлар еб юборган, деган фикрни билдиряпти. Улар адолатсизликдан, коррупционер ва ўғрилардан чарчашган.
Лекин, бу ҳақда очиқ ёзган Элтуз айбдор, бу ҳақда гапирганлар дардини нашр қилган Элтуз айбдор.

РТ: Троллар «Чет элдан туриб гапириш осон, ўзинг Ўзбекистон учун нима наф келтирдинг? Америка, Сорос, Исроилу Массонлар қанча беради сенга? Зўр бўлсанг, Ўзбекистонга келиб ёрдам бер..» деб, нафталин ҳиди келиб турадиган гапларни айтишади.
Етмаганига порно спамларни тарқатишади.
Шуларни ҳам инсон боласи туққанми, деб ўйланиб қоламан.
Тролларнинг бу гаплари шунчалар сийқаси чиққан ва эскики, жавоб беришгаям эринади одам.
Кейин буларда креативлик ҳам йўқ. Нимаям қилишсин, биз ҳақ бўлгандан кейин қўлидан нимаям келарди?! Ҳақиқат – шунақа!
Яна минбару меҳроблардан туриб, ваъзлар ўқишади.
Уларнинг тилида сўрасак, мунофиқнинг берган гувоҳлиги ўтмаслигини билишармикин?
Россиядек ёвуз ўлка Украинанинг кулини кўкка совуряпти, юзлаб ёш болалар ўлдирилди, минглаб аёллар зўрланди, миллионлаб одам уйсиз бошпанасиз қолди, десак, жавоб тайёр: Россия бизни гейларнинг келишидан ҳимоя қиляпти, дейди. Россиянинг қоқ маркази – Кремлнинг ёнида гей клублар тиқилиб ётибдику!
Баъзилари уялмай, Зеленскийни айблашади. Нима эмиш, ўз халқини қирғин бўлишига йўл қўймай, Россия талабларини бажариши керак эди, эмиш.
Тарихда ўз дарвозасини ёвга очиб берган шахснинг раҳмат олганини эшитмадим. Зеленский бутун дунёга лидер қанақа бўлиши кераклигини кўрсатиб қўяяпти. Америка мулозимлари ишғолнинг илк кунларида унга: Россия босиб олади, кел, қўшни Польшага чиқиб кетишинг учун вертолёт юборайлик, деганида, менга чиқиб кетишим учун вертолёт эмас, ватанни ҳимоя қилишим учун қурол беринг, дегани тилларда достон бўлди!
Азовсталда 3 минг аскар 30 минг ўрис аскарига уч ой давомида таслим бўлмай, жанг қилди. Бу қаҳрамонлик тарих зарварақларига ёзилмайди, дейсизми?
Бизникилар нима қилишди, Россиянинг Украинага бостириб кирганини тушунамиз, дейишди.
Умуман, бу ҳокимият ўзининг қип-қизил ўғри ва ношудлигини кўрсатди.
Минглаб қонунлар, резолюциялар чиқарди, лекин ўзбекнинг паймонасидан бошқа ҳеч нарсаси тўлгани йўқ.
Қайси соҳага қараманг, ўғирликни кўрасиз! Қоровулдан бошлаб ўқитувчигача, духтурдан бошлаб вазиргача ўғирлайди. Лавозим қанча катта бўлса, ўғирлик миқёси ҳам шунча катта.
Тошкентнинг қоқ марказида босқинчи бутхонасини таъмирлаб қўйган бу ҳокимиятга, унга қарсак чалиб турган бу халққа нима дейиш мумкин ўзи?!

МС: Нима қилсак, бу сўқир халқнинг кўзи очилади?

РТ: Ҳокимиятига яраша халқи, халқига яраша ҳокимияти! Фикрларим тарқоқ бўлди Матчонбой, лекин бори шу!

Сужик ичидаги мураббо

Баъзан оддий нарсаларга ҳайрон қоламан. Масалан ароқ шишаси ичига олмурутни қандай солишди. Балки олмурут кичик пайтида шишага солиб қўйишган, кейин бўлса олмурут шароб ичида улғайдими. Тошовузда эшитганим анекдот. Икки туркман таряк ичиб ўтирган экан. Бирдан осмондан учоқ учиб ўтибди. Бу темир осмонда қандай учади? Нега тушиб кетмайди дебди Қақагалди исмли туркман. Бунга жавобан Аннегелди деган туркман ”Илми тиропини топса темир ҳам учади. Аммо сужикни ичина мураббони қандай солган. Сужикнинг ҳамма ёғи ёпиқ бўлса.” дебди…
Ичи мурабболи карамел конфетни туркманлар сужик дейди… Лекин бугунги ваъзимиз сужик ҳақида эмас эди. Ҳуллас шундай…
Олис фазоларнинг қай бурчагига
Фикри билан етадир инсон,
Аммо не бор ўз юрагида –
Билмай ўтиб кетадир инсон.
Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
12 январ 2017
Президент Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромовга уч ой ичида чет элга ишга кетган 50 та ўзбекистонлик медикни қайтаришни буюрди. ...
5 апрел 2016
3 апрел куни Ўктам Пардаев уйининг дарвозаси олдида, оқ рангдаги, номери 25 B 239 BA бўлган «Жигули» русумидаги автомобил ...
1 май 2015
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Сурияда ҳалок бўлган норасида бола тақдири таъсирида яратилган “Айтиб бераман” қўшиғи плагиаторлик можаросига сабаб ...
25 ноябр 2020
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги Конституция маҳалласида 500 хонадон бор. Уйлардан чиқаётган тутундан эса кўчада нафас олиб бўлмайди. «Ҳамма топганини ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...